БЕГОНА АЁЛ Ҳикоя
С. Г. КОЛЕТТ,
француз адибаси
— Икки кишилик дастурхонми? Қани, мана бу ёққа марҳамат қилсинлар, ҳурматли жаноб. О, хонимингиз ниҳоятда латофатли экан! Сиз учун атайлаб дераза олдидаги жойни танладик, кўрфаз манзарасидан баҳра олиб ўтирасизлар-да! Қалай, маъқулми?»
Алиса эрига суюниб қаради:
— Ҳа, албатта! Бўлмасам-чи! — деди аёл қувончдан кўзлари чақнаб. — Марк, азизим, бу ерда биз ўзимизни худди денгизда, қайиқ ичида тушлик қилаётгандай ҳис этамиз! О, қандай ажойиб! Бу ерни...
Аёлнинг гапи оғзида қолиб кетди. Эри ими-жимида хотинининг қўлини қаттиқ қисди.
— У ердан сал берироқдаги жой анча тузукроқ кўринади, чамамда.
— Анави ёқдаги, дейсанми? Нақ одамларнинг қоқ ўртасида-я? Лекин менга кўпроқ...
— Алиса, жонгинам, илтимос.
Марк аёлининг қўлларини янаям маҳкамроқ сиқди. Бу гал у шундай ҳаракат қилдики, Алиса беихтиёр эрига ўгирилиб қаради.
— Нима гап? Сенга нима бўлди?
— Тссс..., — деди Марк оҳиста бармоғини лабига босиб. Айни дамда у хотинига бор вужуди билан тикилиб турарди. У Алисани тамаддихона ўртасидаги стол томон бошлади.
— Нима гап, Марк? Тинчликми? — хавотирланиб сўради Алиса тағин.
— Кейин айтиб бераман, азизам. Кел, аввал таом буюртма қилиб олайлик. Хўш, нима еймиз? Денгиз майда қисқичбақасига тобинг қалай? Ё қовурилган тухум хоҳлайсанми?
— Истаганинг, азизим, менга фарқи йўқ.
Икки ёш бир-бирларига меҳр билан жилмайиб қўйишди. Кейин бирпас ёнларида терга пишиб, гоҳ жазавага тушиб, тинмай рақсга тушаётган бир тўда одамларни мароқ билан кузатиб ўтиришди.
— Ундай бўлса, биринчисига майда қисқичбақадан бўла қолсин, — деб хулоса қилди Марк. — Кейин тухум ва тузланган чўчқа гўшти ҳам еймиз. Яна жўжа кабоб билан итальянча салат олсак. Бугун бир маза қилиб ўтирайлик-а, Алис? Бугун ўз уйимиздагидай ўтирамиз! Шошманг, — деди у шунда официантга юзланиб. — Ёдимдан кўтарилаёзибди, яна иккита қора қаҳвадан ҳам олиб келсангиз. — Шундай деди-да, у яна Алисага қараб гапида давом этди: — Ҳайдовчимиз ҳам тушлик қилаётгандир ҳозир. Демак, тахминан икки соатлардан сўнг кетсак ҳам бўлади. Ташвишга ҳожат йўқ. Икки соат давомида бемалол дам оламиз. Алис, жоним, ичимликларга тобинг қалай? Ҳммм... Кел, яхшиси, шампан виносидан тотиб кўрсак. Бўладими?
Бир муддат шундай гаплар билан ўзини нимадандир чалғитган Марк ниҳоят енгил хўрсиниб, гўё ичидаги оғир бир тошни сал бўлса-да қўзғатгандек бироз енгил тортди. Сўнгра у офтоб шуъласига лиммо-лим тўлган рангдор денгиз сатҳига, қушлар чарх уриб айланаётган мусаффо осмон қўйнига, ва ниҳоят қаршисида бутун умрининг бор мазмуни ва бахтига айланган, чиройли шляпаси устидан шолрўмолини нафис танғиб олган энг гўзал хилқат — ўзининг умр йўлдошига ички бир дард тўла нигоҳларини қадади.
— Сен жуда дилбарсан, ҳаётим! — деди у рафиқасининг нурли чеҳрасидан кўзини ололмай. — Мана бу денгиз суви сенинг жозибали кўзларингга ажиб зангорлик бағишлаб, ҳуснингни янаям оширган. Ўзинг ҳам бир кўргин-а, Алис! Бунинг устига саёҳатма-саёҳат юравериб, анча вазн ташлагансан ҳам. Қоматинг самбитдай бўлган, жонгинам. Фақатгина... сен ўзинг ҳам шу малоҳатни ўз қалбинг билан худди меникидай ҳис қила олишинг керак, фақат ҳис қилишинг керак, Алис, эшитяпсанми?!
Аёл эрининг олдида энтикиб турарди. У эрининг сўзларини мароқ билан тинглар экан, унга томон стол оша тобора яқинлашиб борарди.
Марк ортиқ ўзини-ўзи алдашни истамади. У тўсатдан жиддий тортиб, аёлга синчков кўзларини тикди.
— Алис, биласанми, ҳозир бу ерда сенга нотаниш, аммо менга жудаям таниш бўлган бир одам билан битта ерда, битта тамаддихонада ўтирибсан.
— Менга нотаниш бўлган одам?!
— Ҳа... ўша одам — менинг собиқ хотиним.
Шу пайт аёлнинг кўзлари ҳайратдан катта-катта очилиб кетди, у айни дамда ичида кечаётган кучли ғалаённи қандай ифодалашни билолмай, сўзсиз қотиб қолди.
— Хўш, нима қипти?.. — деб оғиз очди у ниҳоят. — Унинг бу ерда эканлигининг бизга нима аҳамияти бор? Ахир... у сен учун муҳим эмас-ку, Марк...
Алиса шундай деб ўзини бироз чалғитгани билан барибир барча аёлларга хос бўлган қизиқувчанлик ичида эрини қочиб, қутулиб бўлмайдиган бир дунё саволларга кўмиб ташлади:
— Унинг ўзи сени кўрдими? Ё сенинг унга қараганингни пайқаб қолмадими? У қани ҳозир, қаерда турибди? Марк, ўшани менга шундоқ кўрсатиб юбора олмайсанми?
— Ҳозир эмас, илтимос. У бизларни кузатаётган бўлиши ҳам мумкин... Мана бу ердан зимдан назар ташла: Ҳув, ана — жигарранг сочли, бошида шляпаси йўқ, ялангбош аёл. Кўрдингми? У шу меҳмонхонада турган бўлса керак. Битта ўзи, ёлғиз...
— Ҳммм, тушунарли.
Алиса бир қанча турли-туман шляпали бошлар орасидан «ўша»ни ниҳоят, кўриб олишга эришди. У аёл эрининг ўн беш ой муқаддам турмуш ўртоғи бўлганди.
— Бемаънилик, — деди Марк ғаши келиб. — Менга бу ҳол умуман ёқмаяпти... Турган-битгани бемаънилик ахир! Тўғри, бизлар тарбияли кишилардай дўстона, жимгина, жанжалсиз ажралишган эдик. Кейин менинг ҳаётимга фаришта мисол сен кириб келдинг. Мен сени севиб қолдим ва сен ҳам мен билан бир умрга бахтиёр бўлишни истадинг. Бизнинг бахтимиз, Алис, атрофдаги ҳар қандай ғаламислар галаси-ю, ҳасадгўйлар ҳийласидан омон қолади! Менга ишон, азизам!
Ўша бошяланг, тўзғин жигарранг сочлари елкасини қоплаган аёл ҳеч ким билан иши йўқ, парвойи фалак, кўзларини ярим юмганча сигара тортиб ўтирарди. Алиса ундан кўзларини олди-да, эри тарафга ўгирилди.
Дастурхондаги қисқичбақа билан сарёғга титроқ қўлларини узатди-да, шошилмай ея бошлади. Орага бир неча сониялик сукунат чўмди. Охири Алиса тараддудланиб сўради:
— Нега сен менга унинг кўзлари кўк эканлигини айтмадинг?
— Буни қара, буни айтиш ҳечам калламга келмаган экан!
Марк хотинининг нон савати томон узатилган қўлларини олиб, оҳиста ўпди, Алиса хотиржам қиёфага кирди, хиёл қизаринди ҳам.
Аста-секин тамаддихонани шом нафаси чулғай бошлади, атроф тобора қуюқ қоронғулик бағрига сингиб, деворларда узун-қисқа кўланкалар соя ташлади. Алисанинг ҳам кўнглини қандайдир хиралик босиб борар, нимадандир қаттиқ ташвишланар, ўтирган жойида ҳеч тинч ўтиролмасди. Унинг кўзлари ҳадеб тумонат ўйнаётган одамлар орасидан жигарранг сочли, сигара тутатиб ўтирган ширакайф аёлни қидирарди.
Бироқ Алиса айни чоғда эрига миннатдорчилик билан ҳам термулиб қоларди. Марк турмуш қурганларидан буён унга қилдек ҳам ёмонлик қилмаган, бор-буди билан Алисани хурсанд қилишга уринарди.
Улар анча пайт бир-бирларига чурқ этмай, тамадди қилишди, тўйиб шампан ичишди, мириқиб ўтиргандай бўлишди, аммо ҳар иккисининг ҳам хаёли ўша “жигарранг соч”да эди. Ора-сирада Алиса қаттиқ кулиб юборар, (албатта, у буни жўрттага қилиб қўярди), Марк бўлса унинг ҳар бир хатти-ҳаракатидан ҳушёр ўтирар, Алисанинг бош буришлари-ю, қаерга кўз ташлашларигача назаридан қочирмасди. Улар буюртма қилган қаҳваларини узоқ вақт кутиб қолишди, яна жим қотишиб сал наридаги дераза ортида ястаниб ётган, уфқ шуъласи тафтида жимирлаб ётган поёнсиз денгиз сатҳига сўзсиз тикилиб қолишди. Чинданам, денгиз кўзни қамаштиргудай даражада ял-ял товланиб турарди.
— Марк, — деди шу пайт Алиса эрига бироз саросима аралаш қараб. — У ҳали ҳам шу ерда.
— Бу сени безовта қиляптими? — жавоб берди Марк хотинининг ваҳимасига писанд қилмасликка тиришиб. — Қаҳвамизни бошқа бирон холироқ ерга бориб ичайликми ё? Нима дейсан?
— Йўқ, йўқ! Асло! У менга нимага халал берсин? Менимча, боёқиш бу ерда ёмон дам олмаётган кўринади, рафторини кўряпсан-ку ўзинг! Нима, энди ўшанинг бемалол кайфу сафо қилиши учун шундай ширин ўтиришимизни бузишимиз керакми? Ҳечам-да!
— Ҳа, менимча ҳам у бевафо авжи базму жамшид қўйнидалар чоғи, — деб қўйди Марк кесатиб. — Мана бундай қилиб ўтирганидан кейин...
— Қандай, қандай? — Алиса севинч ва шошқалоқлик билан эридан унинг қилиғини кўрсатиб беришини қистади.
Марк сигарасини олиб тутатди-да, худди айни дамда собиқ хотини чекаётгани сингари бурун катакларидан паға-паға тутун чиқариб, узун хомуза тортди. Алиса эрининг томошасидан завқланиб, чапак чалиб қаҳ-қаҳа отди.
— Вой, ростданам худди шундай, ҳа-ҳа-ҳа!
Шу пайт Марк тўсатдан жиддий тортди. У энди ҳеч нарсани яширмай, бор жиноятини фош қилиш фурсати етганини англаган айбдор каби сўзлай кетди:
— Йўқ... Йўқ, — деди у ўйчан бош чайқаб. — Тўғрисини айтганда, у мен билан сираям бахтли бўлолмади. Эҳтимол, мен ўзим у кутган бахтини бера олмагандирман? Эҳтимол, у мен туфайли бахтсиздир ҳам...
— О, сен унинг юриш-туришига бир қара! ўирт такасалтанг-ку! Нега сен ўзингни гуноҳкор ҳисоблашинг керак экан, азизим?
Марк юзи ҳаяжондан қизариб, нозик бармоқлари асабий титраётган хотинининг бутун вужудига меҳр-муҳаббат тўла кўзларини қадади.
— Менинг бутун фикру хаёлимни ўғирлаган жиноятчи бу сенсан, жоним... Мен жинни бўлиб қоламан, биласанми... Сен... Сен нақ фариштанинг ўзгинасисан... Сенинг севгинг... Сенинг ишқ тўла нигоҳларингни ҳар он кўрганимда бениҳоя ғурурланиб кетаман. Сенинг нигоҳларинг бўлакча, Алис... У эса... Уни мен қандай қилиб сендек масъуд қилишни билолмадим, бор-йўғи шу, холос. Уни хушбахт қилишни мен билолмадим...
— Унинг ўзи шунга муносиб экан!
Алиса яна асабийлашиб, енгил қалтирай бошлади, яна ўша жигарранг сочли танноз хонимга тез-тез аламнок қарай бошлади. У аёл бўлса ҳамон ҳеч ким билан иши йўқ, парвойи фалак, баланд курсиси орқасига бошини ташлаганча, ҳалиям сигара тортиб ўтирарди. Унинг нигоҳларида чексиз ҳорғинлик, лоқайдлик ва алам излари акс этарди.
— Сен ҳақсан, — деб иқрор бўлди Марк Алисага юзланиб. У бегуноҳдай бош чайқаб, елкаларини қисиб қўйди.
— Нимаям дердим? Бахтиқаро одамларга фақат ачиниш керак, холос, — деди у.
Кейин эса айрича бир ғурур билан хотинига баланд овозда хитоб қилди:
— Биз эса бахтиқаро эмасмиз! Биз жуда-жуда хушбахтмиз! Шундай эмасми, ҳаётим?
Алиса индамади. У ғайришуурий ҳолда эрининг юзига синчков тикилиб қолганди. У Маркнинг чеҳрасидан ўзи учун хуфя бир белгини, носамимий бирон аломатни қидирар, эрининг қалин, қора сочларию оппоқ, узун-узун бармоқларига зийраклик билан боқар экан, ич-ичини аёвсиз қийноқ тимдалаб ўтирарди. У илк маротаба шунча вақт ардоқлаган, ишонган эридан шубҳа қилди. Қандайдир хавф бордай, тўсатдан ҳушёр тортиб, ўзидан сўради:
— Эҳтимол биринчи хотини ҳалиям эрининг кўйида юргандир?..
Ниҳоят, улар бу кутилмаган кўнгилсизликларга макон бўлган тамаддихонани тарк этишди. Марк ҳисобни тўлаган заҳоти ҳайдовчисини чақирди. У гўё ҳеч нима юз бермагандай йўл бўйи ҳайдовчиси билан нималардир хусусида чақчақлашиб кетди. Алисанинг хаёлидан эса ўша сигара тортиб ўтирган Маркнинг ширакайф собиқ хотини кетмас, у ҳар нафас «Балки у эримни қидириб, ортимиздан қувиб келаётгандир», деган ваҳимада ортига тинмай ўгирилиб қарар, юраги ташвишли гурсиллаб уриб кетарди.
Инглиз тилидан Қандилат ЮСУПОВА таржимаси