Турмуш чорраҳаларида
БИР ОҒИЗ СЎЗ ЗАҲРИ
Нозиманинг Нодирларнинг оиласига келин бўлиб тушганига ҳали ҳафта ҳам бўлгани йўқ. Қизлик уйида анча эрка бўлган Нозима келинлик вазифаларининг уддасидан чиқолмай қийналарди. Қайнонаси Ўктамхон ая келинининг уқувсизлигини яшириб, хатоларини сездирмай тузатиб қўяр, лекин бу ҳақда ҳеч кимга айтмасди.
Нозима кунда онаси билан қўнғироқлашиб, янги оиладаги ҳаёти ҳақида унга хабар бериб турарди. Қизининг овқат-озиққа умуман уқуви йўқлиги сабаб, телефонда бўлса ҳам йўл-йўриқ кўрсатиб турарди. Одатдаги қўнғироқлашув пайтида онаси сўради:
- Нози, идиш-товоқ ювишни ҳеч жининг суймасди. Ўрганиб қолдингми?
- Вой, ая, бу уйдагилар-чи, овқатдан сўнг идишларига чой қуйиб ичиб қўйишаркан, - деди қизи шодон оҳангда, - идишларни ювиб ҳам ўтирмай бир-бир чайқаб қўяман, холос. Кейин овозини пасайтириб қўшиб қўйди:
- Лекин ая, уйдагиларнинг ана шундай ювинди ичишларини кўриб кўнглим айниб, овқат ҳам ичолмай оч қоляпман. Кечалари бирам қорним очадики...
Телефондаги шу суҳбатдан сўнг Нозима туғилиб, ўсган маҳаллада, қўшни маҳаллаларда ҳам дув-дув гап тарқалди: "Нима эмиш, Қодирнинг ёлғизгина қизи анча нобоп жойга тушганмиш. Уйидагилар нуқул ювинди ичишармиш. Қиз бечора бунга ўрганолмай оч қолиб қийналаётганмиш".
Ҳаммадан аввал бу гапни Ўктамхон ая эшитди. Гапнинг заҳридан бир ёмон тўлғондию, ичига ютди. "Балки шунчаки миш-мишдир", дея ўзини овутди. Нима бўлса ҳам, Нодирнинг қулоғига тушмасин-да, нақ "қиёмат қойим" бўлади.
"Қиёмат қойим" уч кундан сўнг бўлди.
Жўралари билан чойхонада ош қилмоқчи бўлиб тўпланишди. Ҳеч гапдан хабари йўқ Нодир қозон бошида куймаланиб юрган ўртоғига гап қотди:
- Жўра, қўй ёғидан мўлроқ солавер. Ош еганингда бармоқларинг орасидан ёғи силқиб чиқиб турса, маза-да.
- Айниқса, сенга маза бўлади, - гапга қўшилди Сардор сигаретасини ҳузур қилиб тортаркан. - Уйингда ювинди ичавериб, ичинг шилиниб кетган бўлса керак.
Ўртага бир зум совуқ жимлик чўкди. Нодир ҳозир айтган гапини ҳазилга йўймоқчи бўлиб Сардорга кулиб қараганди, унинг юзида ҳазил аломати сезилмади.
- Нима дединг? Қанақа ювинди? Ким ювинди ичаркан? - Нодир паст, лекин таҳдидли овозда сўради.
- Буни уйингга бориб, хотинингдан сўра!
Нодир шаҳд билан ўрнидан турди. Унинг важоҳати қўрқинчли эди. Ўртоқлари Нодирни ховуридан тушириш учун ўртага олиб:
- Қўйсангчи, аёлларнинг гапи-ку, бу, парво қилма, - де-йишди.
- Аёлларнинг гапи бўлса, Сардор гапиряпти-ку, - Нодир ҳамон ўзини босолмасди.
- Мен қандай аёл билан яшаётганингни билиб қўйгин, - деб гапирдим. - Сенга душманнинг кераги йўқ, душманинг қўйнингда.
Нодир ортиқ чидолмади. У чойхонадан уйига юриб келдими, югурибми, билмайди. Унинг боши ғувиллар, кўзлари қизариб, қонталаш бўлиб кетганди.
- Нозима -а -а -а ... - уйнинг, ҳовлининг бурчак-бурчакларидан бу сўз акс-садо бергандек бўлди. Ишларини тугатиб, энди диванга ёнбошлаган Нозима эрининг ҳайқириғидан чўчиб тушди.
Келинидан аввал Ўктамхон ая уйдан югуриб чиқди.
- Болам, ҳой болам, қулоқ солгин, келин ёшлик қилиб, тушунмай гапириб қўйибди. Онаси ётиғи билан косага чой қуйиб ичиш савоб учун қилинади, деб тушунтирса бўларди. Бу ёш нарса қаердан билади? Унга озор берма, ҳой болам.
Нодир илк марта онасига қўполлик қилди: гавдаси билан йўлини тўсмоқчи бўлганди, қўллари билан нари итарди-да, туфлисини ҳам ечмай, Нозима ётган хонага кирди. Нодирнинг важоҳатидан қўрқиб кетган Нозима ўрнидан ҳам туролмай қолди. У ҳудди совуқ қотгандай дағ-дағ титрарди.
- Сен, манжалақи, қандай тилинг борди шу гапларни айтишга?! Бу уйда ким, қачон ювинди ичди, қани айт-чи?
Нодир аввал хотинининг юз-кўзи аралаш тарсаки туширди. Сўнгра ёқасидан тортиб, қаттиқ силтаганди, халати йиртилиб кетди.
Нозиманинг оғзига бирор сўз келмас, нуқул:
- Нодир ака, мен, мен... - дерди.
- Нима сен? Сиз олийнасаб зот, биз ювиндихўрлар ичида оч қолиб, қийналибсиз-да. Биз бўлсак, буни сезмабмиз узр! - Нодирнинг истеҳзоли қарашларида қаҳр пайдо бўлди:
- Сен агар ақлли, мулоҳазали аёл бўлганингда эди, ғийбатчи, аҳмоқ онанг гапирганда ҳам "йўқ ундай эмас, она менинг уйимдагилар бунақа" дердинг. Демак, сенда менга нисбатан, оиламдагиларга нисбатан ҳурмат, меҳр йўқ экан. Мен ўзимга нобоп умр йўлдош танлаганимга афсусдаман. Ҳаёт йўлимнинг бошида хатоимни тўғриламасам, ҳали сен бизга кўп азият келтирасан бунақада. Гап шу, оилам шаънини ерга урадиган чиройли, аҳмоқ қўғирчоқнинг менга кераги йўқ. Тақир-туқурингни йиғиштир-да, йўқол. Қайтиб бу уйда қорангни ҳам кўрмай.
… Оёқлари қалтираганча базўр ўрнидан турган Нозима телефонга қўл чўзди:
- Ойи... - томоғига йиғиси тиқилиб гапиролмай қолди.
У томондан онасининг ташвишли овози эшитилди:
- Нози, нима бўлди, йиғлаяпсанми? Ювиндихўрлар озор бермаяптими? Мен кўрсатиб қўяман уларга...
- Йўқ, ойи, ҳеч ким хафа қилгани йўқ. Биз уларга озор бердик, ойи. Улар ювиндихўр эмас, мен тушунмасдан уларнинг кўнглини қолдирдим. Сиз она бўлиб тушинтирсангиз бўларди-ку... Нодир акам энди мени ҳеч қачон кечирмайди.
Нозима дардли овозда гапираркан, охирги сўзларини зўрға айтди:
- Мени олиб кетинглар...
- Нима? - Онаси бир хайқирди-да, жимиб қолди.
...Дарвоза ёнига келиб тўхтаган юк машинасидан онаси эмас, мунғайибгина холаси тушарди.
Холаси Нозиманинг қайнонаси ва куёви билан суҳбати узоқ чўзилмади.
- Жияним ёшлик қилиб, кўп ноўрин гаплар гапирибди, уни кечиринглар. Ўзи ҳам бу гапларидан қаттиқ пушаймон бўляпти.
Нозима эса йиғлаганча:
- Аяжон, Нодир ака, мени кечиринглар, - дея, йиғидан тўхтаёлмай бошқа гап айтолмасди.
Нодир ўрнидан туриб, хонадан чиқиб кетди. Онаси эса "Келин, уйдаги гапни кўчага чиқариш, мулоҳазасизлик орага қанчалик совуқчилик туширишини кўрдингиз, оилангиз қил устида турибди. Энди ўртага тушган совуқчиликни, йўқолган меҳрни тиклаб бўлармикан? Мен сизни кечираман, лекин эрингиз кечирармикан?"- деди.
Нозима эса тинмай йиғларди.
Раҳима
АБДУРАҲМОНОВА.
|