2015 ЙИЛ «КЕКСАЛАРНИ ЭЪЗОЗЛАШ ЙИЛИ» ДЕБ ЭЪЛОН ҚИЛИНДИ
2014 йил 5 декабрь куни Тошкентдаги Халқаро анжуманлар саройида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 22 йиллигига бағишланган тантанали тадбир ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов “Мамлакатимизни демократик янгилаш ва модернизация қилишга қаратилган тараққиёт йўлимизни қатъият билан давом эттириш – бош мақсадимиздир” мавзуида қилган маърузаси катта қизиқиш, кўтаринки руҳ билан кутиб олинди.
Конституция кунига бағишланган маросимда, шунингдек, 2015 йилнинг номи эълон қилинди. Президент ташаббуси билан кейинги йил «Кексаларни эъзозлаш йили» деб эълон қилинди.
ПРЕЗИДЕНТ АҚШ ДАВЛАТ КОТИБИ ЁРДАМЧИСИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 2 декабрь куни Оқсаройда икки томонлама сиёсий маслаҳатлашувларнинг бешинчи раундида иштирок этиш учун Тошкентга келган АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Ниша Десаи Бисвални қабул қилди. Давлатимиз раҳбари меҳмонни юртимизга ташрифи билан қутлар экан, мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳурматга асосланган амалий ҳамкорлик суръатини ижобий баҳолади. Учрашувда таъкидланганидек, турли даражадаги доимий мулоқотлар томонларга бир-бирини англаш, ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг аниқ йўналишларини белгилаб олиш имконини бераётир. Бу давлатлараро миқёсда, шунингдек, илм-фан ва таълим, маданият ва санъат намояндалари, фуқаролик жамияти вакиллари ўртасидаги ҳамкорликда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Мулоқот чоғида халқаро масалалар, жумладан, минтақамиз ва унинг ташқарисида ҳам хавфсизликка таҳдид солаётган Афғонистон муаммосига алоҳида эътибор қаратилди. Давлат котиби ёрдамчиси АҚШ Ўзбекистон раҳбарининг Афғонистондаги вазиятни ўнглаш борасидаги саъй-ҳаракатларини, давлатимизнинг ушбу мамлакат иқтисодиётини тиклашда кўрсатаётган ёрдамини юксак қадрлашини таъкидлади. Ниша Десаи Бисвал самимий қабул, ўзаро ҳамкорликка оид ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш имконияти яратилгани учун Президентимиз Ислом Каримовга миннатдорлик билдирди. Америкалик дипломат ўз давлати раҳбарияти номидан АҚШ Ўзбекистон билан кўп қиррали ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳамкорликни изчил ривожлантириш тарафдори эканини қайд этди.
Ўзбекистон – АҚШ муносабатларида савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳалар муҳим ўрин эгаллайди. АҚШнинг йирик компаниялари билан иқтисодиётнинг юқори технологияли тармоқларида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик давом этмоқда. Мамлакатларимиз ишбилармон доиралари ўртасида ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтиришда Америка – Ўзбекистон савдо палатаси алоҳида аҳамиятга эга. Шу йилнинг ноябрь ойида Тошкентда Ўзбекистон ва АҚШ бизнес вакиллари иштирокида ушбу палатанинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
ЎЗБЕКИСТОНГА ЕХҲТ/ДИИҲБ КУЗАТУВЧИЛАРИ МИССИЯСИНИНГ АСОСИЙ ГУРУҲИ КЕЛДИ
Ўзбекистонга Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) кузатувчилар миссиясининг 12 кишидан иборат асосий гуруҳи келди. Яқин кунларда уларга 8 кишидан иборат узоқ муддатли кузатувчилар қўшилади. Шундай қилиб, ЕХҲТ/ДИИҲБнинг кузатувчилар миссияси ЕХҲТга аъзо 16 мамлакат: Беларусь, Босния ва Герцеговина, Буюк Британия, Германия, Дания, Италия, Молдова, Нидерландия, Норвегия, Польша, Россия, Сербия, Франция, Чехия, Швейцария, Швециянинг жами 20 вакилидан иборат.
Миссия Ўзбекистондаги фаолиятини жорий йилнинг 1-30 декабрь кунлари давомида ташкил этишни режалаштирган. Унинг асосий вазифаси миллий сайлов қонунчилиги ҳамда сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тажриба умум эътироф этилган халқаро норма ва стандартларга мос келишини баҳолашдан иборат. Кузатиш давомида миссия сайлов органлари ишининг ташкил этилиши, сиёсий партиялар, ОАВнинг сайлов жараёнидаги фаолияти билан танишади.
18 ноябрь куни ЕХҲТ/ДИИҲБ расмий веб-сайтида Эҳтиёжларни баҳолаш бўйича миссия ташрифи якунлари бўйича ҳисобот эълон қилинди. Унда Ўзбекистон Конституцияси ва сайлов қонунчилигига ижобий ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгани қайд этилган, давлат бошқарувини ва сайлов жараёнини янада демократлаштириш бўйича чоралар алоҳида таъкидлаб ўтилди ва овоз бериш куни ҳеч қандай муаммолар кутилмаслиги ҳақидаги якдиллик билан билдирилган фикрни эътиборга олган ҳолда, Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси ўз ҳисоботида ЕХҲТ/ДИИҲБга Ўзбекистон парламент сайловига Кузатувчиларнинг чекланган миссиясини юборишни таклиф қилганди. Таъкидлаш жоизки, ЕХҲТ/ДИИҲБ билан бирга сайловларни кузатиш истагини яна 4 та халқаро ташкилот — МДҲ Ижроия қўмитаси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлиги ташкилоти, Умумжаҳон сайлов органлари ассоциацияси изҳор этди. Бундан ташқари, Республика Марказий сайлов комиссияси томонидан 35 та хорижий давлат, шу жумладан Осиё, Европа, МДҲ мамлакатлари, Африка ва Америкадаги 275 нафар кузатувчига таклифномалар юборилган. Улар орасида миллий парламентлар ва сайлов органларининг раҳбарлари ҳамда аъзолари, жамоат ташкилотлари ва ОАВ вакиллари, шунингдек, олим ва сиёсатшунослар кўпчиликни ташкил этади. Маълумот учун, Ўзбекистондаги 2009 йилги парламент сайловида 35 та мамлакатдан 229 нафар кузатувчи ва 4 та халқаро ташкилотдан 51 кузатувчи иштирок этган эди.
ЎЗБЕКИСТОН ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ БИТИРУВЧИ КУРСЛАРИ, МАГИСТРАТУРА ТАЛАБАЛАРИ ҲАМДА ЎҚИТУВЧИЛАРИНИНГ БИЛИМ САВИЯСИ ТЕКШИРИЛАДИ
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказида олий таълим муассасалари рейтингини тузиш доирасида бакалавр босқичи талабаларининг билимларини синовдан ўтказиш ишлари ташкиллаштирилди. Бу тадқиқот 70 дан ортиқ университет ва институтларни ўз ичига қамраб олиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 29 декабрдаги “Республика олий таълим муассасалари рейтингини баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги 371-сонли қарорига мувофиқ ҳолда амалга оширилмоқда. Ҳар бир ОТМда мутахассислик бўйича фанларни ўзлаштириш даражасини баҳолаш учун учта асосий таълим йўналиши танлаб олиниб, 17 мингдан зиёдроқ талабалар тўғрисида маълумотлар базаси яратилди. 264 академик гуруҳлар ёки жами битирувчиларнинг 31,6 фоизи тест синовларига жалб қилинди. Бу тест синовлари юртимизнинг барча ҳудудларида ноябрнинг иккинчи ярмида марказ ходимлари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва жамоат вакиллари кузатувлари остида бўлиб ўтди.
Магистратура талабалари учун Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимида магистратура фаолиятини янада такомиллаштириш, унинг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга мувофиқ ҳолда алоҳида тест синовлари ўтказилади. Бу тест синовлари вилоят ОТМларида 2-6 декабрь кунлари, пойтахт ОТМларида эса 9-13 декабрь кунлари бўлиб ўтади. Бу синовларнинг натижаларига кўра, талабаларнинг билимлари ва педагогларнинг малакаларига баҳо берилади.
2014 ЙИЛ 1-ЯНВАРДАН БОШЛАБ УМУМИЙ ПЕНСИЯ ҲАҚИ МИҚДОРИ ОШАДИ
4 декабрь куни “Ўзбекистон фуқароларининг давлат томонидан пенсия билан таъминланиши ҳақида” қонунига ўзгартириш киритилди. Бу ўзгартириш бўйича бундан буён нафақаларнинг таянч миқдори ёшга нисбатан бериладиган нафақанинг энг кам миқдоридан кам бўлмаслиги керак. 21 ноябрь куни эълон қилинган Ўзбекистон Президенти Фармонига кўра, Ўзбекистонда 15 декабридан бошлаб бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори ўрта ҳисобда 1,1 баравар оширилиши маълум қилинган эди. Натижада, ёшга нисбатан бериладиган нафақаларнинг минимал миқдори энг кам иш ҳақи (118 400 сўм) билан тенглашган эди. Янги қарорга кўра 2015 йилнинг 1 январидан бошлаб ёшга нисбатан бериладиган нафақаларнинг минимал миқдори 231 575 сўм қилиб белгиланди.
ТЕРМИЗДА “ЭЛЕКТРОН РЕКТОРАТ” ТИЗИМИ ИШГА ТУШИРИЛМОҚДА
Сурхондарё вилояти педагогик кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти томонидан янги лойиҳа амалга оширилмоқда. Институтнинг “электрон ректорат” деб номланган янги лойиҳаси вилоятдаги таълим муассасалари ўзаро фаолиятини янада енгиллаштиришга йўналтирилгандир. “Электрон ҳукумат” институтнинг янги лойиҳаси бўлиб, у фаолиятни ташкил қилиш ҳамда халқ таълими муассасалари, мактаб ва тингловчиларга услубий кўмак бериш бўйича туман бўлимлари билан алоқани соддалаштиришга хизмат қилади. Махсус компьютер дастурида рўйхатга олинган тингловчилар, уларнинг курсларга кириш учун тест синовларини топшириш натижалари, ўқув-машғулотни тугатиши, шунингдек, машғулотларга қатнашишига оид маълумотлар жойлаштириб борилади. Дастур мазкур маълумотларни ўз эгаларига, шу жумладан, СМС-хабар орқали юборилади. Масалан, тингловчилар машғулотлар бошланиши, Халқ таълими вазирлиги вилоят бошқармаси туман бўлимлари ва мактаблар раҳбарлари эса малакасини ошириш учун юборилган мутахассислар давомати ҳамда уларнинг ўзлаштиришига оид ахборотлардан бохабар қилиниб борилади.
САМАРҚАНД ВИЛОЯТИ ЭЛЕКР ТАРМОҚЛАРИ КАПИТАЛ ТАЪМИРЛАНАДИ
Самарқанд вилояти аҳолисини электр энергияси билан таъминлашни яхшилаш учун Самарқанд вилояти электр тармоқлари компанияси томонидан электр тармоқларини капитал таъмирлаш кўзда тутилган. Хусусан, 2,7 минг километрдан ортиқ электр тармоқлари, 200 дан ортиқ трансформатор шохобчалари, 750 та тармоқ трансформаторлари ва 10 га яқин кучланиш трансформаторлари тўлиқ таъмирдан чиқарилади. Бундан ташқари, Осиё Тараққиёт банки кўмагида Самарқанд вилояти хўжалик объектлари ва аҳолисини электр энергияси билан таъминланиши барқарорлигини оширувчи «Қуввати 100 мегаваттга тенг қуёш фотоэлектрик станциясини қуриш» лойиҳаси амалга оширилмоқда. Станциянинг фойдаланишга топширилиши натижасида электр энергия ишлаб чиқарилиши ҳажми йилига 160 гигаватт/соатга кўпаяди.
ТОШКЕНТ ШАҲРИ КЎЧАЛАРИДАГИ БАРЧА ЧИРОҚЛАР ТЕЖАМКОРЛАРИГА АЛМАШТИРИБ ЧИҚИЛАДИ
Осиё Тараққиёт банки (ОТБ) ва Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Ўзбекистондаги кўчаларни ёритиш тизимини такомиллаштириш учун миллионлаб доллар сармоя киритади. 39 миллион доллар миқдоридаги инвестициялар ҳисобидан шаҳарларнинг кўчаларини ёритиш тизимига янги технологиялар жорий этилиши кўзда тутилган. «Тошшаҳарнур» компанияси лойиҳасига асосан, шаҳар кўчаларидаги барча ёритиш чироқларини алмаштириш чиқиш кўзда тутилган, бунинг натижасида электр энергиясини 30-40 фоизга тежаб қолиш мумкин бўлади.
ТОШКЕНТДА ЧИРОҚ ЎЧИШИ НАТИЖАСИДА ИШДАН ЧИҚҚАН ТЕХНИКА ҲАҚИНИ СУД ОРҚАЛИ УНДИРИШ МУМКИНЛИГИ МАЪЛУМ ҚИЛИНДИ
Тошкент шаҳар ҳокимлигида 28 ноябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида шаҳарда мунтазам равишда чироқ ўчиши муаммолар муҳокама қилинди. Маълум қилишларича, агар электр таъминотининг кутилмаганда узилиши/ўчирилиши натижасида бирор техника зарар кўрадиган бўлса, техника эгаси судга мурожаат қилишга ҳақли. Мулк электр таъминотидаги узилиш ёки унинг «ўйнаши» натижасида ишдан чиққанини белгилаш учун ҳудудий уй-жой коммунал хизматида ишлайдиган электр устасини, техника айнан чироқ ўчган вақтда бузилганини қайд этиш учун маҳалла қўмитаси вакилларини чақириш керак бўлади. Бундан ташқари, электр таъминоти носоз берилганини аниқлаш мақсадида электр таъминоти хизматига мурожаат қилиш, шунингдек, мулкдор ва коммунал хизматларни кўрсатувчи ширкат ўртасида тузилган шартномани ўрганиб чиқиш (ушбу шартномада ширкат томонидан кўрсатиладиган хизматлар сифатида қайд этилган бўлади) тавсия этилади.
САМАРҚАНДДА КОНФУЦИЙ ИНСТИТУТИ ОЧИЛДИ
Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг 2013 йил 9-10 сентябрь кунлари Ўзбекистонга ташрифи давомида имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги битимга мувофиқ, Самарқандда Конфуций институти очилди. Кейинги йилларда Ўзбекистон — Хитой муносабатлари кенг кўлам касб этиб, стратегик шериклик юксак даражага кўтарилди. Мамлакатларимизнинг миллий манфаатларига, Ўзбекистон ва Хитойнинг тараққиётига хизмат қиладиган бу алоқалар мустаҳкам ишонч руҳида изчил давом этмоқда. 2005 йилда Тошкент Шарқшунослик институти негизида биринчи Конфуций институти ташкил этилган эди. Ушбу эзгу ташаббуснинг юксак самара бериши эса орадан тўққиз йил ўтиб иккинчи Конфуций институти очилишига асос бўлди. Бунинг учун Самарқанд давлат чет тиллар институти базаси танланди. Ушбу даргоҳ юртимиздаги нуфузли олий ўқув юртларидан бири бўлиб, бу ерда юқори малакали хорижий филолог мутахассислар ҳамда гид-таржимонлар тайёрланмоқда. Қолаверса, институт кўплаб хорижий таълим масканлари, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик муносабатларини изчил ривожлантириб бораётир. Бу эса Хитойдаги таълим муассасалари эътиборини ҳам қозонди. Пировардида 2013 йилнинг сентябрида Шанхай хорижий тиллар университети раҳбарлари бошчилигида бир гуруҳ мутахассислар Самарқанд давлат чет тиллар институтига ташриф буюриб, бу ердаги ўқув жараёни билан яқиндан танишдилар. Профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар билан суҳбатлашиш асносида томонлар таълим ва илм-фан соҳаларида ҳамкорлик қилиш, қўшма симпозиумлар, конференциялар ўтказиш, кадрлар малакасини ошириш каби масалалар бўйича келишиб олишди.
ДЕМОКРАТИК ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ФАОЛ ИШТИРОКЧИЛАРИ
“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан “Ўзбекистон аёллари – 2014: ижтимоий мавқе ва кайфият” мавзусида сўров ўтказилди. Сўров натижасида хотин-қизларнинг социал ва ижтимоий-сиёсий фаоллиги юқори экани маълум бўлди. 91,3 фоиз иштирокчи хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаолиятини ижобий баҳолади ва мамлакатимизда ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотларда иштирок этишни ўзининг муҳим ва дахлсиз ҳуқуқи деб билади. Уларнинг фикрича, ҳудудий бошқарув органлари, фуқаролар йиғинлари, сиёсий партиялар, касаба уюшмалари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятида хотин-қизлар фаол иштирок этмоқда.
ИТАЛИЯ КОМПАНИЯСИ БУХОРО ҲУДУДИДА “ЛУКОЙЛ” УЧУН ЯНГИ ҚУЁШ ЭЛЕКТРОСТАНЦИЯСИ ҚУРАДИ
Италиянинг “MyEnergy Spa” компанияси Бухоро вилоятининг Қандим ҳудудида 2 МБт қулайликка эга янги фото электростанция қуради. “MyEnergy Spa” компанияси Россиянинг “Лукойл” компанияси 2007 йилда 35 йил муддатга сотиб олган ушбу ҳудудда қуёш электростанцияси қуриш учун ташкил этган тендерда ғолиб чиққан. “MyEnergy Spa” компанияси айни пайтда Самарқанд вилоятида 100 МБт қулайликка эга яна бир станция қурилиши учун ўтказилаётган тендерда иштирок этмоқда.
ЎЗБЕКИСТОН ҲУКУМАТИ 2015 ЙИЛДАН БОШЛАБ РОССИЯДАН ҚАЙТАЁТГАН МЕҲНАТ МУҲОЖИРЛАРИНИ ИШ БИЛАН ТАЪМИНЛАЙДИ
Ўзбекистонда 2015 йилдан бошлаб хориждаги, асосан, Россиядаги меҳнат фаолиятидан қайтиб келаётган меҳнат муҳожирлари бандлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигидан маълум қилишди. Олий Мажлис Сенати 13 ноябрь куни 2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини маъқуллади, унга кўра келаси йили Ўзбекистонда 987 мингдан ортиқ янги иш ўринлари ташкил этилиши кўзда тутилган. Ушбу дастурга хорижий мамлакатлардаги, хусусан, Россиядаги мураккаб иқтисодий вазият туфайли Ўзбекистонга қайтиб келаётган меҳнат муҳожирларининг бандлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар ҳам киритилган. Дастурга асосан, 2015 йили Ўзбекистонда 409,5 минг нафар меҳнат муҳожирлари иш билан таъминланади. Айни вақтда, ушбу иш ўринларининг асосий қисми вилоятларда – Сурхондарё, Самарқанд, Қашқадарё, Наманган, Андижон, Бухоро ва Фарғонада ташкил этилади. Меҳнат муҳожирлари ўз яшаш жойларида иш билан таъминланишлари ёки тадбиркорлик фаолиятларини бошлашлари мумкин. Айни шу жараёнда уларга Ўзбекистон ҳукумати ва тижорат банклари томонидан кўмак кўрсатилади. «Масалан, Ўзбекистонга қайтиб келган меҳнат муҳожирлари давлат ҳисобидаги фойдаланилмаётган объектларни, фойдаланилмаётган объектларни бузиш натижасида очилган ер участкаларини ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш фаолиятини ташкил қилиш мақсадида «ноль» қийматида сотиб олишлари ёки ижарага олишлари, бу лойиҳаларга муҳожирликдаги меҳнатлари давомида тўплаган даромадларини сармоя сифатида киритишлари мумкин бўлади», – дейилади вазирлик ахборотида. Бундан ташқари, дастурга асосан тижорат банклари Ўзбекистонга қайтиб келган меҳнат муҳожирларига кичик кредитлар тақдим этишади. Ушбу кредитлар ҳисобидан меҳнат муҳожирлари хориждаги фаолиятлари давомида тўплаган тажрибалари асосида ўз бизнесларини йўлга қўйишлари ва ривожлантиришлари мумкин бўлади.
РАВШАН ЭРМАТОВ – ОСИЁНИНГ ЭНГ ЯХШИ ҲАКАМИ
Ўзбекистонлик ФИФА рефериси Равшан Эрматов бешинчи маротаба “Осиёнинг энг яхши ҳаками” деб эътироф этилди. Филиппин пойтахти Манилада Осиё футбол конфедерацияси ташкил этилганининг 60 йиллигига бағишлаб ўтказилган маросимда жорий йилги футбол мавсумининг турли номинациялар бўйича ғолиблари тақдирланди. Унга кўра Равшан Эрматов қитъа ҳакамлари ўртасида энг юқори кўрсаткични қайд этиб, “Осиёнинг энг яхши ҳаками” бўлди.
ШАРҚ ЯККАКУРАШЛАРИ ВА ЖАНГ САНЪАТЛАРИ ФЕСТИВАЛИ
Пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” спорт мажмуасида X шарқ яккакурашлари ва жанг санъатлари республика фестивали бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон шарқ яккакурашлари ва жанг санъатларини ривожлантириш маркази томонидан турли номинациялар бўйича ғолиблар тақдирланди. Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ўтказилган XVII ёзги Осиё ўйинларида таэквондо (WTF) бўйича олтин медални қўлга киритган Жасур Бойқўзиев ва ушбу мусобақада каратэ бўйича кумуш медаль соҳиби бўлган Барно Мирзаева “Йилнинг энг яхши спортчиси” дея эътироф этилди. II Параосиё ўйинлари ғолиби, дзюдочи Одилбек Тулендибоев “Энг матонатли спортчи”, муайтай бўйичаЎзбекистон терма жамоаси мураббийи Баҳодир Ҳасанов “Йилнинг энг яхши мураббийи”, хапкидо бўйича мураббий Эдуард Ли “Шарқ яккакурашлари фахрийси”, Тошкентда ўтказилган самбо бўйича Осиё чемпионати “Йилнинг энг ёрқин воқеаси”, Ўзбекистон таэквондо (WTF) ассоциацияси “Йилнинг энг яхши федерацияси” деб топилди.
“ЎЗБЕКИСТОН” – “УКРАИНА” 10:0
Мексикада ногирон-футболчилар ўртасида Жаҳон чемпионати бошланди. Амалдаги жаҳон чемпиони ҳисобланган Ўзбекистон терма жамоаси “А” гуруҳидан жой олишган. Вакилларимиз гуруҳдаги дастлабки ўйинда йирик ҳисобда ғалаба қозонишди. Украинага қарши ўтган ўйинда рақиб дарвозасига жавобсиз 10 та тўп йўллашди. Гуруҳдаги яна бир рақибимиз Бразилия терма жамоаси 1-турда Ирландия устидан 2:0 ҳисобида зафар қучди. Терма жамоамиз “А” гуруҳининг 3-турида бразилияликларга қарши баҳс олиб борди ва 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
БУГУНГИ НАШРЛАРДА: БОЗОР АДАБИЁТИ ИСТЕЪДОДНИ СЎНДИРАДИ (2014 йил 4 декабрь)
Бугун чоп этилган марказий ижтимоий-сиёсий нашрларда, асосан, қуйидаги масалалар ёритилди:
– “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кучга кирганлиги;
– сайлов кампанияси доирасида сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқоти давом этаётганлиги;
– пойтахтимизда “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси” республика кшрик танлови ғолибларини тақдирлашга бағишланган маънавий-марърифий тадбир ўтказилганлиги;
– Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 22 йиллиги муносабати билан эълон қилинган материаллар ва бошқалар.
Бундан ташқари, бугун эълон қилинган эътиборга молик материаллардан қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:
“Шарқ зиёси” газетасининг 49-сонида “Мулоҳаза учун мавзу” рукни остида таниқли журналист Аҳмаджон Мелибоевнинг “Бозор адабиёти истеъдодни сўндиради” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Муаллифнинг ёзишича, бугун адабиётимизда тақлид, кўр-кўрона эргашиш, ифода усулларидаги бир хиллик кенг тарқалиб бормоқда. Аксарият ёш истеъдод эгалари “сариқ матбуот” саҳифаларида эълон қилинаётган ўртамиёна машқларни шеър, ҳикоя ва қисса деб билмоқдалар ҳамда унинг ортидан эргашмоқдалар. Муаллиф фикрича, ҳозирда ўрта мактаб ёки коллеж ўқувчиси бахтсиз севги, никоҳсиз туғилган бола, тўлғоқ азоби, хиёнат устида қўлга тушган келинчак, ўз уйида қўшмачилик қилаётган аёл ҳақида ёзаётганлига бефарқ қараб бўлмайди. Аҳмаджон Мелибоев ўз мақоласида устозлар томонидан ёш қалам соҳиблари билан турли жойларда мулоқот олиб боришни, “маҳорат мактаб”ларини ташкил этиш лозимлигини таъкидлаб ўтган.
“Новый век” газетасининг 49-сонида “Читатель обращается, спрашивает, предлагает” рукни остида Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи Раъно Садуллаеванинг мурожаати “Ловушки над каждом шагу” сарлавҳаси остида эълон қилинди. Ёзилишича, шаҳарда видеокузатув кабелларини ўрнатилиши натижасида йўл қопламалари сифатсиз ҳолатга келмоқда. Шунингдек, Миробод, Чилонзор, Юнусобод, Яккасарой ва бошқа туманларда ҳанузгача асфальт қилинмаган йўлкалар (тротуарлар) мавжудлиги ҳамда улардаги ҳолат яхши эмаслиги ҳақида маълумот берилган.
“Ҳуқуқ” газетасининг 49-сонида “Департамент фош этади” рукни остида “Фирибгар “даллоллар” материали эълон қилинди. Унда юртимизда ишлаб чиқарилаётган баъзи автомобилларни фуқароларга шартнома муддатидан тезроқ етказиб бериш билан шуғулланаётганлар, фуқаролаларни алдаб, фирибгарлик қилганлар ҳақида маълумот берилган. Фирибгарлар фуқаролардан “Ласетти” учун 500 АҚШ доллари, “Спарк” учун 600 АҚШ доллари, “Кобальт” русумли автомобил учун 300 АҚШ доллари, “Дамас” учун 800 АҚШ доллари олганликлари, шу сабабли уларга тегишли жазолар тайинланганлиги ҳақида ахборот берилган.
БУГУНГИ НАШРЛАРДА: ЧЎНТАКДАМАС, ҲАМЁНДАМАС… (2014 йил 2 декабрь)
Бугун чоп этилган марказий ижтимоий-сиёсий нашрларда, асосан, қуйидаги масалалар ёритилди:
– Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 1 декабрь куни Оқсаройда Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши аъзоси, жамоат хавфсизлиги вазири Го Шенкунни қабул қилганлиги;
– сайлов кампанияси доирасида сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқоти давом этаётганлиги;
– Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг шу йил 14 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма икки йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қарори ижросига бағишланган идоралараро йиғилиш бўлиб ўтганлиги;
– Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 22 йиллиги муносабати билан эълон қилинган материаллар;
– Равшан Эрматов бешинчи бор Осиёнинг энг яхши ҳаками бўлганлиги.
Бундан ташқари, бугун эълон қилинган эътиборга молик материаллардан қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:
“Ўзбекистон овози” газетасининг “Муносабат” рукни остида Орзиқул Саматовнинг “Юксак мукофот қувончи ва масъулияти”материали эълон қилинди. Ушбу мақолада мустақиллик йилларида Термиз шаҳрида амалга оширилган бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари, одамларнинг ҳаётидаги, кайфиятидаги ўзгаришлар ҳақида сўз юритилади.
“Инсон ва қонун” газетасининг 48-сонида “Шаҳар бедарвоза эмас” рукни остида Давлат божхона қўмитаси ахборот хизматининг“Чўнтакдамас, ҳамёндамас…” материали эълон қилинди. Унда республикамиз божхоначилари томонидан божхона чегаралари орқали нақд хорижий валюталарнинг ноқонуний олиб ўтилишининг олдини олиш борасида турли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани тилга олинган. Шунингдек, мазкур материалда божхоначилар томонидан аниқланган қонунбузилиш ҳолатларидан мисоллар келтирилган. Масалан, “Самарқанд-Санкт-Петербруг” йўналишидаги авиарейс орқали учиб кетаётган йўловчи 5500 АҚШ долларини, Россия Федерациясига йўл олган булунғурлик яна бир йўловчи 28,5 минг АҚШ долларини расмийлаштирмасдан олиб чиқиб кетаётганликларида божхона ходимлари томонидан қўлга олинганликлари ҳақида ахборот берилган.