//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [483]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

ҲАММА ГАП – МУСИҚАДА!

ҲАММА ГАП – МУСИҚАДА!

Эрта тонг. Ҳаракатга ундовчи, шўх мусиқа янграйди. Шошиб уйғонаманда, компьютерни ёқиб, ўзим ёқтирган куйни қўяман. Шу тариқа, қувноқ садолар остида тонгни кутиб олиб, янги кунни бошлайман. Қизиғи, кун бўйи улар менга ҳамроҳ бўлади: мусиқа, куй, оҳанг, садо, тарона...
Мусиқа бизга, албатта, таъсир қилади. Уйда, кўча-кўйда, жамоат жойларида, ишхонада қулоғимизга чалинган турли садолар кайфиятимизни бошқаради, ҳатто кунбўйи таъқиб қилади, десам, янглишмаган бўламан. Мусиқа хайратли ва такрорланмас ҳодиса. У инсонларни маънавий бойитади. Ҳаётимизга алоҳида маъно ва мазмун киритади. Мусиқа воқеъликни овозли, бадиий образ, куй орқали ифодаловчи санъат тури ҳисобланади. “Мусиқа олийжаноб фан ва нафис санъатдир, унинг маъносига фақат олийжаноб кишилар ета олади, холос”, дейди Мавлоно Кавкабий Бухорий бу борада фикр юритар экан. Дарҳақиқат, мусиқа санъати кишига бутун бир юксак туйғулар, завқ-шавқ, ғоялар оламини беради. Одамларни маънавий жиҳатдан бой, соф ва баркамол қилади. Мусиқа аталмиш бу ажиб мўжизада яна қандай сеҳр мужассам, синоат борки, бизни ҳар куйга сола олса. Унинг сиру синоатларини ўрганиб, қулф-калитини топиш мақсадида олис тарихлардан таралаётган мусиқа садоларига қулоқ тутамиз. 
МУСИҚА СЕҲРИ...
Мусиқа инсоннинг моддий ва маънавий турмуш тажрибалари, эҳтиёжлари ва ўзини қуршаб турган ташқи муҳитга, бошқа кишиларга бўлган муносабатлари натижасида пайдо бўлган. Мусиқа асрлар давомида шаклланиб, сайқал топиб, бадиийлашиб, юксак поғоналарга кўтарилган ва ҳар бир халқнинг маданий-маънавий бойлигига айланган. Халқнинг ички руҳияти, дунёқараши, интилишлари ва орзу-ҳаваси мусиқа оҳангларида акс этади. Мусиқий оҳангларда унинг ижодкори ҳисобланган халқнинг, қабила ёки элатнинг шўх ва ҳазин, ўйноқи ва мунгли ички нидолари мужассамлашади. Халқ мусиқасида кишилар ўртасида рўй берадиган инсоний ахлоқий муносабатлар ўз ифодасини топади. Мусиқа халқнинг турмуш тарзи, ахлоқ-одоби, урф-одатлари, анъаналари, диний эътиқодининг айрим жиҳатларини ўзида мужассамлаштириб, орзу-умидлари, меҳнатга, Ватанга бўлган муҳаббатини, севгига вафодорлигини, эрк, озодлик учун курашдаги мардонаворлигини тараннум этади.
Ҳар бир миллатнинг ўз мусиқаси, ўзининг қулоғига ёқадиган овозлари бор. Лекин айрим мусиқа эл-элатни бир-бирига яқинлаштиради, инсонларнинг қалбини, онгини ёмон фикрлардан, иллатлардан тозалайди. Мусиқа туфайли инсон ўзида янги, илгари сезмаган кучларни топади, ҳаётга бошқача назар билан қарайди. Унинг таъсири шу қадар кучлики, ҳатто касал ётган киши ҳам оёққа туриши мумкин. Ибн Сино бу ажойиботга алоҳида эътибор бериб, айрим руҳий касалликларни мусиқа куйлари воситасида даволаш усулларини айтиб ўтган. Модомики, мусиқанинг ижобий томонлари, фанда исботланган, тиббиётда қўлланган шифобахш хусусиятлари тўғрисида гапирар эканмиз, шу ўринда тарихий, илмий фактларга, интернет маълумотларига юзланайлик:
Маълумот: Инсонни тушкун кайфиятдан қутқарувчи, руҳияти, кўнглини кўтарувчи восита – бу мусиқа! Инсон ўзига ёққан мусиқа садоларига рақсга тушганда унинг организмида уйқуда ётган ҳужайралар ҳам уйғониб, руҳи тетиклашади ва кайфияти кўтарилади. Мусиқанинг нафақат қалбга, балки бадангаям фойдали таъсири бундан бир неча аср илгари ҳам маълум эди. Ўрта асрларда мусиқани, ҳатто, наркоз ўрнида ишлатишга ҳаракат қилишган. Ноанъанавий тиббиёт оқими орасида мусиқа-терапия ҳам мавжуд.
Тарихий фактлар: Ер юзида энг чопқир инсон деб ном таратган Аҳил ўзидаги қаҳру ғазабни куй таъсирида сўндириши "Илиада" поэмасида келтирилган.
Испания қироли Филлип V паришонхотирликнинг оғир кўриниши билан хасталанади, унинг ҳузурига ўз замонасининг машҳур ашулачиси Фаренеллини таклиф этишади. Майин куй оҳангида ижро қилинган қўшиқ таъсирида шоҳнинг дори-дармонсиз даволанганлиги бизгача етиб келган.
Олмония ва италиялик шифокорлар дудуқланиш хасталигини мусиқа садоси таъсирида даволайдилар, ашула айтаётган пайтда ўз-ўзидан дудуқланиш йўқолади.
XIX асрда франциялик шифокор Жозеф Рекомье қорин оғриғи билан хасталанган беморларнинг асаби бузилишини яхши билган ва ўз беморларига: "Қорин ритм мусиқани яхши кўради, шунинг учун барабан садоси остида овқат истеъмол қилинг", деб буюрган.
XIX асрда яшаган Француз шифокори Ж. Роже найдан таралаётган оҳанг орқали бўрилар ваҳшийлигининг олдини олиш, кийик ва жайронларни нозик куй таъсирида отмасдан овлаш, ўз уясини тарк этаётган ариларни қайтариш мумкинлигини ёзиб қолдирган. Ҳозирда дунё олимларининг хулосасига кўра, тўғри танланган мусиқий оҳанглар ҳақиқатан ҳам терапевтик самарага эга. Хитойда “Овқат ҳазми”, “Уйқусизлик”, “Бош оғриғи”, “Жигар учун”, “Ўпка учун”, “Буйрак учун оркестрли концерт” каби махсус мусиқий альбомлар чиқарилган.
Хитой, Ҳиндистон тиббиётида паришонхотирлик (меланхолия) хасталигини даволашда мусиқадан ҳозирги кунга қадар кенг фойдаланиб келинади.
Афсонавий ҳақиқатлар: Болқон ярим оролида бир вақтлар каламушлар шунчалик кўпайиб кетганки, уларни йўқотишнинг сира иложи бўлмаган. Греция подшоҳи юртни бу офатдан ким қутқарса, унга катта инъомлар беришни ваъда қилади. Ўз замонасининг машҳур олиму фузалолари ҳал қила олмаган бу жумбоқни оддий чўпон йигит мусиқа воситасида ҳал этади. У қўлига най олиб, нозик бир куйни чалганида шаҳардаги барча каламушлар куй ижро қилинган томонга йиғилади ва йигит мафтункор мусиқа садоси орқали каламушларни денгиз томон олиб кетиб, уларни сувга ғарқ қилади. 
Узоқ Шарқ халқлари айрим касалликларни шаманлар томонидан ижро қилинадиган ритмик ашула, ўйин воситасида даволаганликлари бежиз бўлмаса керак. 
Ҳикоя қилишларича: Ал-Киндий ўғли шол бўлиб ётган бир савдогарга қўшни турган. Бағдод табиблари уни даволай олишмаган. Шундан сўнг улар файласуф Ал-Киндийга мурожаат этишади. У уд асбобини яхши чаладиган шогирдларидан бирини чақириб келишни сўрайди. Ал-Киндий унга бемор бошида куй чалишни буюриб, ўзи боланинг юрак уришини кузатиб туради. Бола аста-секин қимирлай бошлайди, сўнгра ўтириб, ҳатто бир неча сўз ҳам айтади, созанда эса чалишни давом эттиради. Оҳиста таралаётган куй шу пайтгача қимирламай ётган болага жон кирита бошлайди. Кутилмаганда шундай таъсир қиладики, у бирдан аввалги ҳолатига қайтиб, зум ўтмай вафот этади...
***
Шўх таронага монанд ҳаракат қилган ҳолда уйдаги ишларимни битираманда, кўчага юзланаман. Одамлар, сершовқин кўча, ҳар хил садо, оҳанглар: тўйхонада карнай-сурнай, ошхонада маҳзун тарона, кафе ёнидан ўтарканман мусиқанинг бир маромдаги зарби қулоғимга урилади – улар орасидан ўзимга ёққанини ажратиб олишга ҳаракат қиламан: бу менинг танловим. Ана, нарироқда кетаётган ўсмир қулоғида наушникни таққани ҳолда, шўхчан, зарбли ҳаракатлар билан сакраб-сакраб бормоқда, кайфи чоғ. Қилиқларига қараганда рок йўналишидаги мусиқани тингламоқда – бу унинг танлови. Пайтдан фойдаланиб, шундай йўналишдаги оҳангларни тинглаб кўрамиз: сўз “поп мусиқа” тўғрисида...
“Кайф тароналар”...
Тўғрида, рок, реп, жаз ва шу каби йўналишдаги мусиқаларни тинглайдиган ёшлар билан суҳбат қурсангиз, албатта, улар бундай ритмдан ҳузурланишини айтишади, кўча тилида айтганда, бу улар учун – кайф... Кучайтирилган ритмик тузилмали мусиқа, яъни жазавали ритм, зарб, шовқин “поп (оммавий)-мусиқа” нинг қиёфаси. Бу мусиқа тинглаш, қалбдан роҳатланиш учун эмас, балки вужуд ҳаракати ва талвасали рақсга йўналтирилган. Бундай кучли мусиқа ва шовқин шу йўналиш фанатларига, бугунги кунда, айниқса, “замонавий” ёшларга мароқ бағишлайди. Аммо ана шу куйни эшитиш давомидаги ўн беш минутлик роҳат кейин улар учун қанчалик қимматга тушишини билишармикан? Келинг, бу борада ортиқча насиҳатлар қилмаймизда, илмий далиллар ҳамда аниқ маълумотлар асосида таҳлил қилиб кўрамиз.
МУСИҚА ЗАҲРИ...
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тадқиқотига кўра, баланд овоздаги мусиқа ва шовқиннинг бошқа турлари инсонда агрессия, депрессия ва стресс чақирувчи омил бўлиб, қон босимининг кўтарилиши, эшитиш органларининг шикастланишига асос бўлади.
Германиялик профессор Раухнинг айтишича, рок ва рэп мияда хотираларни ўчириб ташлайдиган гармонлар ишлаб чиқиб, инсон танасида стрессни пайдо қилади. Бу фикрни рус олимларининг 7 синф ўқувчиси устида ўтказган ажойиб тадқиқоти исботлайди. Улар 10 дақиқа давомида ўқувчига оғир рок мусиқасини эшиттиргандан сўнг, боланинг хотирасида ўзгариш рўй беради. У кўпайтириш жадвалини умуман ёддан чиқаради.
15 дақиқа узлуксиз рок мусиқа эшитган тингловчининг танаси ва миясида салбий ўзгаришлар содир бўлади. Сўнг организмнинг ўзига келиши учун 72 соат вақт керак. Шунингдек, баланд овоздаги мусиқани наушникда 30 сониядан ортиқ тинглаш мияда жиддий ўзгаришларга олиб келади.
Исботлаш учун: Голландиялик олимлар учта махсус тажриба майдончасига турли ўсимликлар экишади. Биринчи майдончадаги ўсимликларга классик мусиқалар, иккинчисига фольклор, учинчи майдончадаги ўсимликларга эса рок мусиқалари эшиттиради. Кузатишлар 1 ва 2 майдончадаги ўсимликларнинг ўсиши икки баравар яхшилангани, учинчи майдончадаги ўсимликларнинг эса қурий бошлаганини кўрсатди. Олимлар фольклор ва мумтоз мусиқалар организмдаги ҳужайралар фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади, рок мусиқаси эса тирик ҳужайраларни ўлдиришга қодир, – деган хулосага келдилар.
Эътибор беринг: Психолог Азаров ўз фаолияти давомида инсон руҳиятига кучли салбий таьсир кўрсатувчи, уни яшашга бўлган қизиқишини йўқотувчи ноталар жамламасини ишлаб чиқади. Унинг айтишича, “ўлим товуш”ларини бир неча бор эшитганидан сўнг, ўзи ҳам ҳаётдан тўйиб қолади. Ҳозирги кунда ёшлар орасида оммалашган қўшиқларнинг айримларида айнан ўша товушлар учрайди. Инсон организми алкоголь ичимликларига, чекиш ва гиёҳванд моддаларга қандай ўрганиб қолса, мусиқа ҳам шундай таьсир кўрсатади. Жуда баланд ва тезкор ритмли мусиқалар иммун тизимини емиради. Барабан овозлар инсонни кома ҳолатига тушириши мумкин. Жуда баланд қўшиқлар уни ўлим ҳолатига ҳам олиб келади.
Энди “поп мусиқа”нинг зарбли товушини тинглаган ҳолда, эслатиб ўтамиз: шовқин қулоқ орқали бош мия фаолиятига таъсир этади. Кучли шовқиндан кишининг боши оғрийди, иштаҳаси бўғилади, кечаси яхши ухлай олмайди. Унинг таъсири бош мия орқали ички органлар фаолиятига ҳам ўтади: юрак хуруж қилади, қон босими ошади, модда алмашинуви кучаяди, ошқозон-ичак касалликлари зўраяди. Аниқланишича, шовқин кишининг кўриш қобилиятини 26 фоизгача камайтирар экан. Тажриба орқали ҳайвонга кучли товуш таъсир этилганда, аввало териси куйганлиги, кейин шол бўлиб қолганлиги кузатилган.
Аниқланишича, 60 децибелдан ортиқ шовқин юқори қон босимига чалиниш хавфини 25 фоиздан кўпроққа оширади. 64 децибелдан кўп шовқин қабул қилиш эса хавфни 90 фоиздан ортишига сабаб бўлади. 100 дц дан ошган барабан товуши инсонни эсидан оғар даражага яқинлаштириб қўяди. Шуни ҳам назарда тутиш керакки, 140 ва ундан юқори децибел товуш одамни ўлимга олиб бориши мумкин. Шу ўринда муҳим бир фактни таъкидлаш зарур: аксарият рок мусиқачиларнинг ёши 50 дан ошмаган. 
Мусиқанинг айнан шу жиҳатларидан ёвуз мақсадларда ҳам фойдаланишган. Масалан, кўҳна Хитойда оғир жиноят содир этганлар "мусиқа азобига" ҳукм қилинганлиги маълум. Тўхтовсиз давом этувчи баланд мусиқа овози кишига оғир қийноқ азобини берар экан. Мунтазам шовқин таъсирида кишининг қулоқлари битади, эшитиш қобилияти сусаяди ва даҳшатли ўлим топади.
Ушбу маълумотларнинг айнан бугунги давр, хусусан, ёшлар учун ғоят эътиборли томони шундаки, улар хуш кўрадиган дискотекаларда юқорида таъкидланган товушлар децибели беш дақиқадан ортиқ бўлиши ҳам ўзлари учун тасаввурларига сиғмайдиган даражада зарарга олиб келади. 85 децибелдан юқори рок кайфиятидаги шовқин ва жазавали мусиқаларни айнан бугунги урф бўлган наушниклар воситасида тинглаш 30 сониядан ошгандан сўнг мия фаолиятига ўз таъсирини кўрсата бошлашини унутманг.
МУСИҚИЙ ТАРБИЯ...
Мусиқа ўзининг дастлабки кўринишлари — она алласидан то опера даражасигача бўлган тараққиёт жараёнида инсон қалби ва руҳиятига малҳам вазифасини бажарган. У одамлардаги энг яхши фазилатларни кучайтирган, уларни эзгулик, муҳаббат ва қаҳрамонликка чорлаган. Шунинг учун мусиқа якка шахсга эмас, омма ва халққа қарата ижро этилади, кўпчиликнинг бадиий-эстетик онги ва туйғуларини уйғунлаштирувчи аҳамият касб этади.
“Бу илм шу маънода фойдалики, у ўз мувозанатини йўқотган (одамлар) хулқини тартибга келтиради, мукаммалликка етмаган хулқни мукаммал қилади ва мувозанатда бўлган (одамлар) хулқининг мувозанатини сақлаб туради. Бу илм тананинг саломатлиги учун ҳам фойдалидир, чунки тана касал бўлса, руҳ ҳам сўлади, тана тўсиққа учраса, руҳ ҳам тўсиққа учрайди. Шунинг учун овозларнинг таъсири билан руҳни соғайтириш ёрдамида тана соғайтирилади, руҳ эса ўз кучларининг тартибга солиниши ва субстанциясига мослаштирилиши орқали соғаяди”, — деб ёзади Форобий «Ихсо ал-улум» асарида. Шунингдек, Форобий ўзининг «Мусиқа ҳақида катта китоб» асарида мусиқани уч турга ажратади. Унинг фикрича, бир хил мусиқа инсонга ҳузур-ҳаловат бахш этади, иккинчи хили эса эҳтиросларни қўзғаб, жўшқин қилади ва ниҳоят учинчи хил мусиқа борки, ўйга толдиради, фикрлашга, тафаккур қилишга мажбур этади. Шундай қилиб, Форобий мусиқанинг инсон руҳига у ёки бу ҳолда таъсир қилишини, у инсонга маънавий озиқ бериб, яхши ишларга руҳлантиришини, хурсандчилик ва қайғуда одамга ҳамдам бўла олишини ва ниҳоят, мусиқа одамни катта ишларни амалга ошириш учун курашга чорлай олишини башорат қила олган. 
Мусиқа бошқа санъат турларидан фарқли ўлароқ у ижоднинг энг нозик туйғуларини, хис - хаяжонни, инсон миясига бой эмоция заҳираларини солишга қодирдир, у инсонни тарбияловчи кучга эга. Шахс бадиий-эстетик дидини, маънавиятини шакллантиришда мусиқа санъатининг ўрни беқиёсдир. Хусусан, унинг тарбиявий аҳамияти ҳақида гапирар эканман, бир ривоятни келтиришни жоиз деб биламан:
Қадимда Турон заминида халқпарвар, одил, аммо бефарзанд шоҳ ўтган экан. У ўзининг вақти соати етганида ворис масаласида ўз аҳли-аёнларига қуйидагича васият қилибди: «Мен ўлганимдан сўнг шу куни туғилган 40 та ўғил бола чақалоқни саройга олиб келинглар. Янги туғилган чақалоқлар, албатта, йиғлаши аниқ. Чақалоқлар баравар йиғлашга тушганида саройдаги созанда ва хонандалар, халққа энг машхур ва манзур бўлган халқ қўшиқларидан бирини маромида ижро этсинлар. Шунда энг биринчи бўлиб йиғидан тўхтаган чақалоқни шоҳ қилиб кўтаринглар». Бу ривоятдан шундай хулоса чиқариш мумкинки, мусиқадан тез таъсирланадиган инсонда халқпарварлик, меҳр-оқибат, самимийлик хис-туйғулари кучли бўлиб, унинг сиймосида одил шоҳни кўриш мумкин.
Ушбу ривоятдан чиқарган хулосангизни янада бойитиш учун бир неча маълумотларни ҳам эслатиб ўтаман: мусиқа тинглаш ва мусиқа билан шуғулланиш инсон ҳар икала яримшарларининг бирдай фаолият олиб боришига туртки бўлади. Бунинг натижасида эса мия ривожланади. Бу борада канадалик нейрофизиолог олимларнинг тажрибалари мавжуд. Улар тажриба орқали мусиқа билан шуғулланиш фикрни бир жойга жамлай олиш, қобилиятини оширишини исботлашган. Олимларнинг таъкидлашларича, бир йил давомида мусиқа билан шуғулланган болалар хотира, фикрлаш қобилияти, математик тафаккур жиҳатидан анча юқори натижаларни кўрсатишади. Шунингдек, мусиқа билан қанча эрта шуғулланилса, натижа шунча яхши бўлади, деган илмий хулосага келишган. Масалан, Японияда шуларни ҳисобга олган ҳолда кўпчилик ота-оналар ўз фарзандларини икки ёшиданоқ мусиқа билан шуғуллантира бошлашади. Бунда таълим бошланғич методларга асосланиб олиб борилади. 
...Бир табиатшунос олим умрининг охирида ўзининг шеъриятга, мусиқага иштиёқи камайгани хусусида ўкиниб, агар умримни қайтадан бошлаш насиб қилганда, ҳар ҳафтада лоақал бир марта бироз шеър ўқиш, андак мусиқа тинглашни қоида қилиб олган, шу йўл билан миямнинг тегишли қисимларини фаол ҳолатда сақлаб қолган бўлардим, деб ёзганди...
Ҳа, инсон руҳиятига, дунёқараши, фикрлаши, тарбиясига таъсир этувчи бу мусиқада гап кўп...
Муҳаббат ШЕРАЛИЕВА

Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (15.01.2016)
Просмотров: 1068 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz