Боғларда иш қизғин

Тўлебий тумани боғбонлари янги боғлар яратишда катта тажрибага эга. Улар томонидан барпо қилинаётган интенсив боғлар бугунги кунда нафақат оилалари даромади ошишига, фаровонликка, балки вилоят иқтисодиётини юксалтиришга ҳам хизмат қилмоқда.
Туман соҳибкорлари ҳар йили 10-15 гектаргача пакана ва ярим пакана мевали боғларни бунёд қилишаётгани, айниқса, эътиборлидир.
– Интенсив боғларнинг таровати ўзгача, – дейди боғбон Давронбек Пирназаров – Баҳорги гуллаш пайтида ипга тизилган инжудек товланиб, кўзни қувонтиради. Кузда эса, шода-шода мевалари ял-ял ёниб, иштаҳани қитиқлайди. Бундай боғларнинг кенгайиши юрт равнақи, эл фаровонлигига хизмат қилиши табиий. Туманимизда собиқ иттифоқ даврида боғдорчилик ривожланган эди. Улуғ Ватан уруши йилларида туман вагон-вагон мева жўнатгани тарихий ҳужжатларда ёзилган. Туманда етиштирилган олмалар Москвадаги халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмасида юқори баҳоланган. Тажрибали боғбонлар туманда етарли. Улар туманнинг боғдорчилик билан боғлиқ бўлган илгариги довруғини тиклаш ҳаракатида.
– Кўп йиллар Алишер Навоий қишлоғидаги боғдорчилик бригадасига раҳбарлик қилдингиз. Ёш боғбонларга қандай тилакларингиз бор? Шу кунларда боғда қандай ишларга эътибор қаратиш керак?
– Давлат қўллови билан ёшларимиз боғлар барпо этишяпти, бу қувонарли ҳол, албатта. Улар йўл қўяётган биринчи хато – дарахтлар ҳосилга киргунича қатор ораларига экин экишмаяпти. Маълумки, мевали дарахтлар дастлабки йиллари ажратилган озиқланиш майдонининг ҳаммасидан фойдаланмайди, шу туфайли ёш боғлар қатор ораларида 2–3 йил давомида дарахт шохлари туташгунча турли қишлоқ хўжалик экинларини етиштириш мумкин. Турли сабзавот, полиз ва бошқа шудгорлаб экиладиган эртаки ва ўртаки экинлар етиштириш тавсия қилинади. Агар ер шўрланган бўлса, дастлабки йиллари беда экиш мақсадга мувофиқдир, чунки у мазкур шароитда тупроқни азот ва бошқа органик моддалар билан бойитибгина қолмай, балки таркибини яхшилайди, сизот сувлари сатҳини пасайтиради. Бу экин, айниқса, 2–3 йили жуда кўп нам суради, шунинг учун уни суғориладиган ёш боғларга ҳам экиш мумкин. Шу нарса аниқланганки, беда ўзи сурадиган катта миқдордаги суви билан бирга кўплаб озиқа моддаларни ҳам олади. Боғ қатор ораларига беда экилганда, биринчи йили тупроқдаги эрийдиган азот ва фосфор миқдори кескин камаяди, натижада дарахтларнинг озиқланиш режими ёмонлашади. Шунинг учун ерга қўшимча озиқа сифатида минерал ўғитлар солиш керак.
– Кўчатларга ишлов беришга тўхталсангиз.
– Дарахтлар ҳар йили эрта баҳорда 12–15 см чуқурликда юмшатилиши керак. Ёз бўйи ниҳоллар унинг икки томонидан 25–30 см масофада олинган ариқлар орқали 8–10 маротаба суғорилади. Суғориш муддатлари қуйидагича: апрелда бир марта, май-июнда икки маротаба, июлда уч марта, август-сентябрь ойларида бир марта. Ҳар суғоришдан кейин эгатлар юмшатилади.
– Шу кунларда боғларда қандай ишлар бажарилиши керак?
– Боғда дарахт қаторлари ораси октябрь ойининг охири – ноябрь ойининг бошларида 25–27 см чуқурликда шудгор қилиб ишлов берилиши керак.
– Агротехника талабларига кўра минерал ўғитлар ҳам қўлланилиши керак.
– Ҳар йили мева дарахтлари тўлиқ ҳосилга киргунча гектарига кузда 40–50 кг фосфор, 30–40 кг калий ва баҳорда 60–70 кг азот ўғитлари солинади. Собиқ Иттифоқ йилларида боғнинг қатор ораларига дарахтлар 5–6 ёшга тўлгунча оралиқ эртаки ва ўртаки экинлар – картошка, қанд лавлаги, қизилча, саримсоқ пиёз, редиска, туруп, майда ошқовоқ, помидор, карам, ловия, нўхат, полиз экинлари экардик. Улар парвариш қилинаётган экиннинг агротехника талаблари асосида ўғитланиб, олма кўчатларига алоҳида минерал ўғит беришнинг ҳожати қолмасди.
– Оралиқ экинлари экишда яна нималарга эътибор бериш керак?
– Дастлабки 1–2 йилларда дарахт танаси ёнидан 1 м кенгликда оралиқ қолдириш керак. Кейинги йилларда оралиқ бўш жой 0,5 м дан кенгайтириб борилади. Боғ тўла ҳосил бера бошлагач, оралиқ экинлар экилмайди. Кўчат экилган йилнинг кузида, ёзда нобуд бўлган кўчатлар ўрнига шу нав кўчатидан ўтқазилади.
– Ҳосилли боғлар парваришига тўхталсангиз.
– Бундай боғларда тупроқнинг унумдорлигини доимо яхшилаб борилиши керак. Дарахтларга тўғри шакл бериш ва қирқиш билан бирга тупроққа етарли даражада органик ва минерал ўғитлар солиб туриш, ерга ўз вақтида ва юқори сифатли ишлов бериш, ўсимлик ва меваларни зараркунандалар ҳамда касалликлардан сақлаш, йилнинг ҳамма фаслида тупроқни етарли намликда бўлишини таъминлаш ишларига алоҳида эътибор бериш лозим. Ҳосил бераётган боғларда келгуси йил ҳосили пухта замин яратишнинг асосий тартиби – бу ерни баҳорда (ҳеч нарса экмай) яхши ўғитлаб, шудгорлаб қўйишдир. Шу билан бирга органик ўғитларни кўпи билан ҳар 3 йилда бир маротаба чиринди сифатида гектарига 20–25 тоннадан солиш керак. Бундай ўғитлар етишмаса 2–3 йилда бир маротаба қатор ораларига сидерат экинлар экилади. Уларни сентябрь ойи охирида экиб, гуллаш пайтида – май ойининг бошларида ерга ҳайдаб юборилади. Кўк поянинг тупроқ остига яхши тушиши учун экин ер ҳайдалиши олдидан КИР-1,5 ротацион ўриш машинаси билан майдалаб чиқилади.
– Сидерат экинлар мазмунини тушунтириб берсангиз.
– Бу сўз ("sidera) илк бор Римда аграр соҳада қўлланила бошлаган бўлиб, ердан куч олган юлдуз деган маънони беради. Шу даврдаё римликлар сидерация деҳқончилик асоси эканлигини тушунишган. Бундай экинлар совуққа чидамли, алоҳида парваришни талаб қилмайди. Эрта кўкламда ё кеч кузда экиш мумкин. Сидератлар тупроқнинг таркибини яхшилаб, турли ишқорлардан тозалайди, ҳосилдорликни ошириш имконини беради.
– Сидератга экиннинг қайси турлари киради?
– Бир йиллик экинларнинг деярли барчаси сидерат ҳисобланади. Масалан, арпа, қора буғдой, бўрилуккак(люпин), хантал(горчица), рапс, нўхатнинг айрим турлари. Тупроққа қандай микроэлемент етишмаса, шунга қараб экинни танлайсиз. Агар азот камлик қилаётган бўлса, қўрқмай беда, йўнғичқа ёки нўхат экаверинг. Бўрилуккак ажойиб фосфор манбаси. Шолғомсимон экинлар ерни фосфор ва олтингугурт билан бойитади. Ерингизни бегона ўтдан тозаламоқчи бўлсангиз – кузда жавдар(қора буғдой) экинг. Бу соҳада тажрибага эга бўлгунингизча, ернинг экин қатламини аниқлашда агрохимик таҳли хизматидан фойдаланинг.
– Шағалли тупроқ ерларда боғ яратаётган деҳқонларимиз бор. Уларга нима маслаҳат берасиз?
– Бундай жойларда ўғитлар миқдори 50 фоизга кўпайтирилади, азот уч маротаба – баҳорда, июнь ва июль ойларида солинади. Органик минерал ўғитларнинг ушбу муддатларда солиниши уларнинг ёғинлар таъсирида тупроққа тез сингишини таъминлайди.Боғ парранда гўнгги билан озиқлантирилса яхши самара беради. Бу ўғитларга 5–6 ҳисса сув қўшиб, бир текисда суюлтириб солинади ёки сув улар солиб қўйилган чуқур орқали оқизилади.
– Боғни суғоришда нималарга эътибор беришни тавсия қиласиз?
– Ҳосил берувчи боғларда қишки яхоб сувлари ноябрь ойидан март ойи охиригача 2–3 маротаба гектарига 1500–2000 кубометр миқдорида берилади. Ёзда суғориш миқдори дарахтларнинг ёшига, ер ости сувининг сатҳига, қатор ораларида етиштирилаётган экинларга боғлиқ бўлади. Боғ суғориладиган бўз ерларда ўсимликнинг ўсиш даврида 4–6 маротаба, шағалли ерларда 10–12 маротаба суғорилади.
"Чархпалак"
|