Киев Россия махсус хизмати жосусларининг қўлга тушганлигини маълум қилди

Украина президенти маъмурияти бошлиғи вазифасини бажарувчи Сергей Пашинскийнинг таъкидлашича, Украина кучлари ўнлаб россиялик махсус хизмат жосусларини қўлга олишган. Бу ҳақда РИА “Новости” ахборот агентлиги берган маълумотга таяниб news.nur.kz нашри хабар беради.
“Биз Россия Федерацияси махсус хизматининг ўнлаб жосусларини қўлга олдик ва улардан баъзилари кўрсатма ҳам беришди”, – дея таъкидлаган Пашинский жума куни бўлиб ўтган брифингда.
Унинг сўзларига кўра Украина шарқидаги кўнгилли жангарилар ҳам россия қуролларидан фойдаланишмоқда.
Москва томонидан қонунийлиги шубҳа остига олинган янги Киев ҳукумати бир неча маротаба Россияни Украина жанубий-шарқидаги оммавий намойишларга алоқадорликда айблаганди. Ушбу минтақаларда бир неча ҳафтадирки маҳаллий аҳоли ҳукуматга бўйсунушдан бош тортиб минтақаларнинг мақоми бўйича референдум ўтказилишини талаб қилиб келмоқда.
Россия Федерацияси вакиллари бу турдаги айбловларни рад қилиб келади. Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавровнинг таъкидлашича Россия Украинанинг ички ишларига аралашмайди, бу Россия манфаатларига зиддир.
Ўз навбатида, Россия Федерацияси мудофаа вазири Сергей Шойгунинг эътироф этишича Киевнинг Украинадаги воқеаларга Россия махсус хизмати жосуслари алоқадорлиги ҳақидаги иддаоси “васвасага ўхшайди”.
Бундан ташқари, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) бош котиби Николай Бордюжа ҳам Украина шарқида россия аскарлари фаолият олиб бораётганини тасдиқлайдиган биронта далил йўқ дея таъкидлаганди.
UZBEK.FM