— Муҳаббат, унга етишиш орзусидаги хаёллар, қалбдаги бўшлиқ… туйғуларнинг толиқтирар даражадаги беқарорлиги, алалоқибат буларнинг бари рўё эканини тан олиш — тирикликнинг шартларидир.Сизнингча-чи, шулардан қай бири Сизни кўпроқ ўзига бўйсундирган?
— Суҳбат муҳаббат мавзусидан бошлангани яхши бўлди. Кеча бир мухлис: “агар ўн-ўн беш йилдан кейин ҳам қўшиқ айтсангиз, яна севги ҳақида куйлайсизми?”, деб савол берди. Унинг фикрича, бу энди менга ярашмас эмиш. Ўйланиб қолдим… Негаки, ғалати, биқиқ гап. Менимча, муҳаббат мавзуси шу қадар чуқур, жиддий мавзуки, унинг нима эканини ҳавойи ҳиссиётлар оғушида ўйнаб-кулиб юрадиган ёшлигингдан кўра, ҳаётни таниган, кўп дард чеккан пайтинг яхшироқ тушунасан. Шу маънода муҳаббат ҳақида фикр юритишга боши деворга теккан, ҳам бахтни, ҳам бахтсизликни кўрган одамлар кўпроқ ҳақлидирлар. Мен ҳам ўша одамлардан бириман. Демак, худо хоҳласа, умримнинг охиригача муҳаббатни куйлайман. Биргина мен ҳам эмас. Мана, масалан, классик шоирлар ижодини олинг. Уларни ўқиб шундай фикрга келишингиз тайин: бу дунёда ишқдан бошқа яна қай бир мавзу кўпроқ ўйлашга, куйлашга арзийди, ўзи? Муҳаббат, бу — фалсафа. Файласуфлик эса жўшқин ёшликдан кўра, маълум бир ёшга етган, улғайган инсонга хос. Ахир, муҳаббат ёш танламайди, деган гап шунчаки айтилмаган.
Энди саволнинг ўзига қайтсам… Сиз айтаётган жараёнларнинг деярли ҳаммаси вақти-соати билан бир-бирининг ўрнини босиб боради. Ўзим ҳам барча босқичдан ўтганман. Аввалига кутилаётган бахт ҳаяжони — юракни ҳаприқтирувчи туйғулар эгаллайди, гўё у кўксингни ёриб чиқиб кетадигандек. Зеро, бу — бахт борлигини тўлалигича ҳис қилишдир. Ундан сўнг мана шу бахт туйғуси ҳаётингдан чиқиб кетмаслиги учун ҳаяжон аралаш ташвиш ҳисси вужудни чулғайди. Йўқотиб қўймаслик изтироби бошдан кечирилади. У ҳаммада ҳар хил кечади. Турфа хиллик муҳаббатнинг табиатига хос. …Ҳозир менда қалб бўшлиғи тўлган бир пайт…
— Насиба опа, хоҳлаймизми-йўқми, кундалик муомала-муносабатда одамни таниш қийин. Мусиқа яқинларимиз кўнглига кўз югуртиришимиз учун бир восита, қайсидир маънода уларнинг ҳис-туйғуларини “ўлчайдиган” барометр вазифасини ўтайди, деб ўйлайман. Шу маънода, бир дугонамни тушунгандек ҳам бўламан. У қўлини сўраган йигитни нега қабул қилолмаганини “тинглаётган қўшиқлари халал берди” деб изоҳлаганди. Бир қараганда телбалик бўлиб туюлган бу ишда, ҳаёт ҳақиқати бекиниб ётмаганмикан?
— Кундалик ҳаётда инсонни билса бўлади, лекин қисман танийсиз. Одамлар ҳақида уларнинг кўчадаги қиёфаси, гапирган гаплари орқали маълум бир тасаввурга эга бўласан. Аммо оддий турмуш тарзида кўргудек бўлсанг, ўша тасаввурлар чилпарчин бўлиб кетиши мумкин. Ҳақиқатанам, тинглаётган қўшиғидан хулоса қилиб, уни жуда яхши биламан, дейишда жон бор. Кимнингдир қалбини, ички дунёсини англаш учун у ўқийдиган асарлар, қўшиқлар, шубҳасиз, “барометр” бўлиб хизмат қилади. Айнан шулар орқали бу инсондан нималарнидир кутиш мумкинлигини ўзингча фаҳмлайсан. Туйғулар камдан-кам алдайди. Балки, сиз айтган қиз ўзи шундоғам шубҳада тургани учун йигит тинглаётган қўшиқлар туфайли сўнгги қарорга келгандир, бу бир туртки бўлгандир. Эҳтимол, юрагида муҳаббат уйғонмагани сабабдир, бунга. Чунки, муҳаббатнинг кўзи кўр бўлади, у қандай бўлса, шундайлигича қабул қиласан.
— Бир қўшиқда “Юрак осмонларга ўхшаса эди…” деб орзу қиласиз. Аммо шундай хонишлар борки, улардан чиқаётган тутун, ҳаёт хуржунини бўйнига осиб олган чучмал кечинмалар кўнгилни ер билан яксон қилади. Ва, албатта, чексизлик сари талпинаётган туйғуларни кўкка бўйлаштирувчи қўшиқлар ҳам йўқ эмас… Бир мухлис сифатида айтинг-чи, кўнглингизни қандай наволар осмонга айлантиради?
— Мусиқий чолғулардан чиқаётган куй юрагимни осмонга айлантиради. Ўзгача сеҳри бор. Ҳиссиётни шу даражада юзага чиқариши мумкинки, бунга сўзнинг кучи етмайди, аксинча халал беради. Қанотсиз учишим учун мумтоз симфоник мусиқалар кифоя. Туйғуларни ҳақоратлайдиган қўшиқларни эса айтолмайман. Қулоғимга бирор нота оғир туюлдими, эшитмай қўя қоламан. Руҳни қўшиқ орқали таҳқирлаш сира мумкин эмас.
— Ижодий бисотингизни умуминсоний тус бериб турувчи форс, эрон, араб, француз, ҳинд, арман, рус, турк қўшиқлари ранг-баранг қилади. Бироқ, Насиба Абдуллаева юрагидаги тафтни озарбойжон тилидаги “Айрилиқ”, “Руяларда булушуруз”, “Сене да галмаз”, “Меҳрибан аилеик”, “Лолалар”, “Ҳейдар баба”, “Сен гелмаз олдун” қўшиқларида теранроқ ҳис қиламиз. Сиздаги туйғулар кўнгилга оқиб кириб, ўзининг савдойи кўйига туширади… Бунинг сири нимада?
— Сут билан кирган жон билан чиқади. Болаликда энг кўп эшитадиганимиз озарбойжон мусиқаси эди. Отамнинг мусиқачи озар дўстлари кўп бўлган. Улар ҳовлимизга тез-тез меҳмон бўлиб келиб туришар, мушоиралар ўтказишарди. Онамни келинлик либосида фойтунда олиб кетишаётганда ҳам йўл бўйи озарбойжонча қўшиқлар айтишган экан. Шу яқинлик сабаб бўлса керак, Бокуда бирор янги пластинка чиқдими, у, албатта, бизнинг уйда ҳозир бўларди.
— Кино усталари америкалик шоира Сильвия Плат(ўз жонига қасд қилган)нинг ҳаёти ҳақида фильм ишламоқчи бўлиб, унинг болаларидан онаси билан боғлиқ хотиралар ҳақида сўрашганда, улар шундай дейди: “Онамиз бизнинг ҳам ҳиссиётларимиз бор эканини унутиб қўйган эди”. Кечирасиз-у, айнан Сильвиянинг қисматидек бўлмаса-да, болалигини эрта бой берган ижодкорлар фарзандининг ич-ичида ўкинч яшаши бор гап…
— Ижодкор ота-оналар ва фарзандлар ўртасида тушунмовчиликлар бўлиши табиий. Афсуски, болаларга энг зарур пайтида керагича эътибор қарата олмайсан. Аслида, одам узоқда бўлгани билан боласига меҳри камайиб қолмайди. Ёш бола эса ота-она меҳрини улар билан бирга бўлгандагина, ёнма-ён тургандагина ҳис қилади. Лекин шоира мисолида айтадиган бўлсам, ижоддан ҳам кўра, она бўлишнинг масъулияти оғир. Майли, бу ишнинг гуноҳи азим эканидан бир зум кўз юмайлик-да, жонга қасд қилишнинг қанчалар худбинлик эканини ўйлаб кўрайлик. Аёл қайсидир паллада ўзи кўтара олмаган қисмат юкини энг яқин одамларига бир умрга юклаб кетди. Эҳтимол, ўшанда ярим соат, борингки, бир соат қийналиб, сўнг ҳаммасидан қутулгандир. Лекин фарзандлари йиллар давомида азоб чекиб яшашга маҳкум бўлди.
Ҳа, ўзимнинг ҳам болаларим тез-тез гастролга кетишимни жуда оғир қабул қилишарди. Келишим қанчалик байрам бўлса, кетишим шунчалик оғир ва доим кўзёшларга сабаб бўлган. Ҳатто катта ўғлим энди ақлини таний бошлаганида: “Отам билан сиз мен учун амаки-холадек бўлгансизлар. Кичиклигимда сизларга тўймаганман”, деб таъна қилган эди. Бугун ўзи ота бўлди. Қаерда бўлишидан қатъи назар, ота-она кўнгли доим боласида бўлишини тушунди. Уйдан чиқиб кетиши билан кичкинтойини соғиниб телефон қилади. Шундай пайтларда ўзининг гапини эслатиб тураман: “Болам, ота-она амаки-хола бўларканми?” десам, уялиб кетади.
— Марина Цветаева: “Қисматимда ғамларим гўзал”, деб ёзган. У қандай дард бўлиши мумкин? Ёки бу илҳом оғушида тентираётган шоиранинг “топилма”симикан?
— Гўзал ғам… Ғамни шахснинг ўзи, яъни унинг ички дунёси гўзал қила олади. Юрагим оғрияптими, демак, мен тирикман. Оғриняпсанми, ҳаётингда нималардир бўляпти. Менимча, ҳаётни ҳаракатга келтириб, унга маъно бағишлаб тургани учун ҳам ғамларга гўзал дея нисбат бериш мумкин. Шуниси аниқки, Цветаева шеъриятига етиш учун кишининг тасcаввур доираси жуда кенг бўлиши керак.
— Ўзингиз кимларни ўқийсиз?
— Хонанда Насиба Абдуллаева билан шеърхон Насиба ўртасида катта фарқ бор. Шеъриятга бўлган муносабатимни қўшиқларимдан изламанг. Чунки санъатда қўшиқ матни деган тушунча ҳам бор. Шу боис қўшиқлардаги ҳамма тизмаларниям шеър деб бўлмайди. Мен мумтоз шеъриятнинг, Насимий, Ҳувайдо, Увайсий, Нодира ғазаллари мухлисиман. Шекспир сонетларини қайта-қайта мутолаа қиламан. Фузулий билан Низомийни озар тилида ўқийман. Фузулий тили ундан кейин яшаб ўтган озарбойжон шоирларининг тилидан кескин фарқ қилади.
— Агар имкон бўлганда, ҳаётингиздаги нималардан воз кечган бўлардингиз…
— Ҳеч нарсадан! Ўзи умуман яшаб ўтилган ҳаётдан нолимаслик керак. Ҳар бир куним, юрган йўлим, босган қадамим изсиз ўтиб кетмади. Яхшиси ҳам, ёмони ҳам ниманидир ўргатди.
— Биламан, ўзимизга тик боқиш, айниқса, холис баҳо бериш қуёшга тап тортмай қарашдек мушкул…
— Билмадим, мен учун қийин эмас.
— Бўлмаса айтинг, Сиз ким? Ожизлигингиз нимада? Қувончу ташвишингиз? Муҳаббат ва нафратингиз…
— Одамлар мени қандай танишса, худди ўшандай очиқ китобман. Қиёфам минг битта эмас. Менда нафратнинг ўзи йўқ. Бу туйғу кўнглимнинг қайсидир чеккасини эгаллашига йўл қўймайман ҳам. Чунки, нафрат юракдан жой беришга арзийдиган ҳиссиёт эмас. Шунчаки ўзимга тўғри келмайдиган ҳолатлардан осонгина юз ўгириб кетаман, холос. Лекин ўшандаям нафратланмайман. Ўйларим билан дунёқараши зид бўлган, гапирган гаплари юрагимга яқин бўлмаган ва ўзининг қарашларини менга сингдиришга ҳаракат қиладиган одамларни ўзимдан четлатаман. Қачон бировга нисбатан юрагингда илиқлик уйғонади? Қачонки, сен унинг қаршисида ўзингни эркин ҳис қилолсанг, юрагингни бор бўйича очолсанг. Ўзни бошқа одам қилиб кўрсатиш учун ҳеч қанақа зарурат туғилмаса, ўйнамасанг. Муносабатларни тўғри ё нотўғрилигини аниқлашдаги энг тўғри йўл ҳам мана шу самимиятда. Мабодо, кимнидир борлигича қабул қилолмаяпманми, ундан воз кечаман-қўяман.
— Хонандалар давраларни хуш кўрадиган, кўпчилик диққатини ўзига жалб этиш илинжида тусланувчан тоифа ҳисобланади. Лекин сиз ёлғизликни афзал биладиган яхши маънодаги “оқ қарға”га ўхшайсиз…
— Тўғри, ёлғизликни хоҳлаган пайтларим кўп бўлади. Истайманми-йўқми, касбим давралар билан боғлиқ. Лекин кўпчилик ичида бўлишдан кўра, ўзим билан ўзим қолишни, яқин одамим билан суҳбатлашишни хуш кўраман.
— Балки, талант ўзига хослик, ўзгачалик, яъни ҳаммалашиб кетмаслик йўли билан асраб қолинар…
— Талант ноёб ҳодиса. Истеъдодларнинг ҳар бири ўзича нодир бўлади.
— Санъатда Сизни қандай маслак бошқаради? Яъни Насиба Абдуллаевани Шахс қилиб турган ақида нимада? Бизда истеъдодлар етарли, шукрки, она тупроғимиз “ниҳол”ларгаю осмонимиз эса “юлдуз”ларга тўла. Бироқ Шахс муаммоси…
— …Ақидам… Санъаткор оқим бўйлаб сузиши керак эмас, деб ўйлайман. Буни кенг маънода тушунишингизни хоҳлардим… Баъзан танбеҳнамо савол беришади: “Сиз айтган қўшиқларни кам сонли мухлислар, маълум бир савиядаги одамларгина тушунади. Лекин омма тушунмайди. Уларга мослаб соддароқ, маъноси янада тушунарлироқ, ҳаммабоп қўшиқ айтсангиз, яхши эмас-ми? Ахир, сизга ҳам фойдали-ку…” Йўқ, бўлмайди! Менга ёш-яланг тўла қийқириқ стадион керак эмас. Одамларга маъқул бўлиш учун ҳамма бораётган йўлдан боришни, олди–қочди сўзларни хиргойи қилишни ўзимга эп кўрмайман. Шубҳасиз, санъаткор халқ учун ижод қилади, лекин ўзинг руҳан баланд бўлолмасанг, ҳеч қачон ҳеч кимни юқорига торта олмайсан, дидини юксалтиролмайсан. Агар айтаётган қўшиқларимдаги фикр тушунилиши қийин бўлса, фақат ифода соддалашиши мумкин, маъно эмас. “Йўқ, менга бу керак, сен менинг айтганимни қиласан”, деб мени омма тортиб кетишига, оломон кайфиятига асир бўлиб қолишга ҳеч йўл қўймайман.
— Эҳтимол, шунинг учун камнамодирсиз…
— Балки… Ҳозир ҳам қўшиқлар айтмаяпман эмас. “Классик FM” радио тўлқинида деярли ҳар куни қўшиқларим янграйди. Энди-и, телеканалларнинг ўз иқтисодий мажбуриятлари бор. Бугун санъатга тижорат нуқтаи назаридан баҳо берилиши одатий ҳолга айланди. Буни тўғри қабул қилмай иложимиз йўқ.
… Билсангиз, Фаррух Зокиров, Севара Назархон, Кумуш Раззоқова ҳам ўз кредосига эга санъаткор. Ёки Мансур Тошматовни олайлик, бунақа гуриллаган овоз билан ҳар куйга тушиш, ҳар муқомга йўрғалаш мумкин эди. Лекин, бу санъаткорнинг ўзига, қилаётган ишига ҳурмати бор. Худо берган истеъдод қаршисидаги масъулиятини ҳис этади. Шунинг учун ҳам ўз қарашларида собит турибди. Менга қолса, мени қанча одамлар эмас, қандай одамлар эшитаётгани кўпроқ аҳамиятга эга. Биламанки, улар ич-ичидан маданиятли инсонлар. Бу таскин мени тушкунликдан қутқаради.
— Фёдор Достоевский қаҳрамонларидан бири: “Гўзаллик нафақат даҳшатли, айни чоғда, сирли нарса ҳамдир. Бу ерда худо шайтон билан олишади, олишув майдони эса одамларнинг қалби”, дейди. Назаримда, айни шу тўқнашув истеъдод тийнатида бўртиброқ кўринадигандек…
— Истеъдоднинг ичи мисоли ғалаёнли уммон. Унда доимий қарама-қарши ўй-фикрлар, тинимсиз иккиланишлар кечади. Улар орасидан кўнгли сокин, доимо қувончу бахтга андармонларни учратиш қийин.
— Ўзингиз-чи?
— Жуда зиддиятлиман. Кеча тўғри, деб ҳисоблаган фикримга бугун шубҳа уйғонади. Шукр, интуиция кучли. Шунга таянаман, у алдамайди.
— Айтишларича, эътиқод инсоннинг қисматини белгиларкан…
— Эътиқод, бу — ишонч. Эзгулик ва жаҳолатга бўлган қатъий муносабат. Унинг ҳудуди муайян диний тушунчаю миллий мезонлар билан чакланиб қолмайди. Айтайлик, кимдир сизнинг фойдангизни кўзлаб нималарнидир тушунтиришга ҳар қанча ҳаракат қилмасин, сиз қайсарлик билан: “Йўқ, мен бу ишни қилмайман,” деб унинг гапини ҳеч қабул қила олмайсиз. Ҳаёт ҳар қанча мажбурламасин, не кўйга солмасин, айрим сарҳадларни умуман ҳатлаб ўтолмайсиз. Шахсий манфаат деган гапнинг ўзига ўрин йўқ. Кўплар учун одатий бўлган нарсалар, сиз учун нақ жиноят — гуноҳнинг ўзи! Бу тахлит яшаш ҳам мумкинлиги хаёлинг кўчасига-да, яқинлашмайди. Мана, эътиқод нима, мен учун.
— Баъзида “бугунги дунёнинг тинчлиги учун космополитизм керак. Одамзот ўзини бутун бир ер шарининг аъзоси, деб билганида, эҳтимол, кўплаб диний низолару урушларнинг олди олинган бўлармиди…” деган маънодаги фикрлар ҳам қулоққа чалинади.
— Мен ҳам руҳиятим, ҳақиқатларим бўйича космополитман. Ўзимни бутун дунёнинг фуқароси, ер шарининг фарзанди, деб ҳисоблайман. Ҳамма ҳам шундай ўйласа, урушлар нафақат камаяди, умуман йўқ бўлади. Агар, космополитизмнинг дунё бўйлаб ёйилиш эҳтимоли бўлганида эди, ҳақиқатанам, кўпгина низолар муаммоси ечим топган бўларди.
— Дарё сувлари ўзанини топгунча не-не ирмоқлардан ўтади… Фикр-туйғулар ҳам маълум манзилга етгунига қадар бир қанча йўллардан ўтишига, баъзан хатолар қилишига тўғри келади…
— Эришганимиз нимаики бўлмасин, бунда хатоларнинг аҳамияти катта. Хато қилмасдан яшаб бўлмайди. Хатоларни “эҳ, аттанг” деб эмас, “Мана шу хатони қилмаганимда, бугун мен учун ҳақиқатнинг яна бир қирраси номаълумлигича қолиб кетарди”, деган қараш билан қабул қилиш керак. Ахир, нималарнидир тушунаётган бўлсам, хатоларим орқали англаяпман. Уларни бирма-бир санасам жуда кўп… У ҳатто айтган қўшиқларим ичида ҳам бор. Лекин бундан кейин ҳам хато қилишга тайёрман. Бир жойда қотиб қолишни сира хоҳламайман.
— Шоу бизнесдаги ола-тасир ғавғоларни кузатиб туриб, азизим, дунёга бевақт келмабмиз, шўрлик кўнгилдан ҳол сўрашга улгуриб қолдик, деган маънодаги ўй ўтса керак… Ёки сизга ному нон машмашалари таъсир қилмасмиди?
— Айнан ўша пайтда дунёга келганим учун ўзимни жуда бахтли ҳис қиламан. Аслида, ҳозир менинг ёшимдагилар “агар кечроқ туғилиб 20 ёшга кирганимда эди, ҳаммаси бошқача бўларди” дейишади. Йўқ, ҳаётга вақтида келганман. Нималардир қилиб қолишга улгургандекман. Тассаввур қилинг, агар ижодни бугун бошлаганимда кимни ўзимга ўрнак деб билардим? Кимларга эргашардим? Мен санъатга кириб келганимда буюк шахсиятлар бўлган, шу инсонларга ҳавас қилганман. Айнан ўша даврда яшаб қолганимни Яратганнинг инояти, деб биламан. Агар шу дунёқарашим, феъл-атворим билан ҳаммасини бугун бошлаганимда, ўз ёғига ўзи қоврилиб ётган, омадсиз бир савдойи бўлардим. Чунки на мен танлаган йўл, на шахсиятим бозорбоп. Деярли кўпчиликка керак бўлмасдим…
— Шайх Саъдийнинг бир гапи бор: ноғора шовқуни танбур овозини эшиттирмай қўяди. Назаримда, сизларнинг авлод бора-бора мамонтга айланаётгандек…
— Ноғора овози танбурни эшиттирмай қўйиши мумкин. Лекин ўша ноғора танбур етказа оладиган дардни, титроқни чиқара олармикан?!
Ҳа, сўнгги мамонтлармиз. Ҳозир орамизда Ботир Зокировнинг йўқлиги ҳам у одамнинг ўзи учун яхши бўлган экан, деб ўйлаб қоламан. Агар Ботир ака ҳаёт бўлиб, ўша мавқеда турганида ҳам ижодини давом эттиришига ишонмасдим. Жуда қийналиб кетган бўларди. У киши шу қадар кўнгли нозик, шу қадар аристократ, зиёли инсон эдики, бундай табиати билан буткул ёлғизланиб қолган бўларди. Ҳатто биз ҳам тушуниб етяпмиз, бугунги давр одамлари билан муомала қилиш, уларга бир фикрни тушунтириш қанчалик қийин эканини. Шахсан ўзим ҳам одамлар билан ҳар хил тилда гаплашаман. Ўзимнинг тилимда гаплашадиганларим борган сари камайиб кетяпти.
— Қандай вазиятларда оммага мослашгансиз?
— Ҳеч эслолмайман.
— Ўйлашимча, сиёсат ва санъат бир-бирига халал берувчи икки қутб…
— Албатта.
— Ўйчанлик, ҳассослик, хаёлланиш биринчисининг қай даражада заволи бўлса, давр мақсадларига мувофиқ ҳушёрлигу реал воқелик билан ҳамнафас ҳозиржавоблик иккинчисини шу даража дағаллаштириб, йўқ қилиб юборади. Шунинг учун сиёсий майдонда санъаткорни кўриш одамни турли шубҳаларга етаклайди. Янглишмасам, сиз Либераллар партиясининг илк аъзоларидан ҳисобланасиз. Айни шу йўналишга доир кўрсатувда чиққанингизни эслайман…
— Ҳа, бир вақтлар аъзо бўлганман. Бу менинг сиёсатга қизиққанимдан эмас. Янги партияга нафи тегар, деган илинжда улар мени таклиф қилишган. Сиз айтаётган кўрсатув санъат ва маданият масалаларига қаратилган эди. Ўшанда бошқа партия вакиллари гўё менинг фикрларимни рад этгандек бўлиб, яна айнан ўзимни такрорлай бошлашган. Бу томоша жуда эриш туюлган, менга.
— Насиба Абдуллаеванинг севгисига муносиб эркак қандай бўлиши керак?
— Аёлни хўрлаш мумкинлигини хаёлан ҳам тасаввур қилолмайдиган инсон! Ақл-идроки, интеллекти билан мендан ортда қолмайдиган шахс.
— Бу жуда қийин…
— Секин айтасизми!..
— “Ярим бўлди, асли ярим кўнглим, менинг…” Мана шу ўксиклик бутун қиёфада сизиб туради. Кечирасиз, қачондан бери бу оғир ҳис ҳамроҳ?
— Ўксиклик… Табиат туҳфаси. Болалигимдан кўзларим жуда маъюс бўлган.
Манба: Хуршид Даврон кутубхонаси kh-davron.uz