//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Муносабат [36]

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » 2015 » Апрель » 23 » КЕНГ ДАЛА, ТЎРТОВЛОН ВА БЕШИНЧИ
08:15
КЕНГ ДАЛА, ТЎРТОВЛОН ВА БЕШИНЧИ

КЕНГ ДАЛА, ТЎРТОВЛОН ВА БЕШИНЧИ Ҳикоя

 

Шойим БЎТАЕВ

Ҳай, айланиб кетай, ҳорманглар. Сизлар ҳам шу ерда турасизларми? Ҳа, бир‑икки кун ишлагани келдиларингизми? Майли, қайда бўлсаям одамзод ризқини териб юрар экан, худо бераридан қисмасин. Кранда сув бормикан? Хайрият‑э! Шу далаҳовлиларга деб сув чиқариб қўйганларнинг отасига балли. Бизнинг кунимизга ҳам яраяпти‑да, йўқса, челакларимизни даранглатиб қайларда юрган бўлардик лўлига ўхшаб! Бэ, қаёқда, бизда далаҳовли нима қилсин? Биз шу ерда яшаймиз, айланиб кетай. Ҳовли‑жойимиз шу ерда. А, йўқ, ўзи асли тагимиз бу ерлик эмас. Бизники Ўратепами‑Шаҳристонми‑Қайирмами деган томонлардан – таги тугимиз‑да! Хўжайинники Зоминдан. Ҳа‑а, ман келин бўлиб тушган вақтимда бизникилар ҳам Зоминда яшашган. Ўша Ўратепами-Шаҳристонми‑Қайирмами деган жойларни ўзим кўрмаганман. Раҳматли бувигинам оғиздан қўймасдилар. Қулоқми‑сулоқми қилиб юборилмаганимизда ота‑боволаримизнинг жаннат жойларидан бизни биров силжитиб ҳам кўрсин эди, дердилар раҳматли кўзларига ёш олиб.

Ҳў‑ўв ана‑а...катта тол бор‑а, ўзи битта. Ўша, худди ўзи! Ўша толдан пича ўтилса, чапга йўл кетган. Ўзи бошқа йўл йўқ! Шу битта йўл! Шу йўлдан қуйига эниб юраверсаларингиз икки томониям кенг дала – ўнг томонида ичкарироқда иккита уй, чап томонида томи ёпилмаган сарой турибди. Шу йўл тикка бизникига олиб боради‑да, айланиб кетай.

Э, анави кучук намунча суллоҳ бўлмаса?! Думини қисиб, кўзини мўлтайтириб келаверади‑я! Эгаси йўқ, шекилли‑да. Тур, кет! Хўжа­йин, қаранг, араванинг ёнидан қувиб юборинг, идишга тегмасин.

Уйимизми? Уйдақа уй‑да. Ярмини битириб сувоқдан чиқардик, ярмиси ётипти – кўчамизга каштан экиб қўйдик. Энди икки йил бўлдида, кўчиб келганимизга. Кенг дала, кўзимизга хўп бинойи яшайдиган жой бўлиб кўринувди, суви чатоқ экан. Ҳа майли, шунисигаям шукр. Хўжайин, сиз аввал аравангиздаги бўчкангизни тўлдириб олинг. Кейин мен челакларга сув олиб, қўлимда кўтариб кетаман.

Ука, сиз мелисада ишламайсими мабодо?! Ҳа, шунақами? Унгаям таниш‑билиш керак‑да. Индамай бориб «лўп» этиб кириб кетаверса, кимлар ишламасди. Ҳаммаям текин усти бош кийсам, катта‑катта ойлик олсам дейди. Шундоқчанги бўлганидан кейин, талабгориям кўп‑да, талабгор кўп бўлдими, у ёғини ўзингиз биласиз. Майли, ҳали ишлаб сарф‑харжга жичча пул тўпланглар, қочиб кетаётгани йўқ, жойлашиб оласизлар.

Сизлар ҳам шу ердан сув оласизлар‑да, а? Анави темир панжара билан тўсилган ерда ишлаяпсизларми? Ҳа, иш одамми ўлдирибдими, ишлаган яхши‑да! Тўвба, даладаштга темир панжаранинг нима кераги бор экан – ҳайронсан! Пойдевор‑мойдевор олганми ўзи? Ҳа‑а, эндими?! Бошпана‑мошпана тиклаб қўйса бирор кунига ярайди‑да!

Мана, бизам шаҳарда яшардик. Чилонзорметродан чиқишда битта бозорча бўларди‑ку, ўша ерда сабзавот сотардик. Сўпи азон айтмасдан Қуйлиққа чиқиб олиб келардикда! Энди устига қўйиб сотасан, ундоқ қиласан‑бундоқ қиласан, бир амаллаб фойдангни чиқариб ола­сан­‑да. Э, йўқ, биз тарозидан урмаганмиз, худодан қўрқамиз. Олди‑сотди ишларида сабзавот сотасанми, картишка‑пиёз сотасанми, мева‑чева сотасанми – ҳаммасини кўраверар экансан. Тарози тошининг тагига қумқоғоз ишқалаганларни ҳам, эговлаб харидорнинг кўзини чалғитадиганларни ҳам кўрдик. Нима қиласан, бировнинг ҳақидан уриб?!

Уни юришини қаранг. Ўзиям қовур­ғаси саналиб қопти‑я, ё тўвба. Эгаси йўқ, шекилли. Эгаси бўлсаям, боқолмаганми?!

Ўзи сизлар ҳам бу юришдан кўра мундо‑оқ бозор‑ўчарга аралашсаларингиз, пешоналарингиздан бўлиб қўлларингиз пул‑мул кўриб қолар‑а! Бозор ҳам пешона‑да, борини кўраверасан! Шунинг учун харидорга тўғрисини айт, фойда бўлмаяпти-де, бизники ҳам тирикчилик де, устига бир сўм‑ярим сўм қўйиб сотамиз-де – тушунса тушунар, тушунмаса ана‑а борсин, уйқусини ҳаром қилиб Қуйлиқдаги оптомдан олсин оладиганини. Олади‑я, олади! У ердаям мингта аждаҳо кимдан нимани юлсам экан деб кўз тикиб туради – қайтанга қимматга тушиб келади.

Ҳа хўжайин, нега оғзимга уриб, гапиргани қўймайсиз? Ўзингиз ҳам баъзи пайтларда жа‑а бийрон бўлиб кетасиз‑ку! Нимасини ваҳима қилипман?!

А, айланиб кетай ука, нималар деяпсиз? Тошсиз тарозиларнинг ҳам шундай эпини қилишадики, анави ўлгур...ҳаҳ, нима дейди‑я, истрелка1 си ҳам сотувчисининг измидан чиқмай ликиллаб қолади кейин. А‑а, айланиб кетай, бу ёқдагиси ўтади кетади‑да, у ёқдагиси оғир. Умидимиз шунисидан, ишқилиб.

Шу ит шўрликка ҳам қийин‑да, а‑а?! Эсимга келмапти‑я, уйдан нон‑­пон опкелардим. Ўтган гал сувга келганимизда ҳам ўралашиб юрган шумиди, хўжайин?! Нега эсингизда бўлмасин? Олдига яримта нон ташловдим, ютди‑қўйди. Ердан ушоқларни териб еяётганини кўриб раҳмларим келиб кетувди. Худо шуларнинг ҳам ризқини бериб туради‑да, бўлмаса бу юришда аллақачон жони чиқиб кетарди.

Э‑ҳа, хўжайиннинг аждодлари катта авлиёларга бориб туташади, ўзлари ҳам чалкаштириб юборадилар кўпинча. Бу ёғини сўрасангиз биз ҳам чакана жайдари одамлардан эмасмиз аслида – ота‑боваларимизни муридлари кафтларида кўтариб юришган. Шунақа бўлиб қолди‑да, бу кишим ҳам серуруғ, катта оиладан чиққанлар. Ортларидан бир эмас, икки эмас, саккизта укалари бор. Яна бунинг устига учта сингиллари бор, уларнинг олдида мани гапим гап бўлибдими, гапни улардан эшитинг‑да. Шулар катта бўлиб келаверишгач, ке, бу оиланинг тўнғичи биз‑ку, қайнотамиздан қолган уй­жойимизни шуларга бўшатиб берайлик, барибир бора‑бора супрақоқди кенжага қолади, биз уларнинг кўзига хунук кўриниб нима қилдик деб, эру хотин бир кечада маслаҳатни бир жойга қўйиб пишитдик‑да, шаҳарга тушиб кетдик. Ишимиз унча ўхшамади – илгариги сувлар оқиб ўтиб кетган экан. Кейин нима, қайтиб кетармидик? Бу кишимнинг ҳамқишлоқлари ҳам жуда гапчи халқ, шунинг учун қайтишга юрагимиз дов бермади. Шу‑у Чилонзорметро бозорчасида битта таниш топиб, унинг кўмагида сабзавот сотишга ўтдик. Худога минг қатла шукр, шунинг ортидан оч‑юпун қолмадик, рўзғор юритдик. Ишқилиб, худойимнинг ўзи меҳрибон, у қилиб‑бу қилиб, уч ўғилу бир қизни улғайтирдик. Одам ўйласа, юрагини ваҳм босади‑я! Шунисигаям шукр, мелиса ўғлимиз мана шу жойдан уй қураман деб ер олган эди, мана энди кунимизга яради. Йўқса, қайга борардик?! Уй қуриб ўтирганимиз билан ҳовлига девол олиб ўраганимиз йўқ. Ҳаммаёқдан шамол эсиб туради. Ёзда ҳузур қилади одам. Қишда қийин. Бир ундоқбир бундоқ‑да.

Ҳа, хўжайин, ман нима дедим?! Қани, шақиллаганим, кошки биров билан гаплашсам. Кенг жой экан деб чиқиб эдик, гаплашай десанг гаплашадиган одам тополмайсан‑а! Ўша Чилонзорметро бозорчасида сабзавот сотиб юрганимизда этаждан бир хона уй ҳам қилиб эдиг‑а, бу киши қўймадилар‑да, сал четроқ бўлса ҳам кенгликка чиқайлик деб, ана‑а кенглик! Тор бўлсаям ошхонамиз бор эди, ошхонамизда газимиз бор эди; ваннамиз бор эди, ваннамизда сувимиз бор эди! Бу кишим эса мани тергаганлари тергаганлар!

Э, анави кучукнинг ётишини. Вой‑э, қарашидан одамнинг эти жимиллаб кетади‑я! Раҳматли қайнотам айтардиларки, ит суяк ташлаганни билади, дердилар. Ўтган гал нон берганим эсида‑да, шекилли. Аттанг, қотган‑қутган нонлар кўп эди‑я, уч‑тўрт бурдасини берсам савоби тегарди. Думини қисишини. Белиям букилиб кетипти бечоранинг. Э, аттанг, энди ичим ғаш бўлиб қолади. Ҳай, майли...

Бу ернинг эгаси сизларга танишми? Шунча ерни эгаллаб олибди, бирон катта жойда ишласа керакда! Мияси бутунки, шунақа ишлар қилади‑да. Ҳа, хўжайин, сизга нима, алам қиляптими?

Хўжайин шундайчанги юрганлари билан бир эмас, катта ўқишлардан иккитасини битирганлар. Ҳа, институтни, ҳа‑а йўғ‑а, бу одам техникум деб қараб ўтирадиганлардан эмасдилар – ўшанда қайнотам айтардиларки, ҳадеб ўқийверма, биринг икки бўлмайди дердилар, раҳматли ҳамма нарсани аввалдан кўриб‑биладиган авлиё одам эдилар‑да.

Ука, сиз мелисада ишламас экансиз‑да. Мен ўйлапманки, шу укам ҳам мелисада ишласа керак, деб. Энди‑и ҳозирги ёшлар шу‑да, ҳаммаси шапка кийишга орзуманд. Оладиган ойлиги қурғур ҳам ёмон эмас‑да. Мани катта ўғлим мелисада ишлар эди – отаси шунақа бўлгани билан ўшандай пул топсин эди. Қайда?! Иши хўп бинойи кетаётувди‑ё кўз тегиб қолди‑да, ҳа‑ай майли!

Ёнингиздаги йигит ким? Ҳа‑а, укахонлардан экан‑да. Яхши. Укахону акахонларнинг бўлгани яхши.

Хўжайин, бўчкани кўп тўлдирманг, қалқиб тўкилади. Сизга шунақа гаплар бўлса. Ким очдан ўлибди? Қимирлаган қир ошар. Бечоралар қумурсқадай ғивирлашгани ғивирлашган – шу‑у нон топай, бола‑чақам бировларнинг қўлида хору зор бўлмасин дейишади‑да.

Ҳа, шунақа экан‑да. Бола‑чақа улғаяверса бошинг қотар экан. Шунинг учун кучинг борида қиладиганингни қилиб олгин экан. Одамнинг оғзи жодидай қирқиб‑кесиб, ичи қувурдай ютиб турар экан‑да, бир нима тугиб қўяй десанг, рўзғордан ортмайди. Ҳа биздаям бир этак бўлмаса‑да, борда. Бу кишининг ўша Зомин томонларда бир холалари бор эди, Умри деган, Умри хола дердик. Ўзиям шалдур‑шулдур бир қоп ёнғоқ эди‑да, ўн бешта бола туғиб, гирой бўлган. Бунақа гиройлар бу кишининг уруғ‑қаёшлари орасида кўп. Поччангизнинг шамоли тегиб кетсаям юкли бўлиб қолавераман, деб куларди. Ҳа хўжайин, ман нима дедим?! Ўша Умри холангизнинг Саври қизини олганингизда ҳозир сиз ҳам камида ўнта боланинг отаси бўлиб ўтирардингиз. Ўзингиз айтардингиз‑ку, Саврини манга беришмоқчи бўлишган, кўнмаганман деб. Ҳо‑о, кўнсангиз бўларканми? Ҳалиям кеч эмас, боринг ўша лапанглаб корсонини кўтаролмай қолган Сарвингизга. Тўрттасини эплолмаяпсизу ўнтасини нима қилардингиз?!

Ҳа, уч нафар ўғлимиз бор‑да. Қизингиз‑чи деб сўрайсан‑а, ҳа‑а шўх, қизим бўлса олармидинг? Шу гапингни илгарроқ айтмайсанми, ўзи сенга ўхшаган бақувват бир ўзбегимни топганда яхши бўларди‑я. Ҳа‑а хўжайин, ман нима дебман? Шунақа қилса яхши бўларди‑да, мана энди нима бўлди? Бир карис2  билан топишди‑ю, ўламан овло шундан бошқаси манга керакмас деб туриб олди‑да. Бу‑у қиз боланинг иши ҳам оғир бўлар экан‑э! Уролмасанг, сўколмасанг. Отасиниям, маниям шу қиз давление қилди. Шунақа десам, сизларни мелиса акам давление қилди деб, тан олмайди тағин жувонмарг. Бу карисчани ўрганган эди. Ҳаммасига бу кишим айбдорлар, битта қиз эмасми, айтганини қилардилар. Ҳо‑ой хўжайин, кўпам бошингизга чиқарманг деб неччи марта айт­ганман. Бэ, мани гапимни гап ўрнида кўрармидилар? Карисчага ўқийман деб туриб олгандан кейин, ўшанга ўқитдилар. У карис ўлгур ҳам ўзбекчани ўрганаётган экан, сан ўзбекчани ўргат, ман карисчани ўргатаман бўлиб бир‑бирларига меҳрлари тушиб қолган‑да. Ҳа хўжайин, ман нима дедим? Сиз нуқул оғзимга урмоқчи бўласиз‑а. Нима, яхши кўрган қизингиз, мен‑ку майли, сизнинг гапингизга ҳам кирмай ўша қисиқ кўз паканасининг юртига кетворгани ёлғонми?! Майли‑куя, қисиқ кўзми, карми, кўрми – мусулмон бўлса экан. Кимсан фалончи‑пистончи эшонбовалар зурриёди аллакимнинг ортидан илакишиб кетиб қолса алам қилмайдими, алам қилади‑да! Нима эмиш, дунё кўрар эмишлар! Нима эмиш, биз уни тушунмасмизмиш! Ана‑а тўққиз ой қорнингда олиб юриб шалтоғини тозалаганингдан шунақа гаплар эшитсанг, бегонадан нима гина?! Хотин кишининг дунё кўргани нима бўларди?! Эркак йўл юрса йўли очилади‑да, хотин йўл юрса нима бўларди, шарманда бўлади‑да, шармандаи шармисор! Ҳа‑а, хўжайин, ман нима дедим? Айблайверинг, айблайверинг, ҳаммасига ман айбдор, сиз оппоқсиз. Ўзи сиз шунақа, бир ишни бошлаб қўясиз‑у ўзингизни четга олиб тураверасиз. Яна у кариснинг турқу тароватини бир кўрсангиз эди, сизни‑ку қўяверинг, анави ёнингиздаги укамнинг ярмисичаям келмайди – маниям орзу‑ҳавасларимни қаро ер қилиб кетди жувонмарг! Ҳа‑а, бу биз экан‑да хўжайиннинг носқовоғини томошалаб ўтирадиган, ҳозирги ёшлар чидолмайди бунақасига ўлиб кетсин! Ие, ман сизга нима дедим? Нега ҳар хил гапларни гапираверма дейсиз, ўзимизнинг укачалар экан, бир зўрникида ишлаб туришибди экан, нима бегонамиди?! Ўзимизга ўхшаб гапни тушунганидан, гапни тинглаганидан гапирамиз‑да шуларга, йўқса кимга гапирамиз?!

Бу ерга энди келдиларингми? Иши кўп эканми? Бу ернинг эгаси ким экан ўзи? Ҳеч қораси кўринмайди. Ёзувчи эканми? Ёзувчи бўладиган бўлса, мундо‑оқ келиб бизнинг аҳволимизни ҳам кўрмайдими, ёзадиган матал‑паталига қўшиб юбормайдими? Ҳа, биламан, уларга ҳам қийин, мани бир дугонам ҳам ёзувчига эрга тегиб эди, турмуши бўлмади. Ҳа, хўжайин, у ёзувчи эмас, шойир эди дейсизми? Энди ман билмасам шойири киму ёзувчиси ким?! Билганим шуки, ўша боёқиш дугонамнинг шўри қуриб қолишига бир баҳя қолувди, хайрият, эсининг борида этагини йиғиб олгани. У ижарада ўтирадиган кулбаларида сичқонлар ҳассага таяниб юришини, ҳеч вақолари йўқлигини айта‑айта кўз ёш бўлиб, қоғозу қаламдан бўлагини билмаган эрини қарғагани қарғаган эди. Қанча айтдим унга, эркак кишини қарғама, касофати ўзингга уради, деб. Рост-да, униям бировларга айтолмайдиган дарду алами бордирки, қоғозу қаламга ёпишиб олгандир‑да. Дарду алами бўлмаса қоғозу қаламни бошига урадими?! Мана уларнинг орасидаям бор экан‑ку манавинақа ерли‑жойлиси ҳам! Ҳамма ёзувчи‑ю шойир бўлаверса подани ким боқади?! Шунақа деймизу ўша дугонам битта сабзифурушнинг ашулачиларнинг гапини4  ёзиб бериб бой‑бадавлат ёзувчи5  бўлиб кетганини айтиб қарғанар эди, эрини ҳам ўшандан ўрнак олишга чақирса, унинг жаҳли чиқармиш. Тўғри‑да, ўзи эплолмаганидан кейин жаҳли чиқадида, бошқа нима қилади?

Бу ерда ўчоқ‑чироқ йўқ экан‑а, тушликда нима қиласизлар? Қуруқ ноннинг ўзи билан бўлар эканми? Тушликда бизникига ўтинглар. Хўжайиннинг исмлари Тоштемир, Тоштемир ака денглар. Зомин томонларда Қангли деган қишлоқ бор. Ўзлари ана шу Қанглидан, айтдимку, эшонбовалардан деб.

Ҳа, ҳозир ҳам бу кишимга муридлик қилишмаса‑да, аввалги ўтганларнинг иззатидан гапларини икки қилишмайди. Икки ўғлимиззи Рассига эргаштирганлар ҳам ўшалар‑ да?! Эшонбова, қийналиб юрибсизлар экан, бачаларни беринг, одам қилайлик — мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмас, дейишди.

Худога шукр дейиш керак, айланиб кетай! Худога шукр, бу кишимнинг муридларига эргашиб кетишган икки ўғлимиз, мана бир йил ўтиб, энди‑энди унча‑мунча пул‑мул юборишни бошлашди. Одам бўлиб кетишсин‑да, ишқилиб! Шуларнинг иқболини кўрамизми деб юрамизда! Қиз бола палахмон тоши – қисиқ кўз пакана бўлсаям, қизимиззи эплаб‑сеплаб кетди. Уйидан илон чиққандай нотинч бир жойга тушганда нима қилардик?!

Ман нима дедим, хўжайин?! Айримлар мачитга қатнагани билан у ердан чиқибоқ билганидан қолмаскан. Кўриб‑билдим, бу ердаям ҳамма мачитга борар экан. Аммо ташқарида бирон нарсанг қолса бошинг бурилиши биланоқ кўзингни шамғалат қилиб илиб кетадиганлар ҳам бор экан. Яна денг, ҳеч нарса кўрмагандай бўлиб, кўзларини лўқ қилганча, ким олдийкин, бировнинг нарсасига ким ҳам тегарди, у ёқ‑бу ёқларни яхшилаб қаранглар, чиқиб қолар, деб туришаверади. Ё тўвба?! Кеча биттаси эрталаб бир арава мол ахлатини анави тепадан оқаётган каналга ағдараётган экан, узоқдан кўриб, хотин бошим билан бир кўтарди‑ю, шайтонга ҳай бердим, бегона жойда ёмонотлиқ бўлиб нима қиласан Холида, дедим. Авваллари одамлар шу каналнинг сувидан ичишган экан. Эндиям ичиб кўришсин, ҳамма чиқинди шунинг ичида. Илгаригидай тоза турганида бизам бўчка кўтариб, челак кўтариб кран қидириб юрмасдик. Хўжайинга минг марта айтдим, хўжайин, бир‑иккита одамни олиб канал бўйлаб бораверсаларингиз ким нима ташлаяпти кўриб оласизлар, десам, одам тополмайдилар. Бу ишни ҳукумат қилсин дейишармиш баъзилар. Сан ўзинг учун қил, ўзинг учун ишла, ҳукумат ёрдам берадида, ёрдам бермай қайга боради, санга ёрдам бермаса кимга ёрдам беради?! Шу‑у ўзим чиқиб бориб каналга хас ташлаганини ҳам кўзига кўрсатиб қўйсам‑а, бўйнига рўмолимни ташлаб бўғиб ўлдирсам‑а! Ўзи кўрдиларингми каналдан келаётган сувни?! Қора сақич эриб оқаётгандек‑а. Э, ўл баринг одам бўлмай! Бир кун ичишга сув тополма‑чи, нима қилар экансан! Ўзиям ҳамманинг куфри бошига уриб кетганми дейсан‑да ҳозирги замонда, астағфириллоҳ!

Анави ит қаёққа йўқолдийкин?! Кейинги гал эсимга солинг хўжайин, шу ўлгурга бирон нарса олиб келиб берайлик. Ё ҳовлига обориб олсакмикан, жа санқига ўхшайди‑да зорманда. Аммо бир бурда нон берсанг кўзи санга меҳрибон бўлиб қолади. Майли, олиб кетайлиг‑а хўжайин, бир жойлик бўлиб юрсин, шуям худонинг махлуқи. Энди қаёққа кетдийкин‑а?! Ҳа‑а, йўлга чиқсак ортимиздан югуриб келади ўзи. Бўчкангиз тўлдими, хўжайин?! Шошмай туринг, манам челакларимни тўлдириб олай. Тушликка албатта боринглар‑а. Хўжайин ташқарида қора бериб турадилар. Мангаям кўзларингиз тушиб қолар, қозонимиз ҳам далада, картишкақовурдоқми, шовлами пишириб тураман; памилдорларимиз ҳам қизариб қолган, ағдан‑бағдан гаплашиб кўнгил ёзасизлар — ҳаммаёқ очиқ‑сочиқ; кенг дала — бир кўриб кетинглар; аммо‑лекин устимиздан кулмайсизлар, ҳали ҳовли‑жойимиз ҳовли‑жой ҳолига келмаган. Бўлди, хўжайин, маниям челакларим тўлди. Во‑ой белим‑а!

Категория: Муносабат | Просмотров: 1159 | Добавил: albine | Рейтинг: 2.5/2
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Календарь
«  Апрель 2015  »
Пн Вт Ср Чт Пт Сб Вс
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
27282930

Архив записей

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz