//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Муносабат [36]

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » 2015 » Апрель » 23 » ТОМОШАДАН КЕЙИНГИ ЎЙЛАР
08:39
ТОМОШАДАН КЕЙИНГИ ЎЙЛАР

матлуба ТЕМУР қизи

ТОМОШАДАН КЕЙИНГИ ЎЙЛАР

Санъат аҳли орасида саҳнанинг қадрига етган, унга ҳамиша садоқат кўрсатиб келган ва шу боис ҳам халқ эътирофию олқишига сазовор бўлганлар жуда кўп. Бу санъаткорлар истеъдодли бўлибгина қолмай, саҳна маданиятига қаттиқ риоя этган, миллий қадриятларимизга ҳурмат назари билан қараб келаётган ижодкорлардир.

 

Кейинги вақтда миллий мафкура, миллий ғоя, қадрият, урф-одат, анъана, маърифат ва маънавият каби  тушунчалар кундалик турмушимизнинг бош мезонига айланди. Мустақиллигимизнинг илк кунларидан бошлаб халқимизнинг руҳий-маънавий дунёсини бойитиш, миллий анъана ва урф-одатларни қадрлаш, ёшларимизни уларга садоқат руҳида тарбиялаш муҳим вазифалар қаторида белгиланди. Президентимиз “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида маънавиятга шундай таъриф берадилар: «...маънавият инсонни руҳан покланиш, қалбан улғайишга чорлайдиган, одамнинг ички дунёси, иродасини бақувват, иймон-эътиқодини бутун қиладиган, виждонини уйғотадиган беқиёс куч, унинг барча қарашларининг мезонидир».

Ўз-ўзидан кўринадики, инсоннинг руҳий-маънавий оламини бойитишда, виждонини улғайтиришда, иймон-эътиқодга чорлашда, инсон қалбида олижаноблик туйғуларини шакллантиришда адабиёт ва санъат, тарих, фалсафа каби фанларнинг хизмати катта. Булар узвий боғлиқ бўлиб, бир-бирини тўлдиради, мукаммаллаштиради. Адабиёт — сўз санъати. У инсон қалбига сўз ор­қали кириб боради. Драматик асарда ҳам сўз бор. У хатти-ҳаракат билан уйғунлашиб, яхлит бир саҳна асарини пайдо қилади. Шоир қаламидан битилган сатрлар куйга, оҳангга кўчиб қўшиқ яралади. Қизиқчи ё  муқаллид ҳам асосан сўз билан саҳнага чиқади. Хуллас,  гап саҳна маданияти, саҳна маънавияти  ҳақида  борар экан, бу борадаги айрим мулоҳазаларимизни билдиришга жазм этдик. 

Айрим ўзини санъаткорман деганлар саҳнага шунчаки бир эрмак  учун чиқишади. Либосларини кўз-кўзлаб, бачкана қилиқлар, тумтароқ ва мужмал гапларни айтишиб, масхарабозлик, майнавозчиликлар қилишади. Саҳнадаги бу маданиятсизлик  омма маънавиятига, руҳиятига салбий таъсир кўрсатмай  қолмайди. Замон қанчалар шиддат билан ўзгармасин, саҳна муқаддаслигича қолиши, миллат маънавиятининг юксалишига хизмат қилмоғи шарт.

Маълумки, аскиячилик ва қизиқчилик санъати хусусан Фарғона, Марғилон, Қўқон  шаҳарларида  ривожланган. Қўқонлик машҳур аскиячилар, ўойиб ота Тошматов, Пўлат қизиқ, Муҳиддин Дарвешов номини айнан аския санъати машҳур қилган. Мар­ғилонлик Юсуфжон қизиқ, Охунжон қизиқ, Зайнобиддин ва Мадаминжон Юсупов ҳам аскиячилик санъатининг дар­ғалари бўлишган. Бугунги кунда ҳам бу санъат авлоддан авлодга ўтиб келаётгани, “Аскиячи ва қизиқчиларнинг республика кўрик-танлови”да ёш қизиқчи ва аскиячиларнинг кашф этилаётгани қувонарли ҳол, албатта. Ҳар қандай санъат тури тақдимотида асосий мезон маданият бўлиши шарт. Бироқ бугунги қизиқчилик борасида айрим аччиқроқ гапларимизни айтиб ўтмасак бўлмас.

Очиғини айтиш керак, кейинги пайтда бу санъат турини айрим қизиқчиларимиз найрангбозликка, майнавозчиликка ҳам айлантириб юборишаётгани кишининг  ғашини келтиради. 1990 йилларда Ботир Муҳаммадхўжаев, Ҳожибой Тожибоев, Болтабой Тошматов каби бир гуруҳ қизиқчилар шуҳрат топди. Улар ўзларининг юморга бой, халқчил, “коса тагида нимкоса” қабилидаги  дастурлари, ҳангомаю латифалари билан халққа манзур бўлдилар. Дас­турларда мазмун етакчилик қилиб, ҳаётдаги муаммо ва камчиликлар кулгига олинар, маълум бир фикр, ғояга асосланарди. Йиллар ўтгач эса томошабинларга катта саҳнадан туриб тақдим этилаётган дастурларнинг нақадар саёзлашиб, бачканалашиб бораётганлигига,  ундаги латифалар ўрнини қуруқ, мантиқсиз, қўпол, яланғоч  гап-сўзлар эгаллаётганлигига  ва булар тобора урчиб, болалаб кетаётганлигига шоҳидмиз.  Бир мисол, ҳар йили “Мирзо”  қизиқчилар театри ўз концерт томошасини халқ­қа тақдим этади.  Бу  йил ҳам уларнинг навбатдаги концерти бўлиб ўтди. Саҳна декорациялари салобатли. Мирза Холмедов санатория бошлиғи. Санаторияга дам олиш учун бирин-кетин қариялар кириб келишади. Саҳнада аёл киши кийимида Валижон Шамшиев (Валяхон) пайдо бўлади. Иккаласи ўртасида диалог бошланади. Валяхон: “Ҳамма эркаклар кўчада аёлларга қарайди, светофорга қара, бизадаги ранг уларда ҳам бор”, дейди-да, қилиқлар қилади. Яна: “Гажакларим сизга халақит бермаяптими, кеча иккита эркакка халақит берди”, дея ҳиринглайди. Мирза Холмедов Валяхонга қараб: “Эрингиз нима иш қилади?” деб сўрайди. Валяхон: “Эрим табиб, синган-чиққанларни даволайди” дейди. Шунда Холмедов: “Ўзингиз нима иш қиласиз?” деб  тағин савол беради. Валяхон “Ўзим акушерман”, деб қилпанглайди. Шунда Мирза Холмедовнинг сўзларига эътибор беринг (киши номусдан ўлади). “Эрингиз чиққанларни солса, сиз кирганларни чиқарар экансиз-да”, дейди. Бундай беандиша, беҳаё, уят гапларни саҳнадан туриб айтишни нима деб баҳолаш керак?  Тағин залда ўтирган томошабинларга юзланиб “Кимда узук бор, бериб туринглар”, дея мурожаат қилади. Бир аёл қўлидаги узукни ечиб берса, унга қарата: “Нимани қойил қилгансизки, сизга бундай узук беришган”, дейди. Бу томошабинни мазах қилишми? У тағин саҳнада ўтирган эркакларга мурожаат қилади. Аёлларни санаторияга олиб бориб туриш керак деб ўзбек руҳиятига, ахлоқимизга ёт бўлган беандиша латифа айтади. Эркакларга қараб: “Аёллар эрига сенга тегиб...” у ёғига нима дейди, топинглар-чи” дейди. Бир томошабин эркакни ўрнидан турғизиб “сиз айтинг” дейди. Эркак: “Аёллар эрларига “сенга тегиб нима кўрдим” дейишади-да” деб жавоб қилади. Шунда Мирза Холмедов эркакка қараб “бугун бориб...” дея алоҳида урғу бериб ҳаёсиз сўз айтади. Залда чунонам кулги кўтарилади...

Миллий ўзликни, миллий тарбия, миллий мафкура ва  маънавиятимизни турли таҳдидлардан ҳимоялашимиз зарур бўлиб турган бир пайт­да қизиқчиларимиз бундай беҳаё ва тутуруқсиз гап-сўзларни саҳнадан минглаб томошабинларга тарғиб ва ташвиқ қилиб туришса, буни қандай изоҳлаш мумкин?!  Қизиқчилик саҳнада майнавозчилик қилиш деганими? Саҳна маданияти, санъаткор одоби, томошабинларга ҳурмат саҳнанинг олтин қоидалари эмасми? Бундай бачканалик ва бемаънилик фарзандларимизга қандай таъсир кўрсатади? Яна баъзан ёшлар айниб кетди, беҳаё бўлиб кетди деб улардан хафа ҳам бўламиз.

Марҳамат, қизиқчилик санъати орқали ёшларни маънавий етукликка, баркамолликка, одоб-ахлоққа ундашга ҳаракат қилинг. Саҳнага чиқишга имконият берилган экан, нега уни суиистеъмол қилиб, маза-матрасиз ва бачкана хатти-ҳаракатларга тўлдириш керак? Саҳна ва санъаткор маълум маънода тарбиячи ҳамдир. Халқ­нинг эътиборида турган қизиқчилар шундай ибрат кўрсатиб туришса, уларнинг ортидан келаётган ёш қизиқчилардан нимани кутиш мумкин? Томошабинларни беўхшов гап-сўзлар билан мазах қилиш, кўпчилик орасида изза қилиб, нафсониятига тегишга қизиқчининг маънавий ҳуқуқи борми?  Ҳолбуки, саҳнанинг юки залворли, унинг қадр-қиммати, мезони, тошу тарозуси, тартиб қоидалари  — ҳамма-ҳаммасини қалбан туйиш учун санъаткорга билим, маърифат зарур. Негаки, уларга минг-минглаб томошабин, санъат муҳиблари  кўз тикиб, қулоқ тутиб туришибди. Бугун ҳар бир ижодкор ўзига юклатилган вазифа орқали, ким қалами, ким овози, ким сози, ким яратган роллари-ю, ким ихтиролари, янгиликлари билан хал­қимизнинг маданияти, санъати, адабиёти,  илм-фанига ўзининг  муносиб ҳиссасини қўшмоғи, миллат маънавиятини юксалтиришга  хизмат қилмоғи жоиз.

(“Маънавий ҳаёт” журналининг 2014 йил,

2-сонидан қисқартирилган ҳолда олинди)

Категория: Муносабат | Просмотров: 1303 | Добавил: albine | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Календарь
«  Апрель 2015  »
Пн Вт Ср Чт Пт Сб Вс
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
27282930

Архив записей

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz