//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Муносабат [36]

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » 2014 » Апрель » 12 » Камолиддин Раҳимов Равшан Комиловдан нега ранжиди?
21:23
Камолиддин Раҳимов Равшан Комиловдан нега ранжиди?

Камолиддин Раҳимов Равшан Комиловдан

нега ранжиди?

"Дийдор ширин” лойиҳасининг бошловчиси Насиба Мақсудованинг навбатдаги меҳмонлари — ўша машҳур "Наргиз” қўшиғини ижро этган устоз санъаткор Камолиддин Раҳимов ҳамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Равшан Комилов. Уларни бир ерга жамлашимиздан мақсад "Дийдор ширин” кўрсатувидан сўнг тарқалган гап-сўзларга ойдинлик киритишдан иборат эди...


Насиба Мақсудова: — "Дийдор ширин” кўрсатувидан сўнг одамлар орасида "Камолиддин Раҳимов "Наргиз” қўшиғини Равшан Комиловдан чинакамига қизғанди...” деган гаплар тарқади. Бу гап-сўзлар қанчалик рост?

Камолиддин Раҳимов: — Йўқ, бу фикр нотўғри. Ўзим ҳам шу вақтгача устоз санъаткорларнинг қўшиқларини куйлаб келганман. Мана энди биздан кейинги авлод бизнинг қўшиқларимизни куйлаяпти. Вақт ўтиб, уларнинг шогирдлари ҳам худди шундай йўл тутишади. Ҳаёт бамисоли чархпалак, тинмай айланаверади. Лекин Равшаннинг битта камчилиги — қўшиқ сўзларини ўзгартирганидир. Равшан, "Наргиз” қўшиғини ўрганишни ният қилдингизми, демак, худди шундайлигича куйлашингиз керак эди. Масалан, "Муножот” қўшиғи "Кеча келгумдир дебон...”, "Чўли ироқ” қўшиғи эса "Эй насими...” деб куйланади. "Наргиз” ҳам ўз куйи, сўзи билан яралган. Бирданига бошқа сўз қўйиб куйлаш нотўғри-да! Лекин қувонарли жиҳати, ёш хонандалар бизнинг қўшиқларимизнинг умрини узайтиришяпти.

Равшан Комилов: — Шу кўрсатув эфирга чиққанидан кейин бўладиган гаплардан чўчиб тургандим. Лекин кўпчилик дўстларим, "Кўрсатув зўр чиқибди”, дейишди. Шу билан бирга, "Устозга нисбатан нега қўпол муомалада бўлдингиз?!” деганлар ҳам топилди. Кўрсатувда тушунмовчилик бўлганини уқтирдим. Назаримда, устоз, мендан  қўшиғингизни қизғангандек бўлдингиз. Менга шундай туюлди. Насиба опа, "Равшан Комиловнинг "Наргиз”ини ҳам халқ яхши қабул қиляпти”, деб кўтаринки руҳда гапирганингиз устозга бироз оғир ботди, шекилли.

Н.М.: — Камолиддин ака, шунинг учун кўрсатувда бироз асабийлашибсиз-да?

К.Р.: — Ҳа. Шундай бўлди.

Р.К.: — Ҳазил-ҳузул қилганимизда ҳам, устоз "бор-йўғим шу!” деб жиддий гапирганди.  

Н.М.: — Камолиддин ака, кўрсатувда "Қўлда тўқилган гилам қаерда-ю, фабрикада ишлангани қаерда?” деган гапни ҳам жуда топиб гапирдингиз-да!

К.Р.: — Бор гапни айтаман-қўяман, асли шундай одамман.

Р.К.: — Бутун дунё халқи маҳсулот таклиф қилган сотувчидан, "Молингиз фабрикада тайёрланганми?” деб сўрайди. Чунки, фабрикада тайёрлангани стандартга жавоб берадиган сифатли маҳсулот бўлади-да! Қўшиққа келадиган бўлсак, миллий руҳни сақлаб қолганман. Қолаверса, беш маротаба аранжировка қилдирганман. Агар қўшиқнинг биринчи-иккинчи вариантларини мухлисларга тақдим қилганимда, улар "Равшан Комилов шундай қўшиқни расво қилибди”, дейиши аниқ эди. Рости, шоу-бизнес оқимидан четда қолишни ҳам истамадим, йўқса, касод бўлишим тайин. Шу боис, ёшларбоп бўлишини ҳам инобатга олганман. Лекин устознинг ранжигани ўринли. Балки қўшиқни сустроқ ижро этгандирман, аммо ўз имконият даражамдан келиб чиқиб куйладим.       

Н.М.: — "Наргиз” қўшиғи бирон кишига аталганми?

К.Р.: — Комил Девонийнинг китобини варақлаб ўтириб, шу шеърга кўзим тушиб, куйга солганман. Бу қўшиқни 1977 йили мухлисларга тақдим этдим-у, ҳалигача эл оғзида.

Н.М.: — Шу вақтгача сизнинг қўшиқларингизни худди ўзингиздек маромига етказиб куйлаган хонандани кўрмадим. Масалан, хонанда Улуғбек Раҳматуллаевнинг "Мини-юбка”си ўз вақтида хит бўлган. Аммо вақт ўтиши билан унутилди. Сизнинг ижроингиздаги қўшиқлар эса ҳалигача барҳаёт...

К.Р.: — Ўзбекистон халқ хофизи Маъмуржон Узоқовнинг қўшиқларини ҳам ҳеч ким худди ўзидек куйлай олган эмас. Қўшиқни зоҳиран ўхшатиши мумкин, аммо ботинан ўша хофизга ўхшатолмайди. Чунки, ўша дард, алам хофизнинг ўзи  билан кетган-да!

Р.К.: — Муҳриддин Ҳолиқовнинг қўшиғини ижро этганимда, устозим Икромжон Бўронов "Ҳар бир гулнинг ўз иси бор. Бошқа санъаткорнинг қўшиғини ижро этганда ҳам Равшан Комилов куйлаётгани билинсин. Ўз йўналишингнинг шираси бўлиши керак”, деганди. Юқоридаги фикрга жавоб бермоқчи эдим. "Наргиз”нинг сўзини ўзгартиришимга мураккаб сўзлари кўплиги сабаб бўлди. Ҳатто ўзим ҳам тушунмаганман. Шоир Мирзо Каримдан илтимос қилиб, асл андозанинг керакли жиҳатини олиб қолиб, сўзларини нисбатан тушунарли қилганмиз. Бу ишим учун узр сўрайман, устоз! Бундан буён биз ёш хонандалар устоз санъаткорларнинг қўшиқларини бузмай ижро этишга ҳаракат қиламиз. Камолиддин аканинг яна бир-иккита қўшиқларини қайта ижро этиш ниятим бор. Аммо уларни аввал устозга эшиттириб, кейин мухлисларга тақдим этаман.

Н.М.: — Камолиддин ака, кўпчилик хонандалар маълум бир ёшга етганида, санъатдан ташқари қўшимча бизнес билан шуғулланади. Сизда ҳам бирон хунармандчилик билан шуғулланиш нияти бўлмаганми?

К.Р.: — Намангандаги мусиқа асбобларини ясайдиган дурадгор усталарни бир ерга жам қилмоқчи бўлдим. Аввалига рози бўлишди, ҳатто вилоят театридан бизга жой ҳам ажратиб беришди. Бунинг учун маблағ сўрашмади. Бироқ, усталарнинг бири "Кексайиб қолдим”, бошқаси "Узоқ экан”, деди. Хуллас, уларнинг ҳар хил арзир-арзимас баҳоналари сабабли режам амалга ошмади. Кейин ўзим ҳам хафсала қилмадим.

Р.К.: — Балки маблағларини бўлишишни исташмагандир?

К.Р.: — Ким билсин?! Бир ёқадан бош чиқармаса қийин экан.

Н.М.: — Равшанжоннинг ўғли Фаррух Комилов отасининг йўлидан кетган. Сизни фарзандларингиздан ҳам биронтаси изингиздан борганми?

К.Р.: — Тўрт ўғил, уч қизим бор. Қизларимнинг бари педагогика соҳасини эгаллаган. Ўғилларим орасида эса Ҳусанжон изимдан бориб, қўшиқ куйлаб туради.

Н.М.: — Кўпчилик устоз санъаткорларнинг концертига тушишни исташади. Нима учун бу масалага беэътиборсиз? Ахир овозингиз бор, айни кучга тўлган пайтингиз...

К.Р.: — Концерт қўйишнинг ҳам вақти келиб қолар. Лекин режаларим орасида бунга алоҳида ўрин ажратганман.

Н.М.: — Негадир аввалгига қараганда шаштингиз пастроқдек...

К.Р.: — Ҳаммаси жойида, балки сизга шундай туюлаётгандир.

Р.К.: — Устоз, Намангандаги театрга ҳам бориб турасизми?

К.Р.: — 1998 йили нафақага чиққанман. Лекин шунга қарамай, лозим бўлса, театрга албатта бориб тураман. Турли кечалар ҳам ташкил қиламан.

Н.М.: — Маълум бир ёшга етганида, ҳар бир киши ортга назар ташлайди. Бажарган ишларингизнинг қай биридан хурсанд бўласиз-у, қай биридан афсусланасиз?

К.Р.: — Ҳар бир касб эгаси умрининг охиригача интилиб яшайди. Санъат соҳасида уч тоифага мансуб хонандалар бор. Бири ўзи қўшиқ яратади, иккинчиси қўлидан келмаса, бастакорлар яратган қўшиқни куйлайди ва учинчи тоифадагилар қайси қўшиқ даромад олиб келса шунга ўзини уради. Шунга қарамай, ҳеч ким эътироф этмаса ҳам касбига фидоий қоладиганлар топилади. Мен ўзимни шу тоифага қўшаман. Мана эллик йилдан бери куй чалиб, қўшиқ куйлаб келаман.

Н.М.: — Ҳеч жаҳлингиз чиқадими? Сўраётганимнинг боиси жуда оғир-босиқсиз-да!

К.Р.: — Ҳа, жаҳлим чиқади. Аммо юзага чиқармайман. Менга даҳли бўлмаган ишларга аралашмайман, асабимни сақлайман.

Н.М.: — Шу даражада беэътибормисиз? Ҳамма нарсани ичга ютаверган одам қачондир портлайди-ку!

К.Р.: — Йўқ, мен портламайман. Дардларимни қўшиқ орқали ташқарига чиқараман.

Р.К.: — Менинг эса кўнглим бўш, жуда кўп йиғлайман. Устоз, турли кечалар, тадбирларда қатнашасиз. Дам олишни ҳам биласизми?

К.Р.: — Жи-и-м ўтириб ва Шайх Саъдий, Машраб, Фузулий, Бобур, Навоийнинг китобларини ўқиб дам оламан.

Н.М.: — Содиқ қолган дўстларингиз борми?

К.Р.: — Саноқли бўлишига қарамай, холис, манфаат кутмайдиган биродарларим бор. Ўз ўрнида мен ҳам ҳеч кимга зарар келтирмайдиган дўстман.

Р.К.: — Ўн беш йил аввал дўстларим кўп эди. Ҳозир элакдан ўтиб анча сараланган.

Н.М.: — Армонларингиз борми?

К.Р.: — Ҳа, албатта. Ахир бу армонли дунё-ку! Лекин булар шахсий сирим. Иккинчи кишига айтадиган бўлсам, унинг сирлиги қоладими?

Н.М.: — Равшанжон, юқорида "Ҳали ёшман”, дедингиз. Аммо уч нафар набиранинг бобосисиз. Балки Камолиддин аканинг йўналишида қўшиқ куйлашнинг пайти келгандир?

Р.К.: — Чиндан ҳам ҳали ёшман. Бутунлай мумтоз йўналишда ижод қилишимга ҳали вақт бор. Ҳозирча шоу-бизнесдан четга чиқмаганим маъқул.

Н.М.: — Яқинда яна бир устоз санъаткордан аччиқ гаплар эшитибсиз-а?

Р.К.: — Яқинда радио орқали бир устоз санъаткор "Равшан, "Тўй бола” қўшиғини ижро этиши керак эмасди. Бундай мавзуда қўшиқлар куйлаш менинг йўналишим”, деса бўладими? Ахир санъат халқники-ку! Негадир эллик ёшдан ўтгандан сўнг санъаткорлар аламзада бўлиб қолади. Тегирмон навбати билан дегандек, ҳар бир санъаткорнинг ўз даври бўлади. Бугун чархпалакнинг тепасида турган ижодкор, эртага айланиб пастга тушиб қолади. Бу ҳақиқатни тан ола билиши лозим. Чўққига чиққанда пастдаги одамни ҳам инобатга олиб қўйиш керак. Чунки кун келиб, уялиб қолиши мумкин. Туркияга борганимда, "Тўй бола” қўшиғини турк тилида куйлаб бер. Болаларнинг реклама ролигига қўямиз”, деб таклиф билдиришди. Аммо ўзбек тилидаги қўшиқни бузмайман, деб уларга рад жавобини бердим.

Н.М.: — "Озодани севаман” қўшиғини куйлаганингиздан кейин, уйингизга пичоқ кўтариб келганлар ҳам бўлган экан-а?

Р.К.: — Секин гапирасизми? Озода исмли бир ўғил, бир қизи бор бевалар ҳам бор экан. Уларнинг кимларидир, "Озода билан Равшан Комиловнинг алоқаси бор экан”, деб ўйлаган. Яхшиямки, уйимда Муҳаммад Юсуфнинг шу шеър ёзилган китоби бор экан. "Мен ижрочиман, холос”, деб вазиятни юмшатганман. Лекин "Озодани севаман”ни мендан аввал бир эмас, нақ уч нафар водийлик хонандалар ижро этган. Асли бир концертга тушганимда, Муҳаммад ака, шу шеърни саҳнада ўқиганида тўрт минг икки юзта одам ўрнидан туриб қарсак чалганда тўлқинланганман. Шунда "Шеърига шунча олқиш бўлса, бу қўшиқ экан-да!” дегандим (кулади).

Н.М.: — Санъаткорнинг кўнгли нозик бўлади. Сизда бу жараён қандай кечади?

Р.К.: — Халқ назаридан қолмаяпманми, деб ўзимни еб қўяман, баъзида. Гоҳи баъзи дўстларим "Сенга маза, қўшиғингни куйлаб кетаверасан”, дейишади. Шундай фикр билдирган бир тадбиркор дўстимни бирга гастролга олиб кетдим. Уч кунда дод, деди. Ҳар ернинг ўз тош-у тарозиси бор. Ҳеч кимга осон тутиш керак эмас.   

Н.М.: — Бугун сизлар билан яна бир бор учрашганимдан хурсандман. Муносабатларга ойдинлик киритилгани ҳам айни муддао бўлди.

Р.К.: — Албатта. Устозларни ҳамиша хурмат қиламиз. Ўрни келганда баъзи халқ таниган санъаткорларга дўстона маслаҳатим, чиқиб келаётган ёш хонандаларни қўллаб-қувватлашсин. Одам бўлиб келдик, одам бўлайлик, элимиз, ёримиз дардига малҳам бўлайлик.

К.Р.: — Мухлисларимизнинг вақти ниҳоятда зиқ. Шу сабаб, уларнинг вақтини беҳуда ўғирламасликка ҳаракат қилишимиз керак. Улар билан дийдорлашганимиздан хурсандмиз!

Просмотров: 1438 | Добавил: albine | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Календарь
«  Апрель 2014  »
Пн Вт Ср Чт Пт Сб Вс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
282930

Архив записей

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz