Менинг исмим – микрофон. Мен одамларнинг яхши кунларида хизмат қиламан. Концертлар, тўйлар ва тадбирларни менсиз тасаввур қила олмайсиз. Артистлар, бошловчилар, хуллас барча-барча мени қўлига олиши билан ҳаяжонланади. Мен кўрмаган саҳналар қолмади. Санъаткорлар мени қўлларига олиб қўшиқ куйлашганда мазза қиламан.
Афсуски сўнгги пайтларда менинг хизматимга эҳтиёж сезилмаяпти. Мини диск ва флешкага ўхшаш рақобатчиларим мендан анча илгарилаб кетишмоқда. Тўйларда ва концерт дастурларида санъаткорлар мендан деярли фойдаланишмаяпти. Яхшиямки бошловчилар бор экан. Акс ҳолда билмадим, ғирт дангаса бўлиб кетган бўлармидим. Санъаткорлар ҳам роса «офирист» бўлиб кетишган. Мени қўлларига олишлари билан «off»ни босиб қўйиб, оғизларини қимирлаттиб туришади. Мен инсонларнинг кўзига ёлғончи восита бўлиб кўринадиган бўлиб қолдим.
Менинг энг катта душманим бу фонограмма жаноби олийларидир. У чиқди-ю, менга иш қолмади. Қўшиқчиларга шунчаки хўжакўрсинга керак бўлиб қолдим холос.
Олдинлари хизмат қилавериб, тез-тездан ишламай қолсам ҳам, мени ардоқлашарди. Ҳозир эса бузулиб қолишга ҳам ҳожат қолмади. Ишламагандан кейин шуда.
Энди буёғига фақатгина телевидение ходимлари ва бошловчиларгагина хизмат қиламан шекилли. Санъаткорлар қўлида эса шунчаки ўйинчоқ бўлиб қолдим.
Эҳ, қачон мен орқали яна олдингидек ширали овозлар билан қўшиқ куйлашар экан-а? Ишқилиб санъат аҳли учун архивга кетиб қолмасам бўлди…
Юсупов Фурқат
Манба: www.Furkat.uz