//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Муносабат [36]

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » 2015 » Апрель » 23 » МУҲАББАТ МУШОИРАСИ ЁХУД ИККИ БУЮК ҚАЛБ НИДОСИ
08:17
МУҲАББАТ МУШОИРАСИ ЁХУД ИККИ БУЮК ҚАЛБ НИДОСИ

МУҲАББАТ МУШОИРАСИ ЁХУД ИККИ БУЮК ҚАЛБ НИДОСИ

 

Одамлар орасида ҳамиша машҳур шахслар ҳаётига кучли қизиқиш бўлади. Айниқса, улар бир оила аъзоси – эр-хотин бўлса бу қизиқиш яна ҳам кучлироқ бўлиши табиий.

Биз рус шеъриятининг салмоқли мавқега эга бўлган вакиллари Николай Гумилёв ва Анна Ахматовалар ҳақида кўп эшитганмиз. Улар такрорланмас, ўзига хос ижодкорлар бўлганидан хабардормиз. Мазкур мақоламизда шу икки шоирнинг ҳаёти, дийдорлашуви ва ҳижронлари, соғинч-изтироблари, бу ҳодисалар уларнинг шеъриятида қандай акс этганлиги ҳақида кузатганларимни ўртоқлашмоқчиман.

Шиддатли, эҳтиросли, алангали шеърлар сиз, ўқувчиларни, Анна Ахматова ва Николай Гумилёвлар шеърияти руҳига сал-пал яқинлаштирадими? Ана энди шу руҳ билан уларга яна яқинроқ боришга таклиф қиламан.

Дарвоқе яна бир фикр... Адабий давраларда эр-хотин санъаткор ёки ижодкор бўлса, улар бир-бирларига халақит беришади. Айнан шунинг учун ҳам қадимда айрим олим ва шоирлар тоқ ўтишган, дейишади. Ва бунга Навоий, Замахшарий, Робияи Адвия сингари шахсларни мисол келтиришади. Бу фикрда ҳам жон йўқ эмас. Аммо бирга яшаган икки ижодкор бир-бирини тўлдириб баравар юксалишлари ҳам мумкин.

Масалан, Луи Арагон ва Эльза Триоле; Ҳамид Олимжон ва Зулфия; Саид Аҳмад ва Саида Зуннунова... Улар эришган натижага эришиш учун икки ижодкор ўз ичларидаги худбинлик овозларини ўлдиришлари зарур бўлади. Лекин бу бошқа мавзу. Бизнинг асосий мавзуимиз:

Николай Гумилёв ва Анна Ахматова...

Николай Степанович Гумилёв 1886 йилда Кронштадтда туғилган. Отаси Болтиқ денгизи флотида ҳарбий врач бўлиб ишларди.

Анна Андреевна Ахматова ундан уч ёш кичик, Одессада туғилганди. Отаси Қора денгиз флотида инженер-механик эди. Анна бир яшарлигида оила Петербургга кўчиб келганди. Анна то 16 ёшга киргунча Питердаги маш­ҳур Шоҳ Чорбоғи – Царское Селода яшади.

Николай Гумилёвлар оиласи ҳам тақдир тақозоси билан шу чорбоғда туришарди, Николай ҳам навқирон ёш – йигирмага киргунча шу ерда яшади. У ўз даврининг зиёли шахсларидан бири, шоир Иннокентий Анненский директорлик қиладиган гимназияда ўқиди ва жуда эрта борлиқ, мавжуд ҳаёт ва шахснинг жамиятдаги ўрни ҳақида фикрлай бошлади.

Анна беш ёшида французчани ўрганиб олганди. Қизлар гимназиясида ўқиди. 11 ёшидан шеър ёза бошлади. Бир куни шеърларини отаси Андрей Антонович Горенкога кўрсатади. Отаси унга: “Шеър ёзма, ёзадиган бўлсанг, шеърингга менинг фамилиямни қўйма”, – дейди. Анна шу кундан эътиборан ўз шеърларига “Анна Горенко” деб эмас, “Анна Ахматова” деб имзо чека бошлайди. Чунки Аннанинг она аждоди Қримтатар хони Ахматхонлардан, дейишарди. (Ахматованинг ёзишича, бувисидан қимматбаҳо тошлар қадалган, бошга кийиладиган бир чамбарак қолган экан, унинг безакларини бўлак-бўлак қилиб, турли узук, зирак, билагузуклар ясаб олишган, шулардан бирига Анна қанчалик бармоқ суқмасин, жимжилоғи ҳам сиғмаган экан.)

 

Николай Гумилёв ёзади:

Рангсиз йилтираган кўзимда ҳаргиз

Теран нигоҳимда кўрасан нима?

– Сенинг кўзларингда кўраман денгиз,

Унда чўкиб ётар улкан бир кема.

 

У кема... шу қадар улуғвор, жасур,

Бундайи бўлмаган денгиз қаърида.

Қалтираш тинмайди реяларида,

Қуйруқ томонида дир-дир титрар сув.

 

Учағон ғалати балиқлар бўлса

Тарк этган сувости ҳудудларини.

Буралиб ҳавога отарлар – ўлса –

Зумраддай ялтироқ вужудларини.

 

Сен эса тош узра олис-олисда

Кутасан, чўкасан, яна қалқасан.

Қизғин бир иштиёқ, оташ ёқасан

Энг сўнгги денгизчи, қувноқ матросда.

 

Ва ҳеч ким ҳеч қачон билмайди, сенга

Интилган у кема ақлдан қолиб —

Кирганин ҳалокат ташиган жангга

Ва, мана, энди у ётар дам олиб.

 

Сенинг бу ингичка қўлларинг нечун

Дурлар билан тилди сув зулумотин.

 

Хўш, бу мураккаб тақдирли икки ижодкор ҳаётларининг қайси нуқталарида учрашдилар, нигоҳлари бир-бирига тушди? Ахматова хотираларининг бирида ҳали 15 ёшдалигида Николай Гумилёв ўзи билан қизиқиб қолганини ёзади. Бу икки ижодкорга замондош бўлган Корней Чуковский хотираларини ўқиганимизда “Николай Гумилёв Аннани ҳамиша ўз шогирди деб биларди”, деган жумлага дуч келамиз ва уларни шеъриятга, адабиётга бўлган ихлос учраштирди, деган фикрни айтгимиз келади.

Тақдир тақозоси билан Анна Қримга, Гумилёв Парижга кетди. Гумилёв Парижда “Сириус” номли бир журнал чиқара бошлайди. Аннанинг шеъри биринчи марта ўша журналда, Парижда чоп этилади.

 

Анна Ахматова ёзади:

Мастлик пайтларингда ҳикоянг тузсиз,

Гапирсанг – қаҳқаҳлаб кулгим келади.

Ранг-баранг палосга эрта келган куз

Сариқ байроқчалар илади.

 

Икков кириб қолдик ёлғон дунёга,

Ўкиниб тавбалар қилаётирмиз.

Лекин бу ғалати жилмайиш нега,

Нега тошқотганча кулаётирмиз?

 

Юракни тирновчи оғир қийноқни

Нега устун қўйдик осуда бахтдан?

Николай Гумилёв ёзади:

Мени танимайсан – мени учратсанг!

Отимни айтишса – эслай олмайсан! –

Сен-ла гаплашганман фақат бир бора,

Қўлингни бир бора ўпганман, холос.

 

Аммо онт ичаман – менга тегасан,

Севсанг ҳамки агар бошқа кимсани,

Ҳатто узоқ йиллар учратмасам-да,

Насиб этмаса-да бир кўрмоқ сани!

 

Онт ичаман сенга оқ меҳроб ҳаққи,

Никоҳ фариштаси олов нигоҳли

Бизни никоҳлаган мазкур меҳробда, –

Ёнма-ён кўрганмиз икков тонг чоғи.

 

Шундан буён ҳар тун ухлаганимда

Худо ҳаққи, тушда сени кўраман.

Буюк саҳроларда буюк соғинч-ла

Фақат сени ўйлаб қўмсаб юраман...

 

Улар 1910 йил 25 апрелда Киев шаҳрида никоҳдан ўтадилар.

Мен Киев кентидан

Илон инидан

Хотин эмас,

Сеҳргар олдим. –

деб ёзган эди ўша пайтларда туғилган шеър­ларининг бирида Николай Гумилёв.

Йилдан-йилга гулдай очилиб тобора чиройли бўлиб бораётган Анна эса Киевдаги Фундуклёв гимназиясида, кейин Киевдаги аёллар олий курсининг ҳуқуқшунослик бўлимида таҳсил олди. Бу вақт ичида кўпгина шеърлар ёзди. Аммо дастлабки ёзганларидан ўзининг кўнгли тўлмасди. “Бу шеърларим ғарибгина эди. Ҳатто мени телбаларча севадиган Николай Гумилёв ҳам уларни мақташга тили бормасди”, – деб ёзади Анна Ахматова ўз хотираларида.

Никоҳ тўйларидан сўнг бир муддат Парижда бирга яшадилар. Кейин Анна уйга кетади, Николай Африкага қараб йўл олади.

Анна Ахматова билан Николай Гумилёвлар иккови икки тарафга кетиб, ўз ҳаётлари билан яшадилар. Бу дегани уларнинг айрилиқлари силлиққина кечди, дегани эмас. Улар бир-бирининг қалб ҳурлигини беҳад ҳурмат қилишарди.

1912 йил 1 декабрда улар ўғил кўрдилар, отини Лев қўйишди.

Гумилёв Африкадан келганда Анна унга янги ёзган шеърларидан ўқиб беради. Эри: “Сен энди ҳақиқий шоира бўлибсан, китоб тайёрлашинг керак”, – дейди, шу тариқа Анна Ахматованинг “Оқшом” китоби дунё юзини кўради.

1921 йил август ойида ҳокимият тепасига келганлар Николай Гумилёвни, подшоҳ салтанатига садоқати учун, қамоққа олди ва отиб ташлади. Бу пайтда у эндигина 35 ёшга кирган эди. Шундан кейин Анна Ахматова ўн йилларча шеър ёзмади. Фақат мутолаа ва таржималар билан шуғулланди. Шоира кўп қайғули кунларни бошидан кечирди. Аммо у ўзини мудом дадил, тетик тутди. Замондошлари шоиранинг доим улуғвор, шоҳиналар каби кўринишга эга бўлганлигини, бу дунёнинг ҳою-ҳавасларига кўнгил қўймаганини, ғами, мусибатига бировни шерик қилиб дийдиё этмаганлигини ҳурмат билан эслайдилар.

Шоира Иккинчи Жаҳон уруши йилларида Шарққа эвакуация қилинган рус зиёлилари қатори Тошкентда яшади ва урушдан кейин она шаҳрига қайтганда ўша пайтдаги таассуротлари асосида қатор шеърлар ёзди.

Анна Ахматова 1962 йилда Италияда ўтказилган жаҳон шоирларининг халқаро йиғинида иштирок этади. Ва дунёнинг энг яхши шоири дея эътироф этилади. У 1966 йил баҳорида 77 ёшида вафот этади. Бу вақтда унинг еттитагина   шеърий китоби нашр этилган эди.

 

Миразиз АЪЗАМ

Категория: Муносабат | Просмотров: 961 | Добавил: albine | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Календарь
«  Апрель 2015  »
Пн Вт Ср Чт Пт Сб Вс
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
27282930

Архив записей

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz