Тошкент шаҳридаги Ҳамза тумани номини ўзгартириш кун тартибида турибди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати Kun’га маълум қилди.
Хабар беришларича, Ҳамза тумани номини ўзгартириш масаласи ҳозирда кун тартибида турибди. Ҳозирги вақтда ушбу тумандаги маҳаллалар аҳолиси, зиёлилардан бу борада қатор таклифлар келиб тушган, улар орасида туманнинг янги номи борасидаги таклифлар ҳам бор.
«Бу бир инсоннинг хоҳиш-иродаси билан бўладиган иш эмас, бунинг ўзига хос расмий жараёни бор, хусусан, бу таклифлар ҳали Олий Мажлисга тақдим этилмаган. Ҳозирги вақтда ушбу таклифлар фақат ўрганиб чиқилмоқда, улар орасида, ҳақиқатан ҳам, Яшнобод варианти ҳам бор, лекин бу ҳали расман ҳужжат даражасида тасдиқланмаган», – дея маълумот берилди Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматида.
Тошкент шаҳрида ҳозирги вақтда 11та туман бор. Булар – Миробод, Мирзо Улуғбек, Юнусобод, Яккасарой, Шайхонтоҳур, Чилонзор, Сергели, Ҳамза, Олмазор, Учтепа, Бектемир туманларидир. Булар орасида энг сўнгги бўлиб Олмазор тумани ўзгартирилган – туман 2010 йил декабргача Собир Раҳимов номи билан аталган.
Ҳозиргача Тошкентдаги Миробод (1992 йил майигача Ленин), Мирзо Улуғбек (1992 йил майгача Куйбишев), Юнусобод (1992 йил майгача Киров), Яккасарой (1992 йил майгача Фрунзе), Шайхонтоҳур (1992 йил майгача Октябрь), Учтепа (2005 йил майгача Акмал Икромов) туманлари номи ўзгарган. Бектемир тумани 1990 йил февралида Тошкент шаҳрига қўшиб олинган.
Шоир, педагог, театр арбоби, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий (1889-1929) XX аср бошида ўзининг ижодий ва ижтимоий фаолияти билан танилган. Ўзбекистон Миллий энциклопедиясига кўра (Википедияда келтирилган), Ҳамза «совет мафкураси ҳукмронлик қилган даврда «ўзбек совет адабиёти»нинг, театрининг асосчиси сифатида кўкка кўтарилган, тарғибот ва ташвиқот йўналишидаги пьеса ва инсценировкалар ёзишга катта эътибор берган, ҳатто совет давлатининг жаҳон инқилоби тўғрисидаги ғоясига ишониб ҳам пьеса ёзган».
«Ҳамза шу даврда жадидчилик ғоялари ва жадид адабиёти мезонларидан узоқлашгани сайин аввал эришган бадиият марраларини ҳам бой бера бошлаган», – дейилади ЎзМЭдаги мақолада. Маълумот учун, Тошкентда, тумандан ташқари, метрополитен бекатларидан бири ҳам Ҳамза номи билан аталади.