Почтачи ким?
Савол оҳангига ҳайрон бўлманг. Бизнинг тасаввурда почтачи деганда, хонадонларга хат-хабар, вақтли матбуот нашрлари етказиб берувчи касб эгалари сиймоси шаклланган.
Аммо бугунги кунда улар бутунлай бошқа вазифани бажаришяпти. Пенсия, коммунал хизмат идоралари огоҳлантириш хатларини тарқатишади, гоҳида коммунал тўловларини йиғиб олишади ва… газета сотишади. Бундан ташқари, уйма-уй юриш ўрнига алоқа бўлимида худди раҳбарларга ўхшаб пенсионерларни қабул қилишади.
Агар прокуратура ахборотномасига эътибор бериб қарасангиз, ҳар чоракда ёки ярим йилда пенсия ва тўпланган коммунал тўловлар пулини ўзлаштирган почта ходимларига қўлланилган чоралар ҳақида маълумот ўқийсиз. Демак, соҳада назорат, тартиб йўқ ёки бу вазифалар тақсимоти мукаммал эмас.
Аксарият уйда пенсионер бор. Пенсия олиб келган почтачи чол ёки кампир пенсиясидан «чой-чақа» ушлаб қолишини ҳаммамиз биламиз. Ҳозир бу «чой-чақа»нинг ҳам миқдори белгиланган – камида 500 тенге. Бу ҳолга кўникканмиз. Айтайлик, бир киши бир ойда ўз ҳудудидаги 100 нафар пенсионерга хизмат кўрсатади. Энди тасаввур қилинг, йиғилган маблағ бир почтачига кўплик қилмайдими?
Яқинда менга маҳалладошларим М.Маърупова ҳамда Р.Шарипова мурожаат қилишди.
– Пенсиямизнинг ярмини пластик карточкага ўтказишди. 47-почта алоқа бўлими почтачиси бировга тушунтириб, бировни алдаб, тегишли ҳужжатга қўл қўйдириб олди. Лекин кўриб турибмиз, у ўзининг қариндошларига буни қўллаган эмас. Бу ҳам етмагандек қаердаги эски газеталар учун пул ушлаб қолади. Қаттиқ эътироз билдирганимиздан кейин, ҳарқалай, сал янгироқ газеталар ташлаб кетадиган бўлди. Аммо коммунал тўловни айнан нақд пулдан ушлаб қолади, – дейишди улар.
Мухбирлар ўрганганда бу ҳолат тасдиқланди. Алоқа бўлимида терминал йўқ экан. Албатта, ёши 70 дан ошган қарияларга пенсиясининг ярмини пластик карточкага ўтказишса, тағин коммунал тўловни пенсиянинг нақд пул қисмидан олиб кетишса, алам қилади-да!
Пенсия тарқатишдаги тизим шу қадар чалкашки, унинг охирига етиш қийин. Рўйхат ҳам почта ходимига қулай қилиб тузилади. Нақд пул келганда эса кимдан бошлаб тарқатиш почтачининг қўлида. У аввало яқинларини телефонда чақириб олади. Алоқа бўлими қошида эрталабдан (баъзан суткалаб) ўтирганлар кутиб тураверишади.
40-50 йил ишлаб, давлат томонидан беминнат пенсияга чиққан кишига пенсия беришдаги бу иддаолар алам қилмайдими? Баъзида уларнинг муомаласини кўриб, пенсияни давлат эмас, ўша почтачи чўнтагидан беряптимикин, деган хаёлга борасиз.
– Илгари бозорларда чиптачини ишдан бўшатиш қийин эди, – дейди бир танишим. – Тегинсанг, юқоридан телефон бўларди. Ҳозир почтачилик ана шунақа касбга айланган. Олий маълумотли дуппа-дуруст мутахассислар почтага ишга ўтишаяпти. Агар судланмаса, ишдан бўшата олмайсан.
Ҳурматли муштарий, мен бу соҳа ходимларини қоралаш ниятидан йироқман. Аксинча, бу соҳанинг барча имкониятларини ишга солиш зарур, деб ҳисоблайман. Чунки йиллар давомида (бошқа давлатларда ҳам) аҳоли билан ишлашда уларда тажриба орттирилган.
Аслида, почта ходимларини бугунги ҳолатга туширган ўзимиз. Негаки, бутун бошли қишлоқларда хонадонига обуна бўлганлар топилмайди. Оқибатда почтачи дуч келган топшириқни бажаришга мажбур.
Агар биз обунани хонадонларга, бевосита жойларга ташкил этадиган бўлсак, почтачи уни ўз вақтида етказиш имкониятига эга. Обуна уюштирувчи янги ташкилотлар эса бу хизматга рақобатчи бўла олмайди. Чунки уларда на етарли даражада транспорт, на шаклланган тизим бор. Яна ҳам хулоса қилишни мутасадди ташкилотлар ва зукко муштарий ҳукмига ҳавола этамиз.
Фармон ТОШЕВ.
|