//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [483]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

Қадр-қимматим, таянчим ва ифтихорим

Қадр-қимматим, таянчим ва ифтихоримсан, мустақил Ўзбекистон!

 

Мустақиллик туҳфа қилинмайди. Жасорат ва матонат билан қўлга киритилади. Мустақиллик кунини халқимиз энг улуғ, энг азиз айём, деб билади. Бу шонли санани катта шоду хуррамлик билан байрам қилади.

Бугун Ватанимиз мустақиллигининг йигирма икки йиллигини кенг нишонламоқдамиз.

2014 йил, 31 август. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи, унга туташ майдон ва хиёбонлар, йўллар ва бинолар байрамона безатилган. Мусаффо осмон, гулгун шафақ, ранго-ранг байроқлар атрофга ажиб тароват бахш этган. Кўчаларни тўлдирган одамлар чироқлар нуридан шуълаланаётган муаззам майдон томон ошиқади.

Бу ерга Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳукумат аъзолари, Ўзбекистон Қаҳрамонлари, фан ва маданият, адабиёт ва санъат намояндалари, ишлаб чиқариш илғорлари, тадбиркорлар, жамоат ташкилотлари, мамлакатимизда фаолият юритаётган хорижий давлатлар элчихоналари, халқаро ташкилотлар ваколатхоналари раҳбарлари ташриф буюрган.

Соат 19.00. Байрам тантанасида ҳозир бўлганлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовни қарсаклар билан кутиб оладилар.

Чорлов мусиқаси байрам шодиёнаси бошланаётганидан дарак беради.

Президент Ислом Каримов минбарга таклиф этилади.

Давлатимиз раҳбари мустақиллигимизнинг йигирма икки йиллиги билан бутун халқимизни муборакбод этади.

Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси ижро этилади.

Майдонга ўрнатилган йирик мониторларда Президентимизнинг 1991 йил 31 август куни парламент минбарида нутқ сўзлаётган сиймоси намоён бўлади. Ислом Каримов Ўзбекистон Республикасининг мустақиллигини эълон қилади.

Бу сўзлар ҳурриятпарвар аждодларимизнинг асрий орзусини, халқимизнинг ўзига муносиб ҳурмати ва ҳуқуқини рўёбга чиқарди.

Бу йил энг улуғ, энг азиз айёмимиз мамлакатимиз бўйлаб “Қадр-қимматим, таянчим ва ифтихоримсан, мустақил Ўзбекистон!” деган эзгу ғоя асосида нишонланмоқда. Бу шиорда истиқлолнинг мазмун-моҳияти, мустақиллик туфайли ҳис этганимиз инжа туйғулар ўз аксини топган.

Истиқлол йилларида халқимизнинг турмуш даражаси муттасил юксалиб бормоқда. Бу аҳоли даромадларининг изчил ўсаётгани, одамларнинг шахсий уй-жой ва сифатли истеъмол товарлари билан таъминланаётгани, яшаш учун зарур инфратузилманинг кенгайиб бораётганида намоён бўлаётир. Бугун юртимиздаги оилаларнинг 97 фоизи ўз уйига, ҳар уч оиладан бири шахсий автомобилига эга. Аҳолининг 90 фоизи узоқ муддат фойдаланиладиган барча асосий товарлар билан таъминланган.

Мамлакатимиз ижтимоий фаровонлик, жумладан, умр кўриш давомийлиги, оилаларнинг тинчлиги ва осойишталиги, ишсизлик даражасининг пастлиги бўйича жаҳон ҳамжамиятида кўплар ҳавас қиладиган юксак ўринларни эгаллаб турибди.

...Даврага болалар чиқиб келади. Уларнинг шўх-шодон кулгулари, қувноқ рақс ва қўшиқларидан диллар яйрайди.

Истиқлол йилларида ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ишлаб чиқилган Кадрлар тайёрлаш миллий дастурига мувофиқ узлуксиз таълимнинг ноёб механизми яратилди.

Юртимизнинг барча ҳудудларида, чекка-чекка қишлоқларда ҳам замонавий касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар барпо этилди. Янги университет, институт ва академиялар ташкил этилиб, энг ноёб мутахассисликлар бўйича ҳам кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.

Бунинг самарасида барча соҳаларда кадрларга бўлган эҳтиёж таъминланмоқда. Бугун умумий ўрта, ўрта махсус ҳамда олий таълим тизимидан иборат барча босқичларда замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, чет тилларида эркин сўзлашадиган, жисмонан чиниққан, эътиқоди мустаҳкам авлод вояга етмоқда.

Ёшларимиз энг нуфузли халқаро танловларда, Олимпиада ва жаҳон чемпионатларида ҳеч кимдан кам эмаслигини исботламоқда. Жорий йилда мамлакатимиз ўқувчилари кимё фани бўйича 47-халқаро Менделеев олимпиадасида умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган «Соғлом она – соғлом бола» концепцияси асосида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, соғлом оилани шакллантиришда муҳим омил бўлмоқда. Юртимизнинг барча ҳудудларида ташкил этилган замонавий скрининг марказлари, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази ва Репродуктив саломатлик маркази, уларнинг минтақавий филиалларида оналар ва чақалоқларга юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Ёш авлодни комил инсонлар этиб тарбиялаш, жамиятда соғлом муҳитни қарор топтиришнинг асосий воситаси сифатида мамлакатимизда спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз томонидан асос солинган Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг фаолияти умуммиллий ҳаракатга айланди. Айни пайтда бу жараён таълим-тарбия тизими билан мутаносиб равишда олиб борилаётгани ёшларимизни ҳам маънавий, ҳам жисмоний жиҳатдан уйғун ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Истиқлол йилларида мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат, одамлар эркин нафас оладиган жамият барпо этилди. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият экани мустаҳкамлаб қўйилди. Бунинг ҳаётий ифодасини мамлакатимизда яшаётган ҳар қайси инсон, ҳар бир оиланинг орзу-интилишлари рўёбга чиқаётганида, одамларнинг дунёқараши, ҳаётга ва меҳнатга муносабати юксалиб бораётганида яққол кўриш мумкин.

Бугун Ўзбекистон 130 дан ортиқ давлат билан дипломатик муносабатлар ўрнатган. Тошкентда 45 мамлакатнинг элчихонаси, йигирмага яқин халқаро ташкилот ва молиявий муассаса ваколатхоналари фаолият кўрсатмоқда. Хорижий давлатларда, халқаро ташкилотлар ҳузурида Ўзбекистоннинг 46 дипломатик ва консуллик ваколатхоналари очилган. Мамлакатимиз БМТ, ШҲТ, МДҲ, Ислом конференцияси ташкилоти каби нуфузли халқаро ва минтақавий тузилмаларга аъзо.

Ўзбекистон халқаро муносабатларда асосли ва эзгу ташаббуслари билан жаҳон оммаси ҳурматини қозонмоқда. Дунё миқёсида тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, гуманитар-маданий ҳамкорликни ривожлантириш, экологик муаммоларнинг олдини олиш борасидаги саъй-ҳаракатлари самарасида мамлакатимизнинг жаҳон сиёсат майдонидаги обрў-эътибори ва нуфузи тобора ошиб бормоқда.

“Бу Ватан сенингдир”. Қалбларга ҳаяжон солувчи, Ватанга дахлдорлик туйғуларини уйғотувчи ушбу қўшиқ садолари остида майдонга озодлигимиз ва тинчлигимизнинг мустаҳкам қалқонлари бўлган ҳарбийларимиз кириб келади.

Эл-юртимиз осойишталиги, мамлакатимиз хавфсизлиги ишончли қўлларда. Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучларимиз Олий Бош Қўмондони Ислом Каримов раҳнамолигида замонавий Қуролли Кучларни шакллантириш, унинг қудрати ва салоҳиятини ошириш бўйича амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар бунда муҳим омил бўлаётир.

Тинчлик – тараққиёт ва фаровонликнинг энг муҳим омили. Мамлакатимизда ана шу омилнинг доим барқарорлиги туфайли барча соҳаларда улкан ютуқ ва марраларга эришилмоқда. Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган тараққиётнинг “ўзбек модели”нинг изчил амалга оширилаётгани самарасида мамлакатимиз иқтисодиёти 3,5 баробардан зиёд ўсди.

Бундай юксак натижаларга эришишда мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, имтиёз ва преференциялар бериш, соҳа вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар муҳим омил бўлмоқда.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик аҳолини сифатли товарлар билан таъминлаш, экспорт таркибида юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотларни кўпайтириш, замонавий хизмат кўрсатиш, янги иш ўринларини яратиш ва шу асосда аҳоли даромади ҳамда фаровонлигини оширишда етакчи кучга айланиб бораётир.

Ҳозирги кунда ялпи ички маҳсулотнинг 54 фоизи, ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотларининг 22 фоизи ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг 98 фоизи айнан шу соҳа ҳиссасига тўғри келмоқда.

Бу 2012 йил 14 сентябрда пойтахтимизда бўлиб ўтган “Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий сиёсатни амалга оширишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг роли ва аҳамияти” мавзусидаги халқаро конференцияда ҳам алоҳида эътироф этилди.

Қишлоқ хўжалигида янги мулкчилик шакллари жорий этилгани, фермерлик ҳаракатига кенг йўл очилгани, энг муҳими, меҳнатга муносабатнинг ўзгаргани самарасида Ўзбекистон қисқа вақтда ғалла мустақиллигига эришди.

Жорий мавсумда деҳқонларимиз 7 миллион 610 минг тоннадан зиёд юксак хирмон бунёд этди. Бу рақамни 90-йиллардаги ҳолат билан қиёслаганда ҳосилдорлик 3 каррадан кўпроқ ошгани, умумий ҳосил 7 баробардан зиёд кўпайгани аён бўлади. Мустақилликкача дон ва ун таъминоти бўйича бошқаларга қарам бўлиб келган халқимиз айни пайтда ўз эҳтиёжини таъминлаш билан бирга хорижий давлатларга дон экспорт қилмоқда.

Янги боғлар, токзорлар барпо этилаётгани, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, балиқчилик каби тармоқлар ривожланаётгани натижасида бозорларимиз тўкин, дастурхонимиз файзли, баракали. Сабзавот, картошка, полиз экинлари, мева, узум етиштириш, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ҳажми изчил ўсиб бораётир.

...Оҳанглари эзгулик нишоналари бўлиб, байрам саҳнасида мумтоз санъатимиз дурдоналари янграйди...

Мамлакатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ўзликни англаш тарихни билишдан бошланади. Ўз тарихи, анъаналари ва қадриятларига эга бўлган ва уни қадрлаган миллат теран илдизларидан қувват олади, юксалади, тараққий этади.

Истиқлол йиллари Ватанимиз учун маънавий тикланиш ва юксалиш даври бўлди. Аждодларимиз томонидан яратилган бой маънавий-маданий меросимиз тикланди. Юртбошимизнинг ташаббуси билан Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Жалолиддин Мангуберди, Алишер Навоий сингари улуғ боболаримизнинг юбилейлари кенг нишонланди. Имом Бухорий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Аҳмад Фарғоний, Бурҳониддин Марғиноний каби буюк уламоларимиз, азиз-авлиёларимиз хоки-поклари обод, руҳлари шод этилди.

Тарихи неча минг йилларга бориб тақаладиган шаҳарларимиз юбилейини халқаро миқёсда нишонлаш анъана тусини олди. Самарқанд, Хива, Бухоро, Шаҳрисабз, Қарши, Термиз, Тошкент, Марғилон сингари қадим ва муаззам шаҳарларимизнинг тўйларини нишонлаш асносида тарихимизни янада теран ўргандик, шаҳарсозлигимиз, маданиятимиз илдизларини чуқур тадқиқ этдик, шундай улуғ аждодлар ворислари эканимиздан чексиз фахру ифтихор туйдик. Халқимиз даҳосининг бой маданий-маънавий қадриятларидан саналган “Авесто”нинг 2700 йиллиги, “Алпомиш”нинг 1000 йиллиги, Хоразм Маъмун академиясининг 1000 йиллиги катта байрамга айланди.

“Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали, “Асрлар садоси” анъанавий маданият фестивали ана шу бой маънавий меросимизни кенг тарғиб этиш, санъатнинг турли йўналишларида фаолият кўрсатаётган ижодкорларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилаётир.

«Art Week Style.uz» санъат ҳафталиги ҳам ўзига хос маданият ва санъат байрамига айланди. Ҳафталик доирасида ўтказилаётган «Олтин Гепард» халқаро Тошкент кинофоруми, «Theatre.UZ» халқаро театр фестивали, Халқаро Тошкент фотобиенналеси каби йирик лойиҳаларда мусиқа, кино, театр, фотография, тасвирий санъат, дизайнерлик, мода, меъморлик каби кўплаб соҳа ва йўналишлардаги ютуқлар намойиш этилмоқда.

Президентимиз таклифига биноан 2013 йил мамлакатимизда Обод турмуш йили, деб эълон қилинди.

Давлатимиз раҳбарининг ғояси ва ташаббуси асосида пойтахтимизнинг Алишер Навоий кўчасида бунёд этилган кўпқаватли замонавий уйлар фойдаланишга топширилди. Бу шаҳарнинг меъморий қиёфасини янгилаб, бошқа иншоотлар билан уйғунлик касб этди. Пойтахтимизни замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида режали ривожлантиришга қаратилган бундай изчил ишлар самарасида Тошкент дунёдаги экологик жиҳатдан тоза ва кўркам қиёфага эга етакчи пойтахт шаҳарлар қаторидан жой олди. 2012 йилда Буюк Британиянинг нуфузли Economist Intelligence Unit(EIU) компанияси эълон қилган рейтингда Тошкент дунёнинг яшаш қулай бўлган шаҳарлари орасида қайд этилгани бунинг далилидир.

Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан комплекс ривожлантириш, намунавий лойиҳалар асосида қишлоқ аҳоли пунктларини обод этиш, аҳоли турмуш шароитларини яхшилашга қаратилган эътибор самарасида шаҳарлар ва қишлоқлар ўртасидаги тафовут камайиб бормоқда.

Шу йилнинг 17 апрель куни пойтахтимизда бўлиб ўтган «Замонавий уй-жой қурилиши – қишлоқ жойларини комплекс ривожлантириш ва қиёфасини ўзгартириш ҳамда аҳоли ҳаётининг сифатини яхшилаш омили» мавзусидаги халқаро конференцияда бу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди.

2009-2012 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 23,6 минг замонавий уй-жой, уларга мос инфратузилма барпо этилди.

“Обод турмуш йили” Давлат дастури доирасида 10 мингта якка тартибдаги замонавий уй-жой барпо этилмоқда. Мустақиллик байрами арафасида кўплаб ана шундай уйлар ўз эгаларига топширилди.

Бундай имкониятлар оилаларнинг турмуш шароитини янада яхшилаш, аввало, уй бекаси бўлмиш опа-сингилларимизнинг оғирини енгил қилишга хизмат қилмоқда. Аёлларимиз рўзғор ташвишларидан ортиб, ўз қизиқиш ва интилишларини рўёбга чиқармоқда. Фарзандларини соғлом ва баркамол этиб вояга етказмоқда.

Бугунги кунда иқтисодий-ижтимоий соҳаларда меҳнат қилаётганларнинг қарийб 50 фоизини ташкил этадиган хотин-қизлар мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда.

– Биз бахтли авлодмиз – шундай бир улуғ тарихий даврда яшаяпмиз, – дейди байрам тантаналарида иштирок этган Тошкент педиатрия тиббиёт институти талабаси Муфассалхон Пўлатова. – Ота-боболаримизга армон бўлган, мамлакатимиз тарихида янги даврни бошлаб берган мустақилликни кўриш бизга насиб этди. Истиқлолимизнинг ҳар бир йили улкан ўзгаришлар, тарихий воқеаларга бой бўлаётир. Юртбошимиз раҳнамолигида эришилаётган бундай улкан ютуқлар мана шу тантаналар шукуҳида, юртдошларимизнинг очиқ чеҳрасида ҳам яққол кўриниб турибди.

– Ўзбекистон мустақиллиги байрамида иккинчи марта иштирок этаётганимдан мамнунман, – дейди Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Чжан Сяо. – Байрам тантанасидаги кўтаринки руҳ, одамлар юз-кўзидаги қувонч ва шодлик юртингиздаги тўкинлик, фаровонлик, тинч ва осуда ҳаёт ифодасидир. Президент Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистон ҳар томонлама жадал ривожланмоқда. Буни мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик кўлами йилдан-йилга кенгайиб, икки томонлама муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилганида ҳам кўриш мумкин. Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари бундан кейин ҳам изчил тараққий этаверишига ишонаман. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқини мустақиллик байрами билан чин қалбимдан муборакбод этаман, бахт-саодат тилайман!

...Байрам тантанаси янада қизийди. Ватанни мадҳ этувчи қўшиқлар ва рақсларда яшаш завқи, ёш авлод қалби ва тафаккурида жўш ураётган бунёдкорлик иштиёқи, шу заминда туғилиб камол топиш бахтидан масрурлик ҳислари жўш уради...

Майдон узра таралаётган куй ва алёрларда мустақиллик, тинч ва осойишта ҳаёт улуғланади, эркин ва обод Ватанга фарзандлик меҳри, шукроналик ва миннатдорлик туйғуси билан йўғрилган, севги, садоқат ва дўстликни мадҳ этувчи қўшиқлар жозибали рақсларга уланади.

Замонлар ўтади, мамлакатимизда янги-янги авлодлар дунёга келади, аждодларимизнинг, халқимизнинг асрий орзу-умидларини рўёбга чиқарган, эркин ва обод Ватан барпо этиш йўлида қанот бўлиб, беқиёс имконият ва истиқболларни очиб берган бу кун – Мустақиллик куни юртимиз тарихидан асло ўчмайдиган буюк сана бўлиб қолаверади.

Самода ранг-баранг мушаклар жило сочади. Ёғдуларга боқиб қалбларимиздаги ҳаяжон тошади. Қалблардаги эзгу ниятлар тилга кўчади:

– Мустақиллигинг абадий бўлсин, жонажон Ватаним!

– Улуғ тўйинг муборак бўлсин, буюк ва муқаддас Ватаним – мустақил Ўзбекистон!

 

 

ЎзА, Анвар Самадов, Аъло Абдуллаев, Сарвар Ўрмонов (сурат) 
Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (30.07.2014)
Просмотров: 926 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz