
Tengrinews.kz нашрининг хабар берича, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев 12 апрель куни бир нечта қонунларни, жумладан, Ўзбекистоннинг МДҲ эркин савдо ҳудудига қўшилишини ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни имзолаган.
Маълумки, Ўзбекистон МДҲ эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги Битимга махсус тартибда аъзо бўлганди. Битимга илова қилинган алоҳида Протокол Ўзбекистон учун кучга кирмаганди.
МДҲ аъзолари томонидан 2013 йилнинг 31 май куни имзоланган Протокол 2013 йилнинг декабрь ойига келибгина Ўзбекистон томонидан ратификация қилинганди.
МДҲ эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги Битимга илова қилинган Протокол қоидаларига кўра унинг янги аъзонинг қўшилиши қолган аъзолар томонидан қонун билан тасдиқланиши талаб қилинади.
Шу йилнинг 2 апрель куни Россия президенти Владимир Путин ҳам Ўзбекистоннинг МДҲ эркин савдо ҳудудига қўшилишини ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни имзолаган.
Айни пайтда, мазкур битим аъзоси бўлган Украина шу йилнинг март ойи бошида МДҲ таркибидан чиқиш процедураларини бошлаганини эълон қилган. Бу эса ўз-ўзидан Украинанинг МДҲ эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги Битимдан чиқишини ҳам англатади.
Эслатиб ўтамиз, МДҲ эркин савдо ҳудуди – 2011 йилдаги “Эркин савдо ҳудуди тўғрисида”ги Битим асосида ташкил қилинган. Шартнома лойиҳаси эса Россия иқтисодий ривожланиш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган. Ҳозирда Россия. Арманистон, Белоруссия, Қозоғистон, Қирғизистон, Украина ва Молдова Республикалари Битимнинг амалдаги аъзолари саналади.
UZBEK.FM