Жаннати Одам
16.01.2017 uzasuz
— Дада…
Хона тўридаги кроватда ётган бемор — Ғаффоржон бўйнини хиёл бурди. Ичкарига бир қадам қўйиб мўлтираб турган ўғлига саволомуз қаради.
— Ҳалиги…маҳалламиздаги муаллим… Қодир амаки келувдилар…
Ғаффоржон бир муддат сукут сақлаб турди-да, “Кираверсин”, дегандек бош тебратди. Ҳаял ўтмай ўғли олтмиш ёшлар чамасидаги ўрта бўй, қотмадан келган кишини бошлаб кирди.
— Ассалому алайкум, — Қодир муаллим хиёл эгилиб бемор ётган кроват олдига борди. Кейин Ғаффоржоннинг қўлини олиб пастга тўшалган кўрпачага чўккалади. — Илоҳи омин, Худо дардингизга тезроқ шифо берсин…
Хонада иккалалари ёлғиз қолишди. Ўртага оғир сукунат чўкди. Қодир муаллим бемордан ҳол-аҳвол сўрамоқчи, кўнглини кўтармоқчи бўлиб оғиз жуфтлади. Лекин Ғаффоржоннинг озиб бир бурда бўлиб қолган сарғимтир юзига, чуқур ботган нурсиз кўзларига бирров кўз ташлагач негадир дилидаги гаплари тилига кўчмади. Фақат хаёлидан “Бедаво дард давангирдек йигитни адойи тамом қилибди”, деган нохуш фикр ўтди.
— Қодир ака, уй ичидагилар яхшими? Катта ўғлингиз Ботиржон ҳозир ҳам ўша банкда ишлаяптими?
Беморнинг эшитилар-эшитилмас, паст оҳангда ҳол сўрашидан Қодир муаллим ҳушёр тортди. Суҳбатга мавзу топилганидан хурсанд бўлди.
— Ҳа, ўша ўзингиз жойлаб қўйган банкда, барака топинг. Ишидан ниҳоятда хурсанд. Қизим ҳам бу йил ўқишини тугатиб коллежга ишга кирди.
Ғаффоржоннинг юзига хиёл табассум югурди. Кейин “Яхши” дегандек бош қимирлатиб қўйди.
Орага яна сукунат чўкди. Қодир муаллим бу хонадонга охирги марта бундан икки ойча олдин ҳам кирган, ўшанда Ғаффоржон ўзини бир оз олдириб қўйган бўлса-да, ҳар ҳолда тетик эди. Орадан бирор ой ўтгач, “Саратон касалига чалинганмиш, даволангани Тошкентга кетибди”, деган гапларни эшитди. Мана энди маҳаллани тўлдириб юрган шундай йигит тўшакка михланиб ётибди.
…Бундан икки йил аввал, кенжа қизи Санобар иккинчи курсни тамомлагандан кейин ҳовлидан совчиларнинг қадами узилмай қолди. Қодир муаллим “Ҳеч йўқ, тўртинчи босқичга ўтсин, кейин узатаман, болали бўлгунча ўқишини ҳам битириб олади”, деган ўй-фикрда эди. Лекин тадбиркор бўлиб кетган синфдоши Аъзамжон “Қизингни ўзим келин қиламан, берсанг ҳам берасан, бермасанг ҳам”, деб икки оёғини бир этикка тиқиб олди. Муаллим “Ҳой, барака топкур, майли, лекин бир йил сабр қилгин”, деб Худонинг зорини қилди. Лекин дўсти “Ўзимиз ўқитиб оламиз ёки менга ишонмайсанми?” деб охири розилигини олди.
Тўй кунини белгилашгандан кейин эр-хотиннинг боши қотди. Боиси, харажатларни бундоқ хомаки ҳисоб-китоб қилиб кўришса йиғиб-терганлари мўлжалдагидан анча кам. Ахир, ҳозирги замонда қиз узатишнинг ўзи бўладими? Тўғри, қуда томон — Аъзамжон “Ортиқча дабдабанинг ҳеч кераги йўқ, тўйни ширингина қилиб ўтказамиз”, деб айтган. Ўзининг ҳам нияти шу. Лекин тўйни эл қатори қилмаса эртага маҳаллада қандоқ бош кўтариб юради. Дўст бор, душман бор. Нима қилиш керак? Пулдор ака-укалари бўлмаса. Сингилларининг аҳволи ўзига аён.
Эрталабки нонуштадан кейин ўғли ишга кетди. Қизи дастурхон йиғиштиргач, эр-хотин ёлғиз қолишди.
— Дадаси… — Саломатхон эрининг ташвишли чеҳрасига бир қараб олгач секин гап бошлади. — Кеча хаёлимга бир фикр келиб қолди. Шу… — хотини сўзини давом эттиролмай тараддудланиб қолди.
— Нима демоқчисан? — Қодир муаллимнинг негадир зардаси қайнади. — Чайналмай гапирсангчи?
— Индамасангиз ҳам сезиб, кўриб турибман, сиқилиб қолдингиз. Ғаффоржондан озгина қарз сўрасак-чи? Бир йил бўлса ҳам дарс бергансиз, ўқувчингиз…
— Эсинг жойидами? — деди норози оҳангда. — Мен ҳеч қачон умримда бировдан…
— Нима бўпти, қарз-ку, еб кетармидик, қайтарамиз-да. — Эрининг ён бераётганини кўрган хотини шошиб қолди. — Сизни ниҳоятда ҳурмат қилади. Мана, бир оғиз илтимос қилувдингиз ошна-оғайниларига айтиб ўғлимизни ишга жойлаб қўйди.
Қодир муаллим ўйланиб қолди. “Тўғри, ўқувчиси деса ҳам бўлаверади. Институтни тугатиб мактабга ишга тушганда Ғаффоржон битирувчи синф эди. Бир йил бўлса ҳам географиядан ўқитган. Аслини олганда-ку гап унинг ўқувчисилигида ҳам эмас. Ўзи ниҳоятда камтар йигит. Тўй-маросимларда ҳам унга кўзи тушгунча “Устоз, қани бу ёққа”, деб қўярда-қўймай тўрга ўтқазади. Баъзи пулдорларга ўхшаб димоғи осмондамас, хокисор.
— Гапингда жон бор, — эр шуларни хаёлидан ўтказаркан пешонасини тириштирди. — Лекин борсам юзимга айтмасаям ичида “Яқинда ўғлини ишга жойлаб қўйгандим, энди эшигимга қарз сўраб келибди”, демасмикин?..
Қодир муаллим хотинининг гапидан кейин кун бўйи ўйланиб юрди. Охири бир қарорга келиб асрга яқин Ғаффоржонникига йўл олди. Кўча эшикни ўғли Раҳматжон очди.
— Ассалому алайкум, келинг, амаки.
— Ғаффоржон уйдамилар?
— Ҳа, кираверинг.
У шундай дея ҳовли этагидаги олма тагига қўйилган ўриндиқда ўтирган дадаси томон бошлади.
— Келинг устоз, келинг, — Ғаффоржон Қодир муаллимга кўзи тушиши билан ўрнидан туриб бир икки қадам юргач қўшқўллаб сўрашди. Кейин бўш ўриндиқлардан бирига ишора қилди.
— Бормисиз домла, ўғил-қизлар, набиралар яхши юришибдими?
— Худога шукр, — Қодир муаллим гапни нимадан бошлашни билмай тараддудланиб қолди. Ғаффоржон “Хизмат, тортинмай айтаверинг”, дегандек унга мулойим тикилди.
— Шу… тўй бошлаб қўйувдик…
— Қутлуғ бўлсин, Ботиржонни уйлаяпсизми? — Ғаффоржоннинг чеҳраси ёришди.
— Йўғ-е, унга яна икки-уч йил бор. Кенжа қизимизни узатадиган бўлиб қолдик.
— Шундайми? Жуда яхши, қиз болани тенги чиқса, муносиб жой бўлса вақтида узатган маъқул.
— Тўғри айтасиз, — муаллим бош тебратди. — Қизимиз-ку энди иккинчи курсни тугатди. Мўлжалимиз яна бирор йилдан кейин эди. Аъзамжон деган қадрдон дўстим “Ўзимиз ўқитиб оламиз”, деб ҳеч ҳоли жонимга қўймади.
— Йигит нима иш қиларкан?
— Ўқитувчи. Ўтган йили институтни битирган, қобилгина йигит. Ёшлар ҳам бир бирларини кўришди. Боя ўзингиз айтганингиздек, муносиб жой бўлгани учун… Лекин гапнинг тўғриси ҳисоб-китоб қилиб кўрсак, қўлимиз бир оз калталик қилиб турибди. Шунга…
— Тушундим, — Ғаффоржон бош тебратди. — Қанча керак?
— Йўғ-е… мен шунча дермидим… имкониятингизга қараб…
— Ҳўп, яхши, мен ҳозир.
Ғаффоржон шундай дея айланасига қурилган уйлардан бирига кириб, конвертга ўхшаган тўртбурчак қоғозни олиб чиқди-да, Қодир муаллимга узатди.
— Мана, энди тўйни бемалол бошлайверинг. Мабодо яна зарурат бўлиб қолса, бемалол, ўзимга учрайверинг.
Минг хижолат билан хонадонга қадам босган Қодир муаллим ишнинг бундай осон битганини кўриб довдираб қолди.
— Раҳмат, Ғаффоржон, мингдан минг раҳмат, иним. — У қўлини кўксига қўйди. — Илоҳим, Худо бирингизга ўн берсин.
…Беморнинг қошида ўтирган Қодир муаллим шуларни кўнглидан кечираркан “Кўзи очиқлигида қарзимни бериб қўйишим керак”, деган фикр хаёлидан “ярқ” этиб ўтди.
— Ғаффоржон, иним, — деди хиёл энгашиб паст оҳангда. — Ҳалиги қарзни тўғрилаб қўйганман. Лекин озгина ками бор. Якшанба куни қўйни бозорга олиб чиқиб…
— Устоз…
Қодир муаллим унга қаради-ю бемаврид гап очганини тушуниб тилини тишлади.
— Хижолат чекманг, — Ғаффоржон чуқур тин олди. — Имкониятингиз бўлганда, орттирганингизда берарсиз.
Шу пайт Раҳматжон эшикни қия очиб қараб қўйди. Беморнинг ёнида узоқ қолиш ножоизлигини сезган муаллим изн сўраб ўрнидан турди…
* * *
Ғаффоржон хонада яна ёлғиз қолди. У шифтга бир муддат термулиб ётгач, ўнг томонига ўгирилди. Кейин тирсагига таяниб қаддини хиёл ростлагач бош томонидаги стол четига қўйилган анор шарбатидан пиёлага қуйиб бир-икки ҳўплади-да, деразадан кўриниб турган олма дарахтига тикилди. “Барглари тўкилиб тамом бўпти”, хаёлидан ўтказди. “Бу йил куз эрта келди”…
…Аслида ошқозонидаги оғриқ биринчи марта олти ойча олдин бошланган эди. Ўшанда “Кунда-кунора ош, ҳафтада ўтириш, тўй маросими, нафс ҳам ўлсин”, деган хаёлга борди-ю ўн-ўн беш кун кучли овқатлардан ўзини тийиб юрди. Парҳез фойда бериб оғриқ бир оз босилгандек бўлди. Лекин бутунлай яхши бўлиб кетмади. Бора-бора ҳолсизланиб ўзини толиққандек сеза бошлади. Бир куни хотини “Дадаси, тузукмисиз, кейинги пайтларда ўзингизни олдириб қўйдингиз, бирор жойга бориб ўн-ўн беш кун дам олиб келсангиз бўлмайдими”, деб қолди. Шундан кейин “Хотин ҳам сезибди, ўзимни кўрсатмасам бўлмайди”, деган хаёлга борди-ю шифокорга учради. Врач унинг шикоятини тинглаб, қон босимини ўлчагандан кейин “Ҳозир бир нима дейишим қийин, маслаҳатим шифохонада бир ҳафта-ўн кун ётинг, ҳамма анализларни олишсин. Шундан кейин бир хулосага келинади”, деди.
Врач ҳузуридан чиққан Ғаффоржон “Шунга ҳам касалхонами, жон койитадиган қаттиқ оғриқ бўлмаса, кузларга хотинни олиб бирорта санатория ёки курортга борарман”, деган хаёлга борди-ю яна ишга шўнғиб кетди. Сентябр ойининг бошлари эди. Эрталаб кўнгли бир оз беҳузур бўлиб йўтал тутди-ю ташқарига чиқиб туфлади. Қараса, қон! “Бу нимаси?!” Кўнглига ғулғула тушди. Ўша куни офисга бориб зарур топшириқларни берди-да, шаҳар касалхонасининг жарроҳлик бўлимида ишловчи мактабдош дўсти Шарофиддиннинг олдига борди.
— Тошкентга боришинг керак, — деди у дўстининг сўзларини диққат билан тинглагач жиддий оҳангда. — Имкониятинг бор, иложи бўлса эртагаёқ жўна.
…Профессор Шавкат Солиевич у билан ярим соатча суҳбатлашгач, онкология бўлими мудири Рауф Аҳмедовични чақиртирди.
— Шу бугундан ётишингиз керак, — деди онкология бўлими мудири, ўрта бўй, оқ сариқдан келган думалоқ юзли киши. — Эртагаёқ ҳамма анализларни топширасиз.
“Бу ёғи жиддийга ўхшайди-ю”. Ғаффоржон хавотирга тушди. У эрталаб Тошкентга жўнаётганда уйидагиларга “Корхона билан боғлиқ иш чиқиб қолди. Бир-икки кунда қайтаман”, деб қўя қолди. Врачнинг гапларидан кейин Қўқонга телефон қилишга мажбур бўлди. Ўша куниёқ шомга яқин ўғли билан хотини шифохонага етиб келишди.
— Бу ерда ётганимни қариндош-уруғ билмай қўя қолишсин, — деди Ғаффоржон ўзини хотиржам тутиб. — Сўраганларга иш билан Тошкентга кетишган, деб қўя қолинглар. Бир ҳафта-ўн кунда жавоб бериб қолишар.
…Икки кундан кейин олинган анализларнинг таҳлилидан Ғаффоржон ошқозон саратони касаллигига чалингани маълум бўлди.
— Касалликнинг бошланганига анча бўлган, — деди Рауф Аҳмедович таассуф билан бош тебратиб. — Ўшанда, бундан беш олти ой олдин оғриқ бошланиб ўзингизни ҳолсиз сезганингизда келиб учрашингиз керак эди.
— Энди… кечми? — Ғаффоржоннинг кўз олди қоронғулашгандек бўлди.
— Операция қилиш керак. Иложи борича тезроқ.
— Кейин… яхши бўлиб кетаманми?
— Бу ҳақда операция ўтгандан кейин гаплашамиз, — деди врач гапни қисқа қилиб. — Тушкунликка тушманг, бардам бўлинг.
Ғаффоржонни уч кундан кейин операцияга олишди. Бир ҳафта ўтгач, хабар олгани келган ўғлидан секин сўради:
— Раҳматжон, дўхтир сенга ҳеч нарса демадими?
— Йўқ.
— Операциядан кейин аҳволингиз ҳақида яна гаплашамиз, деганди. Шу пайтгача индагани йўқ, сўрагани юрагим бетламаяпти. Ўзинг хонасига кириб билгин-чи?
— Ҳўп бўлади, — Раҳматжон бош тебратди. — Кечагина шуни ўйлаб тургандим.
Эртаси куни эрталаб ўғли билан юзма-юз бўлганда:
— Врач билан гаплашдингми? — деб сўради.
— Ҳа…
— Нима деди?
— Операция яхши чиқибди, — Раҳматжон шундай дегач кўзини олиб қочди. Кейин зўрма-зўраки жилмайди. — Дада, хавотир бўлманг, Худо хоҳласа яхши бўлиб кетасиз.
“Ниманидир мендан яширяпти.” Ғаффоржоннинг кўнглига ғашлик чўкди. “Аҳволим ўзимга аён. Яхши томонга ўзгаришни сезмаяпман. Уйга кетганим маъқул.”
Орадан уч кун ўтгач Ғаффоржон кетишга рухсат сўради. Врач унинг кўнглига қаради. “Майли, муолажанинг қолганини уйда давом эттирсангиз ҳам бўлади,” деди.
Мана, касалхонадан чиқиб уйга келганига ҳам яқин бир ой бўлди. Аҳволи кундан кунга оғирлашяпти. Бир ойдан кейин, ўнинчи декабрда элликка тўлади. Маҳаллага, юртга ош бермоқчи эди. Келгуси йили хотинини олиб Ҳажга боришни ният қилиб қўйганди. Йўқ, насиб қилмаган экан…
Ғаффоржон деразадан ташқарига қараб шулар ҳақида ўйларкан, бобоси айтиб берган ривоят ёдига тушди. Ўшанда у ўнинчи синфни битириш арафасида эди.“Қадимда дунёнинг ярмини эгаллаган қудратли бир подшоҳ ўтган экан, — деб ҳикоя қилган эди бобоси. — Ўша ҳукмдор унга тобе шаҳарларнинг бирида донишманд, дарвештабиат, валий киши истиқомат қилаётгани ҳақида эшитиб қолибди. Подшоҳ довруғи бутун мамлакатга ёйилган бу одамни кўриш, суҳбатлашиш иштиёқида бир неча мулозимлари билан ўша шаҳарга бориб донишмандни топибди. Қараса, саксон ёшлардаги нуроний бир мўйсафид дарвешона кийимда дарахт соясида дам олаётган экан. “Менинг кимлигимни биласанми? — деб сўрабди ҳукмдор ундан. “Йўқ”, дебди донишманд. Шунда у: “Мен дунёнинг ярмини ўзига бўйсундирган қудратли шоҳ бўламан, тила тилагингни, айтганингни бажо келтираман”, дебди. Шунда дарвеш “Бўлмаса мана бу пашшаларга айт, менга қўнишмасин, эрталабдан буён безор қилишяпти”, дебди. Унинг сўзларини эшитиб таажжубга тушган ҳукмдор “Эсинг жойидами, пашшаларга менинг ҳукмим ўтмайди”, дебди. Шунда дарвеш кулимсираб “Кўрдингми, ярим дунёни эгаллаганинг билан битта пашшага ҳукминг ўтмайди. Менинг не ҳожатим бўлса, ёлғиз Оллоҳдан сўрайман, бандасидан эмас”, деган экан.
Ўшанда бу ривоятнинг маъносига яхши тушунмаган экан. Ёши улғайганда, айниқса, боши ёстиққа текканда унинг мағзини чақди. Дарҳақиқат, банда ожиз… Мана, мол дунёси, давлати бор, лекин чорасиз, тўшакка михланиб ётибди. Бу фоний дунёнинг ҳою ҳавасларига ошуфта бўлиб, Яратганнинг фарзларини тўкис адо этолмади. Лекин мингдан минг шукр, мўмин, хокисор кишиларнинг дилига озор бермади. Ёрдам сўраб келганларни ноумид қайтармади. Ҳаромдан ҳазар қилди. Беайб Парвардигор. Билиб-билмай хатога йўл қўйган бўлса, ноумид шайтон, Худонинг ўзи кечирар…
Ғаффоржоннинг тадбиркорлик соҳасидаги ишлари юришиб каттагина сармояга эга бўлгандан кейин ёшликда бирга ўсган дўстлари, қариндошлари орасидан “Дўкон очмоқчиман, тижоратда ўзимни синаб кўрмоқчийдим”, деб қарз сўраб келадиганлари кўпайиб қолди. У бундай кишиларнинг баҳоли қудрат ҳожатини чиқарар, лекин бирортасидан тилхат олиб қолмасди. Фақат кимга қанча берганини алоҳида дафтарга ёзиб қўярди. Ғаффоржоннинг ёрдами билан ўзини тиклаб олган ёки ишлари юришиб кетган одамларнинг кўпчилиги олган қарзларини қайтариб миннатдорлик билдириб кетишарди. Улар орасидан “Раҳмат ака, сиз туфайли оёққа туриб олдим, мана бу озгина фоизини кўнгилдан чиқариб беряпман”, дейдиганлари ҳам учраб турарди. Шунда у “Йўғ-е, уят бўлади, судхўрлик гуноҳи азим”, деб пулнинг ортиқчасини қайтариб берарди. Лекин беш қўл баробар эмас. Имконияти бўла туриб қарзни бермай юрганлар, тўй маросимларда дуч келиб қолишса ўзларини панага оладиганлари ҳам йўқ эмас…
Шу пайт эшик оҳиста очилиб хонага хотини Ҳалимахон кирди.
— Дадаси, нима овқат қилайлик? Кўнглингиз нимани тусаяпти?
Ғаффоржон “Ҳеч нима”, дегандек бош чайқади. Кейин ўзини тетик тутишга ҳаракат қилиб деди:
— Келинг, ўтиринг…
Хотин эрининг бош томонига чўккалади.
— Энди гапларимга яхшилаб қулоқ солинг, — Ғаффоржон оғир тин олди. – Аҳволим ўзимга маълум. Қисматдан қочиб қутулиб бўлмайди.
— Ноумид бўлманг, — Ҳалимахон кўзига ёш олди. — Худонинг ўзи…
— Йиғламанг… — У хотинига тикилди. — Ҳар ҳолда эс-ҳушим борлигида айтиб қўяй. Мен сиздан… ҳаммаларингдан мингдан минг розиман… Сиз билан ёмон яшамадик. Билиб-билмай кўнглингизга озор берган бўлсам кечиринг…
— Ундай деманг… — Ҳалимахоннинг кўзларидан дув ёш тўкилди.
— Энди… Раҳматжонни чақиринг. Унга айтадиган бир-икки оғиз гапим бор.
Хотини унсиз йиғлаганча хонадан чиқди.
Ҳаял ўтмай ўғли кириб келди.
— Дада, чақиртирган экансиз…
— Кел, ўтир, — Ғаффоржон бир оз сукут сақлагач ўзини тутиб секин гап бошлади: — Ўзинг ақлли, эс-ҳушли йигитсан. Ҳаммасини кўриб-билиб турибсан. Сендан кўнглим тўқ…
— Дада… — Раҳматжоннинг овози титради.
— Гапимни бўлма… Мендан кейин корхона ишларини ўзинг қўлингга ол.
Ўғли дадасининг васиятини кўзда ёш билан жимгина тингларкан, врачнинг “Ўғлим, сизларга Худо сабр берсин, саратон бошқа аъзоларга томир ёйиб кетган, тиббиёт ожиз”, деган гапларини эслади. Шу лаҳзада ёлғондан бўлса ҳам “Дада, ҳали соғайиб кетасиз, ҳаммасига ўзингиз бош бўласиз”, деб таскин тасалли бермоқчи бўлди. Лекин отасининг тақдирга тан бериб турганини сезиб индай олмади.
— Энди… яна бир гап… — Ғаффоржон хаёлига келган фикрдан кўнгли ёришгандек бўлди. — Меҳмонхонага кириб китоб жавонимни оч. Энг тепасида кўк муқовали дафтар бор, ўшани олиб чиқ.
Ўғли бир оз ҳаяллаб қўлида дафтар билан хонага кирди.
— Мана шуми?
— Ҳа. Энди кўзимнинг олдида йирт.
— Нима?!
— Йиртиб ташла, дедим.
— Дада… ахир…
Ғаффоржон шунда ўғли дафтарни олиб чиқаётиб унга кўз югуртирганини сезди.
— Йиртиб ташла, дедим. Айтганимни қил.
Раҳматжон дафтарни тўрт бўлакка бўлди.
— Энди гапимни яхшилаб эшит. Қарздорларнинг ўзлари келиб беришса ол. Ўзинг ҳеч қачон эшигига қистаб борма, кечдим. Лекин Қодир амакинг бор-ку, муаллим… — Ғаффоржон томоғига нимадир тиқилгандек бўлиб сўзини давом эттиролмай ўғлига “бери кел”, дея имлади. Раҳматжон дадасига яқин бориб қулоғини тутди. Кейин “Ҳўп бўлади, дада”, деди кўзда ёш билан.
…Ғаффоржон икки кун ўтиб, жума куни саҳарда узилди. Жаноза жума намозидан кейин, масжидда ўқилди. Масжиддан қабристонгача пиёда ярим соатлик йўл. Лекин тобутни машинага олишмади. То қабристонгача қўлма-қўл бўлди. Майитни қабрга қўйишгандан сўнг имом домла Қуръон тиловат қилиб бўлгач сўради: “Ғаффоржон қандай одам эди?” Йиғилган тумонат одамлар орасидан “Худо раҳмат қилсин, яхши одам эди”, деган овозлар эшитилди. Имомнинг “Мабодо марҳумнинг бирор кишидан қарзи бўлса, уч киши гувоҳлик берса, мана, ўғиллари шу ерда”, деган гапига жавобан Раҳматжон уч қадам олдинга юриб қўлини кўксига қўйди…
* * *
…Қодир муаллим уйга асрга яқин кириб келди.
— Мана, ҳаш-паш дегунча Ғаффоржоннинг қирқи ҳам ўтди, — деди у палтосини ечиб кўрпачага ёнбошларкан. Кейин бир муддат ўйга толгач бирдан қаддини ростлаб хотинидан сўради: — Ўғлинг ҳалиги пулларни йириклаб қўйганми?
— Ҳа, ҳаммасини тахт қилиб қўйган.
— Бўл, тур, бу ёққа олиб чиқ. Эртагаёқ Ғаффоржондан олган қарзимни ўғлининг қўлига топшириб хижолатдан қутулай.
Қодир муаллим эртаси эрталаб Ғаффоржонникига йўл олди. Хайрият, Раҳматжоннинг ўзи уйда экан. Меҳмонхонага кириб фотиҳа қилишгач муаллим елим халтага ўралган пулни ўртага қўйди.
— Қизимизни узатаётганимизда қарз олган эдим, — деди хижолатомуз оҳангда. — Узр, вақтида қайтаролмадик…
— Ҳожати йўқ, амаки, — Раҳматжон пулни унинг олдига секин суриб қўйди. — Дадам ўтмасларидан икки кун аввал “Қодиржон амакинг пулни олиб келса олмагин, тўёна экан, деб айт”, деб тайинлаб кетганлар, яхши кунларга, тўйларга ишлатинг…
Қодир муаллим бир зум гарангсиб қолди. “Тўёна?” У нотўғри эшитмадимми, деган хаёлда жавдираб турди. Кейин чуқур хўрсиниб кўзига ёш олди: — Дадангиз… дадангиз ҳақиқий жаннати одам эдилар…
Носир ЗОҲИД