БУЮК ТАФАККУР ВА ЮКСАК ДИД МАҲСУЛИ
Қамаши туманининг жануб томонидаги Лангар қишлоғида халқимиз учун бир неча асрлардан буён муқаддас қадамжога айланган Лангар ота зиёратгоҳи жойлашган.
Ш.ТОШМУРОДОВ.
 |
Қишлоққа яқинлашган сари баланд қир устида қад ростлаб турган мўъжаз мақбара кўзга ташланади. Умуман олганда, бу қишлоқнинг манзараси ўзига хос кўринишга эга бўлиб, бу ерда табиат ва инсон қўли билан барпо қилинган гўзаллик ўзаро уйғунлашиб кетган. Лангар қишлоғининг қабристони сойнинг чап томонида ястаниб ётган қирнинг усти ва ён бағрида жойлашган. Қабристоннинг атрофи ва ичида писта дарахтлари ўсиб ётибди. Қирнинг ён бағридаги йўлак қирнинг устида жойлашган мақбара томон элтади. Улуғ шайхларни бағрига олган бу табаррук мақбаранинг гумбази оппоқ кўринишда. Мақбара гумбазининг ички томони нозик, нафис, ранг-баранг нақшлар билан қопланган. Мақбаранинг деворлари яхши пиширилган қизғиш рангли ғиштлардан барпо этилган ва ганч қоришмаси билан терилган. Деворларнинг ички томони рангли ганчлардан қилинган нафис нақшлар билан қопланган. Кўпчилик олимлар бу усуллар XV-XVI асрларда Мовароуннаҳр меъморчилигига хос, деб ҳисоблайдилар. Мақбарани безашда қимматбаҳо қурилиш материаллари ишлатилмаган бўлсада, ўз даврининг ижодкор усталари оддий ганчдан бетакрор гуллар ва нақшлар гулдастасини ярата олганлар.
 |
Лангар ота мақбарасининг ичида бешта қабр мавжуд бўлиб, улардан учтаси салобатли ёдгорлик тошлари билан алоҳида ажралиб туради. Тошларда ёзилишича, бу қабрлар шайхлар шайхи Абул Ҳасан ибн Илёс шайх ул зотнинг ўғли шайх Муҳаммад Содиқ ибн Абул Ҳасан шайх ва Абул Ҳасан шайхнинг набираси Муҳаммад Содиқ шайхнинг ўғли шайх Абул Ҳасан ибн шайх Муҳаммад Содиқ Амирбек Содиқ ибн Баҳодир ва шахсияти ҳозирча аниқланмаган, лекин Лангар шайхлари оиласига мансуб бўлган марҳуманикидир. Мақбарадаги қабртошларга араб имлосида ёзувлар битилган. Ёзувлар тошларнинг сиртига моҳирлик билан олтин ва кумуш сувлари берилиб битилганлиги уларни ҳам ўз касбининг устаси бўлган сангтарошлар ишлаганлигини англатиб турибди.
Бир сўз билан айтганда, Лангар ота зиёратгоҳи аждодларимиз буюк тафаккур ва юксак дид соҳиби бўлганликларининг яна бир исботидир. 2013-2015 йиллар даврида Қашқадарё вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш Дастурига мувофиқ мазкур қадамжода кенг кўламли реставрация ишлари олиб борилиши кўзда тутилган. У ҳадемай қайта чирой очиб, гўзаллигу латофати билан вилоятимиз аҳлини, меҳмонларни мафтун қилишда давом этади.
Суратларда: зиёратгоҳнинг ички ва ташқи кўринишлари. Муродулла КОМИЛОВ олган суратлар.
|