//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [483]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

Баҳор ва Наврўз ҳақида қасида

Баҳор ва Наврўз ҳақида қасида

 
Соғиниш
Қалдирғочим, қоши ҳилол қариндошим,
«Вижир-вижир» дуо ўқиб, бўл йўлдошим.
Қорақошим, қурган ининг сабрдошим
Келақол-ей, элчигинам, соғинганман.

Қорлар эриб, дарё сувга тўлиқ бўлсин,
Дон-дун экиб, хирмонлари бўлиқ бўлсин,
Қўй кўпайиб, даштда чўпон-чўлиқ бўлсин,
Кел, баҳорим, ўшал кунни соғинганман.

Шукронаким, Наврўзимни топдим зўрға,
Мерос дея йигитлари минса йўрға,
Кўпкарида от минсалар ким ўзарға,
Ўшал мерос от дупурин соғинганман.



Момоларим пиширсалар гар сумалак,
Ўйин-кулги, шодликларга тўлса фалак,
То тонггача ўтин ташиб жоним ҳалак
Бўлса-бўлсин, сумалакни соғинганман.

Сумалагим тарихи зўр, бу «си-малак»
Ковлар экан ғайбдан келган ўттиз малак,
Ниятларинг ижоб бўлар айтсанг тилак,
Момом айтган пок тилакни соғинганман!

Ором берар кўк майсалар поёндозим,
Байту ўлан, яллалардан янграр созим,
Наволарда янграр бўлса хуш овозим,
Ўшал ялла-яллоларни соғинганман.

Завқи тошиб бобом белга тақса тасма,
«Хап сизни», деб момом қошга қўяр ўсма,
Ҳой, ҳой кимса, қўй, эзгулик йўлин тўсма,
Аждодларим ўгитини соғинганман.

Офтоб эмиб, мушт кўтариб чигит унса,
Тол ёғочда юрган болам йигит бўлса,
Ийд Наврўз янги кунда бахти кулса,
Янги йилим, янги изинг соғинганман.

Қачонлардир уришганлар «апоқ-чапоқ»,
Ёвлашганлар бир-бирига уймас қобоқ,
Етим-есир, ночорлардан хабардор гоҳ –
Халқим, азал оқибатинг соғинганман!

Ўлан айтса, дўмбирасин чалиб бахши,
Шоирлари шеър тўқийди, қандай яхши
Дейдиларки, достон-қўшиқ, дилнинг нақши,
Чал, муғанний, соғинч куйин соғинганман!

Соғинганман, тоғдан тушар жилғасини,
Кўргим келар турфа чечак жилвасини,
Момоқаймоқ, ялпизжону, хулвосини,
Хуш бўйини жоним қадар соғинганман!

Қани эди ҳар кун бўлса Наврўз сайли,
Севишганлар бўлса бунда Мажнун Лайли.
Бахтин топсин бир-бирида бўлса майли,
Навоийдан қолган ишқни соғинганман!

Ҳаёт сувин бахш айласа булоқлари,
Тоғлар ошса қўй-қўзи-ю, улоқлари,
Йўлин топса йўлдан озган «суллоҳ»лари,
Эл ичинда огоҳларни соғинганман!

Яхшиликни мақтаб кўклам айтса эртак,
Қиқирлашиб, кўзин очар мудроқ куртак.
Лайлакжоним келди, дея ашъор битсак,
Кўкламойим, келгин, сени соғинганман!


Булбул айтса атиргулга дил розини,
Ишқибозлар уруштирар хўрозини,
Соғинганман карнай-сурнай овозини,
Гул атрида хуш ҳавонгни соғинганман!

Баҳоройнинг эрка қизи бойчечакдир,
Наврўзимнинг ярашиғи ҳалинчакдир,
Кимга армон, қирқ кокилли келинчакдир,
Узун сочли қирмиз қизни соғинганман!

Ёмғирларни соғинганман, ёғса чак-чак,
Бека ёпар кўк ялпиздан иссиқ пичак,
Тоғ қўйнида ёнса лола ёхуд чечак,
Қизғалдоғим-эгачимни соғинганман!

Соғинганман гулга тўлган чаманларни,
Алплар минган бойчибору, саманларни,
Кўзга суртиб ёсмин исли суманларни,
Келгин, баҳор, оқ юзингни соғинганман.

Элим кутар, баҳоройу, Наврўзини,
Ният қилар берсин деб халқ ризқ-рўзини,
Дилга етказ аждодларнинг хақ сўзини,
Очил гулим, гулжамолинг соғинганман.

Қалдирғочлар ин қўйса уй пештоқига,
Деҳқон бобо ишин етмай адоғига,
Жоним садқа бобом қўлин қадоғига,
Деҳқонимга яхши кунни соғинганман.

Товланса гар кўкда турли камалагим,
Тол баргаклар тақса сочи жамалагим.
Қозонларда қайнаб турса сумалагим,
Фаришталар намагини соғинганман.

Қувват берар ҳар кишига хушхўр равоч,
Кучга тўлиб, ҳар бир иши топар ривож.
Санайверсам хислатингга етмас қулоч,
Кел, баҳорим, хислатларинг соғинганман!

Соғинганман, ҳилол ойнинг балқишини,
Бўтана сув гоҳо тиниб қалқишини,
Баҳоройим, чорлаб келгин бахт қушини –
Ўшал қушнинг бахт беришин соғинганман!

Ҳар бир куни Наврўз бўлсин ўзбегимнинг,
Хирмонлари донга тўлсин ўзбегимнинг,
Ризқи бутун, бахти кулсин ўзбегимнинг,
Ўзбегимнинг ўзбеклигин соғинганман!

Қизғалдоқнинг этагини ёпингум бор,
Кел, баҳорим, сени жуда соғинганман.
Изларингни кўзга суриб, топингум зор,
Кел, баҳорим, иффорингни, соғинганман.

Гулчеҳра ШАҲОБИДДИН қизи
Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (21.05.2014)
Просмотров: 1915 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz