//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [483]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

ДАЛАЛАРДА МЎЛ ҲОСИЛ, БОЗОРЛАРДА ТЎКИНЛИК

Ислоҳот қирралари

Сўнгги йилларда озиқ-овқат хавфсизлиги дунё жамоатчилиги эътиборида турган долзарб масалага айлангани бежиз эмас. Боиси, Ер юзида аҳоли сони кўпайгани сари озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб ҳам ошиб бормоқда. Сайёрамизнинг турли минтақаларида қурғоқчилик, сув тошқинлари каби табиий офатлар тез-тез юз бераётгани, нотинчлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг сезиларли камайишига сабаб бўлаяпти. Оқибат эса ачинарли. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда дунёда 840 миллиондан ортиқ киши, яъни деярли ҳар саккиз одамнинг бири тўйиб овқатланиш имконига эга эмас.

Бундай ҳолат бизнинг мамлакатимизда умуман кузатилмайди. Бунинг замирида аввало юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, барқарорлик ётган бўлса, Президентимиз раҳнамолигида мустақиллик йилларида қишлоқ хўжалигини тубдан диверсификация қилиш ва аҳолини асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлашга қаратилган тизимли ислоҳотлар амалга оширилгани ўз самарасини бермоқда. Шу боис айни кунларда ҳам далаларимизда мўл-кўлчилик, бозорларимизда эса тўкинлик ҳукм сурмоқда.

- Ушбу ислоҳотларнинг бардавомлиги эришилаётган ютуқлар салмоғини ошираяпти, - дейди вилоят иқтисодиёт бошқармаси агросаноат комплекси бўлими бошлиғи Наврўз Ҳакимов. - Мисол учун, жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятимизда озиқ-овқат дастури доирасида 1372 та истиқболли лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди. Бу мақсадлар учун жами 139,2 миллиард сўм сарфлангани аҳамиятли. Яратилган иш ўринлари сони 4 мингдан ошди. Натижада чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, балиқчилик йўналишларида сезиларли ўсишга эришилди.

Маълумки, юртимизнинг ноёб тупроқ-иқлим шароити, мамлакатимизда қуёшли кунлар бир йилда ўртача 320 кун бўлиши, барча тўрт фаслнинг изчил алмашинуви юқори сифатли мева ва сабзавотлар етиштириш учун қулайлик туғдиради. Мазкур маҳсулотларни йил давомида асл ҳолича сақлаш, нарх-наво барқарорлигини таъминлаш кун тартибидаги асосий масала ҳисобланади. Шу мақсадда бугунги кунда вилоятимизда мева ва сабзавотлар сақланадиган замонавий совутгичли камера ва омборларни қуриш ва реконструкция қилишга алоҳида эътибор қаратилаяпти.

- 2014  йилнинг охирида 350 миллион сўмлик банк кредити ҳисобидан барча  қулайликларга эга совутгичли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сақлаш омборини қуриб, фойдаланишга топширдик, - дейди Косон туманидаги "Косон савдо" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ҳасан Умиров. - Бу ерга 500 тонна маҳсулот жойлаш имконига эгамиз. Мақсадимиз - аҳолига йил давомида сифатли мева-сабзавот етказиб беришнинг узлуксизлигини таъминлаш.

Маълумотларга қараганда, тегишли даврда вилоятда паррандачилик йўналишида умумий қиймати 11,8 миллиард сўмлик 107 лойиҳа рўёбга чиқарилди. Бу ҳудудда товуқ гўшти ва тухум етиштириш ҳажмининг ошишига замин ҳозирлади.

- Тухум етиштириш мақсадида шу йилнинг бошида 3500 та жўжа парваришлашни бошлагандик, - дейди Яккабоғ туманидаги "Рустам Исломбек ҳамкор" оилавий корхонаси раҳбари Гулноза Хуррамова. - Бу ишни 140 миллион сўм ўз маблағимиз ва 80 миллион сўм банк кредити ҳисобидан бажаришга эришдик. Алоҳида бино қуриб, уни зарур ускуналар билан жиҳозлаганмиз. Ҳозирча кунига ўртача 300 тагача тухум олаяпмиз. Меҳнатни барча оила аъзоларимиз билан биргаликда қиламиз. Даромад ошаверса, товуқлар сонини кўпайтириш ниятимиз ҳам бор.

Муборак туманидаги "Нафиддин Нуриддин" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Нафиддин Ибрагимов тегишли дастурдан ўрин олган истиқболли лойиҳани амалга оширди. Аниқроғи, у 400 миллион сўм сарфлаб, 1 гектардан ошиқ майдонда иссиқхона барпо қилди. Шу йилнинг майида помидор ва бодрингнинг илк ҳосилини бозорга чиқаришга ҳам улгурди.

- Иссиқхоналарни иситиш тизимининг янгича технологиялари пайдо бўлаяпти, - дейди тадбиркор. - Яқинда Хитойдан шундай мослама олиб келишни режалаштираяпмиз. Мазкур технологияни амалда кенг қўлласак, ҳозир сарфланаётган иссиқ сув ҳажми сезиларли камаяди. Келгусида булғор қалампири ва кўкатлар етиштиришни мақсад қилганмиз. Чунки бу маҳсулотларга талаб ҳар доим юқори.

Бир сўз билан айтганда, озиқ-овқат дастури доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар ички истеъмол бозорини сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан тўлдириш, уларни қайта ишлаш имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш, айни пайтда аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган. Зеро, аҳолининг асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларининг тўла қондирилиши фаровонлик кўрсаткичини белгиловчи муҳим омил саналади.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ.

Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (16.08.2015)
Просмотров: 833 | Рейтинг: 1.0/1
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz