//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [483]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

Бахтли бўлинг, онажон!

Бахтли бўлинг, онажон!

6Рухшона дадасини ойи­сидан кўра кўпроқ ях­ши кўради. Негаям яхши кўр­масин? Дадаси кун бўйи уй­да, унинг ёнида бўлади. Қанча те­левизор кўрса ҳам уришмайди, жавондан истаганича ширинлик олиб беради. Уйга меҳмон келганида эса Рухшонага кўчага чиқиб ўйнаш нақд! Бу ҳол эса кўп бўлади. Кў­чага ўй­натгани олиб чиқса ҳам бошқа болаларнинг ойи-дадаларига ўхшаб «Ҳой, у ёққа ўтма, ҳой, ки­йи­минг­ни кир қилма!» деб тергайвермайди. Бир четда ўртоқлари би­­лан шахматми, доминоми ўйнаб ёки дўконча олдида пиво симириб ўтираверади. Ойиси эса… деярли уйда бўлмайди, бўл­ганида ҳам Рух­шонани, ҳатто дадасини уришаверади: «Уйни ивирситиб юборибсизлар! Намунча улфатларингиз кўп келмаса?! Ҳой, Рухшона, яна ши­­ринликларни еб қўйдингми, бунақада тишларинг чириб тушади-ку!»

- Рухшонани боғчага бериш керак, кўча қизи бўлмасдан, боғчада ясаш-чизишни ўргансин. Ҳарна, у ёқда бўлса кўнглим тинч, тоза ва батартиб ҳаёт, — дейди ойиси.

- Қўй, мен уйдаман-ку, боғчага пул кетказиб нима қиласан? Боғча тарбиясини мен ҳам беравераман, — дейди дадаси.

Ойисининг авзойи бузилади:

- Қанақа тарбия? Бу кетишда бо­­­лани ўзингизга ўхшаган танбал, қилиб қўясиз-ку! Худонинг берган куни уйимизда улфатларингиз, кўчада ҳам улфатларингиз! Бу­нақада болани хароб қиласиз!

- Нима қи­лай, соғлигим яхши бўл­­ганида сенинг қўлингга қараб ўтирармидим?! Шукур де, боқиманда бўлса ҳам бошингда эринг бор! — тутақди дадаси ҳам.

- Соғликдан гапирманг. Бунга ўзингиз айбдорсиз, ичавериб жигарингизни ишдан чиқардингиз. Кўзингизни каттароқ очиб қаранг: сиздан минг марта ночор, қўл-оёғи йўқ одамлар ҳам имкони етганча ғимирлаб юрибди…

- Э-э… — дадаси афтини бужмайтириб, қўл силтайди. Аммо эн­ди ойисини тинчитиш маҳол:

- Сиз… сизда виждон борми? Неча марта неча одамга сарғайиб ишга жойлаштирдим, ой ўтказмай қочиб кетдингиз. Текин ҳаётга ўр­ганиб қолгансиз.

Бу гаплар дадасининг қулоғига кирмайди ҳисоб. У бояроқ ичилган ичкилик таъсирида мудраб қолган. Буни кўриб ойисининг кўзлари жиққа ёшга тўлади:

- Эй, Худо! Шунақа бандаларинг ҳам бор-а! Қаёқдан ҳам шу билан тақдирим қўшилди-я! Ўзинг инсоф бермасанг ҳаммаси бекор экан…

Рухшона бу каби жанжалларга кўникиб қолган. Йиғлагани учун ойи­­сига ачинса-да, барибир, дадаси тарафда бўлади. Рост-да, бундай меҳрибон, кўнгли бўш дада яна кимда бор?

Бу сафарги жанжал сўнггиси ва энг қаттиғи бўлди. Эрталаб ётоқхо­надаги пардоз столининг тортмасига калит солган ойиси бирдан бе­саранжомланиб қолди. Шкафлардан тортиб тахмонгача титкилади, меҳмонхонадан ваннахонагача изғиб чиқди. Ҳа­нуз ухлаётган дадасини уйғотишга уриниб, эплолмагач, бироз ўй­ланиб ту­риб, Рухшонани олдига чақирди:

- Рухшона, қизим, рос­тини айтсанг, бир қути шоколад олиб келаман! Фақат рос­тини айт… даданг манави тортмани очганмиди?

Ҳа, куни кеча дадаси ойиси айтаётган тортмани бир шода калитларни бирма-бир сол­ганча ахийри очиб турганида Рухшона кириб қолганди. Уни кўрган да­даси бир чўчиди. Кейин эса илжайиб қизчани кў­тариб олди-ю, ошхонадаги шкаф­дан ширинлик олиб бераркан, кўз қис­ди: «Ойинг­га айтма! Айтмасанг… қачон десанг шулардан олиб беравераман. Айтиб қўйсанг-чи, «пўм» бўлиб қоламиз сен билан!»

Бола бола-да. Дадасининг «пора»сию пўписаси ойиси ваъда қи­либ турган шоколад таъсирида эси­дан чиқиб, айтиб қўя қолди:

- Ҳа. Анов куни дадам очгандилар. Қўлларида-чи, кў-ўп калит бориди…

Қалт-қалт титраётган ойиси шахт билан ётоқхонага кириб, дадасини зарб билан турткилади:

- Туринг! Уятсиз, пулларни нима қилдингиз?!

- Қ-қанақа пул? — дея ғўлдираган дадаси ойисининг важоҳатини кўриб, уйқуси қочиб кетди. — Қанақа пул?

- Тортмадаги пул-чи?!

- А, тортмада яшириб қўйганинг бормиди? Вой, шум-ей…

- Турланманг! Қани ўша пуллар?

Дадаси зимдан Рухшонага ўқ­райди. Сўнг яна гапни бурди:

- Бу қандай туҳмат?! Пул борлигини энди билдим-ку?..

- Майли. Унда милиса чақираман, ўғрини топиб беради!

- Эсинг жойидами? Арзимаган пулга милисани овора қиласанми?

- Арзимаган пул эмас. Сизнинг ҳа­калак, оғримаган нафсингиз учун арзимагандир, мен учун эса… Мен… мен бу пулларни саккиз йилдан бери йиғаман шу бир хонали каталакни тузукроқ уйга алмаштирайлик, деб!.. Шу… шу Наврўзда озроғини ўсал бўлиб, даволанишга пул тополмаётган қўшнимизга ҳадя қилмоқчи эдим, савоби тегиб, сиз инсофга келиб, тузук бўлиб кетарсизми дегандим…  — ойи­сининг овози титраб, кўзларидан ёш оқди.

- Шундай демайсанми? Мен… ҳа, мен олиб, қарзимга бергандим. Қиморбозларни биласан-ку, вақтида тўламасанг…

- Ҳали қимор ҳам ўйнайдиган бўлдингизми?

- Нима қилибди, йигитчилик. Ҳа­лиям сени тиквормадим…

- Нима… Ҳали… — ойиси энтикиб қолди. Нафасини ростлаб олгач, қатъий деди: — Бўлди, ажраша­миз! Эсиз сиз билан ўтган умрим!

Ойиси Рухшонани етаклаганча уйни тарк этди. Улар ойисининг ота уйига бориб, ўша ерда яшай бошлашди.  Бир куни «Дадамни соғиндим, кетайлик», деб йиғлаган Рухшонага ойиси шундай жавоб берди: «Энди даданг йўқ. Уни сўрама, у кетган. У энди бизнинг турмушимизга қайтмайди!» Жавоб аччиқ эди, лекин аёл қизига ҳозирдан ҳа­қи­қатни айтишни лозим топди. Ба­ри­бир, қачондир айтади-ку! Қо­ла­верса, у одам фарзандининг со­ғи­нишига, кўз ёшларига арзимайди! Лекин қизча барибир дадасини пинҳон соғинишни қўймади.

Рухшона боғчага бора бошлади. Ойиси эса янги ишга кирди. Бир дам олиш куни тушки овқат пайтида бувиси гапириб қолди:

- Анави гапни нима қилдик, қи­зим?

- Она-а, қўйинг шу гапни! — зорланди ойиси.

- Қўйсам… кейин, кексайганда, қизингни узатганингда ёлғиз қолиб афсусланасан. Ҳозир ёшсан, боланг эсини танимасидан бахтингни топ, қизим.

Шу пайт дарвоза тақиллаб, ик­ки-учта нотаниш хотинлар кўринди. Бувиси ойисига маъноли қа­ради-да, ўрнидан туриб меҳмонларга пешвоз чиқди:

- Келинглар, айланайлар, қани, бу ёққа!

Қизиқиб қараб турган Рухшонанинг ёнидан ўтишаётганида хотинлардан бири уни шеригига кўрсатди: «Қизчаси шу». «Вой, ширингина экан-а! Шунақа неварам бўлса!»

Рухшона ойисини излаб, ошхонадан топди. Негадир йиғлаб ўтирган экан. Дадасидан айрилиб ойисига суяниб қолган қизча унинг бўй­нидан маҳкам ачомлади: «Нима бўлди сизга? Бувим хафа қилдиларми?..» Ойиси бош чайқади, холос. Сўнг ўзича пичирлади: «Шу қо­ракўзимни ўгайлик азобига ташлайманми? Бир марта оғзим куйган, энди бу ошни қандай ичаман ахир?»

Йўқ, ойиси кўнди. Кўндиришди. Куёв бўлмиш бефарзандлик сабаб ажрашган экан. «Фарзанди борлиги учун ҳам унга уйланаяпман», дебди. Шу гап ойисининг кўнглини равшанлаштирди. Энди Рухшонани «ян­ги дада»дан хабардор қилиш керак эди… «Сен энди ойинг билан да­дангникида яшайсан», деганларида Рухшона ҳайрон боқди:

- Дадам кетганди-ку! Келибдими?

- Йўқ, у бошқа дада. Жуда яхши!

- Бошқа да­да… Ўгайми?!

Муштдай қизчанинг «ўгай» де­йиши эшитгувчиларни довдиратиб қўйди.

- Йўғ-е, ким айтди сенга ўгай дадалар ҳақида?

- Боғча опам шу ҳақда эртак айтиб бергандилар. Яна-чи, Маҳзунанинг дадаси, Зулфиқорнинг ойи­си ўгай. Ўгайлар жуда ёмон бўлар экан! Менга ўгай дада керак эмас!

Рухшонани аврашлар, юпатишлар беҳуда кетди. Қизча йиғлаб, «ойим эрга тегмасин» деб туриб олди. Кечаси эса ойисини йўқотишдан қўрққандай маҳкам ёпишиб ётиб ухлаб қолди. Шунда ҳам нотинч, алаҳлаб ухлади. Эрталаб қа­рашса, иситмадан ловуллаб кетаяпти. Ойиси буни кўриб эсанкираб қолди:

- Йўқ, мен турмуш қурмайман! Қизим буни кўтаролмайди. Онажон, уларга бориб тушунтиринг, умидвор бўлишмасин…

Нимадир дейишга оғиз жуфтлаган она қизининг нигоҳидаги қатъиятни кўриб, индамай чиқиб кетди. Шу кетганича куёвликка даъвогарни бошлаб келди. «Куёв» — Бо­тир ака қизчанинг аҳволини кў­риб, ортиқча гап қилмай, уни кў­таргани­ча машинасига солиб, туман мар­казидаги шифохонага жў­нади. Жў­жасига талпинган она товуқдай ойи­си ҳам уларга эргашди. Докторларнинг ҳаракатлари натижасида кечга томон Рухшона алаҳлашдан тўхтаб, кўзларини очди. Ам­мо иситмаси ҳамон юқори эди.  Ёнида ўтирган ойиси билан нотаниш амакини кўриб, табассум қилди:

- Ойижон…

- Ҳа, жоним. Сенга нима бўлди?

- Очқадим, — инжиқланди қизча. — Сомса ейман, яна «Фанта»…

- Мен ҳозир, — деб чиқиб кетган Ботир ака бироздан кейин бир пакет егуликлар олиб келди. — Ол, Рух­шона, кўпроқ е, тезроқ тузаласан. Сиз ҳам овқатланиб олинг, қачондан бери туз тотмадингиз.

- Раҳмат, — ойиси қимтиниб таомларга қўл чўзди. Рухшона эса бу меҳрибон амакига миннатдор боқди.

Қизча шифохонада бир ҳафта ётди. Шу кунларда у Ботир амакисига жуда ўрганиб қолди. Ботир ака ҳар келганида унга ўйинчоқлар, тансиқ егуликлар олиб келар, қизиқ гаплар айтиб берар, «Яхши қаранглар», деб докторларни ҳол-жонига қўймасди.

- Даданг жуда меҳрибон экан-ку! — деди ҳамширалардан бири  Рух­шонага жилмайиб. — Менга бериб қўя қол шу дадангни!

- Йўқ! — деб юборди Рухшона. — Бермайман!

Ойиси унга ҳайрат билан қаради, кўзларида қувонч ифодаси бор эди. Ташқарида қишнинг сўнгги қор­лари офтоб тафтига чидолмай сувга айланаётган палла эди…

Орадан кўп ўтмай, баҳорнинг илиқ кунларидан бирида кичиккина тўйдан сўнг Рухшона ойиси билан Ботир дадасининг уйига «кў­чиб» келишди. Бир ҳафталардан ке­йин Наврўз арафасида ойиси ян­ги ҳовлисида сумалак базми таш­киллаштирди. Янги қўш­ни би­лан сумалак баҳона танишгани би­ри кўк сомса, бири чучвара, бири ман­ти кўтариб чиққан қўшнилар Рухшоналарнинг аҳил оиласига ҳа­вас билан боқишди.

- Кўз тегмасин, ширингина қиз­часи ҳам бор энди Ботиржоннинг, — деди бир кекса аёл ёнидагиларга шивирлаб.

- Ҳа, кўз тегмасин, бу аёли билан бахтли бўлишсин, — дейишди қолганлар.

Гап-сўзларга зимдан қулоқ солиб турган Рухшона ўйлади: «Ойижоним эндигина бахтли бўлибди-да! Унда ҳамиша шундай бахтли бў­линг, ойижон! Мен сизни, янги дадамни жуда-жуда яхши кўраман!»

Ирода Умарова

Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (30.10.2015)
Просмотров: 969 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz