//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [483]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

БУГУННИНГ БОЛАСИ УЧУН ЖАСОРАТ НИМА?

БУГУННИНГ БОЛАСИ УЧУН ЖАСОРАТ НИМА?

 


 

БУГУННИНГ БОЛАСИ УЧУН ЖАСОРАТ НИМА?

Ёхуд юрт ҳимояси ҳақида ўйлар

1

- Катта бўлсанг, ким бўласан?

- Аскар бўламан!..

Ёши бешдан энди ошган ширингина болакайнинг бу жавоби одамга завқ беради. “Ўғил бола-да, - дейди бу савол-жавобни эшитиб турган момоси, - қалқон бўлади, худо хоҳласа! Бошгинаси омон бўлсин!”

Ҳимояга шайлик – йигитга хос.

Табиат тийнатига сингдирган олий иш бу.

Жасорат, мардлик – йигитлик нишонаси.

У ўзи туғилган гўшани қўриқлайди, хавфдан ҳимоя қилади, бу йўлда, керак бўлса, жонини ҳам беради. Ўлса ўладики, ёвга уйини осонгина топшириб қўймайди. Бу шарафли бурчдан сал чекинса, эл ичида иснодга қолади, қўрқоқ аталади.

Бир ривоят бор. Душман саркардаси Туронзаминнинг бепоён ерларидан бир ҳудудга эгалик қилаётган ҳукмдорга элчи юбориб, сўраганини бермаса, уруш очишини билдирибди. Ҳукмдор ўзининг энг севимли арғумоғини, канизагини унга берибди, шунга кўнибди. Уруш чиқмасин, эл ғамга ботмасин, дебди. Аммо саркарда яна бир нарса сўрабди – ҳукмдор қаламравидаги бир парчагина ташландиқ ер эди бу. Ҳаммасига кўнган ҳукмдор бунга қолганда кўнмабди, қаҳр билан қиличини қўлига олиб, лашкарбошига жангга отланишни буюрибди. Ундан сўрашибди:

- Нега энг севимли отингизнию канизакни унга жимгина инъом қилдингизу, бир парча ташландиқ, гиёҳ унмайдиган ерни сўраса, бунча ғазабландингиз?

- Бу – Ватан! Ватанимнинг бир қарич ери мен учун ҳар нарсадан азиз, муқаддас...

Айтишларича, ўша ҳукмдорнинг кўтарилган қиличи фақат душманнинг сўнгги аскари жон таслим қилганидагина, ўзи ғолиб бўлганидагина  пастга тушган экан...

Бу – бир ривоят. Бироқ унинг сабоғи салмоқли, маъноси чуқур.

Англаймизки, юрт тупроғи муқаддас.

Амин бўламизки, бу тупроқни жон-тан билан асраш, ҳимоясига тик туриш - асл йигитлар иши.

2

Туркийлар қизини гулим деб эркаласа, ўғлини арслоним, шерим, дейди.

“Арслоним!”

Бу сўз ўғил болани улғайтиради. Улғайтирганда ҳам арслондай ботир юракли, шижоатли қилиб ўстиради.

Зеро, арслон – жониворлар орасида энг ботири, энг салобатлиси. Мағрур, душманидан қўрқмайдиган, ҳадик билмас бу жонивор ўлимга-да тик боради, олий зот – инсоннинг-да ҳурматига сазовор у. Айтишларича, арслон ўз жуфтига бир умр содиқлигича қолар, агар ҳамроҳи ўлса, қайтиб бошқасини танламас экан. Уясини ҳимоялаш учун бошқа жониворлар нимадир ҳийлалар ишлатиши мумкиндир, бироқ арслон бундай қилмайди, хавф қаршисига ёлғиз чиқади, тик боқади. У инида фақат ўзига, кучига ишониб яшайди, жуфтию боласини фақат ботирлиги, дов юраги билан қўрийди.

Унинг шу хислати бизнинг халқларда алоҳида эҳтиром уйғотган. Ўғиллари шундай хислатга эга бўлишини тилаб, Арслон, Шерзод деб ном қўйган бизнинг боболар ўғил неварасини эркалаганда ҳам шу сўзлардан бошқасини тилга олишни ўзига эп кўрмайди. Шунинг учун эп кўрмайдики, ўғил бола – эшик эгаси, қўрғон соҳиби. Қалъа дарвозаси унинг амри, ихтиёри билан очилади, ҳар бир масала унинг қарори билан ечилади. Унинг азми қатъий, қарори маҳкам, иродаси пишиқ, сўзи мустаҳкам бўлиши шарт. Айтгани айтган, дегани деган бўлмоғи лозим унинг...

3

“Қаҳрамонлар қадим замонларда қолиб кетган, уларнинг қилгани ҳозирга тўғри келмайди. Биз нима ҳам қилардик?”

Кучи танига сиғмаган ўсмирнинг бу сўроғи одамни ўйлантириб қўяди. Чиндан, у нима қилсин? Бугуннинг боласи учун жасорат нима ўзи?     Даврнинг қаҳрамони ким?

Қадимги давр йигитдан аввал ўзи бошпана қилган кичиккина макон,  кейинроқ эса юрт ҳимоясини талаб этди: Широқ юртга қалқон бўлди, Спитамен майдонга чиқди, Темур Малик ғазабга минди, Мангуберди ёвни қақшатди.

Сўнг даврга яна мард саркарда керак бўлди: Амир Темур юрт тузди. Чевараси Бобур унинг салтанатини тиклашга уринди, бироқ имкон бермадилар. У аҳдидан чекинмади, Ҳиндга кетиб, туркийлар куч-қудратини ўша ерда намоён қилди – янги юрт тузди, салтанат яратди. Унинг ишлари тилларда достон бўлди.

Жадидлар миллат қайғусига тушди. Авлоний, Мунавварқори, Беҳбудийлар мудраган миллатга ўзлигини эслатишга уринди, улар изидан Қодирий, Чўлпонлар етишди. Элим деди улар, юртим дея ёнди. Номлари эл ёдидан ўчмас юлдузга айланди.

Навбати билан давр ўз қаҳрамонларини танлаб, саралаб бораверади. Юрт ҳимоясига қалқон бўлиш – доимий, ўзгармас талаб. Фақат бу талабни ҳар бир даврнинг ўзи белгилаб беради. Унда бугуннинг талаби қандай? У нималарда намоён бўлади?

Бу саволнинг жавоби шундай: огоҳлик, ҳушёрлик, комиллик.

Огоҳ бўлмаган одам ютқазади. Ҳушёр бўлмаган кишини давр қўлламайди. Комил бўлмаган инсон замон шиддатига туриб бера олмайди.

Зеро, бугунги жасорат – огоҳликдан келади, ҳушёрликдан сув ичади, комилликдан шаклланади. Замонавий билимларни чуқур эгаллаган, тил билган, атрофида бўлаётган воқеаларни таҳлил қила билиш салоҳиятига эга, ёнидагилар тақдирига бефарқ бўлмаган йигит – жасур йигитдир, алпдир, арслондир.

Иллатлар тузоғига илинмаган, дунёни ёруғ нигоҳ билан теран кузата биладиган йигит – қаҳрамонликка даъво қила олади.

Маънавий хуружлар таҳдид солиб турган бир паллада мустаҳкам қарашни равшан ифодалаган, мустақил ва соғлом фикрни баралла айтиб, очиқ ҳимоя қила оладиган ўспириннинг юрагида ўти борлиги аниқ.

Демак, бугуннинг қаҳрамонлари – ҳар жиҳатдан соғлом, баркамол инсонлар. Фақат уларгина ҳар қандай хавфга қарши тура олади, муносиб жавоб беради. Юртнинг ҳимояси бугун нигоҳи теран, назари огоҳ, ҳушёр, закий йигитларга боғлиқ. Улар ўз билими, тафаккури, фикри, дунёқараши билан Ватанни қўрийди, халққа қалқон бўлади.

Жасорат – асли шу, ҳимоя шудир...

Хуршида АБДУЛЛАЕВА.

Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (14.01.2016)
Просмотров: 948 | Рейтинг: 2.0/1
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz