//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [483]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

Қадимий ва навқирон

Қадимий ва навқирон


Бухоро мустақил Ўзбекистоннинг учта сайёҳлик гавҳаридан бири ҳисобланади. Бу ерга ҳар йили дунёнинг турли бурчакларидан меҳмонлар нафақат ўрта аср Шарқининг ноёб меъморий ёдгорликларини томоша қилишга, балки тарих учун қисқа давр ҳисобланган охирги йилларда ушбу кўҳна шаҳар бозор муносабатлари йўлига мустаҳкам туриб олганини кўриш учун ҳам келади. 

Сайёҳлар ва меҳмонларнинг аксарияти поездда ташриф буюради. Вокзал ҳам узоқ эмас, вилоятда катталиги бўйича иккинчи ўринда турувчи Когон шаҳрида жойлашган. Ёлғиз саёҳатга чиқсангиз ҳам вилоят марказига етиб олиш жуда осон. Самимий ва меҳмондўст бухороликлар доим ёрдам қўлини чўзади. Уларнинг кўпчилиги ўзбек, тожик, рус тилларида гапиради, сўнгги йилларда эса инглиз тилини биладиганлар ҳам кўпайиб қолди. “Маршрутка”, такси ёки автобусга дадиллик билан ўтираверинг... Йигирма-ўттиз дақиқадан сўнг ўзингизни меъморий ёдгорликлар орасида кўрасиз: энди бу ердан сайёҳатингизни ёки иш сафарингизни бошлашингиз мумкин. Шаҳар меҳмонлари учун барча қулайликлар яратилган: меҳмонхоналар, ресторанлар – бу ерда сизни бухоролик ҳамкорларингиз осонгина топиб олади. Шаҳар инфратузилмаси мунтазам равишда ривожланиб бораётганини қайд этиш жоиз: “меҳмоннавозлик индустрияси”нинг янги муассасалари пайдо бўлмоқда.     

Маҳаллий колоритдан илк таассуротлар автомбиль деразасидан бошланади. Замонавий қурилмаларнинг аксарияти – ғишт, бетон, темир, шифер – унча ёрқин бўлмаган рангларга бўялган. Бу қадимий шаҳар меъморларига ҳурмат бажо келтиришни билдиради. Лой ва қумдан барпо этилган бинолар ранги билан эмас, балки шакли билан кишининг эътиборини тортади. Бу уларнинг ташқи томони, холос. Иморатларнинг ичида ажойиб нақшларга йўғрилган камалакнинг барча рангларини кўрасиз. Ёрқин ранглар нафақат деворларда, балки гиламлар, сўзаналар ва бошқа анъанавий жиҳозларда ҳам жилоланиб туради. Ўз ишининг усталарига қойил қолиш керак – ранг-баранг бўёқлар кўзни қамаштирмайди, аксинча жуда яхши қабул қилинади.

altБухоронинг яна бир хусусияти шундаки, ҳатто унинг янги қисмида ҳам тўғри кетган узун кўчаларни кўрмайсиз, бу ҳам маҳаллий шаҳарсозлик анъаналарига ҳурмат бўлса, ажабмас. Эски шаҳарнинг тор кўчаларига қараганда, янгилари анча кенг.  

Минорали кранлар ва қурилиш майдончалари кўҳна шаҳарнинг замонавий қисмида ва вилоятнинг барча туманларида одатий манзарага айланган. Аммо бу ерда нафақат замонавий уй ва офислар, саноат объектларини барпо этиш, балки меъморий ёдгорликларни реставрация қилиш ишлари ҳам кетмоқда. Бу борадаги ишларга Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган бутун бир дастур бағишланган. Ҳозир бирйўла учта ёдгорликни реконструкция қилиш ишлари олиб борилмоқда. Улардан бири – бутун жаҳонга машҳур Арк – Бухоро амирининг қароргоҳида кетяпти. Бу ерда ўлкашунослик музейи жойлашган. Айни пайтда қалъа деворини реконструкция қилиш ишлари давом этаётир. Унинг бир қисми бир неча ўн йиллар олдин махсус ғиштлардан тикланган эди, бошқаси эса ҳозир қуёш, ёғингарчилик ва бошқа ташқи омилларнинг ҳалокатли таъсиридан ҳимоя қилишни талаб этмоқда. Бугунги кунда унинг устида реставраторлар ва қурувчилар бригадаси меҳнат қиляпти.

Меъморий ёдгорликлар орасида узоқ вақт қолиб кетганингизда, беихтиёр бу меҳмондўстлик ва меъморий ёдгорликлар, турли эсдалик совғалари ва буюмлари билан савдо қилаётган ҳунармандлар – ҳозирги бухороликларнинг бутун ҳаёти экани ҳақидаги ўйлар чулғаб олади. Бироқ бу ундай эмаслигига ишонч ҳосил қилиш учун Бухоронинг эски қисмидан ташқарига чиқишнинг ўзи кифоя. Бу ерда тўлақонли ҳаёт қайнаётган замонавий шаҳарни кўрасиз – йўллар автомобилларга тўла, янги тураржой ва офис биноларининг қурилиши авж олган, таълим, тиббиёт, маданият, спорт муассасалари фаолият кўрсатмоқда, молиявий, маиший, савдо хизматларини кўрсатиш марказлари, замонавий корхоналар ривожланаётир, шаҳардан ташқарида қишлоқ хўжалик сектори ишлаб турибди.

Оловда туғилган санъат
Меҳмондўст Бухоронинг замонавий ҳаёт тарзи барча соҳаларга, ҳатто ҳунармандлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакилларининг фаолиятига ҳам ўзига хослик бағишлаган. Эски шаҳарда жойлашган устахоналарда, сайёҳлар кўп тўпланадиган жойларда ҳаёт ўзгача кечади.

Масалан, темирчиларнинг олтинчи авлоди бўлмиш Шокир Камоловнинг устахонасини олайлик, у темирчилик тарихи бўйича бутун бир музейга айланган. Асосий қаҳрамонлар – ишлаётган темирчининг ўзи ва ўғиллари. Уста Шокир ҳар бир меҳмонга хурсанд, шошмасдан ўз ҳунари, сулоласи ҳақида сўзлаб беришга тайёр. Турли буюмлар ясаладиган устахонада кўза кўринишидаги ғаройиб шаклли печ эътиборни тортади, унда болғалашдан олдин металл қизаргунча қиздирилади.      

alt– Отам уйда турган кўза – тўкин-сочинлик ва бахт рамзи, дерди. Шу боис устахонани жиҳозлаётганимда печга шундай шаклни бердим. Унинг тасвири буюмларимга уриладиган тамғага ҳам туширилган, - дейди уста.

Темирчилик асослари ҳақида ҳикоя қилар экан, устахона хўжайини ўз сулоласининг тарихи, экспонатлар намойиш этиладиган залга таклиф қилди. Аввал печда ҳароратни ушлаб туриш учун теридан фойдаланиларди, бугун бу ишни электр вентилятори бажаради. Агар олдинлари пичоқ ва бошқа тиғли буюмларни чархлаш учун махсус арқон ёрдамида қўлда ҳаракатга келтириладиган механизм қўлланган бўлса, ҳозир ҳаммаси электр юритмалар орқали бажарилади. Шу ернинг ўзида темирчилар томонидан ясалган буюмлар кўргазмаси ҳам тақдим этилган. Темирчи усталар томонидан тайёрланган асбоблар ҳар қандай меҳнатни осонлаштиришга қодир.    

Темирчилар нафақат оддий асбобларни, балки санъат асарларини ҳам ярата олади. Бунга уста Шокир ва унинг ўғиллари яратган ҳамда музейнинг учинчи залидан ўрин олган буюмлар яққол далилдир. Бадиий буюмлар ўзининг нозиклиги билан нигоҳларни жалб этади. Мана, масалан, темирдан ясалган Минораи Калон, унинг устида афсонавий Хумо қуши қанот қоқмоқда. Бу битта конструкция бўлиб, унинг элементлари мувозанат қонунлари асосида бирлаштирилган. Шу ернинг ўзида дамашқ пўлатидан ясалган кўплаб пичоқлар ва металлдан тайёрланган бошқа бадиий буюмларни кўриш мумкин.

Устахонага ташриф буюрувчилар ва харидорлар орасида таниқли инсонлар кўп. Гувоҳларнинг айтишича, ипак гиламлар қўлда тўқиладиган “Бухоро силк карпет” МЧЖ устахонасида қўли гул гиламдўзларнинг ишига қойил қолган машҳур Жерар Депардье бирданига учта гилам сотиб олган экан. Устахоналарда нафақат тайёр буюмларни томоша қилиш мумкин.

- Ҳар бир меҳмон бизда санъат асарлари қандай яратилишини ўз кўзи билан кўради, - дея ҳикоя қилади корхона менежери, гиламдўзлар авлодига мансуб Сабина Бурхонова. – Биз буюртма асосида бутун бир шоуни ташкил қиламиз, унда сайёҳларга қадимий шаҳримизнинг гиламчилик  тарихи ҳақида сўзлаб берамиз. Дастур туфайли улар бутун минтақадаги гиламчилик ҳақида билиб олади. Масалан, бухороликлар чанг кўплиги туфайли узун тукли жун гиламларни эмас, балки қисқа тукли ипак гиламларни афзал кўради. Кенг маданий алоқалар шунга олиб келдики, энди бухоролик гиламдўзлар Марказий Осиё ва Кавказ халқларининг нақшларини ҳам қўлламоқда. Лекин шуни айтиш жоизки, ҳар бир нақш, ҳар бир буюм – бу илдизи асрлар қаърига бориб тақалувчи алоҳида тарихдир.

Бошқа ҳунармандларнинг ижоди билан ўқувчиларни газетамизнинг кейинги сонларида “Маданият ва санъат” рукни остида таништиришда давом этамиз.

Вилоятдаги учта етакчи соҳа
«Хорижда маҳаллий қоракўлдан тайёрланган кийим-кечакларга талаб қайтмоқда. Биз маҳсулотимизни Россия, Туркия, Италия ва Германияда муваффақият билан сотяпмиз. Бунга асосан замонавий мода тенденцияларига амал қилиш ва буюмларни тикишда янги технологияларни қўллаш туфайли моделлар қаторини кенгайтиргандан кейин эришилди. Энди ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва унинг ҳажмларини ошириш вақти келди».

(“Меховая мода” МЧЖ директори Холмурод Ҳакимов билан суҳбатдан).

– Нефть-кимё, енгил ва озиқ-овқат саноати корхоналари етакчи позицияларда туришда давом этмоқда. Вилоят корхоналари томонидан чиқариладиган маҳсулотнинг 80% уларнинг улушига тўғри келади, - дея қайд этади Бухоро вилояти иқтисодиёт бошқармасининг комплекс ривожланишни прогноз қилиш ва мониторинг қилиш умумий бўлими бошлиғи Ҳаёт Эшев. – Қурилиш материаллари соҳаси ҳам дадил ривожланаётир. 2009 йилда соҳа корхоналарининг улушига ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг 3,8 фоизи тўғри келган бўлса, 2013 йил якунлари бўйича ушбу кўрсаткич деярли 8%га етди. Ишлаб чиқариш ҳажмлари нафақат анъанавий қурилиш материаллари ҳисобидан, балки замонавий маҳсулотлар ҳисобланган қуруқ аралашмалар ва гипсокартон ишлаб чиқариш туфайли ҳам ошмоқда. Вилоятда ушбу йўналишда маҳаллий қурилиш саноатининг етакчиси бўлган “Кнауф” ҚК муваффақиятли фаолият кўрсатяпти.

altҲудуд саноатидаги йирик тармоқлар орасида нефть-кимё соҳаси шубҳасиз пешқадам ҳисобланади, маҳсулотнинг 41,4% унинг улушига тўғри келади. Бу борада Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи етакчи саналади. 1997 йилда унинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти: “Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг ишга туширилиши – нафақат Ўзбекистон тарихидаги, балки ҳар биримизнинг ҳаётимиз, тақдиримиздаги буюк воқеадир” , - дея таъкидлаганди. Бугунги кунда унинг ишлаб чиқариш қувватларида замонавий авиалайнерлар учун авиация ёнилғиси, автомобиль бензини, икки турдаги дизель ёнилғиси, ёниш мазути ва углеводородли эритувчи ишлаб чиқарилмоқда. Ўз фаолияти давомида завод ўз инфратузилмасига эга бўлди – ишчилар учун уйлар, иссиқхонали томорқа хўжаликлари барпо этилди.   

Россиянинг “Лукойл” компанияси билан ҳамкорликда яна бир ноёб ишлаб чиқариш корхонаси – унумдорлиги йилига 8,1 млрд кубометр бўлган газни қайта ишлаш заводи қурилмоқда.

Тўқимачилик ва енгил саноат корхоналари ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ҳажми бўйича вилоятда иккинчи ўринда туради. Айниқса, тайёр кийим-кечак ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг оёққа тураётгани, маҳсулотни экспорт қилиш ишлари яна тиклангани кишини қувонтиради.

Масалан, «Бухоро-комфорт-текстиль» МЧЖ кенг турдаги маҳсулотларни тикиш билан шуғулланади. Экспортга мўлжалланган маҳсулотни тайёрлаш – алоҳида йўналишдир.

“OFS” МЧЖда эса кийим-кечакларни нафақат маҳаллий, балки импорт матолардан ҳам қандай тикилаётгани билан танишдик. Яқинда ушбу корхонанинг ишлаб чиқариш майдони 840 м кв дан 2 минг м кв гача кенгайди.

– Биз эркаклар учун замонавий устки кийим-кечаклар – пиджаклар, шимлар ва костюмлар тикамиз, - дейди корхона директори Олим Фозилов. – Маҳсулот сифати импортникидан қолишмайди. Ўтган ҳафтада Туркманистонга дастлабки экспорт маҳсулотларини етказиб бердик, ҳозир қозоғистонлик ва россиялик шериклар билан музокаралар олиб боряпмиз.

“OFS” – Олим Субҳонович Фозиловнинг бош ҳарфларидан олинган. Корхона асосчиси ва раҳбари унга ўз номини бергани ҳам тасодиф эмас – унинг бор ҳаёти мана шу корхонада жамланган! Олим ака ўз меҳнат фаолиятини бир пайтлар тикувчиликдан бошлаган, ёшларни шу касбга ўргатган. Вақт ўтиши билан севимли иши кенгая бошлади, натижада, замонавий юқори технологик ускуналарга эга янги ривожланаётган корхона дунёга келди.

Қоракўлдан тайёрланган маҳсулотлар Бухоро вилоятининг фахри ҳисобланади. “Хорижда маҳаллий қоракўлдан тайёрланган кийим-кечакларга талаб қайтмоқда”, - “Меховая мода” МЧЖ корхонасининг директори Холмурод Ҳакимов бизни ана шу сўзлар билан кутиб олди. – Охирги уч йил давомида маҳсулотни Россия ва Европа мамлакатларига экспорт қилдик – бу бизни руҳлантирди. Корхона ижарага олинган майдонларда ишларди, ҳозир эса ўз биномизни қуряпмиз. Янги бинода тўпламларимиз намойиши, музокаралар олиб борилиши учун шароитлар яратилишига алоҳида эътибор қаратмоқчимиз. Талаб ошиши билан қоракўлчилик хўжаликлари ҳам ривожлана бошлайди. Ҳозирча, хомашё танқислигини қоплаш мақсадида маҳаллий қоракўл териси билан бир қаторда афғон ва туркман териларини ҳам сотиб оляпмиз. Бундай маҳсулот ёқмаслиги мумкинми?! Бу ерда нафақат хомашё, балки чеварларнинг меҳнати ҳам ноёб ҳисобланади. Улар терининг ҳар бир миллиметрини кўриб чиқади, уни ранги бўйича танлайди, тери парчаларини бирлаштириб тикишади, кейин бичиб, ундан аёллар пўстинлари, нимчаларини тайёрлашади. Айрим моделлар мозаика сингари ўлчами бир неча сантиметр квадрат бўлган кичкина тери парчаларидан йиғилади.

Вилоятда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлашга қаратилган озиқ-овқат саноати ҳам фаол ривожланаётир. Йил бошидан буён соҳада умумий қиймати 6,3 млрд сўмлик 35 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилди.

– Диққатга сазовор томони шундаки, вилоят иқтисодиётининг барча соҳалари маҳсулотлар турининг кенгайишига ўз ҳиссасини қўшмоқда, - дея қайд этади Ҳаёт Эшев. – Биринчи ярим йилликда корхоналаримизда ҳудуд учун янги маҳсулот ҳисобланган гиламлар учун полипропилен ва полиамид иплар, бир марта ишлатиладиган болалар гигиена воситалари, сульфон кислотаси, маиший ювиш воситалари ва синтетик газонларни ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.

Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (23.08.2015)
Просмотров: 992 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz