ДАРДИМ СИҒМАС ДУНЁГА
Анчадан буён бир инсоннинг ички дардларини оқ қоғозга туширишни ният қилгандим. Бу ҳаётий воқеани бошқалар ҳам ўқиб, ўзларига хулоса олишса, деган фикрда эдим.
Уни сизга етказиш мақсадида қўлимга қалам олдим. Ҳикоям қаҳрамонлари исмларини сир тутишни хоҳлашди.
Ҳар бир ота-она фарзандларининг ҳаётда бахтли яшашини истайди. Бу яхши, аммо баъзан улар фарзандининг ҳам хоҳиш-истакларини инобатга олсалар, яхши бўлармиди? Сўнгги йилларда қариндош-уруғлар ўртасида қуда-андачилик ҳолатлари тобора авж олмоқда.
– Бу воқеа бир неча йиллар олдин бўлганди. Ҳозир ҳам ҳаёт қийинчиликларига чидаб, ота-она ҳурмати, опа-сингиллар ўртасидаги қариндошлик ришталари узилиб кетмаслигини ўйлаб, турмушимиз давом этаяпти, – дея бошидан кечирганларини ҳикоя қила бошлади суҳбатдошим. – Мактабни тугатиб, ўқишга киришни орзу қилардим. Отам ўқишимга розилик бермади. Сўнг уйимизга совчилар кела бошлади. Онамнинг синглиси, яъни холам мени келин қилиш ниятида уйимизга совчи юборибди. Уйдагилар рози бўлиб, “холангнинг ўғлига турмушга берамиз, нима дейсан”, деб сўраб қолдилар. Ўзим ўқишга кириш, қўлимда ҳунарим бўлишини хоҳлардим. Турмушга чиқиш ниятим йўқлигини айтиб, “ҳали ўқишим керак”, деб жавоб қайтардим. Менинг кўнглимга ҳам қарамасдан, турмушга беришди. Ўзимиз ота-она ҳурматини жойига қўямиз. Аммо уларчи?
Афсус, ҳамма орзуларимга хотима ясаб тўйимиз бўлди. Турмуш қийинчиликлари бошланди. Уйда ёлғиз қиз, акамларнинг эса эркатой синглиси эдим. Қайнонам, яъни холам “ўғилларим яхши жойда ишлайди, маошлари ёмонмас, уйи бор”, деб катта ваъдалар билан келин қилди. Тўйдан сўнг ҳаммаси аниқ бўлди. Мақтаган ўғлининг на уйи, на иши... Шундай қилиб турмушимиз давом этиб келаяпти. Мен эса ҳали ҳам ўқиш орзуси билан юрардим. Қўлимда ҳунарим бўлсин деб, Тошкендаги “Машҳура” ўқув марказида ўқиш истаги пайдо бўлди. Онамдан (қайнонам) розилик олдим, турмуш ўртоғим ҳам қаршилик билдирмади.
– Майли ўқигин, лекин ўқишга бориб қийналдим, деб ташлаб кетмасанг, бўлди, – деди онам. – Қишлоқ жой, агар қайтиб келсанг, қишлоқда гап кўпаяди, – деб қайнонам тушунтириш берди.
– Ишончингизни оқлайман, онажон, – деб Тошкентга ўқишга кетдим. Беш ой у ерда ижарада туриб ўқидим. Қайнонам орқангдан пул юбориб тураман, деб ваъда берди-ю, аммо... Қайин укам ҳам Тошкентдаги институтда ўқирди. У билан икки ой бир квартирада турдик. Шу орада у икки марта қишлоққа бориб келди. Мен эса кутиб ўтирардим, уйдагилар озиқ-овқат бериб юборса керак, дердим. Лекин ишонасизми, йўқми, билмадим, атиги бир дона нон кўтариб келмади. Биласиз, шаҳар жой, униси ҳам майли, ўзим ҳомиладорман. Шу орада қайин укам бошқа квартирага чиқиб кетди. Мен эса бухоролик талаба қиз билан қолдим. Турмуш ўртоғим Самарқандда фермада ишларди. У ҳам ойлигини вақтида ололмас, пули бўлмай, келолмасди. Беш ой давомида икки марта борди, унда ҳам қарз олиб келдим, дерди. Кейин ўзим иш қидира бошладим. Болалар кийимини тикиб топшириш цехига иш сўраб бордим. Улар ишга қабул қилишди. Ҳар куни ўн-йигирма донагача кийим олиб келиб, тикардим. Бир дона нон олсам, ўшани тўрт кунга етказардим. Ўқиш ва квартира пулини ҳам ўзим ишлаб топардим. Барча қийинчиликлар ортда қолди, ўқишни тамомлаб қишлоққа қайтдим. Бир ойдан сўнг фарзандли бўлдим. Қувончим чексиз эди. Биринчи кун фарзандимни беришмади. Докторлардан сўрасам, боланг яхши, хавотир олма, эртага берамиз, дейишди. Тонг отди. Яна доктор ёнига бориб, фарзандимни кўрсатишини сўрадим. Доктор эса, “Сен хавотирланма, болангга ўзимиз қараяпмиз”, – деб жавоб берди. Бир неча бор ёлворишимга қарамасдан, жигаргўшамни бирор марта кўролмадим. Қайнонам келганида ёнига чиқдим. Ҳеч нарсадан хабарим йўқ. Мен хурсанд ҳолда онамга: – Она болам яхши экан, яна бир кун докторлар ўзлари қараркан, – дедим. Шунда қайнонам индамади, ҳайрон бўлдим. Доктор эрталабки кўрик вақтида ёнимга келиб, “Қизим жуда ёш экансан, сиқилма, ҳали кўп фарзанд кўрасан”, деди.
Шунда ўзимни қўярга жой тополмай қолдим. Ҳолатимни эса ҳозир сўз билан ифодалаб бера олмайман. Ўша куни яқинларим фарзандимни жойига қўйиб келган экан. Индамай, хонамга кириб кетдим. У ердаги ҳамхоналарим фарзандини бағрига олиб эркаларди. Менчи, мен? Мен болалар каравотини қучоқлаганча йиғладим. Туғруқхонадан чиқар эканман, бағримнинг бўм-бўшлигидан жуда қийналардим. Ҳалигача боламнинг овози, иссиққина тафти, майин сочлари кўз ўнгимда.
Ҳаёт давом этар экан. Бизларни онам (қайнонам) квартирага кўчириб чиқарди. Даволандим, яна бир қизчалик бўлдим. Оллоҳга шукрки, иккинчи қизимнинг соғлиги жойида. Икки йилдан сўнг, учинчи фарзандимга ҳомиладор бўлдим. Учинчиси ҳам қизалоқ туғилди. Қиз туғилганидан асло хафа бўлганимиз йўқ. Тўрт ойлик бўлиб, бешинчи ойга ўтганда, мазаси бўлмай, докторга олиб бордик. Шифохонада ўн кун ётиб, даволандик. Уйга келгандан кейин яна безовта бўла бошлади, бошқа шифохонага олиб бордик. Докторлар болани сақлаб қолишнинг иложи йўқ, саноқли дақиқалари қолган, деб айтишди. Хуллас, яна бир фарзандимдан айрилдим. Йиғласам, “Йиғлама қизим, Оллоҳга керак экан, олди-да”, деб онаизорим овутарди.
Ҳамма-ҳаммасига чидадим. Орадан йиллар ўтиб, тўртинчи фарзандимга ҳомиладор бўлдим. Уч қиздан сўнг, ўғил фарзандли бўлдим, деб роса суюндим.. Фарзандим исмини Асрорбек, деб қўйдик. Аммо бу фарзандимнинг ҳам беш ойлик чоғида, соғлиги ёмонлашиб, шифохонага олиб бордик. Докторлар жонлантириш бўлимида унинг жонини сақлаб қолиш учун роса уринишди. Афсус, барчаси бесамар кетиб, ёлғизгина ўғлим оламдан ўтди. Юрай десам, танамда жон йўқдай туюлди...
Оллоҳим бирини олди – чидадим, иккисини олди – чидадим, ўғлимни олмаса бўларди-ку, дердим. Ҳайит байрамларида қабристонга бориб, фарзандларим қабри атрофини тозалайман.
Ҳозир соғлигим ҳам яхши эмас, юрагим оғрийди. Ҳар томонлама ўйлайман, балки опа-сингиллар қуда бўлганлиги сабабми ёки бу пешонамга битилган аччиқ қисматми?
Бугун опа-сингиллар ўртасидаги иноқликка анча дарз кетган. Қайнонам жаҳл билан болаларингнинг ўлимига сен сабабчисан, дея менга таъна қилади. Айтингчи, қайси она фарзандини ўз қўллари билан ўлдиргиси келади? Турмуш ўртоғим ҳам онасидек фикр қилар, ичиб келиб, болаларни сен ўлдирдинг, деб жанжал чиқарадиган бўлди. Бу гаплар менга қанчалар оғир ботишини улар ўйламасди ҳам. Ахир бегона эмасмиз-ку, дегим келар, аммо катта бўлиб қайнонам шундай фикр қилса? Шунча қийналганимни кўриб, озгина бўлса-да, мени ҳам ўйласалар бўларди. Ахир, шунча кўргуликларни кўриб ҳам хола демасдан она дедим, ўзимга яқин олдим. Лекин улар-чи?
Бу гаплардан сўнг, турмуш ўртоғим билан яшаш мен учун оғир туюлди. Қаерга борай, кимга дардимни айтай? Узоқ ўйладим. Мен бу дунёдан ўтсам, онам, онаизорим қандай ҳолатга тушади? Айтинг, бошимни қай деворга урай? Ажрашсам, ўртада опа-сингиллар ҳам бир умр бегонага айланади. Шу-шу барчасига чидаб, яшаб келмоқдаман.
Ҳурматли ота-оналар! Суҳбатдошимизнинг бошидан ўтган воқеадан хабардор бўлдингиз. Қариндош-уруғчилик, деб фарзандларингизни оғир ва қийин вазиятга солиб қўйманг. Улар қалбига ҳам бир қулоқ тутиб кўринг. Асло хато қилмайсиз.
Оққа кўчирувчи:
Дилафрўз ХАЛИЛОВА.