Шаҳодатбону ИМОМНАЗАРОВА
ЎзР ФА Тил ва адабиёти институти
илмий ходими
Эсимда, болалигимда - уйимиз олдидаги унча катта бўлмаган майдончага ҳар йили эрта баҳорда катта дошқозон осиб, момою холалар, қизу жувонлар сумалак сайли ташкил қилишар эди. Биз болалар қувончимиздан қийқиришиб, у ёқдан - бу ёққа роса “шаталоқ отар” эдик. Мусаффо осмон кенгликлари сари бўй чўзган варракларнинг парвози дилимизни завқ-шавққа тўлдирарди. Қанотини қайиб учаётган қалдирғочларга қарата: “Қалдирғоч, эсон-омон келдингми, бола-чақанг омонми? Семурғ момомнинг кўзлари яхшими?” – деб қичқирар эдик. Энг қизиғи, ҳамма ишлар тугаб, кечки ҳалфана таоми ейилиб, дастурхонга фотиҳа тортилгач, кайвони момомиз аввалдан олов яқинига тобини келтириш учун қўйилган доирасини қўлига олганча, ҳар қандай кишини сел қиладиган оромбахш қўшиқларни куйлай бошлар эди. Доиранинг этни жумбушга келтирадиган ажиб гумбуридан юраклар завққа тўлиб, ўта жиддий кўринган холаларимиз ҳам даврага биринчилардан бўлиб чиқиб кетишар эди.
Жамоа фақатгина хотин-қизлардан ташкил топганлиги боис, аёллар роса хумордан чиққунча ўлану лапарлар куйлаб, оққушлардек хиром айлашар эди. Сумалак сайлига йиғилганларнинг барчаси ҳамиша элнинг яхши кунларига эш бўлиб юрган кайвони момонинг доирасидан таралган қадимий оҳанглар оғушида бамисоли тошдан-тошга урилиб оққан жўшқин ирмоқдай унинг қўшиқларига жўр бўлар, даврада куйламаган ва ўйнамаган одам қолмас эди. Бундай кунлар, шубҳасиз, мен учун беғубор болалигимнинг энг қувончли, энг лазиз ва энг бокира дамларидан бири бўлганлигини эслаб ҳамиша энтикиб юраман. Шундан бўлса керак, ҳали-ҳали доира садосини эшитсам, олис-олисларда қолиб кетган мурғаккина болалигим ёдимга тушиб, кўнглимнинг туб-тубига жо бўлган аллақандай ширин туйғулар орзулар камалагининг рангин қанотига битилган кўҳна қўшиқлар қатига сингиб кетаётганлигини ҳис этиб тураман.
Орадан йиллар ўтса-да, болалигимнинг масъуд кунларига эш бўлган ўша осуда дамлар – ҳар йили кўкламда ўтказилган анъанавий “сумалак сайли” бахш этган оний лаҳзалар сира хотирамдан кўтарилмай, мен билан бирга яшади, мен билан тенгдош бўлиб улғайди, қувончимдан суюнди, дардларимдан куюнди. Яқинда хизмат сафари муносабати билан вилоятлардан бирига борганимда, ҳамкасбларимдан бири ўз маҳалласидаги “сумалак сайли”га таклиф қилиб қолди. Буни эшитиб роса қувондим, очиғи, болалигимнинг олис сўқмоқлари оша ҳамон янграб турган ўша қадимий оҳанглар жозибасининг соғинчи юрагимни ўртар, баъзида қанийди ўша кезларга қайтсаму, дилбар наволар завқи ила ўзанига сиғмаган дарёдай тўлиб-тошсам, деб ўйлар эдим. Шундай қилиб, яна ана шундай тадбирда иштирок этиб қолдим. Кечанинг бадиий қисмига ўтилишини қизиқиб кутиб, то тун қоронғусигача қолиб кетибман. Назаримда, худди ўша маъсуд кунлар яна қайтадигандай, сочлари ўрик гулидай оппоқ бўлса-да, кўнгли бойчечак бахш этган мунаввар туйғулардай нурафшон бўлган кайвони момо дастурхон тўридаги ўз жойини эгаллайди-ю, сирли чилдирмасининг гумбури оламни тутадигандай туюларди. Ҳар йили кўкламни орзиқиб кутганим - болалик кезларимда қон-ёдимга сингиб кетган лапару ўланлар, яллаю байт-ғазаллар куйланишини кутиб муштдеккина юрагим дук-дук урар, кўзларим гирён бўлиб, ҳар бири нима биландир андармон бўлаётган одамлар орасидан кайвони момонинг нурли чеҳрасини излар эди. Лекин, кўнгилни завққа тўлдирадиган доира саси ўрнига, овоз кучайтиргичдан қулоқни қоматга келтириб, асабни ларзага соладиган хорижий мусиқа садолари янгради. Сумалак ковлаётган пиру бадавлат момолар-у, кўклам суруридан бахтиёр болалар бир четда қолиб, сайилга келган қизу жувонлар қийқиришганча, ўзларига ярашмаган беўхшов хатти-ҳаракатлар билан гўёки рақс туша бошлашди. Уларга ўша ерда ўтин ёриш, сув олиб келиш каби ишларга қарашиб юрган йигит-яланглар ва баъзи бир эркаклар ҳам қўшилишди. Гўёки алақ-жалақ туш кўраётган кишидай карахт бўлиб қолдим: ахир халқимиз анъанасига кўра, кўклам келиши билан қиз-жувонлар нуроний момолар бошчилигида сара буғдойни майсалатиб, сумалак пиширишса, йигитлар ўз оталари ва боболари иштирокида йил баракали келсин, юртимиз тинч, ризқимиз мўл бўлсин деган ниятда катта дошқозонларда ҳалим қайнатишганку!? Кўзларимга ишонмадим, қадимда ижро этилган ва асрлар бўйи элимизга эзгулик бахш этиб келган сумалак байтлари, лапару ўланлар наҳотки унут бўлиб кетса? Бунга ортиқ асабим дош бермай, у ердан қандай қилиб тезроқ кетиш йўлини излай бошладим.
Баъзан ўйлаб қоламан, наҳотки авваллари тўйу ҳашамларда, анъанавий сайилларда ижро этилган халқ оғзаки бадиий ижоди дурдоналари бўлмиш ўлан, лапар, ёр-ёр, келин салом, куёв салом ва айтим-олқишлар фақатгина “Фольклор архивлари”да сақланаётган фоноёзувлар ва экспедиция материаллари, нашр этилган фольклор тўпламлари ҳамда фольклор-этнографик жамоалар томонидан кўрсатилган саҳнавий талқиндагина яшаб қолса?! Ахир фольклор асарлари, айниқса, урф-одат ва маросимлар билан боғлиқ қадимий қўшиқларнинг кўпчилиги ҳозирги кунда ҳам ўзининг жонли ижро ҳолатини сақлаб қолганку!? Аммо ҳар қандай қўшиқ ўзига хос ижро ўрни ва ҳаётий-маиший қамровига эга бўлгандагина барҳаёт бўлади. Шунинг учун ҳам кўра-била туриб сумалак сайлида куйланган миллий қўшиқларимиздан кўра хорижий мусиқани афзал билиш минг йиллар мобайнида чечан момоларимиз тилидан тушмай куйланиб, бадиий жиҳатдан сайқалланиб келган қадимий қўшиқларимизни ижро ўрнидан маҳрум этиш ва пировард натижада халқимизнинг маънавий тараққиётига замин бўлган улкан бадиий қадриятларни қўлдан бой бериш билан баробар эканлиги ҳақида ўйлаб кўриш фурсати етмадимикин?
Қадимда никоҳ тўйидан аввал келиннинг уйида ўтказиладиган маросимда куёвликка номзод йигит ўтин ёриш, ер ўчоқ ковлаш каби шартлар ҳамда “куёв синов”, “кунда ёрар” каби удумларни бажаришдан ташқари, йигит ва қизлар иштирокида ўтказилган “қўшиқ базми”да лапар, ўлан ижро этиш борасида ҳам ўз маҳоратини кўрсатиши лозим бўлган. Йигит ва қизлар ўртага тортилган ҳарир парданинг ортида туриб ёки айрим жойларда катта айвоннинг икки томонига тўшалган кўрпача устида тизилишиб ўтирганча, тарафма-тараф бўлиб, бадиҳагўйлик асносида ўлан ёки лапарларни ижро этишган. Агар йигит ўланни бой берса, шартда енгилган ҳисоблангани боис, халқ қўшиқларини яхши билишга ва айтишувда ҳозиржавоблик билан даврани лол қолдиришга ҳаракат қилишган.
Бизнинг кунларгача етиб келган ўлан матнларининг таҳлили шуни кўрсатадики, ёшларнинг сўз санъатига бўлган қизиқиши ғоят кучли бўлганлиги сабабли ҳар бир йигит ёки қиз ўлан (лапар) ижроси жараёнида ўз бадиий-эстетик қарашларини жуда гўзал тарзда ифодалай билган. Аждодларимизга хос фавқулодда зийраклик, ҳозиржавоблик, сўзамоллик ва бадиий сўз қалбини ҳис эта билишлик хусусияти авлоддан-авлодга ўтиб, боболаримиз анъаналари ёш авлод иқтидори гулшанида қайта ғунча очганча, миллий қадриятларимизга барҳаётлик бахш этган.
Агарда, аввалги тўйлар (бадиий қисми деймизми) билан ҳозирги тўйларимизни қиёслаб кўрадиган бўлсак, нималарга гувоҳ бўлишимиз мумкин?! Эҳтимолки, вақт машинаси ҳаракатга тушса-ю, ҳарир парда ортида турганча, ийманибгина ўлан айтаётган суйгилиси - маъсума қизнинг чеҳрасини бир кўришга муштоқ бўлган қайсидир аждодимиз, яъни бобомизнинг бобоси, бугунги тўйлардан бирига келиб қолса ҳоли нима кечишини тасаввур қила оласизми? Айтингчи, қўшиқлар қатига жо бўлган улкан муҳаббат қудратидан баҳра олиб улғайган бобомиз даврани тўлдириб рақс тушаётган очиқ-сочиқ аёллар, спиртли ичимлик ҳидию, тамакининг бадбўй ва аччиқ тутуни, оғзидан боди кириб шоди чиқаётган эркаклар, овоз кучайтиргичдан ўта баланд ҳолда таралаётган аллақандай тушуниб бўлмайдиган мусиқа ва ана шу куй оҳангига мос равишда вальсга тушаётган йигит-қизларни кўриб қандай ҳолга тушган бўлар эди. Бундай “бемалол” қизлар даврасида илҳомланиб, юксак бадииятга эга, ҳаё-ибони тараннум этадиган нозик ўлан мисраларини ижод қила олармиди?! Ёки аёл ва эркакларнинг ҳар қандай яланғоч мавзуда очиқдан - очиқ музокаралар қилишларини сўз сеҳрининг жозибадорлигини андишага ўраб, тарафкашига илинган ўланларга алиштирармиди?! Афсуски, узоқ ўтмишимиздаги тўйларда ўртага тутилган маъсумалик ҳарир пардаси шоир таъбири айтганда, аввал юзлардан, сўнг кўзлардан, энди эса сўзлардан кўтарилиб бормоқда...
Биз бу мақоламиз билан тўйларда ўртага ҳарир парда тортиб аёл ва эркаклар алоҳида ўтиришларини, қизлар узун кўйлак кийишларини, ёйинки тўйларни овоз кучайтиргич мосламаларисиз ўтказишни тарғиб қилмоқчи эмасмиз. Биз ҳозир йигирма биринчи асрдамиз, инновацион технологиялардан фойдаланишга, замонавий услубда кийинишга ва жадал суръатда ривожланаётган жаҳоний тараққиётнинг энг янги ютуқларидан баҳраманд бўлишга ҳар биримиз хақлимиз! Бироқ, тузсиз таом бўлмагандек, ва ёки, аксинча, тузи кўпайиб кетган овқат истеъмолга яроқсиз бўлиб қолганидек, ҳамма нарсада меъёр бўлишини эслатиб ўтмоқчимиз, холос. Биз тарихи ҳам, келажаги ҳам буюк бўлган муҳаррам ва муҳтарам элнинг фарзандларимиз. Манаман деган ривожланган давлатларда учрамайдиган бой маданий меросимиз ва гўзал қадриятларимиз бор. Ана шу улкан маънавий меросни авайлаб-асраш, ривожлантириш ва келажак авлодга етказиб беришга ҳар биримиз масъулмиз!
|