Алайлайбалайлайистонга хуш келибсиз!
(ҳажвий ҳикоя)
Болалигимизда боболаримиз бизга унчалик тушунарсиз, эртакнома гапларни айтиб қолишар эди. Масалан: шундай замонлар келадики, фирқалар кўпайиб, одамлар янтоқ устига чиқиб азон чақирадиган бўлади. У замонларга балки биз етмасмиз, аммо сизлар етасизлар. Кейин ундоқчайин дунёнинг у четидаги одам билан бу четидагиси ойнаи жаҳонда бир-бирини кўриб, гаплашадиган даврлар келади, дейишса, наҳотки, дея ажабланардик. Ҳозир шуларни ёдга олар эканман, боболаримиз ярим аср аввал бугунги тараққиётни қандай билишган экан-а, дейман.
Дарвоқе, кунига бир эмас, ўнлаб фирқалар, жамоалар, жамғармалар, ҳаракату баракотлар тузилиб ётибди. “Уч оғайни ботирлар” деган эртакдагидай, уч кишининг боши бир жойга қовушса, бир фирқа тайёр. Аммо уч кундан кейин бири борса келар, иккинчиси борса хатар, учинчиси эса борса келмасга қараб тирқирашиб, тарқашиб кетишяпти ҳам.
Боболаримиз айтган хўп замонлар келдида.
Хусусан эрта баҳор ва ё кеч кузда бунақа фирқачалар тузиш урф бўлган. Руҳий табибларнинг айтишларича бу ҳолат айримларнинг баҳор ва кузда хуруж қиладиган мавсумий дардларининг ҳосиласи экан.
Ўрик-ўрикни кўриб ранг олади, деганларидек ўзимизнинг айрим танишларнинг ҳам худди шу мавсумларда дарди қўзийди. Лекин, ҳар гал турли кўринишда. Бурноғи йил биттаси “Эшаклар галаси”, яна бошқа бириси “Шоқоллар тўдаси”, кейинги бир йили эса учинчиси “Тул хотинлар” уюшмаси…Хуллас ҳар ярим йилда битта-яримта “Шалаш кантора” очишадида.
Менда ҳам нима кўп, десангиз, ғоя кўп. Лоп этиб миямга урадида ўша ғоя ҳеч тинчлик бермайди.
Мана танишлар турли жиғилдонбоп ташкилотчаларни тузиб ётишибди. Боболаримиз айтмоқчи замон келган аллақачон. Бир тугмачани боссангиз бир дунё лаш-луш чиқиб келаверади.
Бугун саҳар мардондан миямда айланаётган ўша ғоя бошимни қитиқлайвергани учун сўфи азон чақирмай ўрнимдан туриб олиб, хонанинг у бошидан бу бошига бориб келавердим, бориб келавердим. Ғоя ярамас эса бору аммо ҳадеганда туғилавермайдида, денг…Тонг ёришай, деб қолганда келдику гурсиллаб қадам ташлаб.
Оҳ, мана санга ғоя. Бу ғоя дабдурустдан келмади ахир. Бу ўша, ў-ўв эски бир чол бор эдику, “Буюк ялангоёқлар” мамлакатини яратаман, деган, ўшани ғоясига сал чалароқ ўхшаб кетади. Лекин уники амалга ошган. Мана орадан юз йил ўтиб кетса ҳам ўша ялангоёқлар ҳалиям тахтда. Ҳеч тушгиси йўқ.
Мен ҳам бир янги мамлакат қурсам нима қипти. Компьютернинг бир тугмачасини боссам бир мамлакат тайёр. Мамлакатнику компьютерда тузарсан, уни ким бошқаради, дейсизда. Бу ёғи энди демократияни ишга соламиз.
Хотинни ширин уйқусидан бир тепиб уйғотаман. У “тинчликми хўжайин”, дея бир айб иш қилиб қўйгандай гуноҳкорона боқади.
Унга: Э, хотин. Бахтинг бор экан. Бир мамлакатнинг пошшосининг хотинисан ҳозирдан бошлаб.
Менинг хом ғояларимни эшитавериб, ҳайратланмайдиган бўлиб қолган хотиним, “ҳа, яна эски нағмангми”, дегандай бошқа ёнбошига ағдарилиб хурракни чўза бошлайди. Мен анойи эмасман. Уни сира ухлагани қўймайман. Шундоқ ғоя мияда ғужғон уриб турганда бу кишим ухлармишлар.
Хотиннинг биқинига оёғимни қўйиб туртиб юбораман. Ҳиқ этиб яна кўзини ишқалаб очади.
Интернетда бир мамлакат ташкил қилдим. Номи Алалайбалалайистон. Хотиним бу гал жиддий шекилли дарди, дегандай хавотир аралаш ўрнидан туриб, аптечкадан юракни ҳовлиққанини босувчи дорисини олиб, тилининг тагига ташлайди.
Номини қаранг, номини, дейман ўзимча қувониб…Жарангдор ва дабдабали.
Алалайбалалайистон!!!! Яшасин, Алалайбалалайистон!!!
Тошойнага қараб соқолимни қиртишлар эканман, устара сирғалиб кетиб, бироз юзимни териси шилинди. Қон сизди. Ҳа, кураш қурбонсиз бўлмас, деганларидек қон тўкилиши табиий. Қон сизган юзимни оппоқ сочиққа тутгандим унга ҳам юқиб, бироз қизариб қолди. Ўҳ, бир ғоя келса кетма-кет келаверадида. Байроғимиз оқ-қизил рангда бўлади. Шуларни ўйлар эканман, ювиниш учун ҳаммомдаги сув жўмрагини бураб юбордим. Вииззз, виииз. Илиққина сув баданимни яйратди. Беихтиёр, хиргойи қила бошладим.
Алаё, балаё, алаё, балаё
Лалалай, малалай.
Бизнинг дунё алаё,
Сизнинг дунё балаё…
Шунда бирдан иссиқ сув тўхтаб муздай сув қуйила бошлади. Овозим ҳаммомда шунақанги жаранглаб оҳанг берардики, тарихий воқеа юз бераётгани учун ҳам, хиргойидан тўхтамадим. Чунки Алалайбалалайистоннинг мадҳияси совуқ сувга қўшилиб келаётгандай эди гўё.
Хиргойида давом этдим.
Совуқ келса семириб,
Иссиқ келса кемириб,
Алаё, балаё, алаё, балаё,
Лалалай, малалай.
Шундай қилиб десангиз байроғу мадҳия ҳам тайёр.
Ҳа, дарвоқе, Алайлайбалайлайистонда демократик фуқаровий жамият бўлади. Ўзим унинг президенти. Хотиним бош вазир. Бола чақалар, невара-чеваралар вазиру вузаро, ҳокиму ҳукамо.
Эй, биродар ҳеч шошқалоқлигингиз қолмади қолмадида. Фуқаролар ким, деб шошасиза. Алайлайбалайлайистон мамлакати тузганим ҳақидаги гапларни ўқиб ўтирибсизми? Ҳа, яшанг. Демак сиз менинг мамлакатимнинг фуқаросисиз. Йўқ, дейсизми? Э, бекорга оёқ тираяпсиз. Уруғ аймоғингиз билан мажбурий фуқаросисиз шу Алайлайбалайлайистоннинг. Ўқимаслик керак эди бўлмаса. Ким сизни мажбур қилди ўқи, деб. Ўз ихтиёрингиз билан ўқияпсиз. Ҳе, бор бўлинг. Эркин ахборот олиш, дейилади бунинг номини.
Кимдан ваколат олдинг, деманг. Ана бошқалар бутун бошли халқдан сўрамай уни номидан гапириб, нонини ўмариб юрибдику. Шукур қилинг, бизда демократия. Сайловлар йўли билан, кўпчилик овоз билан оилавий ҳал қилганмиз ҳаммасини. Бир ўзим айтганим билан бўлаётгани йўқку бу мамлакат. Мана сиз ҳам шу тарихий воқеанинг шоҳиди бўлиб ўтирибсиз.
Хўш, қани ҳалиги дунё харитаси. Ҳозирча қалам билан Ҳинд океанининг бир чеккасига Алайлайбалайлайистон, деб ёзиб қўямиз. Кейинчалик, боболаримиз каби сарҳадларимизни кенгайтириб ташлаймиз. Қандай қилиб дейсизда яна. Унисини кейинги дастуру амалларимизда маълум қиламиз.
Ҳозирча Алайлайбалайлайистонга хуш келибсиз!
Ризо Обидов
zamondosh.com