Савол ва жавоблар …
Савол – 1 : “Пайғамбарларга ва Пайғамбаримизга иймон келтириш шарт эмас,” дейишади. Ўшандай сўзлаганлар, пайғамбарларга иймон келтириш ҳақидаги ояти карималарни ва ҳадиси шарифларни биладилар, албатта. Бу нимаси? Балки улар христианликни ҳақ дин ҳисобламоқчи бўлганлари учун у оятлар ва ҳадисларни яширмоқчи бўлишаётгандирлар? Пайғамбарларга иймон келтирмаган мусулмон бўла оладими?
Жавоб : Пайғамбарларга ва охирги пайғамбар Муҳаммад алейҳиссалломга иймон келтирмаган киши мусулмон бўла олмайди. Чунки иймоннинг олти шартидан бири барча пайғамбарларга иймон келтиришдир. Уларнинг истаган бирини инкор қилган кофир бўлади.
Иймон ҳадисининг араб тилидаги ифодаси мана бундайдир: “Оманту биллоҳи ва малоикатиҳи ва кутубиҳи ва русулиҳи вал явмил-охири ва бил қодари хайриҳи ва шарриҳи миналлаҳи таоло вал-баъсу баъдалмавти ҳаққун, ашҳаду ан лоилоҳа иллаллаҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳу.” (Бухорий, Муслим, Насой)
Ўзбекчага ағдарилгани: “Мен Аллоҳга ва фаришталарига, ва китобларига, ва пайғамбарларига, ва охират кунига (яъни жаннатга, жаҳаннамга, ҳисоб беришга, мизон(тарози)га), ва қодарга, хайрнинг ва шаррнинг Аллоҳдан бўлишига ва ўлимга, ўлгандан сўнгра тирилишга иймон келтирдим. Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад олайҳиссалом Унинг қули ва расулу эканлигига шаҳодат этаман.” (Бухорий, Муслим, Насой)
Ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад олейҳиссаломга иймон келтириш ҳақидаги бир ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига ва мен Унинг бандаси ва расулу эканлигимга шаҳодат келтирган киши Жаннатга киради.” (Дайламий)
Пайғамбарларга иймон келтириш лозимлиги Қуръони каримда ҳам марҳамат қилинади. Мана масалан, учта ояти кариманинг мазмунларида нималар дейилган: “Албатта, Оллоҳ ва пайғамбарига ишонмайдиган, Оллоҳ билан пайғамбарларининг ораларини ажратишни истайдиган(яъни Оллоҳга ишониб, пайғамбарларини инкор қиладиган) ва “айрим пайғамбарларга ишонамиз, айримларига ишонмаймиз,” дейдиган ҳамда ора йўлни истайдиган кимсалар – ана ўшалар ҳақиқий кофирлардир. Ундай кофирлар учун хор қилувчи азобни тайёрлаб қўйганмиз. Оллоҳ ва пайғамбарларига иймон келтирган ҳамда улардан биронтасини ажратиб қўймаган зотларга эса яқинда (Оллоҳ) муносиб мукофотларини ато этажак.” (Нисо, 150-152).
“Оллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга иймон келтирганлар энг яхши кишилардир.” (Бақара, 177).
“Бас, уларнинг ичида унга (яъни Муҳаммадга) иймон келтирганлар ҳам бор, ундан юз ўгирганлар ҳам бор. (Буларга) жаҳаннам ўти бас келур. Бизнинг оятларимизни инкор қилган кимсаларни албатта дўзахга киритажакмиз.” (Нисо, 55-56).
Савол – 2 : Мен намозларнинг охирида “Роббана отина”-дан кейин “Аллаҳумма инни асъалукас-сиҳота вал-афията вал-амоната ва ҳуснал-хулқи варридоа билқадари би-раҳматика ё Арҳомарроҳимийн” дуосини ўқийман. Буларнинг маъноси нимадир?
Жавоб: Бу дуони Пайғамбаримиз хазратлари (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) жуда кўп ўқирди. Унинг маъноси эса қисқача мана шулардан иборатдир:
“Ё Роббий, менга сиҳат-саломатлик, офият ва хушахлоқ бер, омонатга риоятни ва қадарингга ризоликни насиб айла! Ё Арҳомарроҳимийн, раҳматинг билан дуомни қабул айла!” Бу мазмунни янада очиқроқ ифодаласак, тубандагилар каби бўлади:
“Сиҳат-саломатлик” – “Ҳар бир ишнинг боши сиҳат-саломатликдир,” дейилган мақол, соғлик-саломатликнинг аҳамиятини жуда яхши ифодалайди. Чунки ҳаётнинг маъноси, гашти, соғликнинг жойида бўлишига боғлидир. Бу масалани, Қонуний Султон Сулаймон Хоннинг мана бу шеъри жуда чиройли ифодалагандир:
“Ҳақ наздида мўътабар бир нарса йўқ давлат каби,
Бўлолмас давлат жаҳонда, бир нафас сиҳат каби.”
“Офият”: Диннинг ва эътиқоднинг бидъатлардан; амалнинг ва ибодатнинг офатлардан; нафснинг шаҳватлардан; қалбнинг ҳаводан, вас-васадан; баданнинг (тананинг) хасталик ва ҳар хил ташвишу қийинчиликлардан соғу саломат бўлиши – бу офият, кишининг офиятда бўлишидир. Ҳадиси шарифда, “Оллоҳу таолодан офият сўранг! Иймондан сўнгра офиятдан ҳам катта неъмат йўқдир” (Тобароний ривояти, “Ислом Ахлоқи” китоби), дейилади.
“Хушахлоқ” : Икки жаҳон саодатидир. Байнақий, Ҳоким (раҳматуллоҳи алейҳим ажмайин) ривоят қилишган ҳадиси шарифда, “Кишидан узоқлашган қариндошлардан ҳолу аҳвол сўраб туриш, уларни бориб кўриш, сенга келмайдиганларга бориб туриш, бермайдиганларга бериш ва сенга зулм ўтказганларни афв этиш хушахлоқликдир,” дейилади.
Хушахлоқни, Ислом олимлари тур хил кўринишларда таъриф этганлардир. Улардан бир нечасини қуйида санаймиз:
1. Жўмардлик ва ҳеч кимни хафа қилмасдан ҳамиша табассумда бўлиш – бу хушахлоқликдир.
2. Ҳеч ким билан тортишмага бормаслик(ўринсиз тескари сўзлар сўзламаслик) ва бошқалар орасида тартишишлар келиб чиқишига ҳам сабабчи бўлмаслик – бу хушахлоқликдир.
3. Ҳеч кимга азият бермаслик ва бошқалар сабабли келиб чиққан қийинчилик, ташвишлардан хафа бўлмаслик – бу хушахлоқликдир.
4. Ташвишли ёки мушкулли ишлар кўпайган замонларда кишиларга яхшилик (ёрдамда бўлиш) кўрсатиш – бу хушахлоқликдир.
5. Оллоҳдан рози бўлиш, хушахлоқдир. Яъни хайрнинг ҳам шаррнинг ҳам Оллоҳдан эканлигига иймон келтириб, неъматларга шукр, балоларга сабр этиш – бу хушахлоқликдир.
6. Ҳаромлардан қочиб, ҳалолни излаш, оилада ҳам бошқалар билан бўлганидек яхши, мулойим муомалада бўлиш ва оиланинг кун кечиришини яхши таъминлаш – бу хушахлоқликдир.
7. Яратилганни Яратганнинг иззату ҳурмати учун яхши кўриш ва улардан келадиган азиятларга сабр этиш – бу хушахлоқликдир.
8. Энг ози қийинчиликлардан қочмасдан, қилган яхшиликларига жавоб кутмаслик, барча кишиларга нисбатан шафқатли бўлиш – бу хушахлоқликдир.
Мусулмон – хушахлоқли кишидир.
Хушахлоқнинг аҳамияти ҳақида бир неча ҳадиси шарифлар:
“Мен, хушахлоқликни тамомлаш ва уни ер юзида тарқатиш учун юборилдим.” (Байнақий, Ҳоким).
“Ахлоқингизни тўғриланг!” (Ибни Лол). “Иймонига кўра, энг фазилатли мўмин, хушахлоқ мўминдир.” (Ҳоким). “Дин, хушахлоқдир.” (Дайламий). “Энг фазилатли мўмин, ахлоқи яхши бўлган мўминдир.” (Бухорий). “Хушахлоқ, сув нарсаларнинг кирини тозалагани сингари кишини гуноҳлардан тозалайди. Ёмон ахлоқ эса, сирка болни бузгани каби амалларни бузади.” (Ибни Ҳиббон). “Хушахлоқ мўминни жаҳаннам олови куйдирмайди.” “Хушахлоқ мўмин икки жаҳон саодатига эришади.” (Тобароний). “Энг хайрли нарса (сифат), хушахлоқдир.” (Ибни Ҳиббон). “Хушахлоқ бўлинг, бундай ахлоқ кишини жаннатга келтиради. Ёмон ахлоқдан сақланинг, чунки бу жаҳаннамга келтиради.” (Ибни Лол).
Омонатга риоят: Омонат нима? Аввал ана шу саволга яхшигина жавоб топайлик, ундан сўнгра унга риоят ҳақида сўзлаймиз.
Азҳоб сурасидаги омонат, бажарганингизда савоб ва тарк этганигизда жазо бериладиган Оллоҳу таолонинг барча амрлари ва тақиқларидир. (“Жалолайн” китоби).
Омонат, ишончли ва хавфсиз, деганидир. Пайғамбарларда бўлиши лозим бўлган еттита сифатлардан бири – омонатдир.
Ҳуқуқ илмида, ишончли бир кишига вақтинча сақлаб туришга қолдирилган молу мулк омонат дейилади. Омонат, унга ҳеч бир зарар берилмасидан эгасига қайтарилади. Омонатга риоя қилмаслик, мунофиқлик аломатидир.
Ақли нормал киши, Оллоҳу таоло амрлари ва тақиқларига риоя қилиб, яъни фарзларни қилиб, ҳаромлардан сақланса Азҳоб сурасида кўрсатилган омонатга риоя қилган бўлади. (“Ҳақ сўзнинг восиқалари” китоби).
Омонатга риоя дин(Исломият)да жуда муҳим ўрин тутади. Бир ҳадиси шарифда, “Мана шу олтита нарсани бажаришга ваъда берсангиз, мен ҳам сизнинг жаннатга юборилишингиз ҳақида ваъда қиламан. Улар: намоз ўқиш, закот бериш, омонатга риоя қилиш, зинодан сақланиш, ҳалол еб-ичиш ва тилни (куфрга сабаб бўладиган сўзлар, ёлғон, ғийбат, сўкиниш, лаънатлаш ва бошқа бўлмағур сўзлардан) ёмон сўзлардан қўришдир.” (Тобароний).
Омонатни ақл ва Исломият деб ҳам аташадилар. Чунки ақли бор киши Исломиятга эргашади. Имоми Байдовий ҳазратлари марҳамат қиладиларки, Омонатга ақл дейилса-да, аслида у ояти карима, ибодатларни қилиш, беш вақт намоз ўқишнинг аҳамиятини билдираяпти. Нисо сурасининг 58-ояти каримасидаги “омонат” калимасини Оллоҳнинг Расули, ибодат шаклида изоҳлаб, беш вақт намоз ўқишни амр этдилар.
Қуръони каримда мўминларни мақтаб, “Улар(яъни мўминлар) ўзларига ишонилган омонатларга (диннинг амри ва тақиқларига) ва (ўзгаларга) берган аҳду-паймонларига риоя қилгувчи кишилардир,” каби марҳамат қилинади (Мўмнлар сураси, 8).
Маориж сурасининг 32-ояти ҳам айнан шундай мазмундадир. Бу сураларнинг ҳар иккаласида ҳам бу оятлардан кейингиларида намозга риоя қилишнинг аҳамияти билдирилгандир.
Омонат сўзининг бошқа маънолари хам бордир. Омонатга оид бир неча ҳадиси шарифлар мана шулардир:
“Омонат зое этилса қиёмат яқинлашган бўлади. Иш қилишни. унинг кўзини билмаганга бериш омонатни зое қилишдир.” (Бухорий). “Камбағаллик омонатдир. Уни яширган ибодат қилган бўлади. Камбағаллигини ошкора этган эса, дин қардошларини қарздор қилган бўлади.” (Ибни Асакир). “Сўз омонатдир. Ёмон, ифлос сўзни бошқасига етказиш ҳалол бўлмайди.” (Абу Нуойим). “Оллоҳу таоло Одам алейҳиссаломга “Омонатни қабул этган бўлмади, сен уни қабул этармисан?” дея марҳаматда бўлди. У эса, “Қабул етишнинг масъулияти нимадан иборат,” деб сўради. Оллоҳу таоло эса, “Унга риоя қилганга савоб, қилмаганга ахоб бор,” деди. Одам алейҳиссалом омонатни қабул қилганидан сўнгра пешиндан асргача Жаннатда қола олди. Ундан сўнгра Иблис(шайтон)нинг ҳийласи оқибатидан Жаннатдан чиқарилди.” (Абу-ш-шайх). “Омонатга риоя қилмаганнинг иймони, таҳорат олмаганнинг намози бўлмайди. Бош инсонда қандай аҳмиятли бўлса, намоз ҳам динда ўшандай аҳамиятга эгадир.” (Тобароний). “Омонат бўлинган(омонатга қолдирилган)га хиёнат, мунофиқликдир.” (Ибни Нажжор).
Биз(одамзоти)га омонат этиб берилган органлар мана шулардир:
1.Қўл, бу билан ҳаром нарсаларни тутмаслигимиз керак. 2. Тил, уни ёлғон сўзлашда ва ёмон, ифлос сўзлар билан суҳбатлашишда ишлатмаслик лозим. 3. Кўз, ҳаром нарсаларга қрамаслик учун берилган. 4. Меъда(ошқозон), ҳаром озиқларни унга тиқмаслик учун берилгандир. 5. Қалб, кибр, манманлик, ўринсиз гумон(шубҳа) қилиш каби ҳоллардан сақланиш лозим. 6. Қулоқ, ҳаром бўлган нарсаларни тингламаслик учун берилгандир. 7. Оёқ, Ёмон жойларга бормаслик, ёмон жойларда юрмаслик учун берилгандир. 8. Фарж (Жинсий органлар ва орқа чиқариш органи), Зинодан ва ливотадан узоқ бўлиб, дин ҳалол ҳисоблаган заруратларда қўланиш учун берилган. 9. Бурун, Ҳаром ҳидлар ҳидламаслик учун берилгандир. 10. Сатри оврат: Динимизнинг (Исломиятнинг) амрига уйғун кийиниш(ёпиниш)дир.
Биз(инсонлар)га омонат берилган нарсалар, фақат органларимиздан иборат бўлмай, бола-чақамиз, молу мулк(давлати)миз ва биз эгаси бўлган ҳамма нарсалар бизга омонат берилгандир. Буларга қўшимча оила аъзоларимиз ҳам бизга муҳим омонатдир. Бу масалалар ҳақида қуйидаги учта ҳадиси шарифни хотирлаш зарурати бор:
“Хотинларингизга азият берманглар! Улар Оллоҳу таолонинг сизларга омонатидир. Улар билан юшмоқ муомалада бўлинглар ва уларга яхшиликлар қилинглар!” (Муслим).
“Эй инсонлар! Хотинлар сизга Оллоҳнинг омонати этиб берилди. Сизнинг уларда ҳақларинигиз бўлгани сингари, уларнинг сизларда ҳам ҳақлари бордир.” (И. Жарир).
“Кимки қизини фосиқ кишига узатса, у Оллоҳу таолонинг омонатига хиёнат қилган бўлади. Омонатга хиёнат қиладиганларнинг борадиган жойи, Жаҳаннам(дўзах)дир.” (С.Абадийя).
Луқмон алейҳиссаломдан “Бу даражага қандай етишдинг,” – деб сўраганларида у, “Омонатга риоя этиш, тўғри сўзлаш ва молаёний(бекорчи сўзу ишлар)ни тарк этиш оқибатида бу неъматга эришдим,” каби марҳаматда бўлганлардир. (“Ислом Ахлоқи” китоби).
Қадарга ризо : Қадар нимадир? Умримиз давомида бошимизга келадиган бутун яхши-ёмон, салбий – ижобий ишлар, қадардир. Имоми Раббоний ҳазратлари, “Қадарга ризо кўрсатган киши бахтиёрдир”, дея марҳаматда бўладилар. Қаршимиздан нима чиқса, “Демак, қадарда шу бор экан”, дейиш лозим. Бироқ, “Нега бундай бўлди? – дея эътироз этмаслик керак. Масалан, бир жойга кетишингиз лозим бўлган поездга кеч қолдингиз, бунда ҳам “Биз учун хайрлиси шу экан”, дейиш лозим-да, аммо исёнда бўлмаслик керакдир. Шуларга ўхшаш бир жойга тезда етиб боришимиз керак эди, аммо йўлда фалокат содир бўлди етишамадик; касалимизни бирор сабаб билан ўз вақтида касалхонага олиб бора олмай қолдик ва ҳ.к. Яъни ана шунақа ҳолларнинг барчасини нормал, турушда учрайдиган ишлар, ҳодисалар деб қабул қилишга ўрганиш лозим. Динимиз – Исломият ана шундай қилган кишиларнинг, яъни қадарга ризо кўрсатганларнинг роҳатда, ҳузурда бўлишларини билдиради. Шунинг учун “содир бўлган ҳар бир ишда хайр бордир,” ифодасини ўз шиоримиз этишимиз зарур.
Ё Арҳомарроҳимийн, раҳматингла дуомни қабул айла: Эй марҳаматлиларнинг энг марҳаматлиси Оллоҳим, марҳаматинг ҳаққи учун сўраганларимни менга насиб айла!
Шундай бир кўркам дуони ўқиш неъматига соҳиб бўлишни ғанимат билиш лозимдир.
Савол – 3 : Бир қанча жомеларда хутба ўқилганида тўрт халифанинг исмлари тилга олинади. Бироқ бошқа кўпчилик жомеларда уларнинг исмлари хутбада айтилмайди. Хутбада уларнинг исмлари айтилмаслиги Аҳли суннатга хилоф эмасми?
Жавоб: Албатта хилофдир. Ҳатто бидъатдир. Имоми Раббоний ҳазратлари марҳамат қиладиларки, “Самана шаҳрининг хотиби, Қурбон байрами хутбасида Хулафои Рашидиннинг, яъни ҳазрати Расуллоҳнинг тўрт халифасининг исмларини тилга олмабди. Жамоатнинг бир қисми намоздан сўнгра ундан нега ундай қилгани ҳақида сўрабдилар. У эса, “унутдим ёки шошиб қолдим” каби бирор узр ҳам келтирмай,”Нима, исмлари айтилмаса нима бўлади? – деб ўжарлик ҳам қилибди. Халқнинг обрўли кишилари ҳам бу ҳолга эътиборсиз қарабдилар ва у инсофсиз хотибга ҳаттини кўрсатиб қўйишмабдилар. Хулафои Рашидин исмларини хутбада хотирлаш шарт бўлмаса ҳам, уларнинг исмларини сўзлаш Аҳли суннатнинг шиори ва нишонидир. Била туриб, айтайлаб уларнинг исмини сўзламаслик қалбнинг бузуқлигини кўрсатади. Бу иш Аҳли суннат бўлган бир Султон замонида содир бўлса эди, бундай бидъатни буюк жасорат деб қараларди. Балки бу ҳолни давлатга, улул-амрга қарши келиш деб қабул қилиш ҳам мумкин бўларди. Шулар билан бирга, энг ҳайрон қолинадиган жойи, ўша шаҳарнинг муҳтарам зотлари, баобрў мусулмонларининг бундай воқеа олдида қулоқ қоқмас бўлишларидир. Қуръони каримда мазмунан, “Кучи ета туриб, гуноҳ қилаётганларга тўсиқ бўлмай жим қолиш, жуда ёмондир”, дейилади. Бу тукларни тиклайдиган хабарни эшитар эшитмас ақлим бошимдан қочди. Фаруқий томирим ҳаракатга келиб шу ёзилганларни қаламимдан чиқардим.(2/15)
Хутбада тўрт халифанинг исмлари юксак овозда айтилиши Аҳли суннат бўлишнинг аломатидир. Хутбада уларнинг исмларини айтишни истамайдигандан қочиш керак. (Ислом Ахлоқи)
|