
Минг афсуски, айрим журналистлар «Мендан кетгунча, эгасига еткунча» қабилида қоғоз қоралайдилар. Мустақил изланмайди. Кунора ўзгараётган ва журналистиканинг имкониятларини тобора кенгайтираётган ахборот технологияларини яхши ўзлаштирмайди, ҳатто билмайди ҳам. Улар ахборот ўрмонида адашиб юрган одамларга ўхшайди. Талабалик давридаги имконият бой берилса, ўқишни битиргач улар манзилини тополмай, сарсон-саргардон изсиз бўлиб қоладилар.
БЕШ ДАҚИҚАГА СИҒМАГАН ГАПЛАР
Ёзувчи, адабиётшунос олим ва журналист Хуршид Дўстмуҳаммад билан суҳбат
“…Журналистика воқелик билан изма-из яшайди, унинг ҳавосидан нафас олади. Воқелик эса ўзгарувчан. Шундан келиб чиқиб, унинг изидан бориб, ўзгаришга мажбур бўладиган журналистикани касб ва соҳа сифатида беқарорликда, унинг ўзгармас ақидаларини ақидасизликда айблаш асосли эмас. Чунки журналистиканинг азалий мустаҳкам ва ҳеч қачон, ҳеч қандай шароитда ўзгармас ақидалари — таянч-асослари бор. Улар ҳаққонийлик ҳозиржавоблик ва холислик деб аталади…”
Ушбу фикрлар ЎзДЖТУ халқаро журналистика факултетида ўтказилган «Замонавий ОАВда журналист кадрларнинг малакаси» мавзусидаги илмий конференсияда филология фанлари доктори, ёзувчи, журналист Хуршид Дўстмуҳаммад маърузасидан ўрин олганди. Ушбу фикр қуйидаги мусоҳабага асос бўлди. У кишидаги ўша илмий конференсияда беш дақиқалик регламентга сиғмай қолган нималар ҳақида эди, деб сўрадик. Агар иложи бўлса, айта оласизми, ўшанда бизга яна нималар ҳақида гапириб бермоқчи эдингиз, деб савол беришдан ўзимизни тиёлмадик.
————————————
Таниқли ёзувчи, адабиётшунос олим ва журналист Хуршид Дўстмуҳаммад 1951 йилда Тошкент шаҳрида туғлган. Ўрта мактабдан кейин Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) Журналистика факултетини тамомлаган. Филология фанлари доктори. “Фан ва турмуш” журналида бўлим муҳаррири, “Ёш куч” журналида бўлим муҳаррири, бош муҳаррир ўринбосари, бош муҳаррир, “Ҳуррият” мустақил газетасига бош муҳаррир, Ўзбекистон Оммавий ахборот воситаларини демократлаштириш ва қўллаб-қувватлаш ижтимоий-сиёсий жамғармаси ҳамраиси, “Ўзбекистон матбуоти” журнали бош муҳаррири бўлиб ишлаган. Ўзбекистон Олий мажлиси депутати, Олий мажлис қўмитаси раиси сифатида фаолият юритган.
1980 йилдан буён матбуотда ҳикоя ва қиссалари, романи, очерк, бадиа, адабиётшуносликка оид мақоллари билан қатнашади. Унинг “Ҳовли этагидаги уй” , “Жажман” , “Қазо бўлган намоз” , ,”Ҳижроним мингдир менинг” , “Бозор” , «Ҳамид Аъламовнинг айтолмаган гаплари”, «Журналист бўлмоқчимисиз?», «Чаёнгул», «Куза» номли ва бошқа бир қатор китоблари чоп этилган.
———————————
- Журналистлар — жамият қон томирида оқаётган ахборотнинг яратувчиларидир, — дейди устоз фикримизни англагач. — Бу инкор этиб бўлмайдиган таъриф. Шундай экан улар замоннинг зайлини тез илғайдиган малакали, теран дунёқарашли инсонлар бўлиши керак. Мен ушбу хусусиятларни ўзида жо қилган кўп журналистларни биламан. Улар билан суҳбатлашсам ёки ёзган бирор мақоласини ўқисам, қайта яшаргандек бўламан.
Минг афсуски, айрим журналистлар «Мендан кетгунча, эгасига еткунча» қабилида қоғоз қоралайдилар. Мустақил изланмайди. Кунора ўзгараётган ва журналистиканинг имкониятларини тобора кенгайтираётган ахборот технологияларини яхши ўзлаштирмайди, ҳатто билмайди ҳам. Улар ахборот ўрмонида адашиб юрган одамларга ўхшайди. Талабалик давридаги имконият бой берилса, ўқишни битиргач улар манзилини тополмай, сарсон-саргардон изсиз бўлиб қоладилар.
Шундай журналистларни кўриб, «менга нима?» дея жим ўтиролмайсан. Соҳанинг нонини егандан кейин, барибир виждонинг қийналади. Шу боис ҳар гал журналистиканинг табиати, журналистнинг малакаси ҳақида гап кетса, куюниб гапираман.
Қани эди, гапим баҳор шамолидек тентирамаса-да, тўғри эгаларини топиб, қулоғига бориб кирса, мақсадга мувофиқ бўларди. Журналистикада соҳанинг сеҳри, жозибаси, эркалиги билан севадиганлар кўпаярди.
- Хуршид ака, ёзувчига қандай ёзишни ўргатиб бўлмайди, улар қобилият билан тарбияланади, дейишади. Журналистларга-чи?!
- Ёзувчи ва журналист. Ҳар иккиси сўз оламининг санъаткорлари. Ёзувчилик ижодий сўзлар боғи. Унда хоҳлаганча, кўнгил истаган пайт сўз меваларини теришинг мумкин. Журналистика эса ахборот боғи. Унда ҳақиқатдан пишган сўз меваларини вақтида узишинг керак.
Ёзувчининг устози бўлмайди, дейишади. Таърифга таъриф сифатида айтмоқчиманки, ёзувчидаги туғма қобилиятни жамият тарбиялайди. Журналист эса журналистика мактабини кўради. Соҳанинг қонуниятлари, нозик нуқталарини ўрганади. Ўрганиш ўз навбатида қандай ёзишни ҳам ўргатади. Ўрганиш ва ўргатиш учун одамда иштиёқ, қизиқиш, шижоат бўлиши керак. Айримларнинг табиатида шу хусусиятлар йўқлиги учун, яхши ёзолмайди, деб ўйлайман.
- Журналистика ҳар қандай жамият кўзгуси ҳисобланади. Бу қараш тўғри. Бироқ унинг вазифаси шу билан тугайди, десак журналистика ижтимоий-сиёсий муҳитга, умуман, инсон хаётига нисбатан иккиламчи мавқега эга, яъни у воқеликка бўйсунувчи фаолият тури, холос деган ҳукм чиқариш билан баробар. Бундай янглиш қарашлар асосли эътирозга лойиқ.
- Оммавий ахборот воситаларининг «тўртинчи ҳокимият» сифатидаги кучи, афзалликларини санаб ўтган таниқли матбуотшунос олим Файзулла Мўминов унинг камчиликлари хусусида ҳам тўхталган: «Биринчидан, — деб ёзади олим, — журналистика кенг қамровли ҳокимият бўлгани билан у чуқур илдизли, ўзгармайдиган ҳокимият эмас». «Иккинчидан, — деб фикрини давом эттиради муаллиф, — ижтимоий фикрда яқдиллик йўқ».
Бўлиши мумкин, бироқ жамиятда ижтимоий фикрнинг яқдиллигини таъминлаш вазифаси, биринчи навбатда, журналистика, матбуот зиммасига тушади. Бундай вазифани адо эта олаётган ОАВни ана шу мавқега муносиб, деб ҳисоблаш мумкин, адо эта олмаётгани эса… чала журналистикадир.
Иқтибосни давом эттирамиз: «Учинчидан, журналистиканинг, давлат каби унинг қарорларини бажаришга мажбурлайдиган кучи йўқ. Тўртинчидан, тезкорлик билан фаолият юритишга мажбур бўлган журналистлар турли хатоларга йўл қўйишлари мумкин. Бешинчидан, ўзларига ҳаддан ташқари кўп ваколат берган журналистлар (шахсий ҳаётга аралашиш, туҳмат) тўртинчи ҳокимият обрўсини туширадилар».
Бу борада менинг қарашларим аниқ: инсон ҳаётида, ҳар қандай ижтимоий-сиёсий тузумда ҳаққонийликдан кўра кучлироқ, қудратлироқ куч йўқ, ҳаққонийлик принсипи, ҳатто, давлатнинг барча кучларидан-да қудратлироқдир. Тезкорлик ёки бошқа сабабларга кўра хатога йўл қўйилиши, тўртинчи ҳокимиятни обрўсизланиши учун эса айбни журналистикадан эмас, журналистлар фаолиятидаги айрим иллатлардан изласак тўғри бўлади. Шу нуқтаи назардан қараганда, журналистикани «тўртинчи ҳокимият» даражасидаги соҳа, деб ҳисоблайман.
Журналистика сиёсат цингари ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида намоён бўлади. Ҳокимият йўлакларида қандай воқеалар юз бераётганидан оммани хабардор қилиб туради. Агар соҳа вакиллари давлат ва жамиятнинг воситачиси бўлмаса, одамлар сиёсий сўқирга айланиб қолади.
Журналистика публитсистика орқали сиёсатга сайқал беради. Сиёсат публитсистиканинг мундарижаси, публитсистика эса сиёсат тўғрисидаги мулоҳазалардир. Сиёсатсиз публитсистиканинг бўлиши мумкин бўлмаганидек, публитсистикасиз яхши сиёсатнинг бўлиши ҳам асло мумкин эмас. Шу маънода сиёсий ҳаёт ва оммавий ахборот воситалари ҳаёти бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Ҳар икки ҳаёт ҳам бир-бирининг тимсолий кенгликларида аралашиб юради.
- ХХI аср одамлар олдига жуда катта вазифаларни қўйяпти. Энди янги замон ва янги давр талабларига қандай журналистика жавоб бера олади? Бу қадар шиддатли кечаётган ҳаёт талатўпларига нисбатан журналистлар қандай йўл тутишлари керак?
- Ҳар қандай жамиятда ахборот алмашинувини яратмай туриб, яхши ҳаёт тарзини вужудга келтириб бўлмайди. Ҳатто феодал тузум ҳукмронлик қилган замонларда ҳам даврга хос оммавий коммуникация воситаларидан фойдаланилган. Лекин ахборот тарқатиш воситаларининг тараққиёти, хусусан, компютер, интернет ва мобил телефонининг яратилиши оммавий коммуникация борасида том маънода инқилоб ясади.
Ҳозирга қадар жамиятда ахборот айланишини йўлга қўйиш, ахборот майдони эҳтиёжларини қондириш, ахборотга боғлиқ барча катта-кичик муаммоларни ҳал қилиш журналистика зиммасида бўлиб келган. Эндиликда эса бу вазифалар оммавий коммуникация «тасарруфи»га ўтиб бормоқда.
Мухтасар айтганда, бугунги журналистикани кечагиси билан мутлақо таққослаб бўлмайди. Айниқса, ахборот коммуникация технологиялари борасида. Қолаверса, бу соҳадаги мамлакатимиз қонунчилида ҳам катта ўзгаришлар юз берди. Юқоридагилардан келиб чиқиб, журналистиканинг келгусидаги ривожи умуман, ҳаётдаги ўрни янада мустаҳкамланади, деб ўйлайман.
Қумар БЕГНИЯЗОВА тайёрлади