ҲАҚИҚАТДАН ДАРАК БЕРУВЧИ ҲИКОЯЛАР Қоратов этаклари ва кўҳна Зарафшон дарёси оралиғидаги Учтут қишлоғи ҳақида кўп эшитгандирсиз. Бу қишлоқнинг номланишида ҳам рамзий маъно мужассам: негаки, бу жойда чиндан ҳам ёши бир ярим минг йилга тенг тут дарахтлари бор. Қишлоқ аҳли мазкур дарахтлар билан боғлиқ ҳар хил ривоятларни айтиб юришади. Яқинда қўлимга вилоятимизнинг умидли ёшларидан бири Мухлиса Хирочеванинг "Улуғвор салоҳият қаршисидаги ҳайрат" номли китоби тушиб қолди. Бу китобда вилоятимиздаги кўпгина тарихий қадамжолар қатори Учтут қишлоғи ҳақидаги ривоят ҳам келтирилган экан. Мазкур ривоят халқ оғзидан ёзиб олингани боис уни тўлиғича ҳукмингизга ҳавола қилишни лозим топдим. Айтишларича, олис замонларда шу атрофда меҳнаткаш, мард ва танти одамлар тинчлик-омонликда яшар эканлар. Кутилмаганда уларнинг устига қудратли ёв бостириб келибди. Эр йигитлар ва ҳатто қизлар ҳам қўлига қурол олиб, унга қарши отланибди. Оғир, қонли жанг бўлибди. Йигит ва қизлар мардона олишибдилар. Аммо начораки, кучлар тенг эмас экан, уларнинг ҳаммаси ҳалок бўлишибди. Душман эса қишлоқни талаб, уйларга ўт қўйиб, ҳимоясиз қолган қариқартанг ва болаларни аямай қиличдан ўтказа бошлабди. Шу ерда бир аёл яшаркан. Унинг эри ҳам ёғий билан жангда ҳалок бўлибди. Шўрлик аёл уч нафар ёш боласини сақлаб қолиш илинжида туяга миниб, қишлоқдан бош олиб, чиқиб бораётганида душман лашкарлари ортидан қувиб етибди. Онаизор жон ҳолатда болаларини ҳимоя қила бошлабди. Ёғий аёлнинг қўлидан ўғилларидан бирини тортиб олиб, ўша заҳотиёқ ўлдирибди. Лоақал қолган гўдакларини қутқариб қолиш умидида онаизор яна қочишга тушибди. Аммо ёвуз қотиллар бирин-кетин иккала болани ҳам она бағридан юлиб олиб, қатл этишибди. Бундай оғир жудолик аламига чидай олмаган бахтиқаро волида девонага айланибди. У шаҳид бўлган жигарпоралари қабри тепасида ўтирганича, "Фарзандларимни қайтариб бер", дея тинимсиз Худога нола қиларкан. Мўъжизани қарангки, баҳорда ҳар бир қабр ёнидан биттадан тут ниҳоллари кўкариб чиқибди. Бундан беҳад қувонган онаизор ниҳолларни фарзандлари номи билан атаб, оналик меҳри билан парваришлай бошлабди. Ҳатто оқшомлари ниҳолларга алла ҳам айтиб берар экан. Тут ниҳоллари тез орада улғайиб, йигитлардек кучга тўлибди. Эрта баҳорда шиғил-шиғил мева бера бошлабди. Аста-секин уч тут ёнига ҳам одамлар кўчиб келиб, ўрнашибди. Шу тариқа обод қишлоқ пайдо бўлибди. Ёшини яшаб, ошини ошаган онаизорнинг ҳам умри поёнига етибди. У ўзи парваришлаб вояга етказган тутлар соясида ўтирганича жон берибди. Айтишларича, ўшанда учала тутга ҳам забон битиб, "онажон!" дея мотам тутиб йиғлаган экан. Қишлоқнинг тарихи ҳақидаги бу гўзал ривоят ҳақиқатданда таъсирли, чиндан ҳам инсонни ўйлашга ундайди, тарихнинг олис манзараларини тасаввур қилгандай бўласиз. Навбаҳорнинг Учтутдан кейинги қишлоғи Ижанд ҳақида ҳам бир-биридан қизиқ ривоятлар бор. Қишлоқ отахонлари бу ҳикояларни айтиб беришга сира эринишмайди. Сюжети, воқеалар давомийлиги ҳар хил бўлишига қарамай, мазмуни бир-бирига яқин бўлган, қишлоқнинг оқ¬кўнгил инсонлари тўғрисида айтилган афсоналарга қулоқ тутиб, самимий чеҳраларга боқиб, бу сўзларда жон борлигига гувоҳ бўлдик. Ҳудуддаги "Янги куч" маҳалласи фаолларидан бири Норқул ака Дўстбоевнинг ўзи ҳам қишлоқ тарихи ҳақида иккита ривоятни мисол келтирди. Уларнинг бирида айтилишича, бу қишлоққа соҳибқирон Амир Темурнинг назари тушган экан. Буюк саркарда Хоразм воҳасига қилган ҳарбий юриши чоғида мазкур қишлоқ ҳудудидан ўтаётиб, чанқоғини қондириш мақсадида бир ҳовлига кирибди. Хонадон эгасининг икки ўғил, бир қизи бор экан. Амир Темур отадан ўғилларини аскарликка сўраганида, отахон "Бир ўғлим ёнимда қолсин, ўрнига қизимни олиб кетинглар. Унинг исми Эжам, моҳир жангчи", дебди. Соҳибқирон отанинг фарзандларини жангга олиб кетар чоғида уларни соғ-омон қайтаришга ваъда берибди. Орадан анча вақт ўтиб, зафар билан ортга қайтаётган саркарда йўлда яна отахоннинг ҳовлисига кирибди. Амир Темур отага фарзандларининг жасорати учун миннатдорчилик билдирибди. Сўнг бу ерликларга қарата: "Эжам жангда йигитлардан яхшироқ жанг қилди. Ўтмишимизга аёллардан ҳам ном қолсин, шу қишлоқнинг номини Эжам қишлоқ деб атанглар", дея мурожаат қилган экан. Шундан сўнг қишлоқ "Эжам" деб аталиб, кейинчалик маҳаллий аҳоли тилида "Ижанд", дея айтилиб кетган экан. Бу ривоятлардаги воқеалар қанчалик ҳақиқатга яқин - бу фақат тарих ҳукмига ҳавола. Аммо шуниси аниқки, ўлмас меросимиз бўлган мазкур халқ оғзаки ижоди намуналари ватандошларимизнинг юрак-юрагига сингиб кетган. Шунинг учун ҳам улар буни чин деб қабул қиладилар. Зеро, буюк файласуф Аристотел айтганидек, афсоналар ҳақиқатдан дарак берувчи ҳикоялардир. Нигора РЎЗИЕВА тайёрлади.