//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Муносабат [36]

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » 2015 » Май » 26 » Йўлинг ойдин бўлсин, эзгулик карвони
08:43
Йўлинг ойдин бўлсин, эзгулик карвони

Йўлинг ойдин бўлсин, эзгулик карвони

 
 

Қадимшуносларнинг фикрича, халқнинг ўтмиш ҳаёти, маданияти, турмуш тарзию урф-одатларига тааллуқли ашё, осори-атиқа, уй-рўзғор буюмлари, ҳимоя қуроллари, безакли тақинчоқлар, қадим бинолар пештоқидан кўчган оддий ғишт парчасигача, кўза ёки мис идиш, чолғу асбоби халқнинг маънавий мулки, аждодлардан қолган ноёб мерос ҳисобланади, уларни асраб-авайлаш бизнинг, биздан кейинги авлодларнинг ҳам бурчимиздир.

Чунки ўтмиш тарихга шоҳид буюмларда мозий нафаси, боболарнинг табаррук излари мавжуд. Ўз ўтмишини билган, қадрлаган, маънавий меросидан узоқлашмаган ҳалқ, шубҳасиз, тараққиётга юз тутади.

Истиқлол арафасида бўлган бир воқеа сира ёдимдан чиқмайди. Тақдир тақозоси билан узоқ йиллар хорижда қолиб кетган, бошига муҳожирликнинг адоқсиз сарсон-саргардонликлари тушган, она-юрт соғинчи вужудини тилкалаган бир ватандошимиз ўзи туғилиб ўсган шаҳарга, киндик қони тўкилган ҳовлига қайтиб келди. Қариндош-уруқлари билан дийдорлашди, отаси эккан кекса тут ёнидаги сўрига ёнбошлаб, кўрган-кечирганларини кўзлари ёшга тўлиб, узоқ ҳикоя қилди. Унинг айтишича, ўзи каби хорижда қолиб кетган кишилар Ватан ҳақида гап бошланди дегунча, бошларидаги  эскиб, нақшлари унниқиб кетган дўппини қўлларига олиб, кўкракларига босишар экан. “Шу дўппидан бошқа ҳеч нарсамиз йўқ” дейишар экан.

Шу киши ота ҳовлиларидан сал нарироқдаги, болалигида қўй-қўзи ўтлатиб юрган, эрта баҳорда қор тагидан бойчечак мўралайдиган тепаликни томоша қилгани борса, одамлар уни ковлаб, тупроғини машиналарда уйларига, қурилишларга ташиётганмиш. Жон ҳолатда: “Ҳой, тўхтанглар, нима қилаяпсизлар, ахир бу тепалик ўтмишнинг жонли гувоҳи, ота-боболарингизнинг изи, кўзи, оёқ изи тушган жой-ку, бузманглар”, дея шовқин кўтариб, ҳаммани ҳайрон қолдиради. Бу воқеани қадимшунос олимларга айтиб берганимда, улар мамлакатимизнинг жанубий ҳудудларида сақланиб қолган тепалик, сардоба, кўприк ва бошқа иморатлар ҳақида бениҳоя қизиқарли, ўрганиш, хотирада сақлаш, тадқиқотлар олиб боришга арзирли маълумотларни айтиб беришдики, менинг ҳам ҳайратим ошди, уйига тупроқ ташиётган ҳамқишлоқларининг йўлини тўсган ватандошимизнинг куюнчаклигини тушундим. Шоир айтганидек, Ватан боғининг ҳар япроғи, сойининг ҳар тоши, даласидаги хас-хашаккача, ўтлоғидаги гиёҳидан то қадим бино пештоқидаги сопол нақшгача - Ватан экан. Мозийга тааллуқли жамики нарсаларда Ватан руҳи, аждодлар хотираси мавжуд бўларкан, уларни асрамоқ, авайламоқ биз - бугунги авлодларнинг бурчимиз экан. Ўтмишга ҳурмат кўзи билан қарасак, халқимизнинг шу кунларгача омон-эсон етиб келган урф-одатларини унутмасак, бу муқаддас бойликларни янгича маъно-моҳият билан тўлдириб, бойитиб, азиз фарзандларимиз, набираларимиз қалбига, дунёқарашига, турмуш тарзига сингдирсак, уларни шу қутлуғ руҳда тарбияласак, халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини ўзаро туташтирган, эл-юртни янада фаровонликка элтувчи маънавий кўприкларни мустаҳкамлаган бўламиз. Фақат шундагина келажак насллар бизнинг бу ишимиздан ибрат олади, давом эттиради.

Навоий вилоятидаги Сармишсой дарасида ўтказилган “Асрлар садоси” анъанавий маданият фестивалида қатнашар эканман, шу мулоҳазалар кўнглимдан ўтди. Режиссёрлар бу ерда тўпланган минг-минг одамлар, хорижлик меҳмонлар кўз ўнгида мозийнинг таъсирчан лавҳаларини жонлаштиришди: олис-олислардан ойлаб йўл юриб, не-не машаққатларга дуч келиб, юртимиз сарҳадларига савдо карвонлари, донғи етти иқлимга етиб борган маадрасаларда илм олиш ниятида йўлга тушган толиби илмлар, муаррихлар, шоиру бахшилар, олис двлатларнинг элчилари кириб келмоқда. Карвон қўнғироқлари қадимгидай жаранглайди, юкли туялар вазмин қадам босади. Буюк ипак йўли бўйлаб ҳаракат қилган бу карвонлар маданият, тинчлик-тотувлик, яхши қўшничилик, манфаатли ҳамкорлик элчилари вазифасини ҳам бажаришган, элларни элларга, дилларни дилларга боғлашган.

Дара ўртасидаги улкан майдон одамлар билан тўла. Ҳунармандлар, кулоллар, ганч, мис ўймакорлиги усталари, мўйқалам соҳиблари, дорбозлар, қўғирчоқ ўйнатувчилар, бахшилар, чистончилар, курашчи полвонлар, кўпкаричи чавандозлар, пазандаю созандалар ўз маҳоратларини намойиш этишмоқда. Қўли гул тўқувчиларнинг ижод маҳсулотлари — турфа хил нақшлар билан безатилган атлас ва адрас матолар, нақшиндор фалаклар кўзни олади. Либосчи дизайнерларнинг илҳоми келиб, халқ таъбири билан айтганда, ”улоқ”ни олиб кетишибди: Сармишсойда намойиш этилган кўплаб либосларда қоятошлардаги беш-етти минг йиллик нақшлар, бетакрор шакл­лар ўз аксини топган. Ўзи ҳали талаба бўлса-да, бутун маҳоратини ишга солиб, янгича талқиндаги либослар туркумини яратган Алишер Мирфаёзовнинг атрофини хорижлик мутахассислар, авангард мода ишқибозлари ўраб олишган. MEROS Ўзбекистон антикварлари уюшмаси ташкил этган кимошди савдоси маданият, санъат ихлосмандлари, қадимшунослар эътиборини ўзига қаратди. Ўтган йиллардаги сингари бу сафар ҳам бу тадбир жаҳоннинг нуфузли CHRISTIE“S савдо уйи (Буюкбритания) мутахассислари билан ҳамкорликда ўтказилди. Ўз ишининг моҳир устаси Жеймс Лис Жамол Усмонов, Диёр Розиқов, Бобур Исмоилов, Санжар Жабборов, Хуршид Зиёхонов, Аслиддин Исаев ва бошқа умидли мусаввирларнинг савдога қўйилган асарларига юксак баҳо берди. Сотувдан тушган маблағлар халқимиз маданий меросини ўрганиш мақсадида олиб бориладиган илмий-тадқиқот ишларига сарфланади.

Ушбу тадбирни кузатар эканман, Соҳиб­қирон Амир Темурнинг Оврупо қироллари билан ёзишмаларини эслайман. Мовароун­наҳрда ўша йилларда ҳам тадбиркор, ишбилармон, уқувли кишиларга худди бугунгидек ҳурмат-эътибор кўрсатилган, зарур имтиёзлар берилган. “...ул Амири Кабирдан илтимосимиз ва умидимиз шулки,- дейилади Соҳибқироннинг Фарангистон қироли Карл Унга йўллаган номаларидан бирида,- бизга муборак мактубларини ҳамиша йўллаб турсалар, токи улар бизни Амири Кабирнинг саломатликларидан хабардор этиб, бу борада хотиримизни жам қилғай. Яна, ҳазратлари ўз тожирларини биз томон юборсалар ва биз уларнинг ҳурмат-эътиборларини бажо келтирсак, уларнинг ҳурмат-иззатлари сақланса, уларга ҳеч ким зўрлик кўрсатмаса, зиён-заҳмат еткизмаса. Чунки дунё тожирлар билан ободдир...”.

Тадбиркорлар қадим замонларда ҳам мамлакатлар, миллату элатлар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, борди-келди қилиш ишига ўз ҳиссаларини қўшишган. Қаердаки ишбилармонлик ривож топса, бу соҳа кишиларига рағбат берилса, манфаатлари ҳимояланса, нафақат ўша ер, унга туташ жойлар ҳам ривож топган. Ҳар бир тадбиркор ўз ортидан уқувли, лаёқатли ёшларни эргаштирган. Тарихий манбаларда ёзилишича, фойда ортидан қувиб, бозорга сохта, сифатсиз маҳсулот олиб чиққан, ҳисоб-китобда ғирромлик қилган “тадбиркор”ларга жазо чоралари қўлланилган. Уларнинг усти ялтироқ, ичи қалтироқ буюмлари бозор дарвозаларига ҳамма кўриши учун осиб қўйилган.

Шу маънода, чинакам тадбиркорларни миллатпарвар, фидойи инсонлар дейиш мумкин. Чунки улар савдо-сотиқ боис, ўзга юртларда кўрган яхши амаллари, хайрли-савобли ишлар тўғрисида сўзлаб берганлар, “фалон юртда мана бундоқ урф-одат, удум бор экан, бирор муаммога дуч келишса, уни кўплашиб, бамаслаҳат ҳал қилишар экан”, дея эзгу ишларни тарғиб-ташвиқ қилишган. Бундан-да муҳими, тадбиркорлар ўзга юртларга борганда, ўз юртлари, ватандошлари тўғрисида яхши таассурот қолдиришга ҳаракат қилишган, беодоб хатти-ҳаракатлардан тийилишган, бировнинг мулкига кўз олайтиришмаган, харидорларнинг ишонч-эътиборини қозонишган, таъбир жоиз бўлса, ҳалоллик, пок­лик, диёнатлилик борасида намуна кўрсатишган. Соҳибқирон Амир Темур даврида Самарқандга келган кўплаб элчилар, айниқса тужжорлар, бу юртда раиятни бошқаришда адолат тамойилларига қатъий амал қилинишини ўз кўзлари билан кўрганлар ва бу тўғрида ҳукмдорларини хабардор қилиб туришган.

Собиқ тузум дунё дунё бўлганидан бери ҳеч бир жамиятда қўлланилмаган, соғлом мантиққа тўғри келмайдиган иш қилди — тадбиркор, ишбилармон кишиларнинг йўлини тўсди, қўл-оёғини боғлади. Мустақиллик бундай тақиқларга барҳам берди, истеъдодли, фидойи инсонларга муносабат тубдан ўзгарди. Давлатимиз раҳбари истиқлол тақдирини, ҳаётимизнинг барча соҳаларида бошланган ислоҳотлар муваффақиятини, демакки, озод юрт келажагини, миллат равнақини шу янгича муносабат билан боғлади. “Биз учун энг муҳими - доимо халқ манфаатларига хизмат қилиш, диёримизда яшаётган барча одамларга яхши турмуш шароитларини яратишдир,- деб таъкидлаган эди Ислом Каримов Олий Кенгашнинг 1991 йил 31 августда бўлиб ўтган навбатдан ташқари сессиясида.- Юртимиз бой, имкониятларимиз катта. Халқимиз меҳнат қилишни яхши билади, қадимий анъаналар ва бой маданиятга эга... Мана шундай заминдаги халқ, ҳар бир оила, ҳар бир киши, миллатидан қатъи назар, бахтли яшашга ҳақлидир. Бу мақсадни амалга ошириш учун биз ҳамма нарсага тайёрмиз. Бу мақсадга етишнинг асосий шарти - фуқаролар ҳамжиҳатлиги, миллий тотувлик, ҳаётнинг барча соҳаларида иқтисодий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш билан бирга, мустаҳкам тартиб-интизом ўрнатишдир”.

Дунёнинг турли мамлакатларидан келган меҳмонлар Сармишсойда, Тошкент, Навоий ва Бухоро шаҳарларида юртимизда бу борада амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўлдилар. Истиқлол йилларида биргина халқ ҳунармандчилиги соҳасида азалдан мавжуд, аммо собиқ тузум таъқиқи остида унут бўлаёзган ўттиздан ортиқ касблар қайта тикланди. Давлатимиз раҳбарининг қарори асосида уста-шогирдлик мактаблари йўлга қўйилди. Ҳазрат Навоий номи билан аталаётган шаҳарнинг кўрки-таровати йилдан-йилга ошиб бормоқда. Кўҳна Бухорода анъанавий Универсиада ўйинларига қизғин тайёргарлик бораётир. “Асрлар садоси” фестивали доирасида “Грант-Бухоро” меҳмонхонсида ўтказилган “Ўзбекистон маданий ва маънавий меросида меъморий битикларнинг ўрни: тадқиқотлар, кашфиётлар ва истиқболдаги вазифалар” мавзусидаги илмий анжуман, “Меҳр нури” жамғармаси ҳомийлигида қайта таъмирланган “Биби Орифа” мажмуасининг очилиши ва “Ўзбекистон маданияти ва санъати Форуми” жамғармаси, илмий муассасалар томонидан замонавий полиграфик ижрода чоп этилган Бухоро, Навоий, Андижон, Наманган, Хива ва Қорақалпоғистондаги архитектура эпиграфикасига (меморий обидалар ва қабртошлардаги ёзувларга) бағишланган олтита китоб тақдимоти фестиваль меҳмонларида катта қизиқиш уйғотди. Улар дунёнинг ривожланган, иқтисоди баққувват мамлакатлари бир неча йилдан бери молиявий таназзулдан азият чекиб турган бир пайтда, Ўзбекистонда ҳашаматли илм-маърифат маскани, спорт-соғломлаштириш мажмуалари, ёшлар учун махсус ижодхоналар қурилаётгани, халқ сайллари, байрамлар, кўрик-танловлар ўтказилаётгани, ёшларни иш билан таъминлаш, илм-маърифатга ўргатиш борасида давлат дастурлари ишлаб чиқилаётгани, тарихий обидаларни таъмирлаш ишлари мунтазам давом этаётгани ва бошқа кўплаб шу каби бунёдкорлик ишларини қайта-қайта таъкидлашди.

Тарихий обидалардаги ёзувларни мукаммал ўрганиш ва таҳлил этиш истиқлол шарофати билан бошланди десак, тўғри бўлади. Форум жамғармаси ҳомийлигида 2011 йили нашр этилган ва Бухоронинг Жўйбори Калон мадрасасида тақдимоти ўтказилган “Шарқона хаттотлик ва миниатюра санъати намуналари” китобида бу борадаги дастлабки тадқиқотлар, яъни тарихий обидалардаги мингдан ортиқ битикларнинг маъно-мазмуни ўз ифодасини топган эди. Бугунги тақдимотда иштирок этган олимлар биргина “Шоҳи зинда” меморий комплексидаги ёзувлар, айниқса, қабртошлардаги битикларни ўқиш борасида кўп янгиликларга дуч келинганини маълум қилишди. Чунончи, бу манзилдаги Қусам ибн Аббос қабри устига қўйилган тошдаги битик мозийшунос олимларнинг узоқ давом этган машаққатли изланишлари туфайли биринчи марта тўлалигича ўқилган. Битикнинг сўнгги жумлалари қуйидагича: “Бу шундай жаннатки, қасрлари баланд, қалблар хотиржам, нурлари порлоқ, дарёлари қайнаб чиқар, оятда зикр этилганидек, улар учун (жаннатда) остиларидан анҳорлар (суви) оқиб турувчи боғлар бордир, унинг ҳар бир қатрасидан мукаммал азизлик томчилари оқиб туради ва унда (жаннатда) буюк Аллоҳнинг розилиги мавжуд. (Бу жаннат эса) шаҳидлар улуғининг олий йиғиндиси, адолат таянчи, Расулуллоҳ давлатининг ҳимоячиси, инсонлар мураббийси Қусам ибн Аббос учун тайёрланган. Аллоҳ ундан рози бўлсин ва унга (Аллоҳнинг) саломлари бўлсин”.

Мутахассислар тарихий бинолар ҳамда қабртошлардаги битикларни ўрганар эканлар, қадимда бу санъат бениҳоя юксак даражада ривожланганини эътироф этишади. Кейинги йилларда олиб борилган илмий-тадқиқот ишлари натижасида баъзи меморий обидаларнинг ёши, қурувчи меъморлари ҳамда ҳомийларига доир янги, ғоят муҳим маълумотлар топилган, баъзи хато ва англашилмовчиликларга аниқлик киритилган. Шеърий хитобли битикларнинг мазмуни ва ёзув ижроси баланд савияда. Хаттотлар маҳорат билан ишлашган.

Илмий анжуманда иштирок этган таниқли ҳаттот Ҳабибулло Солиҳнинг таъкидлашича, хаттотликда қалам тебратишнинг етти хил услуби мавжуд. Битик кичик ёки катта қаламда ёзилган бўлса, услублар сони яна еттитага кўпаяди. Ёғоч, мармар ва темирга ишлов бериш борасида яхши натижаларга эришилмоқда, нақшин безакларнинг ўзига хос янги алифбоси ишлаб чиқилди, бунда безак ва маъно (ҳикмат) уйғунлигига эришиш талаб этилади. “Кўкча” масжидини таъмирлашда шу алифбодан фойдаланилган. Жорий йилда Уммон султонлигида ўтказилган “Халқ ҳунармандчилиги ва санъати” фестивалида мамлакатимизда бу борада амалга оширилаёт­ган ишлар юксак баҳоланган.

— Шундай қутлуғ, нурафшон кунларни узоқ кутдик,- дейди биз билан суҳбатда меҳнат фахрийси, саксон тўрт ёшли пиру бадавлат отахон Саидаҳмад Мадаминов.- Юртимиз тинч, кўнглимиз равшан, мақсадимиз аниқ. Навоий шаҳрида эллик тўрт йилдан буён яшайман. Фарзандларим шу ерда вояга етишди, илмли бўлишди. Набираларим атрофимда, давлатимиз раҳбари муҳтарам Юртбошимиз биз фахрийларга доимо ғамхўрлик қилиб келмоқда. Ўтган йиллар ичида шаҳардаги кўплаб қурилишларда қатнашдим, ёшлар тарбиясига озми-кўпми ҳиссамни қўшдим, кўп воқеаларга гувоҳ бўлдим. Қийинчиликларни сабр-қаноат билан енгдик. Истиқлол йилларида бу ерда жуда катта ўзгаришлар юз берди. Шаҳарнинг қиёфаси янгиланди. Мен бугун ёшларга шу тинч-тотув, меҳр-оқибатли ҳаётимизни асранглар, ёруғ кунларнинг қадрига етинглар, эришган ютуқларингиз билан қаноатланиб қолмай, замонавий билимларни эгалланглар, дунёга чиқинглар, вақтингизни беҳуда ўтказманглар, огоҳ бўлинглар, дея насиҳат қиламан. Бунинг боиси, дунё ўзгариб, чайқалиб турибди. Бир томонда қурилиш, бунёдкорлик, тинчлик-тотувлик бўлса, бошқа бир томондан ошкора-пинҳона хуружларнинг совуқ шабадаси эсмоқда. Ёшларни тўғри йўлдан чалғитиш ҳаракатлари мавжуд. Бундай шароитда халқимизга азалдан хос бўлган огоҳлик ва зукколик, чуқур мулоҳаза, босиқ-вазминлик, узоқни ўйлаб иш тутиш, таълим-тарбияга бефарқ бўлмаслик кор келади деб ўйлайман. Бойлик, куч-қудрат еча олмаган тугунни, Президентимиз айтганларидек, маънавият деб аталмиш инсоний фазилат ечиши мумкин. Истиқлол йилларида бунга кўп бор амин бўлдик, шундай эмасми?!

“Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси ва ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси билан биргаликда ўтказилаётган анъанавий “Аср­лар садоси” маданият фестивали карвонларининг мамлакатимиз шаҳарлари бўйлаб давом этаётган сафари айни шу вазифага — ёшлар қалбида она-Ватанга, унинг шонли ўтмишига муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат туйғусини кучайтиришга хизмат қилмоқда.

М.АҲмаджонов,

Тошкент-Бухоро-Сармишсой


 

 

 

 

 

 
 
Категория: Муносабат | Просмотров: 915 | Добавил: albine | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Календарь
«  Май 2015  »
Пн Вт Ср Чт Пт Сб Вс
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031

Архив записей

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz