Оилада ўсмирларга катталар томонидан оз бўлса-да жинсий тарбия берилиши лозим. Масалан, она қизига, ота эса ўғлига нозик масалаларда маълум тушунчаларни аста-секин ўқтириб бориши шарт. Акс ҳолда ўсмирлар кўча-куйда чала-чулпа маълумот олганлари боис уларнинг онгида жинсий ҳаёт хусусида нотўғри тасаввурлар шаклланади. Баъзан келин-куёвлик даврида кўнгилхираликларга хам ёшларнинг жинсий турмушга тайёр эмасликлари сабаб бўлмоқда… Қуйидаги мактубларни ўқийлик.
Саволларга сексопатолог Равил Исманов жавоб беради.
Мен турмушга чиқкунимга қадар эркак зотидан ўзимни четга олиб юрардим. Сабаби, онам ҳамиша “ўғил болалар жуда ёвуз, кўрқинчли, сен уларга қайрилиб ҳам қарама” дер эдилар. Шу сўзлар кичиклигимдан миямга сингиб қолгани учунми, никоҳ кечасида куёвни ўзимга яқинлаштирмадим. Сал қўл теккизса, дағ-дағтитрай бошлардим, аҳволимдан унинг ўзи ҳам қўрқиб кетарди. Ишонасизми, бу ҳол беш ойча давом этди, қовушолмадик. Ахийри эрим буни қайсидир шифокор танишига айтибди. Шундан сўнг сиримиз очилиб, мен анча вақт психолог муолажаларини олдим. Онам менга нима учун шундай деганикин-а? Нега мен ҳам ўша гапга ёпишиб олдим? Турмушимиздаги тушунмовчиликларда кимнинг айби кўпроқ? Ҳанузгача тушунолмайман…Н.З.
Эркаклар ёвуз эмас
(мактубга жавоб)
– Бу хол аслида вагинизм деб аталади. Яъни, баъзи бир оналар қизларини уятчан ва иболи қилиб тарбияламоқчи бўладилар-у, лекин кўпинча қош қўяман, деб кўз чиқарадилар. Натижада қизларда эркак зотига нафрат пайдо бўлади, қизлар вояга етгани сайин ўша нафрат янада кучаяверади. Мана шу нарса никоҳдан кейинги жинсий ҳаётни мушкуллаштиради. Бир воқеани айтай. Йигирма беш ёшли С. исмли қиз турмуш қурганига саккиз ой бўлса-да, куёвни яқинига йўлатмаган. Отаси тез-тез ичиб уйга маст ҳолда келгани онаси билан доим жанжаллашгани боис қиз эркакларни ёмон кўриб қолган. Ҳатто турмушга чиқишга хоҳиши бўлмаган. Қариндошларининг қистови билан никоҳга розилик берган. Бироқ кечалари куёвга жон-жаҳди билан қаршилик қилган. Шу туфайли, қизнинг жинсий аъзолари, сон ва қорин девори мушаклари қисқариб кетган… Тиббий текширувда бу қизга “вагинизмнинг иккинчи босқичи” деб ташхис қўйилган. Демак, муҳтарама оналаримиз қизларни жинсий тарбия сирларидан аста-секин огоҳ этиб боришлари керак. Яъни ўз ҳаёсини сақлаган ҳолда эркак зотига ҳурмат ва меҳр билан қарашга ўрганганлари маъқул. Ана шунда кўнгил хираликлар юз бермайди.
Беҳаёликлар гирдобида қолдим
(иккинчи мактуб)
Бир журнал қўлимга тушиб қолди. Унинг ҳамма варақларида эркак ва аёлнинг беҳаё муносабатлари тасвирланган эди. Бу менга қаттиқ таъсир қилди. ўшандан бери юрсам ҳам, турсам ҳам ҳалиги шаҳвоний манзаралар ҳеч хаёлимдан кетмайди. Шунақа ҳолатларни ҳатто тушимда ҳам кўрадиган бўлиб қолдим. Аҳволимни ҳеч кимга айтолмайман. Бу касалликми? Ундан қандай қутулса бўлади?Азиза, 16 ёш.
Токи, кучли иштиёққа айланмасин
(мактубга жавоб)
– «Визионизм» деб аталадиган касаллик бор. Порнографик суратлар ва киноларни томоша қилиб, сўнг кўрган манзараларини ўйлаб юришади. Бу ёқимли бўлиб туюлади. Аянчлиси, шундан бошқа ҳеч нарса уларни қизиқтирмай қўяди. Визионизм бугунга келиб ўғил болаларнинг 33 фоизида, қизларнинг 18,5 фоизида учрайди. Мактуб эгасига маслаҳатимиз шундай: касаллик ривожланиб, кучли иштиёққа айланмасидан аввал ўзингизни уй юмушлари ёки дарслик топшириқлари билан чалғитинг. Кўпроқ табиат қўйнида сайр қилинг, зиёли дўстларингиз суҳбатларидан баҳраманд бўлинг. Тарихий филмларни кўриш ёки қизиқарли китобни ўқишингиз ҳам мумкин. Агар бу нарсаларнинг ҳеч бири сизга ёрдам бермаса, психолог шифокорга мурожаат этишингизга тўғри келади.
Нега оғриқ бўлади?
(учинчи мактуб)
Бир йигитни ёқтириб, унга турмушга чиқдим. Лекин тўйдан кейинги ҳар бир оқшом мен учун битмас-туганмас азобга айланди. Негадейсизми? қовушиш пайтида қаттиқ оғрикдан “дод” деб юборгим келади. Мана бир ярим ойдан бери шу аҳвол. Бировга айтишга уяламан. Нега шундай бўларкин?Сабо, 19ёшдаман.
Сабабини аниқлаш зарур!
(мактубга жавоб)
– Қовушиш пайтида аёл жинсий аъзосида оғриқ бўлишига бир қанча сабаблар бор. Айрим ҳолларда (масалан, аёл бирданига озиб кетганда, мунтазам равишда оғир юк кўтарганда, сурункали касалликлар билан оғриганда ёки иммунитети сусайиб ҳолсизланганда) бачадон бўйни ўз ўрнидан сал четга силжиши мумкин. Натижада яқинлашув пайтида оғриқ туради. Аёл организмида гормонал бузилишлар рўй берса, яъни жинсий гормонлар етарли даражада ишлаб чиқарилмаса, қовушишдан олдин жинсий аъзодан шиллиқ ажралмайди ва қин намланмасдан қуруқлигича қолади. Оқибатда яқинлик кучли оғриқни қўзғатади. Шунингдек жинсий аъзода арзимас шикастланиш, ёрилиш ва тирналишлар бўлганда ҳам қовушиш чоғида оғриқни келтириб чиқаради. Бундан ташқари дисбактериоз, колит сингари ичак хасталикларининг хуружи бошланаётганда жинсий алоқа оғриқ билан ўтади. Шунинг учун, энг яхшиси гинеколог-шифокорга учраб, оғриқнинг аниқ сабабини билиш ва зарур муолажаларни олиш керак.
Қовушишнинг қоидаси борми?
(тўртинчи мактуб)
Янги келинман, умр йўлдошимга эндигина ўрганаяпман. Аммо унинг баъзи одатлари кўнглимни хижил қилмоқда. Менинг истак-хоҳишим, кайфиятим билан ҳисоблашмасдан, ҳатто соғлиғим билан қизиқмай қовушишга ундайвериши тўғрими, ахир?Жинсий ҳаётнинг ҳам ўз қоидалари бордир. Шу ҳақда билгим келади.Зарифа, 20 ёшда.
Жуфтингизда майл уйғотинг
(мактубга жавоб)
– Жинсий яқинлашув ўзаро келин-куёвнинг хоҳиш-майли билан амалга оширилгандагина ҳар икки томон бундан тўла-тўкис ҳузур-ҳаловат топади. Айниқса, «илк висолдан» кейинги уч ёки беш кунлик “тийилиш” келинчакнинг жинсий аъзосидаги жароҳат излари битишига ёрдам беради. Хўш, қовушишнинг қандай қоидалари бор? Масалан, ўта тўйиб овқатлангандан сўнг ёки жуда оч қолган пайтда жинсий яқинлик қилинса, ичаклар фаолиятига путур етади. Зўриқтирувчи жисмоний ва ақлий меҳнатдан кейин ҳам жимога киришиш зарарли. Автомобил ёки поездда қовушишдан эҳтиёт бўлинг, бу ноқулай ҳолатда албатта жароҳат олишингиз мумкин. Кимнингдир бирор жойи оғриб турганда ёки иситмалаганда қилинган яқинлик умуман ҳузур-ҳаловат бағишламайди, балки бемор учун зарарли ҳисобланади. Куёв шуни унутмаслиги керакки, келинчак жинсий яқинликка тайёр бўлмаса, у қовушишдан лаззатланмайди, натижада асаби зўриқади, умр йўлдошидан кўнгли қолади, ҳатто бу ҳол унинг жинсий аъзоларидаги қон айланиш тизимига салбий таъсир кўрсатади. Аёл нафақат руҳан, балки жисмонан ҳам шикастланади.
Ўша тунни унутолмайман…
(бешинчи мактуб)
Тўй кечаси турмуш ўртоғим томонидан қўполлик билан қилинган жинсий муносабат қурбони бўлганман. Кўп қон йўқотиб ўша кечанинг ўзидаёқ шифохонага тушдим. Бир ҳафта даволаниб оиламга қайтдим. Жуфтингиз фақат ўз ҳирсини ўйлаб нотўғри хатти-ҳаракатлар қилса, безиб қоларкансан киши. Аввалига қўрқиб айтганларига кўнган бўлсам, кейинчалик ундан шунчалар совиб кетдимки, кўп ўтмай ажралишдик. Нима учун баъзи йигитлар жуфтига бу қадар қўпол муносабатда бўларкин-а? Жинсий маданият, меҳр-муҳаббат ва умр йўлдошини асраб-авайлаш каби фазилатлардан бехабарми улар? Йигитларга мутахассис томонидан энг зарур маслаҳатлар берилишини истайман, токи қизлар никоҳ тунида мен каби қийноқ гирдобида қолишмасин.Заҳро, 19ёшда.
Аёл «қулоғи» билан севади
(мактубга жавоб)
– Эр-хотин жинсий қобилиятининг даражаси муҳим аҳамиятга эга. Эркакнинг «майли» унинг кўрув аъзосида, аёлнинг сексуаллиги эса эшитув аъзосида мужассамлашган. Яъни куёв аёлининг ҳусни-малоҳатига мафтун бўлса, келинчак қаллиғининг ширин сўзлари ва эркалашларидан роҳатланади. Агар куёв тўй кечаси ичкилик ичиб ёки жинсий тарбиядан бехабар ҳолда келинчакка қўпол муносабатда бўлса, бунда келинчак фақат азоб чекади, ҳатто қон кетиши ҳам мумкин. Келинчак ҳайз кўрган бўлса, жинсий алоқа қилмаслик керак, акс ҳолда бу гигиенага зид ҳисобланиб, бачадонга инфекция тушиши мумкин. Хуллас, висол кечалари хавотирларга барҳам бериш учун куёв келинчакни кўпроқ севиб эркалаши, унда майл уйғонишини кутиши, сабр-тоқатли бўлиши лозим. “Аёл қулоғи билан севади” деган ҳикматни унутманг.
Ота-оналарга маслаҳатлар
Қачонки, оилада жинсий жиҳатдан тўғри тарбия берилмас экан, ўсмирлар руҳияти ва организмида жинсий ҳаётга оид турли бузилишлар келиб чиқиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Бунинг охири хайрли кечмайди, балки ёш оила ҳаёти илк кунларданоқ изтироб ва ташвишлар исканжасида қолади. ҳар иккала томоннинг бир биридан кўнгли тўлмайди. Шундай экан, ёшларнинг жинсий тарбиясида ҳушёр ва сергак бўлганимиз маъқул. Ўсмирлик ёшида эндокрин безлар ва жинсий безлар фаолияти кучаяди, жинсий майл уйғона бошлайди. Бу вақтда қизларни ҳайз кўришга тайёрлаш, ўғил болаларда эса иҳтилом (булғаниб қолиш)нинг табиий ҳол эканлигини айтиш лозим. Ўғилларга аёл зотига ҳурмат билан қарашни, сабрли бўлишни ўргатинг. Қизларга бокиралик ва иффатни сақлашнинг мазмун моҳиятини тушунтиринг. Асосийси, ҳар бир қиз ёки йигит жинсий ҳаёт хусусида тўғри тасаввурларга эга бўлсин ва ўзларидаги шаҳвоний ҳис-туйғуларни онгли равишда жиловласин.
Манба: “Сиҳат-саломатлик” журнали
|