БОРИНГ, ВОЛИДАНГИЗ КЎНГЛИНИ ОЛИНГ
Қарши шаҳридаги "Янги бозор"даман. Сочларига оқ оралаган, ёши элликлардан ошган, буғдой ранг эркак газлама ўлчатаётган экан. "Кампирларбоп бўлсин, онамларга, тўқсондан ошганлар. Гуллари мос тушадими? Мўлроқ ўлчанг".
Ҳафиза ЭГАМБЕРДИЕВА.
- Кампир инжиқми дейман? - деди сотувчи матони ўраб бераркан.
- Менинг онам қўлимга қарамайдилар. Шуниям балки невараларига тутқазар. Аммо кўнгил оналарда ҳам бор.
Юзлари бўғриққан, ҳаракатлари шошқин, дам-бадам соатига қараётган бу инсон қандай бахтли, дея ҳайқириб юборгим келди. Ҳа биродар, онасига совға олаётганлар жуда-жуда бахтли. Мен неча йилдирки, бу бахтдан маҳрумман. Шу боис онани йўқлаш нечоғлик бахт эканлигини яхши биламан. Бу кун онасини йўқотганларнинг дарди яна янгиланади. Нимадир харид қилгиси келадию, бироқ совғани кўзга суртиб, чиройли жилмайиб, узундан-узоқ дуо қиладиган онаизорини тополмайди. Начора, ўзим каби дилхасталарга алвон гуллардан олинг ва йўлингизга пешвоз чиққан қизалоғингизнинг она қизим, деб бошини силанг, дея маслаҳат берган бўлардим. Дид билан тайёрланган совғалар назокат аҳлини қувонтириш, ардоқлаш учун мунтазир. Бозордан қайтаверишда куй-қўшиқлар жарангини бир қўшиқ босиб кетди.
Ҳашаматли уйлар қурдим болам учун,
Дабдабали тўйлар қилдим болам учун,
Бозорлардан кўйлак олдим ёрим учун,
Мен нотавон нима қилдим онам учун?
Адашмасам, хонанда шундай деб куйлаётганди. Дардли ва ширали овози диққатни жалб этгудек даражада ўткир экан. Бу қўшиқ кишини ўйлантиради. Пушаймон қилдиради, огоҳлантиради. "Эй инсон, огоҳ бўл, онани боғлаб берган эмас, кўнглини олишга, чеҳрасини кўришга, дуосини олишга шошил", дея ундаётгандек.
Бозордан чиқаверишда бир туп нимжонгина ўрик гуллаган қўлларини ёйиб, енгил шаббодадан титрабгина таъзим қилаётгандек турибди. О, табиатнинг Момо Ҳаво қавми учун тайёрлаган бу ним пушти, нафис гулларидан чиройлироқ совға борми? Теварак-атроф гулга бурканган. Тириклик кўйида харид қилаётган ва савдо билан шуғулланаётган оналар, бўлғуси оналар ортда қолди. Ораста кийинган, қаддини адл тутган бир онахон юзидан нур ёғилиб, ёнимдан ўтиб кетди.
Шу топда бир ҳуқуқшуноснинг гаплари ёдимга келди: "Болалигим кўпроқ момом билан бирга ўтган. Жуда зукко эдилар. Бирор маротаба эгнида ғижим кийимни кўрмаганман. Ҳатто устига ёпадиган кўрпани ҳам аввал текислаб, букланган жойларини ёйиб, кейин ухлашга ётардилар. Юмушини чала қолдиришни истамасдилар. Жуда эпчил, ҳаракатчан, масъулиятли. Тўғриси, момомдек сариштали, фариштали, тиниб-тинчимас, қатъиятли аёллар баъзи эркаклардан зиёдадир. Уддасидан чиқолмаган иш бўлмасди. Шу даражага етишимга у кишининг хизматлари катта. Меҳнатдан, заҳматдан, етишмовчиликдан нолиганларини эшитмаганман. Момомнинг озодалиги, юриш-туриши, қаттиққўллиги ҳаётим давомида асқотиб келаяпти. Бугун кичкина қизимда момом раҳматлига хос фазилатларни, ўзига бўлган эътибор ва талабчанликни кўриб қувонаман". Ҳа, қариси бор уйга нима етсин, уларнинг ҳар бир ўгити, хатти-ҳаракати бола тарбияси учун аҳамиятли.
Кўп қаватли уйлар бошланди. Қайсидир аёл кир ювиб ёймоқда. Кимдир боласини етаклаб юрибди. Уларсиз ҳаётни тасаввур этиш мумкинми?
Бехосдан кўзим йўл четида йиқилиб қолган аёлга тушди. Касалмикин ё ҳушидан кетибдими, деб ёнига бордим. Шу ерда сартарошлик қилаётган, мижоз кутиб ташқаридаги ўриндиқда ялпайиб ўтирган йигитга ёрдам бермаганлиги учун хўмрайиб қарадим.
- Э-э опа, йўлингиздан қолманг, кўрмаяпсизми, қип-қизил маст-ку. Эрталабдан "қиттай" уриб олган, - деб у томоғига уриб кўрсатиб, мийиғида кулди. Байрамолди хаёлларим чалкашиб кетди. Тўғри, у бошқа миллат вакиласи. Бизнинг оналар бу ёшда тўрт қават кўрпачанинг устида келинларга ҳоким бўлиб, невараларга боғбон бўлиб ўтиради.
Ҳа, ичкилик аёлни нима кўйга солади. Беихтиёр жамоаларда ўтказилаётган байрамларда, тўю тадбирларда қадаҳ кўтариб, бири қўйиб, бири бешарм латифалар айтаётган аёллар кўз олдимга келди. Сиз гувоҳ бўлганмисиз бундай ҳолатга? Оддий ҳолдек кўникиб қолмаяпмизми? Биримиз тадбиркор, биримиз ўқитувчи. Ҳар жабҳада эркакларни лол қилишга ҳаракат қилаяпмиз. Аммо бироз тўхтайлик, ён-веримизга қарайлик. Бемаза ва ҳаёсиз латифалар латиф чеҳрамизга ярашармикан?! Ароқ ичиш бўйича рекорд ўрнатишга киришмайлик. Бепарда сўкинишлар замонавийликни белгиламайди. Кўча-кўйда соч юлишиб, жанжаллашиш, кунни ғийбат билан ўтказиш сизу бизга ярашмайди. Эртага "Мен нотавон нима қилдим онам учун", дея ўйлашлари учун бугун ҳар лаҳза фарзандларимиз обрўси, ғурури учун пойдевор қўяйлик. Яхшиси, сумалак пиширайлик, аллалар, лапарлар айтайлик. Орзулар ипидан кашталар тикайлик. Достонлар ўқиб берайлик. Ахир биз - миллат оналари. Инсондаги барча гўзаллик қуёш нуридан ва она сутидан пайдо бўлади, дейишади.
Юртбошимиз бу йилни "Мустаҳкам оила йили" деб атадилар. Бу ҳар бир ота-она олдига ҳам катта масъулият юклайди. Фарзандларимизга катта тарбия бериш биз - миллат оналарига кўпроқ боғлиқ эканлигини ва ўта муракаб, масъулиятли бу ишни уддалашда, аввало, ўзимиз маънавиятли бўлишимиз лозимлигини унутмайлик. Гўзал анъаналаримиз, урф-одатларимиз, миллий қадриятларимиз биз орқали фарзандларга юқади. Улар жамиятнинг иллати ва кулфати бўлиб турган гиёҳвандлар, диний ақидапарастлар, безорилар, жиноятчилар тўдасига кириб қолмаслиги учун оилада маънавиятни туғдек кўтариб, фарзандлар учун балогардон бўлайлик. Бозор ва уй оралиғидаги "репортаж" чўзилиши мумкин эди. Бир туп қақажон қизлар атлас кўйлакларда ял-ял ёниб ўтиб қолишди. Дарвоқе, байрам яқинлашмоқда. Мунис опа-сингиллар, меҳридарё онажонлар, азиз қизлар, кайвони моможонлар, байрам муборак! Диёнат ва маънавият кўнгилларни ёритсин.
Негадир "репортаж" сўнгида марҳум шоиримиз Муҳаммад Юсуфнинг қуйидаги сатрлари ёдимга тушди.
Шеърим битди. Хайр, хуш қолинг,
Бедил яшамакка ўрганманг мендек.
Боринг, волидангиз кўнглини олинг,
Эртага кеч қолиб, ўртанманг мендек!
Эй бахтли инсон! Бу кун онангизни йўқлашга, кўнглини олишга фурсат топдингизми? Шошилинг!
|