Олий лигадан тушиб кетган жамоа аъзолари бу вазифани шараф билан уддалаганлари муносабати билан алоҳида «банкет» уюштиришди. Байрам байрамдек бўлиши учун табиийки, дастурхонга хилма-хил ичимликлар қўйилди. Тантанали оқшом бошланиши ҳамоно жамоа бош мураббийи барчанинг эътиборини ўзига тортиб, йиғилганлардан қадаҳ кўтаришларини сўради ва мулойимгина, лекин дадил ҳолда сўз бошлади:
- Олий лигадан тушиб кетганимиз билан барчангизни табриклашга ижозат берсангиз. Зеро, бундай бахтга атиги иккита омадли жамоа сазовор бўлди. Қарангки, улардан бири айнан бизнинг жамоамиз. Мавсум давомида кўрсатган жасоратимиз барча рақибларимизни чексиз хурсанд қилди ва ҳамон улардан тинимсиз тарзда миннатдорчиликлар қабул қиляпмиз. Ҳа, тўғри, ўзимизнинг камсонли мухлисларимизни озгина ранжитиб қўйганимиз рост. Ҳечқиси йўқ. Ахир қолган жамоаларнинг кўпсонли фанатлари айнан биз туфайли хафа эмас, хурсандлар. Тан олайлик, бундай мардлик ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Энди ҳар бирингизга бўлажак мавсумда ҳам янги жамоангиз билан ана шундай улуғ шарафга эришишдек буюк бахт тилайман.
Мураббий ўрнига ўтиргач, қадаҳлар бўшатилди ва барча-барча мамнун ҳолда базмни давом эттирди. Муайян вақтдан сўнг табрик сўзи айтиш навбати жамоанинг «ишонган тоғи» - дарвозабонга берилди. Албатта, у ҳам қувноқ кайфиятга мос тушадиган сўзларни топиб гапирди:
- Бугунги байрамнинг уюштирилишида менинг ҳам озми-кўп ҳиссам борлигидан бахтиёрман. Билмадим, агарда дарвозада бошқа биров турганида, бугунги байрам бўлмасмиди, балки? Ўз ўрнида мени мунтазам қўллаб-қувватлаб турган ҳимоячиларимизга алоҳида ташаккур изҳор этаман. Хуллас, навбатдаги қадаҳни ҳимоячиларимиз учун кўтаришингизни илтимос қиламан.
Қадаҳлар бир-бирига уриштирилаётган паллада мудофаа чизиғи вакили шартта ўрнидан туриб, амплуадошлари номидан гапирмоқчи эканлигини маълум қилди. Шунда ҳамма енгил қарсак чалган ҳолда унга қулоқ тутди:
- Ушбу мавсум барча амплуадошларим учун ўта муваффақиятли келди. Шахсан ўзим энг омадли даврни бошдан ўтказдим, десам муболаға бўлмайди. Қадрдон жамоадошларим, ўз дарвозамизга урган 5та гол учун қанчадан-қанча олқишлар олганимни бир тасаввур қилинг. Бунинг олдида бир-икки марта сўкиш эшитиш ҳеч нарса эмас. Мана, рақибларимиз мухлислари мени энг фойдали ўйинчи, деб топишди. Ҳатто мавсум якунида махсус соврин лауреатига айландим, турли «рамзий термалар» сафига киритилдим. Албатта, бунинг ортида ҳар бирингизнинг ўзига яраша улушингиз бор. Буни ҳеч қачон инкор этмайман. Келаси мавсум ҳам ҳаммамизга шундай омадли келсин. Асосийси, жароҳатга йўлиқмайлик ва қайси жамоага борсакда, ўзлигимизни сақлаб қолайлик!
Базм ўзининг авж палласига киргач, баъзи футболчилар бутунлай маст бўлиб улгуришди. Лекин ўйин-кулгу янада қизиди. Дарвозабонлар «Андижон полкаси», ҳимоячилар эса «Хоразм лазгиси»га рақс туша бошлашди. Шу куйи давра қизигандан қизиди. Дастурхонга миллий таом - палов тортилгач, ҳамма шоша-пиша ўз ўрнига қайтди. Билмадик, улар рақсга тушиб, оч қолишган, шекилли. Шунда бош мураббий барчани тинчлаштиришга уринди ва яна қадаҳ кўтаришни илтимос қилди. Бу таклиф футболчиларга мойдек ёқиб тушди, чоғи, улар тезда илтимосни қолдиришди. Табрик сўзи эса ҳимоя ва ҳужумни боғлаб турган амплуа вакили, яъни ярим ҳужумни, йўғе, узр, ярим ҳимоячига берилди:
- Барчаси зўр. Фақат, омадли мавсум ниҳоясига етгани чатоқ-да... Мавсум давомида мен узатган тўпларнинг 90 фоизидан кўпи аниқ чиқибди, бунга ҳатто Иньеста ҳам ҳавас қилиши мумкин. Ҳайратланарли натижа. Шундай эмасми? Шуниси борки, мен узатган тўпларнинг ҳаммаси рақибларимизга бориб тушган. Қолган 10 фоизи эса ноаниқ чиқибди - аутга ёки умуман осмонга... Ўйлайманки, навбатдаги мавсумда шахсий кўрсаткичимни янада яхшилайман. Рақиблар хавотир олишмасин, шу 10 фоизни ҳам бартараф этаман. Албатта, қаҳрамонликларимиз эътибордан четда қолмади. Бекитмайман, турли даражада рағбат топдим ҳам. Шунинг учун жамоамиз фойдасини ўйлаб, 4 ойлик маошимдан воз кечдим. Айтиш жоиз, барча ярим ҳимоячиларимиз мен каби жасорат кўрсатиб, клубимиз бюджетига катта ҳисса қўшишди. Шундай экан, ушбу қадаҳни ярим ҳимоячиларнинг чинакам жентльменлик хислатлари учун кўтарсак!
Ўйин-кулги давом эттирилди. Якунда эса дастурхонга десерт-торт олиб келишди. Жамоа сардори ширинликни кесиб, тақсимлаётган пайтда етакчи ҳужумчи фурсатдан фойдаланиб, гап бошлади:
- Авваламбор, клубимиз ҳомийларига мингдан-минг раҳмат! Ҳозир бемалол айта оламан: жамоамиздаги 3 нафар ҳужумчи ҳам мавсумни ўта юқори даражада ўтказди. Бунга исбот сифатида барчамизга ҳозирнинг ўзидаёқ Европа ва Американинг бир қатор регби жамоаларидан таклифлар тушаётганини келтириб ўтишим мумкин. Албатта, уларни ўрганиб чиқиб, энг мақбулини танлаймиз. Демак, легионерлар сафи янада кенгаяди. Сизга айтсам, бу ҳам бир ютуқ. Шундай экан, қўлимиздаги қадаҳни бўлғуси легионерлар шарафига бўшатайлик...!
Айнан шу жойга келиб, кўплаб футболчилар «ўчиб» қолишди. Тантана охирида эса клуб президенти сўз олиб, келаси мавсумда 2-лигага тушиб кетиш вазифасини кўндафланг қўйди. Албатта, бу кўпчиликка манзур бўлди ва айримлар шу заҳоти жамоада қолишларини маълум қилишди.
Фурқат ЮСУПОВ
Манба: furkat.uz