Невараларининг айтган сўзлари, қилган хатти-ҳаракатларидан завқланмаган, менинг болалигим зумда ўтди-ю кетди, эҳ, ўша паллаларга яна бир бор қайтсам, дея ўйга толмаган одам йўқ, назаримда.
Мен эса уч яшар невара қизим — Рамизанинг сўзларини, фикрлашини, дунёқарашини кузатиб, ўзимнинг болалигимни қўмсамай қўйдим... Сабаби...
Сабаби, болалигимдан эсимда қолгани: Хўжайлининг узоқ овулидаги лойдан қурилган уч хонали уйимиз, «ана қулайди, мана қулайди» дея қўрқиб кириб-чиқиладиган бошлан-ғич синфларга мўлжалланган бир хонадан иборат мактаб, ўчоққа эрталаб онам ёқадиган ғўзапоя билан жинғилнинг тутунидан кўзимиз ачишиб уйғониш, бувимнинг нонуштага жўхори уни хамиридан товага солиб, пишириб берадиган жуфт зоғара нони...
Ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари бошида нимагадир от, эчки ва эшакнинг баҳоси арзонлашиб, чўчқа (тўнғиз)нинг нархи баландлаб кетди. Овулда эчкининг нархи уч сум, эшак эса текин бўлиб қолди.
«Арзоннинг шўрваси татимас» деб қўярди Саид тоға. У бозор куни айрондан айириб олган озгина сариёғи билан пишлоғини Хўжайли бозорига олиб кетгани учун «савдогар» лақабини олганди. Нимагадир ўша замонлари одамнинг ёмони «бой» ёки «савдогар» эди.
Қашшоқ бўлсанг, сал тинч яшардинг, отанг ишчи-деҳқон бўлса, ошиғинг олчи эди... Камбағаллик фахр эди.
Овулларда болалар боғчаси умуман йўқ, шаҳарларда эса энди-энди иш бошлаётганди. «Ота-онаси тирик болаларни нега бошқалар боқиши керак экан?!» деярди бувим ва синглим билан укамни ўзи тетик пайтлари боғчага бердирмади...
«Қирқ йилда қозон, эллик йилда эл янгиланади» дейишган доно аждодларимиз. Мен эслаётган даврлардан буён нақ ярим аср ўтибди. Ўша эллик йилнинг қарийб ярмини мен мустақиллик даврида яшаяпман.
Ёшларга ёлғону кексанинг кўргани... камина ўқишни ўша тўртта синф бир хонада ўқийдиган замонда бошлаган эдик, бугун тўнғич неварамни лицейга обориб, уларнинг синф хоналари билан жиҳозларига ҳайронлар қоламан. Мустақиллик йиллари Қорақалпоғистоннинг ўзида юздан зиёд янги лицей-у коллежлар янгидан қурилди, мавжуд етти юздан ортиқ мактабларнинг кўпчилиги янги биноларга кўчиб ўтди, эскилари эса тўла таъмирдан чиқарилди. Болалигимизда битта батареяси 18 килограмм келадиган ва уларга илиқ сув қуйиб турмасангиз, аввал шивирлаб, сўнгра умуман жим-жит бўлиб қоладиган «Родина» деган радиони тинглаб ўрганган одамга, неварамнинг компьютердан интернетга кириб, қайси бир юртларнинг қизлари билан ўзлари тушунадиган тилда гаплашаётганини кўриб, ёқамни ушлайман ва шу кунларга шукроналар айтаман.
Янги йилда кичик неварамнинг боғчасига борсам, бизнинг болалигимизда айтилган «фалончи бизнинг отамиз, соясида ётамиз, тўғри келган душманни, манглайидан отамиз» дегандек қўшиқлар ўрнига «ўйинчоғим-овунчоқ» деган болаларнинг кўнглидаги ашулалар айтиляпти...
Мустақиллигимизнинг дастлабки йиллари бир хорижий давлатда сафарда бўлганимда уларнинг ривожини кўриб, «биз қачон бунга эришар эканмиз?!» деб ҳавас қилгандим. Бугун ўша ҳаваслар ҳаётий ҳақиқатга айланиб, ўзим унинг ичида яшаяпман...
Покистоннинг энг катта шаҳри Карачи аэропортида, ёнида боласи билан қизи бўлса керак, ҳаммасининг кўзлари йиринглашиб, чивин босиб кетган бир тиланчини кўрганман ва ўзимизнинг ҳаётимизга яна бир бор шукрлар қилганман...
Болаларимизнинг бугунги ҳаётини кўрган бир оқсоқол «Булар бахмалга туғилган болалар-да» деганди (Бир вақтлар оналаримиз тандирни бошида ҳам, ғўзапояда, шолчани устида ҳам кўз ёриган). Ҳақиқатан юзларидан чўғ, кулги аримаётган болажонларни кўриб, ич-ичимдан хурсанд бўламан ва «энди бизга ҳам бошқалар ҳавас қилаётгандир» деб ўйлаб қўяман. Биламанки, бу болаларнинг буюк инсонлар бўлиши бугундан маълум.
Конституциямизнинг йигирма бир йиллиги тантаналарида Президентимиз 2014 йилга «Соғлом бола йили» деб ном беришни таклиф этди. Демак, болаларимизнинг бахтига, келажагимиз учун кўнглимизнинг тўқлигига гап йўқ.
Ўразбой АБДУРАҲМОНОВ,
Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси