
Бунга уйдагилари томонидан отаси тенгги эркакка мажбуран узатилган Василу Умарнинг ўзи иқрор бўлган.
Хабарларга кўра, ҳодиса Нигериянинг асосан мусулмонлар яшовчи шимолий Кано штатида юз берган.
Маҳаллий полициянинг айтишича, Василу эрининг овқатига маргимуш солиб, уни ўлдирган.
Худди ўша заҳарланган овқатни танаввул этиб, яна уч кишининг ҳаётдан кўз юмгани ва 10 нафарининг касалхонага ётқизилгани ҳам айтилади.
Нигерия шимолида эса, ёшгина қизалоқларни бола боши билан отаси тенгги эркакларга узатиш ҳоллари кенг тарқалган.
Дейлик, отаси бор-йўғи 14 ёшда бўлган Василуни 35 яшар кишига мажбуран узатган.
Василу тўйидан бир ҳафта ўтиб, бу каби қотилликка қўл урган.
Нигерияда бўлган мухбиримизнинг айтишича, Исломий полиция бу каби никоҳ ҳолларининг олдини олишга уриниб, қизларини зўрлаб эрга берган оталарни жазолашни ҳам йўлга қўйган.
Аммо, ҳозирча, бу каби амаллар ҳам иш бермаётган кўринади.
Василуни эса, қилган иши ортидан, маҳкамага тортилиши кутилмоқда.
Фақат Нигерияда эмас

Ўтган йили яманлик қизалоқларнинг аянчли тақдирлари ҳам халқаро миқёсда жиддий хавотирларга сабаб бўлганди.
Агар, маҳаллий фаолларнинг маълумотларига таянилса, Яманда нигериялик Василу каби бошига бу каби кўргулик тушаётган қизалоқларнинг сони оз эмас.
Дейлик, 11 ёшли Вафони ота-онаси 40 яшар эркакка берган.
Вафо ўз эри томонидан жинсий зўрланган ва қийноққа солинган.
Фақат фаоллар аралашибгина, уни эридан ажратиб олишга муваффақ бўлишган.
11 ёшли Фавзия эса, тўнғич боласини дунёга келтириш чоғида ҳаётдан кўз юмган.
Мажбуран эрга берилган 12 ёшли Салва бошига тушган кўргуликларга чидолмай, ўзини томдан ташлаб, ўлдирган.
Расман қайд этилмаган, аммо кенг хабар берилган бошқа бир ҳодисада эса, 8 яшар қизалоқ илк никоҳ кечасидан сўнг олган ички жароҳатлари туфайли қазо қилган.
Аммо кўпчилик оилаларни қизчаларининг тақдиридан кўра, кўпроқ куёв томонидан олажак қалину, сарпо-суруғлари қизиқтираркан.
Яман Инсон Ҳуқуқлари вазирлигидан билдиришларича, никоҳ ёшини расман белгилаб берувчи қонунни қабул қилинг деб, турли даражадаги ҳукумат идораларига мурожаат қилавериб, эслари кетган.
Вазирлик вакилларига кўра, бусиз қизалоқларни мажбур никоҳлару зўравонликлардан асраб бўлмайди.
Қўшни Афғонистон ҳам мустасно эмас

Йилларки, афғонистонлик инсон ҳуқуқлари фаоллари ҳам ёшгина қизалоқларнинг отаси тенгги эркакларга мажбуран узатилиши ҳолларидан жиддий хавотир изҳор этиб келишади.
Бундан бор-йўғи икки йил бурун 12 ёшида турмушга узатилган Саҳар Гулнинг кечмиши ўтган йили бутун дунёни ларзага солган ва Афғонистоннинг ўзида ҳам кишиларнинг қаҳру ғазабларига сабаб бўлганди.
Ёш боши билан ўзидан анча катта кишига эрга тегишга мажбур бўлган Саҳар Гул эри ва унинг яқинлари томонидан шафқатсиз қийноққа солинади.
Улар Саҳар Гулни ертўлада оч-наҳор сақлашади, тирноқ ва сочларини суғуриб олишдан ташқари, баданини сигарет чўғи билан куйдиришади.
Ўтган йили афғон полицияси ўлишига бир баҳя қолган Саҳар Гулни қутқариб олишга муваффақ бўлади.
Афғонистон қонунчилигида никоҳ ёши қилиб 16 ёш белгиланган.
Аммо афғон қизларининг ярмидан кўпроғи бу ёшга етмасдан эрга бериб юборилади.
Дейлик, ўтган йили Афғонистон шимолида банги отаси қизини бир парча ер эвазига сотиб юборганди.
Маҳаллий фаолларга кўра, афғон ҳукумати қашшоқликни аритиш ва одамларнинг ҳуқуқий саводхонликларини ошириш йўлида жиддий чора-тадбирларга қўл урмас экан, ёш-ёш қизчаларнинг тақдири хавф остида қолаверади.