2004 йили Зоминда ўтказилган республика ижодкор ёшларининг анъанавий семинар-танловида андижонлик Икромжон Мансуров олий ўринни қўлга киритган эди. Бунга асосий сабаб унинг аруз вазнида ижод қилиши, ғазаллар ёзиши бўлди. Тўғриси, ўшанда унга кўпчиликнинг ҳаваси келди. Ахир, унча-мунча киши аруз вазнини тушунавермайди. Бунинг устига ғазал ёзишга ҳар кимнинг журъати ҳам, қурби ҳам етмайди. Буни фақат олқишлаш керак. Ёшлар орасида аруз вазнини яхши биладиганлар, ҳаттоки арузда ижод қилаётганларнинг борлиги қувонарли, албатта. Уларнинг сони кўпайишини чин дилдан истаймиз. Чунки мумтоз адабиётимизни ўрганишда, буюк ғазалнавислар ижодини теранроқ тушуниб етишда аруз вазнини билиш беқиёс аҳамиятга эга.
Афсуски, ўқувчи-талабалар, ҳатто адабиёт ўқитувчилари орасида ҳам аруз вазнини биладиганлар кам. Айримлар эса унинг номинигина билишади, холос. Арузни яхши биладиган мутахассис ёки ижодкордан ўрганиш учун аксарият кишиларда имконият йўқ.
Ўқувчи-талаба аруз вазни ҳақидаги билимларни адабиёт муаллимидан олишни истаб, ўқитувчидан бирор ғазал мисолида арузни тушунтириб беришини сўрашга ҳаққи бор. Лекин адабиёт муаллимининг ўзи арузни яхши билмаса-чи? Табиийки, у назарий маълумотларни келтириш билан кифояланади. Кўп ҳолларда дарслар ғазалнавис шоир ҳаёти ва ижоди ҳақидаги савол-жавоблар, ғазаллардан намуналар ўқиш билан ўтади. Арузни ўрганмоқчи бўлган ўқувчи эса ҳеч нарса қилолмайди. Хуши келса, бу ҳақдаги илмий адабиётларни топиб ўқийди. Имкони бўлмаса, яна арузни тушунмай қолаверади.
– Кўпчилик адабиёт ўқитувчилари, ижодкорлар аруз вазнини чуқур тушунмайдилар, – деган эди таниқли адиб Омон Мухтор. – Ҳарҳолда, илгарилари бу вазнни тушуниб ёзадиганлар нисбатан кўпроқ эди. Ҳозир негадир ундан анча узоқлашиб кетдик. Ростдан ҳам, арузни ўрганиш оғир. Мактаб ўқувчиларига бу анча қийинчилик туғдиради. Лекин Навоий, Бобур каби буюк шоирлар ижодини ўрганиш, тушуниш учун арузни билиш шарт ва зарур. Барибир, ўқитувчи бу ҳақда ўқувчиларга имкон қадар кўпроқ маълумот бериши керак.
Ўқитувчи ўқувчига йўналиш берувчи, тегишли адабиётларни ўқишни тавсия этувчи шахсдир. Аммо бунинг учун ўқувчида ҳам иштиёқ бўлиши лозим. Аруз вазнини ўрганишда фақат муаллим берган ахборотларга таяниб қолиш кифоя қилмайди.
Аруз вазни, уни ўргатиш ўқув юртларида қай даражада эканлиги ҳақида ёшлар нима дейишади?
– Аслида, аруз вазни шеърнинг бадиий қийматини белгиловчи муҳим омил ҳисобланади, – дейди Башорат Отажонова. – Бироқ бугун ана шу қиймат пасайиб кетаётгандай. Бунинг учун ким қайғуриши керак? Жиддийроқ ўйлаб кўрсак, мактаб партасида ўтирган ҳар бир ўқувчи (юқори синф ўқувчиларини назарда тутяпман) арузни билиши шарт. Чунки бу мавзу адабиёт фани дарс режаларига киритилган. Ўзим Фарғона давлат университети қошидаги академик лицейда ўқиганман. Бизга, ижтимоий фанларга ихтисослашган синфларда ҳам, аниқ ва табиий фанларда ҳам аруз вазни ўргатилган. Афсуски, кўпгина ўқитувчилар ўқувчиларда бу мавзуга қизиқиш уйғота олмаяпти. Ахир, 4 ёки 5 йил олий ўқув юртида таҳсил олган филолог‑ўқитувчи арузни билиши керак-ку? Ҳеч бўлмаса, асл рукнлар ҳақида тушунчага эгадир?
Ёш шоир Зоҳиджон Холовнинг бу ҳақдаги фикрлари шундай бўлди:
– Аруз вазни адабиётнинг «олий математикаси» деб ҳам юритилади. Чунки унда кўнгилдагини қоғозга шунчаки тўкиб ташлаб бўлмайди. Оҳангидан то маъносигача, табиийликдан то қуймалигигача маълум қолипга солиниши шарт. Аждодларимиз назми деярли шу вазн асосида бунёд этилган. Биз уларнинг меросини теранроқ ҳис қилишимиз учун аруз вазнини билишимиз лозим. Умуман, ғазалиётнинг ўзгача мусиқийлиги, жарангдорлиги бор, шунинг учун ҳам ҳар қандай ғазал ҳеч қийинчиликсиз қўшиққа айланаверади. Алишер Навоийнинг шу вазн тадқиқига бағишланган «Мезон ул-авзон» асари ҳозирги замон шеърияти учун ҳам муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилади, деб ҳисоблайман.
Бу – ижодкор ёшларнинг фикрлари. Аён бўлмоқдаки, арузни ўрганиш ўқувчи-ёшларнинг ўзига ҳам боғлиқ.
Ўқувчилар учун аруз вазни ҳақида назарий адабиётлар камлиги ҳам рост. Шунга қарамай, имкон топиш мумкин. Аруз вазнига бағишланган дарсларга уни яхши биладиган мутахассислар, ижодкорлар таклиф этилса, адабиёт ўқитувчиси ўзлаштирилиши осонроқ бўлган мавзуни уйга вазифа қилиб бериб, аруз вазнини тушунтиришга кўпроқ вақт ажратса, фойдаси кўпроқ бўларди, бизнингча. Фақат дарслик билан кифояланмай, Навоий асарларига доир луғатлар билан ишлаш, унинг ғазаллари билан айтиладиган қўшиқларни қўйиб бериш ўқувчининг қизиқишини янада оширади. Дарс жонли ўтади. Ҳеч бўлмаганда, ғазалларни ёд олдириш лозим. Ўрта махсус ўқув юртларида, адабиёт тўгаракларида ёки махсус курсларда ҳам аруз вазнини ўргатиш мумкин.
Шеърият – буюк кашфиёт. Унинг сир-синоати мўл-кўл ва туганмас. Мумтоз адабиёт эса унинг қонию жонидир. Арузни ўрганиш, билиш буюк аждодларимиз адабий мероси ҳисобланмиш юксак бадиий ижод намуналарини теран тушунишда бизга жуда катта ёрдам беради.
Беҳзод ФАЗЛИДДИН