“Даракчи” газетасида бериб бориладиган турли ғаройиб воқелар ҳақида ўқиб, мен ҳам ён-атрофимда рўй бераётган сирли ҳодисаларга эътибор берадиган бўлиб қолдим. Тўғрироғи, аввал аҳамият бермаган эканман”, дейди бизга қўнғироқ қилган мухлисамиз Нафисахон. Улар сўзлаб берган воқеани эшитгач эса, бу дунёда биздан бошқа ҳам қандайдир кучлар борлигига ишона бошлайсиз.
Инсон яшагани сари турли ажойиботларга гувоҳ бўлаверар экан. Мен ҳам баъзан бир воқеа ҳақида ўйлаб тушуна олмай қоламан. Шундай туйилаяптими ёки ҳақиқатми бу, деган саволга жавоб топа олмайман.
Бир кун эндигина уй юмушларини қилиб, ҳовли, уйларни супуриб бўлгандим. Шу пайт кетимдан хазон ёйиб чиқаётган ўғлимни кўриб асабийлашгандан асабийлашдим. Ўшанда Жалолиддин чамамда олти ёш эди. Важоҳатимни боса олмай, аввалига бақирдим. Кейин бир тарсаки туширмоқчи бўлиб қўл кўтаргандим, кимдир қўлимни куч билан ушлаб қолди. Хаёлимда “Дадаси бўлса керак”, деб ўйладим. “Қўйворинг қўлимни”, дейишимни биламан, қаршимда турган турмуш ўртоғимни кўриб, шарт орқамга ўгирилдим. Не кўз билан кўрайки, ҳеч ким йўқ. Ўғлим эса аллақачон шаталоқ отиб, кўчага чиқиб кетганди. Менинг юзимдаги ҳайратомуз ҳолатни кўрган хўжайиним “Ҳа нима бўлди, тинчликми?”, деб сўради. Уларга қандай тушунтириш билмай индамадим.
Шу кундан бошлаб юрагимни қандайдир ҳадик чулғаб олди. Назаримда кимдир мен билан ёнма-ён юргандек бўлаверарди. Айниқса, ёлғиз қолган дамларимда қўрқа бошлардим.
Яна бир куни кўчадан ўтиб бораётгансам, йўл четида ётган беш минг сўмлик пулга кўзим тушиб қолди. “Топган топалоқда”, деб пулни олиб киссамга урмоқчи эдим. Етиб бориб эгилишимни биламан, яна кимдир, менимча ўшалар, этагимдан шунақа куч билан тортишдики, ҳатто орқага тисарилиб ўтириб қолдим. Шу воқеадан кейин ҳақиқатан ҳам нимадир бўлаётганига ишона бошладим. Кимдир мени кузатиб юрарди.
Уларнинг менга куч билан таъсир кўрсатишлари хавотирга сола бошлади. Энди ўзимни ўзим бошқаришга қарор қилдим. Бирор ишга қўл уришдан аввал бунинг яхши ёки ёмонлигини ўйлаб олиб, кейин бошлайдиган бўлдим. Шундан кейин улар бироз тинчиб қолишди. Чамамда ярим йилча вақт ўтди. Уйдагилар ҳам “Нега бунчалик ўзгариб қолдинг, болаларга ҳам жуда юмшоқ гапирадиган бўлиб қолибсанми?”, дея ҳайратланишарди. Уларга бу ҳақда тушунтириб ўтириш жуда мушкуллигини билганим учун ҳам “Йўқ, нега. Ҳали ҳам ўша ўшаман”, дердим.
Биз барибир хом сут эмган бандалармиз-да, берилган ўгитларни тезда ёдимиздан чиқариб юборамиз. Аста-секин мен ҳам бу воқеа ҳақида унута бошладим.
Кичик қизим жуда шўх. Тиним билмайди. Бир куни дўконга чиқиб кетсам, келгунимча меҳмонхонага кириб, бирор ширинлик ахтарганми, билмадим, обдон ҳамма ёғни ағдар-тўнтар қилибди. Бу ҳам етмаганидек, энг севимли вазамни синдирибди. Нима қиларимни билмай роса жаҳлим чиқди. Бундай вақтларда урмасликнинг сира иложи йўқ. Лекин худди ўғлим билан бўлган воқеа яна такрорланди. Улар қўлимни кўтарганим ҳамон маҳкам этагимдан тортиб тўхтатишди.
Бу воқеадан сўнг уларни сира унутмайдиган бўлдим. Болаларимнинг ҳимоя фариштасими ёки ёмон ишлардан асровчи илоҳий кучми билмадим-ку, лекин ким бўлган тақдирда ҳам мени ҳамиша яхши ишлар сари ундашади.
Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА ёзиб олди.