Мустабид тузум сиёсати гарчи инсонпарварлик деган эзгу ниятни шиор қилган бўлса-да, амалда кўп ишлари тескари бўлди.Бу тузумнинг энг катта хатоларидан бири – эътиқодни йўқ қилиш, худосизликни тарғиб этиш эди. Эътиқодсиз одамда иймон бўлмайди. Иймонсиз одамдан эса ҳар қандай разилликни кутиш мумкин. Негаки, у ҳеч кимга ва ҳеч нимага ишонмайди. Ўн йиллар давомида минглаб художўйлар қатағон қилинди, қувғинга учради. Черковлар ёқилди. Синагоглар портлатилди. Масжид ва мадрасалар вайрон қилинди. Аммо миллионлаб инсонлар қалбидан эътиқодни сиқиб чиқаришни эплай олмадилар. Эсимда бор, эллигинчи йилларда ўн тўрт ёшга тўлган ҳар бир ўқувчи сиёсий ташкилот сафига кириши шарт эди. Қабул қилинаётганларга биринчи бўлиб бериладиган савол эса «Худо борми, йўқми?» деган сўроқ эди. Ўшанда ҳар бир ўқувчи аввал ичида: «Ўзинг кечир, Худо!» деб, сўнг «Йўқ» деб жавоб беришга мажбур эди. Бошқачароқ қилиб айтганда, сиёсат ёш йигитча ва қизларни ўзи истамаган ҳолда мунофиқлик қилишга мажбур қилар эди… Тағин бир гап: балки мен ноҳақдирман. Аммо, негадир бир нарсага ишонгим келади. Ҳатто энг ашаддий атеист ҳам ўлими олдидан ақалли бир сонияЯратганга илтижо қилмаган бўлиши мумкин эмас.
Истиқлолнинг дастлабки пайтидаёқ ота-боболаримиздан қолган удум ва анъаналар, мустабид тузум замонида «эскилик сарқити» деб камситиб келинган инсоф, иймон, эътиқод каби миллий ва маънавий қадриятлар элнинг ўзига қайтариб берила бошлади. Юзлаб масжид ва мадрасалар тикланди…
Кунлардан бирида Наманганга бордик. Шаҳар марказидаги мўъжазгина, чиройли, аммо вақт ўтиши билан харобага айланган обида таъмирланаётган экан. Яқин бориб, қурувчилар ишини кузатдик. Маълум бўлишича бу Мулла Бозор охунд мадрасаси экан. Мулла Бозор охунд жаҳоншумул шоир Машрабнинг устози бўлган. Демак, бу обида тарихи бир неча асрларга бориб тақалади… Ғайрат билан ишлаётган қурувчилар юмушини кузатарканмиз, димоғимизга ғалатироқ ҳид урилгандек бўлди. Ҳайрон бўлиб тургандик, бизни кузатиб келган ҳоким тушунтирди. Мустабид тузум замонида бу муқаддас даргоҳда ўттиз йилдан ортиқ чўчқа боқилган экан! Халқнинг эътиқодини, маънавий қадриятини камситиш бундан ортиқ бўлмаса керак! Илм маскани, асрлар давомида эъзозлаб келинган обида чўчқахонага айлантирилса-я?!
Мустақиллик йилларида, Юртбошимиз жонкуярлиги билан халқ эъзозлаган қадриятларни тиклаш масаласида чин маънода тарихий ишлар амалга оширилди.
Шулардан бири муқаддас Қуръони карим маъно таржимасини «Шарқ юлдузи» журналида нашр этиш эди.
… Шундай қилиб, бу хайрли юмушга 1989 йилда киришилди.
Алоуддин Мансур билан таржима хусусида бир неча бор батафсил суҳбатлашилди. Бу масала Ёзувчилар уюшмасида муҳокама қилинди. Бироқ гап айланса калтакнинг каттаси журнал таҳририяти бошида синиши аниқ эди. Шу боисдан, аввало Қуръони каримни, араб тилини, дин тарихини биладиган, қолаверса, керак пайтда журнални қатъий ҳимоя қилишга қодир мутахассис ва ижодкорлардан иборат махсус таҳрир ҳайъати тузилди. Ҳайъатга Абдулазиз Мансур, Алибек Рустамов, Озод Шарафиддинов, Эркин Воҳидов, Неъматилла Иброҳимов, Ислом Шоғуломов, Умарали Норматов, Носир Фозилов ва бошқалар киритилди. Хайриддин Султонов, Анвар Турсунов, Омон Мухторов, Аъзам Ўктам нашрга тайёрловчи махсус муҳаррирлар сифатида тасдиқланди.
Бу ниҳоятда мураккаб, масъулиятли ва биринчи бор амалга оширилаётган вазифа бўлгани боис, таҳрир муҳаррирлари ҳар бир сўз, ҳар бир ибора устида синчиклаб иш олиб бориши керак эди. Омон Мухторов журнал таҳририятида ишлар, Хайриддин Султонов, Анвар Турсунов ва Аъзам Ўктам бошқа жойда хизмат қилса ҳам деярли ҳар куни таҳририятга келиб, матн устида ишлашар эди.
Ниҳоят, 1990 йилнинг март ойида Қуръони каримнинг дастлабки суралари «Шарқ юлдузи»нинг 3-сонида босилиб чиқди. Адашмасам, ўша пайтда журнал адади 170 минг нусха эди. Журнал тезда тарқалиб кетди ва… кетидан «ғалвалар» бошланди. Адабий журналда диний манбанинг босилиши айримларнинг ғашини келтириши аниқ эди.
Бир томондан улар ҳақли эди: мустабид тузум сиёсатини юргизиши керак бўлган нашр динни тарғиб қилса! Албатта, бундай эътирозлар ҳали журнал чиқмасданоқ бошланганди.
Бироқ асосий «зарба» бошқа ёқдан келди. Қуръони каримнинг таржима қилиниб, журналда босилишига олимлар, академиклар қарши чиқдилар. Албатта, ҳаммаси эмас, бир гуруҳ ўта «билимдонлари»!
Бош муҳаррир сифатида мени Марказкомга чақиришди. Афсуски, ҳар қандай вазиятда ҳам «тўнини ечиб» майдонга тушиб кетадиган Озод ака ўша куни университетда, дарсда экан. Таржимон эса Қирғизистонда. Таҳрир ҳайъати аъзолари бўлмиш бошқа олимларни топишнинг ҳам иложи бўлмади.
Юқори ташкилотга бир дақиқа кечикиб бориш ҳам мумкин эмас. Яхшиям, бахтимизга атоқли адабиётшунос ва тилшунос, араб тилини мукаммал биладиган олим Алибек Рустамов бор экан! Журнал масъул котиби, олим билан учовлашиб, айтилган жойга бордик.
Марказкомнинг масъул ходими бизни очиқ чеҳра билан кутиб олди. Муомаласидан у кишининг журналга хайрихоҳ экани сезилиб турарди. Кўнглимиз анча равшан тортди. Мен кам деганда ўн нафар «олиму фузалолар» қамчи ўқталиб келган бўлса керак, деб ўйлагандим. Йўқ, академиклар номидан бир олим расман вакил бўлиб келган экан.
Кези келганда бир нарсани таъкидлаш керак, деб ўйлайман. Мен муҳтарам олимимизни қораласам, инсофдан бўлмас. Балки у киши ўзига топшириқ берган Фанлар академиясининг фикрини ҳимоя қилгандир, бундай масъулиятли юмушни «аллақандай адабий журнал» эмас, каттароқ нуфузли ташкилот амалга ошириши керак, деб ҳисоблагандир. Нима бўлганда ҳам «мухолифимиз»нинг талаби кескин ва қатьий эди. Нашрни тўхтатиш керак!
Муросасиз баҳсда ҳар жиҳатдан мантиқли, қиличдек кескир мулоҳазалар билан журнални ҳимоя қилган Алибек Рустамовдан ҳамон миннатдорман! (Дарвоқе, Алибек ака орадан кўп ўтмай Мустақиллик шарофати билан академик унвонига сазовор бўлди).
Масала жиддий бўлгани учунми, ўша суҳбатни деярли сўзма-сўз эслаб қолганман.
— Қуръон таржимаси билан «Шарқ юлдузи» шуғулланиши шартми? — деб сўради муҳтарам олим.
— Бўлмаса ким шуғуллансин?
— Ўзбекистон Фанлар академияси бор. Бунақа жиддий ишлар академияда қилинади, сизлар шеър босинг, ҳикоя босинг.
— Марҳамат, академия ҳам шуғулланаверсин.
— Академия шуғулланса, Қуръон таржимаси ўн йилда ҳам чиқмайди, — деди Алибек Рустамов ишонч билан. — Буни мен яхши биламан.
Олим бошқа важ топди:
— Қуръонни таржима қилиш мумкин эмас. У фақат араб тилида ўқилиши керак!
— Китоб инглиз, француз, немис, испан, рус тилларига аллақачон таржима қилинган-ку!
— Улар христиан мамлакатлари!
— Туркия, Покистон, Афғонистонда миллий тилларда нашр этилгани-чи? Уйғур тилига таржима қилингани-чи? Улар ҳам насронийми?
Муҳтарам олим бу сафар ҳам бўш келмадилар.
— Тўғри, бу тилларда ҳам таржимаси чиққан. Аммо яхлит китоб бўлиб чиққан, Қуръонни майдалаб босиш мумкин эмас!
— «Ҳафтияк» нима? Қуръони каримнинг еттидан бири эмасми? Эски мактабларда «хафтияк» ўқитилган-ку!
— «Ҳафтияк» — китоб. Журнал эса вақтли нашр. Қуръонни журналда босиб бўлмайди.
— Нега ахир?
— Чунки Қуръон – муқаддас китоб. Журналингизни биров йиртиб, номақбул жойда ишлатса…
Буниси энди мантиққа сиғмайдиган гап эди.
— Ҳой, барака топгур! Қандайдир бефаҳм нон бурдасини ахлат қутисига ташлашидан қўрқиб, новвой нон ёпмай қўйиши керакми энди? Бизнинг одамлар орасида бунақа бетавфиқлар йўқ!
— Бўлса-чи?
Анчадан бери жим ўтирган Алибек аканинг йирик-йирик кўзлари чақнаб кетди.
— Ҳой, мулла! — деди овози жаранглаб. — Сизнинг соҳангизнинг Қуръонга нима алоқаси бор? Дин тарихини биласизми ўзи? Мен араб мамлакатларида ишлаганман! Ҳамма газеталарда ҳар куни Қуръон сураларидан парчалар босилади! Китобни давомли қилиб босиш мумкин эмас деган гап — абсурд! Мантиқ йўқ! Ундан кўра нима учун журнал академиядан сўрамай бу ишни бошлади, деб қўя қолмайсизми? Билиб қўйинг, нимани босишни журнал таҳририяти ҳал қилади! Академия шу ишга жазм этган экан, марҳамат, ўзи ҳам нашр қилаверсин!
Муҳтарам олим фикридан қайтмади:
— Барибир, журнални тўхтатиш керак!
— Қўлингиздан келса, тўхтатинг! Аммо билиб қўйинг, обуначилар нашр нега тўхтаб қолди, деса, «Мен шуни хоҳладим», деб жавобни сиз берасиз! Қолаверса, 170 мингта журнал тарқалиб бўлди. Бу – 170 минг сўм деган сўз. Кейинги сони ҳам тайёрлаб қўйилди. Унга ҳам шунча маблағ кетган. Ҳаммасини тўлайсиз!
(У пайтда бу жуда катта пул эди).
— Буниси ўз йўлига, — деди Алибек ака. — Учаламиз телевидениеда чиқиш қиламиз. Сиз нашрни тўхтатиш кераклигини исботлайсиз, биз эса тўхтатиш мумкин эмаслигини! Қани, одамлар кимни маъқулларкин?
Муҳтарам олим ўз фикридан қайтмади. Марказком ходими индамай, кулимсираб ўтирарди. Билдимки, у киши ким ҳақ эканини билиб турибди. Бироқ вақтида ҳаракат қилинмаса, майда гаплар газак олиб кетиши, ишни тўхтатишга қодир кучлар ишга киришиши мумкин эди.
Бахтимизга ҳал қилувчи суҳбат мамлакат раҳбари Ислом Каримов ҳузурида бўлди. (Бу пайтда Ислом Каримов Марказкомнинг биринчи котиби эди.) У киши нашр атрофида бўлаётган тортишувлар ҳақидаги гапни диққат билан эшитиб, бу хайрли ишни тўхтатмаслик, нашрни давом эттириш тўғрисида қатъий топшириқ берди!
Шу тариқа Юртбошимиз раҳнамолигида Муқаддас китоб тарихда биринчи марта замонавий ўзбек тилида чоп этилди.
Албатта, бу биринчи тажриба бўлгани учун айрим камчиликларга йўл қўйилган бўлиши мумкин. Бироқ, истиқлол шарофати билан минглаб, юз минглаб одамлар иймон сари юз тутишида ўша нашрнинг ҳам ҳиссаси борлигига шукрона қиламиз.
Ватан истиқлоли бизга юзлаб қадриятлар қатори виждон, иймон эркинлиги деган неъматни ҳам қайтариб берди. Юртимизда бунёд этилган юзлаб Мадраса ва масжидлар, ҳар йили Рамазон ва Қурбон ҳайитининг расман байрам қилиниши, Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасининг тикланиб, бундан олти юз йиллик аввалги маҳобатли ҳолатига қайтиши, буюк муҳаддис аллома Имом ал-Бухорий ҳазратларининг хотирасига бунёд этилган мислсиз мақбара, Ислом университетининг очилиши, Тошкентнинг Ислом маданияти маркази деб эътироф этилиши – буларнинг барчаси мустақиллик меваларидир!
Ўткир Ҳошимовнинг
“Инсоф” китобидан олинди