ТАРБИЯ СИРЛАРИ
Агар бола уйга боришни истамаса, демак у кўчада яхши ўйнаяпти. Сизга бўйсунмаётган фарзандингиздан аччиқланиш ўрнига бундан хурсанд бўлинг. Авваламбор, болангиз фаол ва ғайратли эканидан қувонинг, фақат кейингина инжиқ жигарбандингизни қумдондан чиқариб олишга киришинг. Нима ўша ерга «ботиб» қолиб, уйга боришни истамаяптими? Болани худди жўякдан редиска суғуриб олаётгандай тортманг, аксинча топқирлик кўрсатиб, уни уйга «алдаб» олиб киришга ҳаракат қилиб кўринг.
Топқирлигингиз ўйинга айлана қолсин: бўладими – бўлмайдими, ким кимни?!
Тез ёрдам
Нима қилиш керак? Асабларни эҳтиёт қилинг.
Умуман олганда, асабларни буйруқлар ва тарбиявий дақиқаларга сарфламаслик жуда осон, жиддий ишни қувноқ ўйинга айлантирган ҳолда болага керакли йўналиш бериш лозим холос: “Машинача қум ташиди, аммо у чарчади: энди уйга кетамиз, уни бензин билан овқатлантирамиз!”
Қизиқтириш ва уйга олиб кириш усуллари
Болага танлаш имкониятини беринг
Ота-оналарнинг махфий «танловсиз танлов» усулидан фойдаланинг. Масалан, сиз у ўз қум анжомларини йиғиш-йиғмаслигини сўраб ўтирмайсиз (чунки бу ўз-ўзидан маълум нарса). Сиз: «Шаклчаларни пакетга соламизми ёки челакчагами?» – деб сўрайсиз. У уйга бориш-бормаслигини ҳам сўраб ўтирмайсиз, балки «Ўзинг қумлоқдан чиқасанми ёки ёрдам берайми?», «Бу йўлдан борамизми ёки унисидан?» - деб сўрайсиз. Шу тарзда фарзандингизнинг эътиборини у қилиши лозим бўлган ишдан (бу ишни қилиш унга ёқмаяпти-да) муаммони ҳал этишга тортасиз, яъни менга нима фойдалироқ? У ўзи танлаши мумкин ва танлайди ҳам. Кейин унда қаршилик қилишга вақт ҳам қолмайди.
Боланинг эътиборини бошқа нарсага тортинг...
...Унчалик қизиқ бўлмаган машғулотдан («ўйинчоқларингни йиғиштир, уйга кетамиз») бошқа ёқимлироқ ишга: «Агар бироз шошилсанг, йўлда эртак-эртак ўйнаймиз», денг.
Болалар доим нимадир қилишни исташмайди, масалан ўйинчоқларни йиғиштиришни, гречиха бўтқасини ейишни, кечқурун тиш тозалашни, эрталаб эса ўрнини йиғиштиришни, сайрдан уйга қайтишни ва ҳоказо. Чунки уларнинг табиати шунақа.
Нима учун деб сўрарсиз? Бола бу иш шунчаки зерикарли зарурат бўлгани учун ҳам бажаришни хоҳламайди. Мажбурий нарсани эса доим бажариш ёқмайди. Бунда болани тушуниш мумкин: ахир бу унинг эмас, сизнинг хоҳишингиз-да! Ота-оналар бола учун зарур бўлган саломатлик, кун режими, унинг камол топиши ва маданий кўникмаларининг тарбияси, уни ўраб турган муҳит ва жуда кўплаб бошқа зарур нарсалар ҳақида қайғуришади. Бу унга келгуси ҳаётида керак бўлишини биламиз, албатта. Аммо болани ўзининг келажаги унчалик қизиқтирмайди, болалик пайтида унга ҳозирги пайтда бўлаётган ишлар қизиқ туюлади. Сиз эса унга буйруқ беряпсиз («Кетдик, уйга бориш керак!»). Унда илож йўқ: бўйсунасан – тамом-вассалом. Зерикарли ва аламли.
Сиз эса шундай йўлни тутингки, у шуни хоҳласин, ўзингизнинг истагингизни унинг хоҳишига айлантиринг – шунда ҳеч қандай муаммо юзага келмайди. Баъзида бу жуда осон, баъзида эса мураккаброқ. Аммо бироз топқирлик қилсангиз, доимо чораси топилади.
Бу иш (ва қуйида ҳикоя қиладиган бошқа нарсалар) самара бериши учун қуйидагиларни бажариш зарур:
а) ишонч, хотиржамлик ва хайрихоҳлик билан ҳаракат қилинг;
б) боланинг ёш хусусиятларини ҳисобга олинг (ҳар доимгидай).
Бунда «б» банди энг асосийси. Агар сиз «б» бандни доим эсингизда тутсангиз, «а» банди ўз-ўзидан юз беради.
Хўш, ўйинга берилиб кетган кичик ёшдаги болаларнинг ўзига хос томони нимадан иборат?
Кичкинтойларга бир вазиятдан иккинчисига, бир фаолиятдан бошқа фаолият турига киришиш анча мушкул (айниқса ушбу вазият ва фаолият қизиқарли бўлса).
Шу боис фарзандингиз билан баҳслашманг, бирор нарсани тушунтиришга ва исботлашга уринманг, шунчаки «Вақт бўлди, кетдик» - деб айтинг ва бирор қизиқарли ўйинни таклиф қилинг. Масалан, «Кел, сен паровоз бўласан, мен эса вагонча. Ту-ту, кетдик!» - денг. Балки болангиз бироз қаршилик кўрсатар, аммо бу узоққа чўзилмайди, ахир уни янги ўйин кутяпти-да! Қандай зўр!
Сиз болани қизиқарли ўйиндан маҳрум этмайсиз, аксинча ўрнига бошқасини таклиф қиласиз, шундай экан, нега энди у қаршилик кўрсатсин?
Яна бир нарса. Сиз унга одатдагидай «Ванечка уйга кетдик!», деганингизда у уйга боришни хоҳламаяптими? Демак олдинига бу сўзларни умуман айтманг.
Фарзандингиз ўйинга берилиб кетган, сиз ҳам унга қўшилинг. Паровозга ўхшаб ту-туланг, болангизга камарча ёки шарфни узатиб «Қани тезроқ менга уланиб ол, кетдик вагонча, ту-ту-ту...» - деган сўзларни айтинг. Агар йўл-йўлакай куйлаб кетсангиз, ундан ҳам яхши.
Шундай қилиб, олдинига болани бошқа ўйин билан қизиқтириш ва қумлоқдан чиқариб олиш керак, фақат йўлдагина унга уйга кетаётганингизни айтинг.
Болани кундан кунга ҳар сафар йиғисиз ва жанжалсиз уйга олиб кетиш жуда муҳим. Бунда асосийси фарзандингизнинг қаршилиб кўрсатиш (йиғлаш) каби ёмон одати унга ўрнашиб қолмаслигида.
Аммо ҳар куни паровоз бўлиб юролмаслигингиз аниқ, шундай экан сизга болани жанжалсиз уйга қайтаришнинг бошқа вариантларини таклиф қиламиз.
Ўйнаймиз ва йўналтирамиз, ёки болани эргаштиришнинг 8 та усули
Биринчи усул. Арқончага илинган сюрприз
Ўзингиз билан сайрга арқонча ёки узун қалин ип олиб, унинг учига брор нарсани (арча ғуддаси, қизиқарли шаклдаги шохча, пластмасса ўйинчоқ, катта пробка ва ҳоказо) боғлаб қўйинг. Шу нарсани ўтлоқ орасига ёки бута орқасига яширинг. Мана уйга қайтадиган вақт келди, энди бундай дейиш мумкин: «Ванечка, қара-чи анави ерда нима ётибди? Арқончага нима боғланган? Вой! (ўзингизни жуда ҳайрон қолгандай тутасиз)». Ана фарзандингиз ҳам қўлга тушди: онасининг ҳайрон қолиши ва войларига илинмайдиган бола топилмаса керак.
Бола шундоқ ҳам қизиқиб қолса, арқон нимага керак, деб сўрарсиз? Уйга бориш қизиқарлироқ бўлиши учун: орқадаги арқончани тортиб келасан, боғланган нарса эса судралиб, шовқин солиб келади.
Бола бироз ўз машғулотидан чалғиб, танаффус қилган ёки бирор жараённи тугатган (масалан, челакни тўнтариб, дўнгликчани ҳосил қилган пайтни) пайтни пойланг.
Иккинчи усул. Чўнтакдаги сюрприз
Тактика шундай қолади, энди қизиқ буюмни боғламайсиз, шунчаки чўнтагингиздан олиб, унга қизиқсиниб қарайсиз, буни бола албатта кўриши ва «онам нимага қизиқиб қараяпти экан?» деб ўйлаши керак.
Учинчи усул. Қизиқтириб қўйиш
(Кўндириш ва ваъдалар билан адаштирманг!)
Агар уйингиз қумлоқдан кўриниб турса, деразангизга ишора қилиб: «Вой, анави ерда нима бўляпти? Юр, бориб кўрамиз...», деб айтинг ва биринчи қадамни босинг. Бола у ёқ бу ёққа қарагунча, ўйинчоқларни сумкага соласиз ва бола анлаб етмасиданоқ уйга қараб йўл оласизлар.
Болани гапингизга кўндиришга ҳаракат қилиб, ўйинчоқларини ўзи йиғишига мажбур қилманг! Бу у учун оғир: қумлоқ уни ўзига тортяпти-да, кейин ўйнагиси ҳам келяпти.
Тўртинчи усул. Қара, қара...
Олдинги усулнинг бошқачароқ варианти, у ҳали жуда кичкина болаларга таъсир қилади. Фарзандингизни қўлингизга кўтариб (агар тушишни хоҳласа, бунга эътибор қилманг), қўлингизни бирор томонга чўзиб «Қара, қара... қушчага/ўт ўчириш машинасига/вой машинада ким келяпти?/қуш уясининг катталигини қара...» - дейсиз, яъни болани қизиқтирадиган сўзни айтиб, «қарагин» дейиш керак.
Бешинчи усул. Ҳакка усули
Болалар ҳаккалар каби ялтироқ ва кўзга ташланадиган нарсаларга ўч бўлади. Шунақа нарсани унга қумлоқ деворчаси ортидан кўрсатинг, болангиз уни оламан деб чўзилади, кейин деворчадан ошиб ўтади. Агар ялтироқ нарсани унга ўйнашга бериб турсангиз, ундан ҳам яхши, ҳеч қандай тартибсизлик юз бермайди.
Олтинча усул. Ким тезроқ...
Мусобақа уюштирасиз: «Ким ўйинчоқларни тезроқ челакчага солади? Ким тезроқ белкуракчани топади?» ва ҳоказо. Асосийси боланинг эътиборини кетиш кераклигига жалб этманг. Урғуни қизиқарли ўйинга беринг.
Еттинчи усул. Илтимос, менга ёрдам бер!
Болалар ўзларини фойдали ва керакли деб ҳис қилишни жудаям яхши кўришади. Бундан фойдалансангиз бўлади. Бу ерда вариантлар жуда кўп: «Уйга борадиган йўлни унутиб қўйдим», «Вой, сумка оғир экан, ёрдам бермасанг кўтариб оборолмайман» ва ҳоказо.
Саккизинчи усул. Уй қумлоғи
Фарзандингиз балки қумда ўйнашни жуда яхши кўрар. (Бу жуда яхши: қумни психотерапевтлар ҳам ҳурмат қилишади, қумда ўйнаш болалар ва катталардаги кўпгина руҳий муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради). Фарзандингизга челакни қумга тўлатиб, уйга олиб боришни таклиф қилинг. Уйда қумни кенг, аммо паст тоғорага солинг ва тагидан клеёнка тўшанг: энди ўйнайверсин! Олдинига қум уйингизнинг ичи бўйлаб тарқалмаслигини назорат қилиб боринг. Бу жуда оддий: болага фақат «уй қумлоғида» ўйнашга рухсат беринг. Бола қаршилик кўрсатса ҳам, сўзингизда туринг, шунда у сизнинг сўзларингизни қабул қилади (болалар муайян тартиб ва қоидаларни ҳурмат қилишади, фақат уларни олдинига ўргатиш зарур). Бунда асосийси нима мумкин, нима мумкин эмаслиги борасида ўзингиз ҳам адашиб кетманг.
Шундай қилиб, принципни тушундингиз: агар қизиқарли ўйиндан чалғитаётган бўлсангиз – бошқа қизиқарли нарсани таклиф қилинг.
Ўзаро фойдали алмашув тамойили кичкиналар учун ҳам, катталар учун ҳам ёқимли ва адолатли.
Болага мурожаат қилганингизда нима мутлақо ёрдам бермайди:
1. Инсофга чақириш (уларга «виждон» деган тушунча нотаниш). Уларнинг бировлар (шу жумладан сизнинг ҳам) муаммоси билан иши йўқ.
2. «Қандай ёмон бола» деб уялтириш. Бошқалар ўзини қандай тутишини кўрсатиш («Ана, Ванечка онасига қулоқ солади»). Бунда фарзандингиз сиз учун кутилмаган хулосага келиши мумкин: Ванечкани яхши кўраркан, мени эса – йўқ. Сизнинг муҳаббатингиз фарзандингиз учун муҳимроқ бўлгани боис, у доим қалбининг тубида «мени яхши кўришмаса-я», деб қўрқади. Шунинг учун болалар кўпгина тарбиявий чораларни яхши кўрмаслик ёки уни яхши деб тан олмаслик сифатида қабул қилишади, бу эса кичкинтой учун жуда оғир.
Чуқурроқ қарайлик
Сиз учун энг асосийси нималиги ва бу ишлар нима учун қилинаётгани эсингиздами? Йиғлаб-сиқтаб қаршилик кўрсатиш, уйда эса овозни баралла қўйиб йиғлаш каби ёмон одат шаклланишига йўл қўймаслик учун. Мана сиз фарзандингизни йиғисиз қумлоқдан олиб кетдингиз – демак ишнинг ярмини қилдим, деб ҳисоблайверинг. Энди иккинчи ярмини бажарамиз.
Бир нарса устида бош қотириб кўринг: балки болангиз ўз тажрибасидан келиб чиққан ҳолда уйда жуда зерикарли бўлишини, шунинг учун ҳам у ерга боришни истамаётгандир?
Хўш, бола уйда нима учун йиғлайди? (Болалар одатда кўнгилсизликларни дарров унутишади, агар йиғи узоқ чўзилаётган бўлса, демак уйда кўнгилсизликлар давом этяпти). Яхшилаб ўйлаб, тушунишга ҳаракат қилинг: уни ўзининг жонажон уйида нима қувонтириши мумкин?
Хафа қилади: онасининг жаҳли (ва бошқа салбий ҳиссиётлар), зерикиш, уйга келиши билан ўзига ёқмайдиган ишни бажариш кераклиги. Мана шулар холос.
Қувонтиради: онасининг яхши кайфияти, қизиқарли иш (ўйин, масалан «қувноқ кийим алмаштириш») нима/ким биландир учрашув (масалан, севимли ўйинчоғи болани кутиб олади/қучоқлайди), мазали овқат/ тамадди қилиш (шишача/кружкадаги севимли шарбати, печенье), онаси билан биргаликда ўқиладиган севимли китоби ва ҳоказолар. Умуман олганда эса, вазифангиз ўша-ўша: болангизга у қумлоқни тарк этганида маҳрум бўлган нарсага тенг келадиган бошқасини бериш.
Чидамли қалай аскарча
Шунақаси ҳам бўп туради. Сиз болани чалғитишни, уни қумлоқдан йўлга олиб чиқишни уддаладингиз, аммо йўлда бирданига унинг эсига қизиқарли ўйини тушиб қолиб, сизни орқага тортди. Сиз қаршилик кўрсатяпсиз – ана ўшанда болангиз ўзининг энг катта хархашасини бошлайди.
Бола чарчаганида шунақаси ҳам бўп туради. Ҳа-ҳа, болалар тез-тез чарчаганлари боис ҳам хархаша қилишади. Чунки дам олиш вақти келди-да. Одатда болани қўлга олиб, уни қучиб, раҳмдиллик билан «чарчадингми?», деб сўраш керак, шунда йиғилар ҳам аста-секин тинади.
Ёки бошқа сабаб: буниси одатга кўра юз беради. Бола агар у яхшироқ йиғласа, онаси унга кўпроқ раҳмдиллик қилишига ўрганган... бундай инжиқликлар, афсуски болани эркин қўйиб юборганликдан ишора.
Нима қилишингиз керак? Сўзингизда туринг. Йўқ, ёнида туриб кўндириш эмас, балки бола бажариши керак бўлган ишни қилишига эришиш.
Агар хархашалари кучайса-чи? У ёқалашиб, жанжал кўтарса-чи? Бундай ҳаддан ташқари инжиқликларни шунчаки сезмаганга олиш керак.
Нима қилиш мумкин
1. Эътибордан маҳрум қилиш.
Безорилик қилаётган болани ўзингиз билан алоқадан маҳрум қилиш: кўриш бўйича: қарамаслик; тактиль: тегмаслик, силамаслик; эшитиш бўйича: унинг гапларини эшитмаганга оласиз ва ўзингиз ҳам гапирмайсиз. Шунчаки бироз туриб, хотиржамлик билан кутасиз. Шундай туришингиз унинг хархашалари (айни пайтда кўрсатаётган «ҳунари») билан ишингиз йўқлигини кўрсатиши керак. Хархаша тугагунга қадар ўзингизни шундай тутасиз.
Энди эса энг муҳими! Фарзандингиз ўзининг номақбул ҳаракатларини тўхтатиши билан дарҳол:
а) унга бўлган эътиборингизни қайтаринг;
б) ўзингизни худди ҳеч нарса юз бермагандай тутинг.
Бу болага нима «яхши», нима «ёмон» эканини фарқлаш имконини беради. Бу қанчалар ғалати туюлмасин, бунинг фарқига бормайдиган болалар ҳам бор!
2. Болани қучинг, унга меҳрибончилик кўрсатинг «Ўзингни ёмон ҳис қилганингни тушунаман...» деб айтинг. Бола сиз энди уни камроқ эмас, балки ўшандай яхши кўришингизни, аммо хархаша қилишига йўл қўймаслигингизни ҳис қилиши лозим.
Бу усулнинг қанчалик таъсирли эканини ажойиб бир онанинг қуйидаги ҳикоясидан билиб олиш мумкин.
Алинкамнинг ёмон одати бор эди: сал нарсага йиғламсираб орқамдан қолмасди, баъзида овозини баралла қўйиб йиғласа, баъзида увилларди, овози ҳам ёқимсиз пинғиллаб чиқарди. Унинг увиллашларига чидай олмасдим. Унга тушунтирдим ҳам, уришдим ҳам, жазоладим ҳам, аммо ҳеч нарса ёрдам бермади. Кейин, болани қандай қилиб жиддий жазолаш мумкин, шундоқ ҳам йиғлаяпти-ку. Ҳатто ваннага ҳам кириб эшикни очмай кўрдим: «Бўлди, бошқа чиқмайман, одамга ўхшаб гапирмагунингча чиқмайман, тамом». Фойдаси йўқ. Ахир, куни билан ваннада ўтирмайсиз-ку!
Кейин бир куни у мени безор қилиб юборганидан кейин, мен... эътибор қилмай қўйдим. Момиқ олиб, қулоқларимга тиқиб идиш-товоқларни ювиш учун чиқиб кетдим. Бир томондан албатта ташвишланяпман. Бирдан мени халатимдан тортаётганини сездим, қарасам... жилмайиб турибди. Қулоғимдаги момиқни олиб ташлаб, уни қучиб ўпдим, кейин «Қани, энди нима билан шуғулланамиз?», деб сўрадим.
Энди мен фақат шу усулни қўллаяпман. Хархаша қилишни бошлаши билан – чиқиб кетаман. Ёнимга келиб, йиғисини бошласа, эътибор қилмайман, саволларига жавоб бермайман. Одамга ўхшаб гапириши биланоқ унга жавоб бераман. Яна вақтини топиб унинг овозини мақтайман. Ростдан ҳам овози чиройли, шунақа жарангдор, соф. Ҳозир эса йиғлаб-сиқташни умуман тўхтатган.
Ушбу тактикани қачон қўллаб бўлмайди:
- Бола сизга эмас, бошқа нарсага таъсир қилмоқчи бўлганида. Масалан, дазмолни эҳтиёт қисмларга ажратганида, ўртоғига қум сепганида.
- Унга хавф таҳдид солганида. Масалан, йўл бўйида (худди шу пайтда йўлда автомобиллар бўлмаса ҳам), жазирама иссиқда сув хавзаси бўйида (болага бошидан иссиқ ўтиб кетиш хавфи туғилганида) ва шунга ўхшаш вазиятларда.
Буни ўзингиз ҳам яхши тушунасиз: бундай хавфли бўлган вазиятларда дарҳол қуйидаги чораларни кўриш лозим:
- тақиқлаш ва тўхтатиш;
- ишни кераклигидай қилишга мажбур этиш.
Ҳеч қандай илтижолар ва ёнбосишлар бўлиши мумкин эмас! Ҳатто болани қаршиликларига қарамасдан кўтариб олиб, атрофдагиларнинг қораловчи нигоҳлари остида олиб кетиш керак бўлса ҳам.
Аслини олганда, агар фарзандингизни яхши ҳис қилсангиз, иш камдан кам ҳолатларда бу даражагача боради.
Ёши каттароқ болани қандай чақириш керак
Агар биргаликда сайр қилаётган бўлсангиз
Болани олдиндан огоҳлантиринг, бола ўйинини тугатиб олсин. Ўйинни тугатиш чўзилиб кетмаслиги учун вақтни белгилаб қўйинг.
Ёши каттароқ болаларга конкрет вақтни белгилаш мумкин («Яна ўн дақиқа, кейин ўйинингни тугат»). Аммо бунда болага уйга қайтиш вақтини соат бўйича кўрсатинг, вақтни иккалангиз бирга белгиланг. Ана шунда гап талашиш учун сабаб бўлмайди.
Шунингдек фарзандингизга бошқача йўлини ўргатишингиз ҳам мумкин. «Қуёш анави том орқасига ўтганида...» ёки «Мана бу шохнинг сояси мана бу ерга етганида – уйга кирамиз».
Агар бола мустақил ўйнаса
- Олдиндан келишиб олинг. Уйга қачон, соат неччида қайтишини аниқ гапиринг.
- Агар бирор имкони бўлса, бола ундан албатта фойдаланади, бунга ишонаверинг. Шунинг учун у вақтни билишига ва «соат кечки 6 бўлганини билмабман!» деб айтмаслигига ҳаракат қилинг.
- Ўзи билан соат, ёки уяли алоқа телефонини олсин, ёки бўлмаса вақтни скамейкада ўтирган қўшнилардан сўрасин – буни олдиндан ҳал қилинглар.
- Бола шубҳаланмаслиги керак: сиз ҳаммасини биласиз, сизни алдаш унинг қўлидан келмайди.
Яна муҳим нарсага қайтамиз: боланинг яхши фазилатларига урғу беринг. Фарзандингиз бирор ишни тўғри, одоб ва маданият билан бажарганида, уни мақтанг, буни болангиз ҳам эшитсин!
Қуйида фарзанди билан келишиш каби мушкул масалани ҳал эта олган бир онанинг ҳикояси билан танишинг.
Олег уйга ваъда қилганидан кечроқ келишни одат қилди, озгина бўлсаям, кечга қоладиган бўлди. Деразага қарасам қоронғи тушаётган бўлади, у эса йўқ, мен албатта безовталанаман. Шунинг учун уйга кириши билан унга танбеҳ бера бошлардим. У кечирим сўрарди, бир-икки кундан кейин эса яна кечга қолишлар бошланарди, ҳатто олдиндан айтиб ҳам қўймасди. Мен уни уришиб ҳам кўрдим, илтимос ҳам қилдим, жазолаб ҳам кўрдим, кўчага чиқармай ҳам қўйдим, у бўлса билганидан қолмасди...
Кейин миямга бир фикр келди. Бу танбеҳларнинг чегараси борми ўзи, деб ўйладим ва ҳаммасини аксинча қилишга қарор қилдим. Қандай бўлди, деб сўраяпсизми? Кечга қолса – гапираман, вақтида келса, жим ўтираман. Ўзи шундай бўлиши ҳам керак-да!
Ҳаммасини аксинча қилдим.
Ман у уйга ўз вақтида келди. Унга «Келганингдан жуда хурсандман! Ўтир, кечки овқат тайёр», дейман.
Қарасам, эртаси куни уйга қўнғироқ қиляпти: «Ойи, бироз кечга қоламан, майлими?» - деб сўради. Мен ҳам «Майли, ўғлим, огоҳлантирганинг учун раҳмат, энди ташвиш тортмайман», - дедим. Буни қаранг, яхши гап билан ҳаммаси ўзгариб кетди. Кейинги сафар у яна вақтида уйга келди...
Энди мен доим шундай қилишга ҳаракат қиламан.
Шунчаки яхши дақиқаларни топиб, уни мақтайман. Биласизми, ёрдам беряпти. У ҳатто яқинда «Ойижон жуда яхшисиз-да, ҳаммасини тушунасиз», деб мени ҳам мақтаб қўйди.
Муаллифлар: Зapяна ва Нинa Нeкpacoвалар
Адалин психологик маркази: www.adalin.mospsy.ru
|