//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [483]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

Бемор қолдирган дафтар

Бемор қолдирган дафтар

6Яна аввалги шифохонамга келдим. Бу ердаги кўп­чилик менга таниш шифокорларнинг ўрни алмашиб кетибди. Ам­­мо менга кўп­роқ таниш бўл­ган Шавкат ака, Гулчеҳра опа ўз ўрнида экан. Гулчеҳра опа менга «Ан­ча тўлишибсан», деди. Буни кўнг­­лим учун айтганини биламан. Шунинг учун ҳам ҳазиллашиб, «Сиз ҳам», дедим. Роса кулги бўл­ди. Чун­ки у киши ҳам, мен ҳам оз­ғин­ликда бир-биримиздан қолишмасдик.

Айтганча, янги ҳамшира қиз келибди. Мен тенги бўлса керак. Жил­­майганда жуда чиройли бўлиб кетар экан.

 2014 йил, 7 сентябрь

Бугун газетада шеърим чиқди! Буни уйимиздагилар телефонда айтишди. Газета олиб келиб беришини фаррош холадан илтимос қилгандим, бу хабар бутун касалхонага овоза бўлди. Аслида аямлар газетани борганда олиб борамиз, дейишганди, мен атай қилдим… Фаррош хола келтирган газета қўлимга бир мартагина тегди ҳи­соб, талаш бўлиб кетди, ҳамма ўқиди! Ниятим шу эди ўзи. Жудаям хурсанд бўлдим. Янги ҳамшира қиз ҳам ўқиди. Унинг исми Сурайё экан. Сурайё «митти юлдуз» дегани.

 2014 йил, 8 сентябрь

Рости, хонадошим менга унча ёқмаяпти. Ёлғонни кўп гапирар экан. Бошқа хислатлари ҳам ёқ­мади. Шеърим чиққан газетани тан­ҳо у қўлига олиб кўрмади, холос. Менга буни атай қилгандай туйилди.

…Ўзим яхши кўрадиган ўриндиққа бориб ўтиргандим, у — Сурайё ёнимга борди. Афсуски, тезда чақириб қолишди уни… Қайтармикин, деб узоқ кутдим. Келмади. Овқат пайтидан кейин яна бордим…

Тушда у доимгидай уйига қайтиб кетди. Кетаётганида эса кузатиб турганимни сезмади. Мен томонга қараганда у билан қўл силкаб хайрлашмоқчи эдим. У яхши қиз экан.

 2014 йил, 9 сентябрь

Қизиқ, негадир у ҳақда ўйлаганимда мана шу бир жуфт мунаввар кўзлари тасаввуримда жонланаверади. Жилмайиб, менга самимият билан, шўхчан боқиб тургандай бў­лаверади. Гўё бир нур сачраб, бутун ҳаётимни ёритиб юборгандай туйилаверади бу кўзлар… Уни деярли ҳар доим ҳамшира ки­йимида кўрсам-да, хаёлларимдаги либоси бошқача. Мен унинг кўзларини ич-ичимга, ҳеч ким, ҳеч бир жарроҳ очиб топа билмайдиган бир еримга беркитсам дейман. Исми жисмига шунчалар моски унинг…

 2014 йил, 12 сентябрь

Бу йил куз эрта тушди. Ҳалитдан ҳавода намхушлик сезила бошлади. Соғлиғим ҳам яна оғирлашди. Дўх­тирнинг кўзларида бир саросима сезгандай бўлдим. Кўришиш учун келган аямнинг кайфияти ҳам жуда тушкун эди. Юрагим сиқилаяпти. Бир неча кундан бери Сурайё ишга келгани йўқ. Бу ҳақда суриштиргандим, «Жавоб олган», де­йиш­ди. Охирги пайтларда у ҳақда кўп ўйлаяпман. Ана, яна унинг кўз­лари! Жилмайяпти…

Қизиқ, у кимнидир севармикан? Дўстларим айтишади-ку, ҳалигидай… хилватларда бирор киши билан учрашармикан? Йўқ!  Нималар деяпман?!

2014 йил, 13 сентябрь

Газетада шеъримни босишмаяпти. Ҳар сафар газета олиб келтирганимда хонадошимнинг билиб туриб, атайлаб «Ҳа-а, шеъринг чи­­қибдими? Хафа бўл­ма, укам, бу сафар чиқиб қо­лар…» деб мийиғида кулиши асабимга тегади. У мени кузатиб турганини билганим учун ҳам газетани шеъримни ўқиш учун эмас, шунчаки сотиб олгандай, шошилмасдан, бир бош­дан варақлайман… Бугун газетани варақлаб, би­рорта ўқигулик нар­са топа олмадим. Берилган ҳикоялар ҳам ёқмади. Аслида охирги пайтларда газетада берилаётган ҳикоя­лар менда яхши таассурот қолдираётгани йўқ. Гўё мусиқадаги рок, рэп йўналишлари уларга ҳам ўтиб қолганга ўхшайди. Авжсиз, чекинишсиз, ҳис-ҳаяжонсиз, бир текис, сабр билан охиригача ўқиб, тугаган-тугамаганини ҳам билмай қоласан. Агар мен ҳикоя ёза олганимда қисқа бўлса ҳам то якунлангунига қадар ўқувчисини минг хаёлга чорлайдиган, энтиктириб, яна ҳафсаласини пир қиладиган, ўқувчининг ўзи билан боғлиқ кўплаб хотираларини уйғотиб юборадиган, ниҳоят тугаганида эса туш кўрган ка­би карахт бир аҳволга солиб қўя­диган ҳикоя ёзган бўлардим. Эртага Сурайё келса, шулар ҳақи­да гапириб бермоқчиман.

2014 йил, 15 сентябрь

Бугун Сурайё пиёлада мен қолдирган сувни ичиб юборди! Эй, Ху­до, шундай қилди-я! Мен қувониб кетдим, ҳаяжонга тушдим!.. Тўғри, ҳозирча одамлар мендан ўзини олиб қочганлари йўқ. Лекин, барибир… Бемордан ирганиш учун унинг касаллиги юқумли бўлиши шарт эмас-да! Мен у келтирган дорини сув билан ичдим-у, пиёлада қолганини столга олиб қўйишини сўрадим, у бўлса «Чанқаб кетдим», деб ичиб юборди! Эҳ, у шундай чиройли, шунчалар яхши! Дунёда шундай яхши қиз яна бормикан? Йўқ, Сурайёга ўхшаган қиз дунёда бош­қа йўқ! Ҳеч ким ундай чиройли жилмая олмайди, ҳеч ким ундай яхши эмас! Ҳеч ким, ҳеч кимнинг кўзлари уникидек нурли, мусаффо эмас!

Жуда чарчаганимни сезаяпман, лекин ухлагим келмаяпти…

2014 йил, 17 сентябрь

Бугун Сурайё ёнимга кўпроқ келиб турди… Сабаби, эрталаб мени текшириб кўрган врач юрагимни қайтадан аппаратга тушириш кераклигини уқтирди. Буни менга айт­мади, ёнидаги ёрдамчи ҳамширага та­йинлади. Менга камроқ юришимни буюрди. Натижа қоғозлари чиққанда эса юрагимнинг аҳ­воли оғирлашгани маълум бўл­ди. Нега бундай бўлди, тушунмадим. Ахир мен ўзимни анча тузук ҳис этаяпман-ку? Ҳа, охирги пайтларда тез чарчаётганимни айт­ма­са, аввалгидан анча тузукман. Аммо бир тарафдан текширув натижалари шундай чиққанидан хурсандман ҳам. Ахир айтдим-ку… Сурайё келиб турди! У бир-икки марта пешанамни ҳам ушлаб кўрди. Шундоқ каравотимга ўтириб, пешанамни ушлаб кўр­ди. Кафтлари бирам илиқ, бирам ёқимли эдики! Устимга энгашганда ундан келган ёқимли ҳид димоғимга урилди. Бу ҳеч қанақа атир ҳиди эмас эди. Бу бошқача, қандайдир бошқача, жуда ёқимли, бетакрор бир ҳид эди. Бу ёқимли ифорни олдин ҳеч туймаган эканман. Пешанамга кафтларини босиб, у менга шун­чалар яқин келдики, шунчалар яқин эдики, худди… худди… Йўқ! Кечиринг, Сурайё! Бундай тасаввур қилганим учун кечиринг мени. Бундай ўйлаганимни билсангиз қанчалар оғ­рин­сангиз керак мендан. Кечиринг… Ўшанда ҳаяжондан кўзларим тиниб кетди, ўз-ўзидан юмилиб кетди.

   2014 йил, 18 сентябрь

Юрагимни яна операция қилишар эмиш. Аям келдилар. Келгунларича кўп йиғлаган бўлсалар керак, қизариб кетган кўзларидан билдим. Аҳволимни сўраганларида ростини — анча тузуклигимни айтдим. Сўзимни эшитиб қиза­рин­қираган кўзлари билан менга жилмайиб боқмоқчи бўлдилар-у, қовоқлари титраб кетди. Яна йиғлаб юборишдан ўзларини аранг тийиб турганларини англадим…

2014 йил, 19 сентябрь.

Якшанба зерикарли кун, жуда зерикарли ўтди. Лекин хонадошим билан муносабатларимиз яхшиланди. Энди билдим, агар кўп ёлғон сўзлашини айтмаса, у унчалик ёмон одам эмас экан. Ёлғон сўзлаш одати ўзига ишонмасликдан, қўрқоқликдан пайдо бўлади, менимча. Жуда гўдаклигим — ҳали бирмунча соғломлигимда бўлган бир воқеани эслайман. Ўша пайтлар маҳалламизда мендан бир ёшга катта икки ака-ука — Ҳасан ва Ҳусанлар бўлар эди. Ҳасан жуда жанжалкаш бола эди, Ҳусан эса унинг акси. Ҳасан доим ким биландир уришиб қолса, Ҳусан уйига қочиб қолар эди. Бир куни ҳам шундай бўлди. Ҳасан ўзи тенги иккита бола билан уришиб кетди-ю, укаси қочиб қолди. Муштумзўр Ҳасан эса укасисиз ҳам ўша болаларнинг таъзирини бера олди. Жанжал якун топгач, ҳаммасини ҳовлисининг дарвозасидан ку­затиб турган Ҳусан секин қайтиб келди. Шунда Ҳасан укасига:

- Нега қочиб қолдинг, қуёнюрак?! Ахир улар икки киши эди-ку, — деб бақирганди, довдираб қолган Ҳусан қўлидаги ўйинчоққа ишора қилиб:

- Йўқ, ака, қочмадим, мен уйдан тўппончамни олиб келишга кетгандим, — дея жавоб берди. Ваҳоланки биз ушбу чўпчакка ишонадиган даражада гўдак ёшида эмасдик. Шунақа. Киши қанчалик қўрқоқ бўл­са гапирадиган ёлғонлари ҳам шунча ишонарсиз ва кулгили бўлади.

Сурайё ҳозир нима қилаяпти экан, ухлашга ётдимикин?.. Дарвоқе, эрта ё индин мени операция қилишлари мумкин. Рости, мен ҳам пича қўрқаяпман. Ҳар замон кўзимга ярқ этиб жарроҳлик столининг чироқлари кўриниб кетаяпти. Қи­зиқ… Аслида эса уч марта операция бўлиб бу чироқларни бирор мар­та кўрган эмасман. Демоқчиманки, ҳушимда кўрган эмасман. Лекин олдин операция бўлганимда ҳозиргидан кўпроқ қўрққан эдим…

Сурайё… Энди унинг кўзларига қа­­раш менга мушкуллашиб бораяпти. Нимагадир шундай бўлаяпти. Аввалгидай жилмайиб боққанда кўз­ларига тикилиб туролмаяпман не учундир… Ҳали ётмаган бўлса керак…

2014 йил, 21 сентябрь

Мадорим қуриб кетяпти…

Сурайё, нега, Сурайё?! Нега бундай дедингиз?! Нега бундай қилдингиз ахир, Сурайё?! Сиз… Сиз шунақамидингиз? Йўқ, бу сиз эмас эдингиз! Йўқ, сиз энди сиз эмассиз, эмассиз! Мажолим тугаб бораяпти…

Ҳали тонгда шовқин кўтарилган пайти мен ҳам, хонадошим ҳам ҳайрон бўлдик. Шовқин залдан кўтарилди — кимдир, бир эркак ёрдам сўраб зорланди. У йиғлаб бақираётган эди. Сўнг­ра йўлакда бошқаларнинг ҳам югуриб қолишгани сезилди. Кийиниб, нима гаплигини билиш учун чиққан хонадошим қайтиб келиб айтиб берди: эркакнинг онаси оғир аҳволда экан, юраги хуруж қилибди. «Тез ёр­дам»­ни топмасдан шошилинчда машинасини бизнинг бўлим эшигигача ҳайдаб келибди. Шу гапларни тушунтираётган хонадошимдан «Ке­йин нима бўлди, онаси яхшими?» дея сўрагандим, «Билмадим, ҳо­зирча машина атрофида дўхтирлар тўпланиб туришибди, эркак йиғлаётган эди…» деб қайтиб чиқиб кетди. Мен унинг саросимада туришидан аҳвол жиддийлигини пайқадим. Амаллаб ўрнимдан туриб, хонамиз эшиги яқинигача юриб бордим. Эшикка суяниб, кимдир келишини кута бошладим. Шунда… Сурайё биринчи бўлиб қайтиб келарди. Ундан:

- Нима бўлди, онаси яхшими? — деб сўрадим. У бўлса кулиб юборди. Ҳа, кулиб юборди… Кейин… жаҳли чиқиб, қошларини чимирди:

- Тавба, ўлиб қолган одамни машинага солиб судраб юрибди, — деди. — Ўзи аллақачон шалпайиб ўлиб ётибди… — деди. — Шунча ваҳима қилиб, ҳаммани овора қилиб. Аллақачон ўлиб қолган-ку! — деди.

У гоҳ тутақар, гоҳ кулиб юборар эди. Нимадан кулаяпти, нега кулаяпти, мен тушунмадим. Билганим бу кулги… ўша табассум эмасди. Бу кўзлардан сачраётган чўғ ўша чўғ эмасди. Бу чўғ қора, қандайдир… қан­дайдир ёмон эди, хунук эди. Балки даҳшатли эди! Ҳа, бу инсон у эмасди, Сурайё эмасди. Таассуфки, мен унга ҳайрат билан тикилиб қолмадим, шартта, жуда тез, ҳатто ўз имкониятимдан анча тез бурилдим-у, ўзимни каравотимга ташладим…

Сурайё, нега ахир?! Сиз шундай қилишингиз мумкинмиди, айнан сиз шундай дейишингиз мумкинмиди?.. Ахир инсон фожиасидан кул­моқ мумкинми?.. Кўз олдим қо­ронғилашиб кетаяпти, кўк­симда нимадир шишиб келаётганини сезаяпман… Аяжон, тезроқ келинг…

Аям келсалар мени операцияга тайёрлашади. Бугун операция қилишмоқчи…

Байрам Али

 
Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (30.10.2015)
Просмотров: 882 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz