
Нью-Йоркнинг Манхэттен мавзесида истиқомат қиладиган ота-она етти фарзандини нақ ўн тўрт йил уйга қамаб, ташқарига чиқармаган. Бу чиндан ҳам содир бўлган ҳодиса.
Фарзандлар
Оммавий ахборот воситалари «Бўри галаси», дея ном берган болалар туб америкалик аёл ва перулик эркакнинг фарзандлари: Бхагаван (23 ёш), эгизаклар Говинда ва Нараяна (22 ёш), Мукунда (20 ёш), Кришна (18 ёш), Жагадеш (17 ёш) ва уларнинг опаси Вишну (24 ёш). Улар узоқ вақт Қуйи Ист-Сайддаги уйида кўчага чиқмай яшашган. Болаларнинг отаси Оскар Ангуло эшикни ҳамиша қулфлаб қўяр, уларга уйдан чиқиш қаттиқ тақиқланганди. Мактабга ҳам юборишмаган: болаларнинг онаси – Сьюзан Ангуло уларни хат-саводга ўргатган.
Қўнимсизлик ва қўним
Бир-бирини ёқтириб турмуш қурган Сьюзан ва Оскарлар ҳали у-ҳали бу ерда вақтинча яшаб, бутун мамлакат бўйлаб кезиб юришарди. Биринчи фарзанд туғилгандан сўнг жуфтлик Лос-Анжелесда бир муддат яшаган. Бироқ бу шаҳарда яшаш уларга қимматлик қилди. Кейин Ангулолар оиласи Нью-Йоркка йўл олди ва Манхэттендан қўним топди. Бироқ ота-она шаҳарда жиноятчиликнинг ҳаддан ташқари кучайиб кетганидан қаттиқ ваҳимага тушарди. Шу сабабли ҳам оила бошлиғи фарзандлари ва хотинига кўчага чиқишни батамом тақиқлади. Бир нусха бўлган чиқиш эшиги калитини эса доим ўзи билан олиб юрарди.
Ёруғ кунлар
Болалар атроф-оламни кино ва ҳужжатли фильмлардан ўрганишди. Бу уларга, гарчи нотўғри бўлса-да, ташқи олам ҳақида озми-кўпми тасаввурга эга бўлиш имконини берган, албатта.
2010 йили Мукунда ота-онасидан яширинча шаҳарга чиқишга муваффақ бўлди. Кейин шаҳар кўчалари ота-онаси айтгандек, қўрқинчли ва хавфли эмаслигига ака-укаларини ишонтирди. Болалар галалашиб, шаҳар айланишга чиққанда уларга режиссёр аёл Кристал Мозел рўпара келиб қолади. Табиийки, юриш-туриши, ўзини тутиши бошқалардан кескин ажралиб турувчи «ёввойи» болалар унинг эътиборини тортди.
Ўшанда Кристалда бу болалар ҳақида ҳужжатли фильм суратга олиш фикри туғилди.
Экран қаҳрамонлари
Режиссёр Мозель «Бўри галаси» фильмида эр-хотин Ангулоларни ваҳшийлар сифатида тасвирлашдан, уларга бирор баҳо беришдан ўзини тийган.
– Болалар яхши тарбия кўрган, бир-бири ва ота-онасига меҳрибон, эътиборли, ҳар нарсага ғоят қизиқувчан, зинҳор ёввойи эмас, – дейди режиссёр хоним. – Шу боис ота-онани қоралашни маъқул топмадим. Ниманидир тўғри қилишгани аниқ. Йўқса, фарзандлар шундай тарбия кўришмасди.
Аммо фильмда ҳаётда шунақа ота-оналар ҳам борлиги фактидан юз ўгирилмаган. Шунингдек, болаларнинг ота-онасидан хафа бўлгани ҳам очиқ кўрсатилган.
Оилага ижтимоий хизматлар ҳам эътибор қаратди. Болаларни психиатрлар синчиклаб текширишди – ҳаммаси соппа-соғ. Ёшлигидан раққос бўлишни орзу қилган Бхагаван хип-хоп мактабига ёзилди. Говинда эса фотографияга жуда қизиқиб қолди. Нараяна учун атроф-муҳит муаммолари кўпроқ қизиқдек. Кенжалар: Кришна ва Магадешлар ким бўлишини ҳозирча ҳал қилишмаган, аммо мусиқа уларнинг жони-дили. Мукунданинг эса ёзувчиликка ишқи тушди. Ака-укаларнинг бешови Қуйи Ист-Сайддаги уйида қолган, фақат Говиндагина мустақил яшашни маъқул кўрди.
Тоштемир ҚОРАБОЕВ
тайёрлади.
|