//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [483]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

Бахиллик
Бахиллик

20-июнь 2015 йил, 10:04. Ўқилди: 231 марта

 

(Бўлган воқеа)

Туманнинг қўшни давлат – Туркманистон Республикаси билан чегара ҳудудидаги хонадонлар кўчириладиган бўлди. Ота-боболари яшаб ўтган макондан кўчиш қанчалик оғирлигини бошига тушганлар билади. Бухорбой ўзига янги иморат қуриш учун ажратилган ер майдонини кўриб келгач, тараддудни бошлаб юборди.

- Қўшниларимиз қандай одамлар экан? –қизиқди онаси.

- Қўшниларми, яхши бўлса керак, лекин овул одамлари жуда кўнгли очиқ, ўзимизга ўхшаган экан, - деди хотиржамлик билан Бухорбой.

Овул оқсоқоли, маҳалла аҳлининг қўллаб-қувватлаши билан Бухорбой бир ойда иморат пахсасини тиклаб олди.

- Бу йил бинонинг томини ёпиб қўявер, - деди овул оқсоқоли. Яхшилаб қурисин, пахса девор зичлашсин, шунда сувоғи кўч-майдиган, мустаҳкам бўлади.

Онаси ҳам шу фикрни айтди.

- Томорқа ерингнинг баланд-пастлигини тўғрилаб, жўхори эк, ернинг шўрини олади, ер очилиб, етилишади, - маслаҳат берди оқсоқол.

Бухорбой икки томонидаги қўшнилари билан бамаслаҳат ўз ери чегарасига келаси баҳорда девор уриш учун тош териб чиқди. Янги ҳовлисининг кўча томонига ариқ қазиб, кўчат ўтқазиш учун чуқурчалар тайёрлаб қўйди. Катталар маслаҳати билан томорқа ерига қалин қилиб оқ жўхори уруғини сепди.

- Бемалол кетавер, - деди чап томонидаги қўшниси Нуржон. – Ҳеч қайғурма, жўра, экинингга ҳам, ҳовли-жойингга ҳам кўз-қулоқ бўлиб тураман.

Ҳақиқатан ҳам Нуржон оқкўнгил, тўғрисўз йигит эди. Айтганидай, Бухорбойнинг экин-тикинидан, ҳовли-жойидан бохабар бўлиб турди. Аммо...

Бир куни тонгда Бухорбой қўл телефонининг тинимсиз жиринглашидан уйғониб кетди.

-Келмасанг бўлмайди, қўшни!

Нуржоннинг асабий овозидан ҳайрон бўлган Бухорбой:

- Тинчликми, жўра, - деб сўради.

- Кел-чи, кейин биласан.

Янги ҳовли билан Бухорбойнинг уйи ораси пиёдага бир-бир ярим соатлик йўл. Нуржон асабийлашаётганига қараганда, жиддийроқ гап бор. "Нима бўлиши мумкин-а?”- то велосипедда етиб келгунча Бухорбой жиққа терга ботди. Янги ҳовли яқинига етганда Нуржон унинг олдига чиқди. "Нима гап?” дегандай, ўзига ҳайрон қараб турган Бухорбойга томорқасини кўрсатиб:

- Қарагин, Жумат акага мен тушунтира олмадим. Ҳар куни шу аҳвол, жўра. Шунинг учун ўзинг ҳам бир кўргин, деб тонгда чақирдим.

Томорқа еридаги тизза бўйи ўсиб қолган жўхорипоя устига иккита молни бўш қўйиб, ўзи эшиги олдида, супада ёнбошлаб ётган Жумат акага кўзи тушган Бухорбойнинг жаҳли чиқди. Ахир ям-яшил бўлиб ўсиб ётган жўхорини экиш учун озмунча харажат қилдими? Шундай бўлса-да индамай, молларни томорқадан ҳайдаб чиқарди.

- Эй-эй-й-й! – ўрнидан турди Жумат ака. – Мол-да, мол, кўрмай қолибман.

Бухорбой "қараб ётибсиз-ку!” демади. Молларни ҳайдаб чиқарди-ю, томорқасини ачиниш билан бир айланиб чиқди. Жўхорипоя бошдан-оёқ қорамол туёғи остида эзилиб, пайҳон бўлганди.

Кеч кузда ҳовлисининг кўча тарафига, иккала қўшниларининг ҳовлиларига туташ қисмига ҳар хил кўчатлар экди. Томорқасини айлантириб мевали дарахт ниҳолларини ўтқазди. Орадан ўн кунларча вақт ўтиб, ҳовлисидан хабар олгани келса, эккан мевали дарахт кўчатларининг биттаси ҳам йўқ. Ҳовли атрофи ва кўча юзидаги ниҳоллар ҳам анча сийраклаб қолган. Ҳайрон бўлди.

- Ҳа, ўғирлаб кетишибдими, дейман, - гап қотди Жумат ака.

- Гумон қилиш имонсизлик, ака, - деди Бухорбой. – Лекин анча пулга сотиб олгандим-а.

- Хафа бўлма, баҳорда бошқатдан экасан, ў-хў, кўчиб келгунингча мевага киради, энди эксанг ҳам.

Бухорбой баҳорда янги ҳовли-жойи атрофига яна кўчатлар ўтқазди. Уста ёллаб, иморатини созлашни бошлади. Бир ярим - икки ой деганда иморатнинг ички-ташқи пардозлаш ишлари битди. Оиласи билан кўчиб келишдан олдин ҳовли саҳнлари, атрофларини тозалаш учун катта ўғли билан бир-икки кун ишлашига тўғри келди. Жумат аканинг ҳовлиси билан ўз ҳовлиси оралиғига хом ғиштдан девор ура бошлади. Девор битган куни бирров уйига бориб келиш учун ота-бола йўлга тушишди. Ярим йўлга етмай, қўл телефонини унутиб қолдирган Бухорбой ўғлига:

- Шу матоҳсиз иш битмайди, сен кетиб туравер-чи, мен орқангдан етиб оламан,-деб изига қайтди.

Бухорбой янги ҳовлисининг дарвозасини очаётиб ниманингдир гурсиллаган овозини эшитиб, ҳайрон бўлди. Овоз Жумат акаларнинг уйи томондан эшитилгандай бўлди. Долондан ўтиб, ҳовли ичкарисига кираётганида гурсиллаган овоз яна эшитилди. Атрофни шом қоронғилиги чулғай бошлагани учун ҳовлининг чироғини ёқиб, қўл телефонини қолдирган айвон токчаси томон йўналган Бухорбой Жумат аканинг ҳовлиси билан ўз ҳовлиси оралиғига уч кун ўғли билан тинмай ишлаб, тиклаган иҳота девор ғиштлари тўпир-тўпир ерга тушаётганини кўриб, донг қотди. Қандайдир шарпа, афтидан Жумат ака чаққонлик билан ўзини қоронғиликка урганини Бухорбой аниқ кўрди. Томорқасига "бўшалиб” тушган мол, ўғирланган кўчатлар, имо-ратни созлаш жараёнида гоҳ-гоҳ йўқолиб турадиган зарур буюмлар – барча-барчаси Жумат аканинг иши эканлигини сезса-да, ишонқирамай юрган Бухорбой янги қўшнининг бахиллигини бугун ўз кўзи билан кўриб, ҳамон тахтадай қотиб турарди. "Нима қилсин? Урушсинми, ёқа йиртишсинми?”

Кўчиб келмасидан жанжал чиқаришни истамаган Бухорбой тишини-тишига қўйиб, бирон нарса дейишдан ўзини тийди. Ҳеч нарса сезмагандай, қўл телефонини олиб, ортига қайтди. Уйига келиб, бор гапни онасига айтди:

- Майли, болам, тор, бахил одамга сен торлик қилма, - деди онаси босиқлик билан. – Жазосини Худойимнинг ўзи бераверади. Кўчиб борайлик-чи аввал.

Бухорбой янги иморати остонасида жонлиқ сўйиб, янги овулдошларига худойи-садақа берди. Кексаларнинг фотиҳасини олди. Ҳамма унга соғлик, моли-жонига омонлик тилади. Фақат "қутлуғ бўлсин”га келганлар икки қўшни ўртасига қурилган иҳота деворнинг бир-икки метр қисми бузилганига ҳайрон бўлишди.

- Нимага қурдинг-у, яна буздинг? –дейишди янги қўшнилар.

- Жумат аканинг кўзи теккан, - истеҳзо билан кулди Нуржон.

- Балки қўли теккандир! – кесатди яна бир қўшниси.

- Йўқ, Жумат аканинг нафаси ҳам жуда кескир! – киноя қилди яна кимдир.

Шу ерда бўлган Жумат ака бошини кўтаролмай қолди. Лом-мим демади. Айниқса, Бухорбойнинг ҳеч нима демаётгани унинг бўғзига пичоқ қадагандан баттар бўлди.

- Кел, шу ўткинчи дунёда бахиллик қилмай, шу пахсанинг ўрнига икки тупгина мевали оғоч экай, дедим-да, - Бухорбой зимдан Жумат акага боқди. Жумат ака бузилган пахса девордан ҳатлаб, "лип” этиб ҳовлисига ўтиб кетди.

- Энди-и, ўғлим, пахса урилса, бир-бировга малолсиз бўлади-да, мол-ҳол, парранда, дегандай,- деди маслаҳатомуз овул имоми.

Ҳар ким билганини айтиб кетишди. Бухорбой ҳам ўз билганини қилди. Бузилган деворни қайта тикламади. Ўзи айтганидай, деворнинг ўша жойини яхшилаб текислаб, кузда қондириб суғориб қўйди. Кеч кузга бориб, бозордан бир туп шотут, икки туп гилос кўчатлари олиб келиб ўтқазди. Уч-тўрт йилда кўчатлар ўсиб, соя бера бошлаганда тагига ёғоч супа ўрнатди. Ёзнинг иссиқ кунларида супа худди жаннатий ҳаво касб этади. Шотут, гилос мевалари пишган паллада товоқларни тўлдириб қўшниларга олиб чиқади.

Жумат ака янги қўшнисининг кенгфеъллигидан, одамохун ва самимийлигидан ўзига хулоса чиқармади. Қайтанга:

- Маҳаллада обрў топмоқчи! –ич-ичидан қоврилди у.

Бухорбой эса гарчи овулда янги бўлса-да аллақачон барчага эллашиб, худди минг йиллик қадрдонлардай бўлиб кетганди.

Орадан ўн йил ўтиб, Жумат ака қазо қилди. Азага келган аёллар ҳамон томорқасида маккажўхори аралаш қамиш ўсиб ётган Жумат акага ачингандай бош чайқашди.

- Яхшилигидан ёмонлиги кўп эди, -дейишди.

Маййитни қабристонга элтган ҳассакаш-тобуткашлар ёқаларига "туф”лашди:

- Ё алҳазар, шунақасиям бўларкан-да, уч-тўрт жойни ковласак ҳам Жумат акага қабржой қилолмадик, биридан илон, биридан сув, яна биридан одам суяклари чиқди. Эски бир мозорга қўйиб келдик Жумат акани. Маййитга икки газ тоза ер ҳам насиб этмади-я!

 

Робия ЙЎЛДОШЕВА.
(Фото - http://profpto.uz)
Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (22.10.2015)
Просмотров: 792 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz