Мафтункор ҳусну латофатга эга бўлган яшил олам янада жозибали. Шундай дамда ёлғизоёқ йўлдан шошилмай одим ташлаш, бетакрор олам гўзаллигидан тўйиб-тўйиб баҳра олишга нима етсин. Ҳар гал бундай нафосатга рўбарў келганимда дилимни бир-бирига ўхшамаган таърифсиз ҳиссиётлар чулғаб олади. Беихтиёр Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг қуйидаги сатрлари ёдга тушади:
Парчагина булут, чексиз осмон,
Адир ортидаги ёлғизоёқ йўл.
Барча ташвишларни унутиб шодон
Қайтгим келаётир қошингга буткул.
Ана, ариқ бўйида майса-чечаклар узра ағанаб кураш тушаётган, қувлашмачоқ ўйнаётган болалар. Улар «турмуш» деб аталувчи юкни елкалаш ташвишидан ҳозирча ҳоли. Мурғак қалблари бокира, кўзларида туганмас орзу учқунлари жилваланади, дунёни фақат ёруғ ранглардангина иборат деб тасаввур қилишади. Улар ҳаёт сўқмоқларининг қирралари, ўйдим-чуқурлари кўплигини, қувонч билан изтироб, ёруғлик билан қоронғулик доимо ёнма-ён юришини ҳали билишмайди. Жуда-жуда ҳавасим келиб-кетди уларга. Қани энди мўъжиза рўй берсаю, бирпасга қувноқ болаликка қайтсам. Тупроқ кўчаларда, дала-дашту қир-адирларда ялангоёқ югурсам, дарахтларга тирмашсам, турфа ўтлар иси анқиб турган майсазорларда чалқанча бўлиб чексиз осмонга тикилиб ётаверсам, ётаверсам, ётаверсам...
Баъзида қалбни хуш кайфият эгалласа, баъзида дил хуфтон бўлади. Сабаби орамизда яхши инсонлар қатори тубан ва худбин кишиларнинг ҳам йўқ эмаслиги. Улар биз билан ёнма-ён юришади, бир ҳаводан нафас олишади, имкон бўлса бир дастурхон атрофида ўтиришади. Ўзларини соф, фидойи қилиб кўрсатишади. Давр қонунларини эгаллаб унга мослашишади. Асабингизни бузишга, босган изингиздан хато излашга интилишади.
Ундайларга қарши мунтазам курашмоқ жоиздир албатта. Лекин шундай пайтлар бўладики, бунга ҳар доим бардошингиз етавермайди. Абдулла Орипов айтганидай:
Дунёда одамзот яшамас ахир,
Фақат иродасин синамоқ учун.
Мен ҳам гоҳида дунё ишларига юзма-юз келиб, баъзи қитмир замондошларимнинг феълу атворидан зада бўлган пайтларимда болаликка қайтгим келади. Тенгдошларим билан қизиқарли ўйинлар ўйнаганимда улар ғирромлик қилиб, майли мени доғда қолдира қолишсин. Асло хафа бўлмайман. Чунки бу ахир ўйин-ку. Лекин ҳаётда катталар ғирромлик қилса-чи? Шу ўринда Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг чуқур фалсафий маъно касб этувчи қуйидаги сатрлари ёдга тушади:
Кеча керак бўлдинг, болалик чоғим,
Сенга қўл узатдим, йўқ етолмадим.
Ошкора ғирромлик қилди ўртоғим,
Мен бор ўйнамайман, деб кетолмадим.
Ҳа, баъзида болаликка қайтгим, бола бўлгим келади.
Қўчқор ЖУМАҚУЛОВ,
нафақадаги журналист.
|