Назарбоев: Ҳеч ким Украинанинг ички ишларига аралашмаслиги керак

Украина ўз муаммоларини ташқаридан аралашувларсиз ўзи ҳал қилиши лозим. Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ушбу фикрни Қозоғистон халқ Ассамблеясининг XXI сессиясидаги нутқида билдирди, деб хабар берадиРосбалт ахборот агентлиги.
“Биз Украина халқи ўзининг ички муаммоларини ташқаридан аралашувларсиз барча манфаатдор томонлар билан тинч музокаралар орқали ўзи ҳал қилиши керак деб биламиз. Биз вазиятдан ҳавотирдамиз ва шунинг учун қўлимиздан келган ёрдамни берамиз. У ерда содир бўлаётган воқеалар барчамизни чуқур ўйлашга мажбур қилади”, – дея таъкидлайди Назарбоев.
Шунингдек, Назарбоев Қозоғистоннинг 2050 йилгача бўлган стратегик дастуридаги энг муҳим вазифалардан бири тинчликни мустаҳкамлаш эканлигини айтиб ўтган.
“Бугун бир Украинада бўлаётган воқеалар ҳақидаги янгиликларни юрагимизда оғриқ билан ўқиймиз. Украина бизнинг энг яқин ҳамкорларимиздан биридир, бизни кўп йиллик ўзаро манфаатли ҳамкорлик ришталари боғлайди ва биз Украина билан умумий тарихга эгамиз. Оғир йилларда Қозоғистон минглаб украиналиклар учун иккинчи уй бўлди. Улуғ Ватан уруши йилларида кўчирилган ва мажбурий депортация қилинган минглаб украиналиклар бу ерда кўплаб саноат корхоналарини барпо қилишди ва меҳнат қилишди”, – дейди Назарбоев.
Президент ҳозирда Қозоғистонда 300 мингдан ортиқ украинлар яшашини таъкидлайди.
Эслатиб ўтамиз, апрель ойининг бошларида Назарбоев Германия канцлери Ангела Меркель билан телефондаги суҳбат чоғида Украинадаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилишда қатнашишга тайёрлигини билдирганди.
UZBEK.FM