//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [483]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

Қарғиш

Қарғиш

E-mailБосмаPDF

Ирода момонинг келини ўн йил деганда ҳомиладор бўлди. Ўзиям бормаган шифокори, қатнамаган табиби қолмади. Шуларнинг шарофати биланми ё Худога ёлвориб қилган дуолари ижобатими, келини Фотима пайшанба куни шифокор кўригига бориб қувониб келди.

Рашид бахтиёрлигидан хотинини қучоқлаб, чир-чир айлантирди. Ирода момо кулиб юзини бурди, беихтиёр кўзи ёшланди.

Эри вафот этганида  Рашид энди бешга тўлганди. Ёлғиз ўғлини ҳеч кимдан кам қилмай ота ўрнида ота, она ўрнида она бўлиб вояга етказди. Уйлагач, келинини ўз қизидан кам кўрмади. Лекин тақдир Ироданинг иродасини синади. У ўн йил набира кўриш орзусида яшади.  «Раҳматли онам бекорга исмимни Ирода қўймаган экан», деб ўйларди баъзида.

Орадан вақт ўтиши билан Фотиманинг тез-тез мазаси қочадиган бўлиб қолди. Иштаҳаси йўқолди. Эрига от гўшти егиси келаётганини айтибди. Бу гапни эшитиб, Ирода момонинг тинчи йўқолди: «Бу нимаси, келиб-келиб от гўштига бошқоронғи бўладими?» Лекин келинига сир бермади. «Ҳа, топамиз, шуни олдинроқ айтмайсизми?» — деди меҳрибонлик билан.

— Эртага Умарнинг уйига бораман. Қишлоқда фақат унда от бор. Мен сўрасам, йўқ демайди. Ўрнига уйдаги соғин сигирни берамиз.

— Ёлғиз сигирни берсак, қийналиб қолмаймизми? — деди ўғли хавотирланиб.

— Бу нима деганинг?! Мол топилади. Болангнинг соғ-саломат туғилишини тиласанг-чи, нодон!

Шу билан гап тугади.

Умар анча бадавлат одам. Пода-пода моли, қўй-эчкиси, данғиллама ҳовлиси бор. Та­йин бир жойда ишламаса ҳам яхши пул топади. Нималар қилиши ҳақида  гапирмаса ҳам қишлоқдагилар ҳаммасидан хабардор. Лекин ҳеч ким унинг мушугини «пишт» демайди. «Йўлини топибдими, қандини урсин», деб қўя қолишади.

Унинг оти ҳам маш­ҳур. Жуда чопағон. Умар шу от туфайли тўйларда, мусобақаларда қўйни-қўнжи совринга тўлиб қайтади. Шу сабаб отини ҳеч кимга ишонмай, ўзи парваришлайди. Уч маҳал беда солади, суғоради, кунора чўмилтиради. Бу юмушларни, ҳатто,  болаларига ҳам ишонмайди.

Ирода момо унинг шу отига келди. Минг бир хижолат билан келинининг от гўштига бошқоронғи бўлганини айтди. Умарнинг ранги бўзарди.

— Нима, келинингиз ҳомиладор бўлса,  отимни сўйиб беришим керакми?! Кўрпасига қараб оёқ узатсин-да. Емагани от гўшти қолувди. Ирода хола, хотинларга қўйиб берсангиз, қуш сутини ичгиси келади. Нима қиласиз ўзингизни қийнаб. Бола керак бўлса, туғиб олади. Келинингиз нафсини қондириш учун югуриб юрганингизга қойилман-да, — деб беўхшов  кулди.

— Бошқоронғилик ёмон нарса. Буни эркаклар тушунмайди. Илтимос, туғилажак гўдак ҳаққи-ҳурмати, от гўшти топишга ёрдам беринг. Ёки бўмасам, — Ирода момо гапирсамми-гапирмасамми деган андишада бироз жим қолди. — Оти­нгизни суйиб, уч-тўрт кило гўшт беринг, қолгани ўзи­нгизники. Эвазига соғин сигиримни бераман.

— Менга сигирингиз керак эмас. Молим ўзимга етиб-ортади, — деди Умар жаҳл билан. — Бозордан қидириб кўринг. Бу отни жанозамга ҳам сўйдирмаган бўлардим, тушундингизми?!

Ирода момо зил кетди. Йиқилиб кетмаслик учун ҳассасига маҳкам таянди. Келинининг олдига энди қандай боради? Бозорда от гўшти сотилмаса. Куйиб кетганидан бор аламини тўкиб солди.

— Илоё, жанозангга буюрсин шу от. Битта ҳайвонни туғилажак одам боласидан афзал билдинг-а? Сен бермасанг ҳам  иложи топилар, — деб уйи томон кетди.

—  Келинингиз от гўшти еса боласи чавандоз туғилармиди? Унда ҳолингиз хароб. Яна бир от сотиб олишингизга тўғри келади, — Умар шундай деганча масхаромуз илжайди.

Ирода хола уйига келганда келини чой дамлаётганди. Кампирнинг юзидаги тушкунликни кўриб, нима бўлганини тушунди. Шу куни она-бола узоқ маслаҳатлашди. Рашид эртасига сигирни пуллаб,  йўлга отланди...

* * *

Умар қўшни қишлоқдаги тўйдан боши хам бўлиб қайт­ди. Қора тулпор бу сафар ютқазганди. Одамларга кўринишни истамагани сабаб уйига тўғри йўлдан эмас, айланма йўлдан юрди. Неча одамнинг бошини еган кўлга етиб келди. Чўпонлар молларни ҳайдаб ўтадиган саёзроқ еридан кечиб ўтишга эриниб, тўғри келган жойдан от солиб юборди. От бир текис сузиб борарди. Кутилмаганда мункиб кетди. Бир отилиб чиқди-да, яна шўнғиди.  Умар жон ҳолатда отдан тушмоқчи бўлди, аммо оёғини узангидан бўшатолмади. От пишқириб-пишқириб сув тагига шўнғиди. От оғзидаги жилов оёғига ўралиб, сузишга имкон бермаётган экан. Уни бўшатай деса, Умарнинг оёғи ҳам узангидан чиқмади. Сув остида отнинг нафас олишга уриниб, кишнаётган товуши чақалоқнинг йиғисига ўхшаб туюларди...

Несибели МАМБЕТИРЗАЕВА

Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (22.10.2015)
Просмотров: 873 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz