//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Муносабат [36]

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » 2015 » Сентябрь » 06 » Яхши қўшиқ – руҳ озиғи
10:02
Яхши қўшиқ – руҳ озиғи

Куй-қўшиқнинг инсон руҳиятига таъсири катта. Бу фанда тажрибалар билан исботланган. Қандай китоб ўқиётганига ёки қандай қўшиқ эшитаётганига қараб одамга бир қадар баҳо бериш мумкин.

Теле ва радиоканалларимизда янграётган, альбом дисклари шаклида ёки интернет орқали тарқалаётган қўшиқлар бевосита маънавиятимизга, айниқса, ёшлар маънавиятига ўз таъсирини ўтказади. Таъсирчанлик масаласида телевидение ва радиога тенг келадигани йўқ. Баъзида биринчи марта эшитганда ғашингизга теккан, асабингизни эговлаган қўшиқни ҳар куни қайта-қайта эшитаверсангиз, унга кўникишни бошлайсиз. Аста-секин у ғашингизни келтирмайдиган бўлиб қолади, одатий қўшиқлардан бирига айланади. Кейинчалик шу сингари паст даража “ижод намуналари”ни бемалол қабул қилаверишингиз ҳам мумкин. Бир сўз билан айтганда, тарғиботда гап кўп.

Турли кўрсатувлар ёки мақолалар орқали савиясиз қўшиқларни танқид қилиш ҳам бир қадар самара берар. Лекин энг яхши усул, менимча, уларни эфирга бермасликдир. Бўшлиқни шеър, мусиқа ва ижро уйғунлиги бўлган қўшиқлар билан тўлдириш зарур. Тўғри, бундай қўшиқлар ҳар куни яратилавермайди, бунинг учун чинакам меҳнат, изланиш керак бўлади. Шуларни ҳисобга олиб, савияли қўшиқларни эфирга узатишда маълум имтиёзлар, енгилликлар берилиши даркор. Шунда юқорида айтилган ҳолатнинг аксига эришиш мумкин. Ҳар куни яхши қўшиқ эшитаверган одам аста-секин унга ўрганади, асил нарсани ажрата бошлайди.

Яхши қўшиқнинг асосида яхши шеър ётиши минг марта айтилган. Хўш, ўртамиёнароқ шеърдан яхши қўшиқ чиқмайдими? Чиқади, хит қўшиқ ҳам чиқади. Ижрочининг маҳорати, куйнинг жозибаси шеърнинг айбларини ёпиб юбориши мумкин. Бироқ бу гапдан тингловчини алдайверса бўлар экан деган хомхаёлга бориш хато. Бундай қўшиқлар бир марта-икки марта эшитилар, лекин бу ҳолат давомий бўлса, мухлисларнинг кўнгли хонандадан совий бошлайди. Содда, равон, тушунилиши енгил қўшиқларнинг ҳам санъатда ўз ўрни бор. Аммо ана шу нуқтада нозик бир фарққа эътибор бериш зарур: гап соддалик ҳақида кетяпти, жўнлик ҳақида эмас.

Халқ оғзаки ижодимиз, хусусан, достонларимиздаги ифода енгиллиги, ўйноқилик, табиийликни ҳеч қачон енгил-елпилик деб баҳолаб бўлмайди. Бу хусусиятлар табиатинг ўзидан олинган, уларда шошқин сойларнинг овозини, от туёқларининг дупурини, оқин қалбининг зарбларини ҳис қиласиз. Замонавий эстарада қўшиқларига ҳам шу унсурлар сингдирилса, фақат ва фақат ижобий натижаларга эришиш мумкин.

Юқоридаги танқидий гаплар шеъри ўртамиёнароқ қўшиқлар ҳақида эди. Умуман шеъри йўқ, матни ғариб, тушунарсиз хиргойилар ҳақида нима дейиш мумкин?! Улар ўзи ҳақида ўзи гапиради. Одатда бундай савиясиз қўшиқларга ишланган клиплар ҳам шу даражада бўлади. Улардан кундузи чироқ ёқиб ҳам тузукроқ маъно-мазмун тополмайсиз.

Миллий дунёқарашимизга мос, кўнгилларга озуқа берадиган ашулаларни тўхтовсиз тарғиб қилиш зарур. Уларга теле ва радио каналлардан кўпроқ жой ажратиш лозим. Яқинда “Ўзбекнаво” эстарада бирлашмаси, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, Бастакорлар уюшмаси, Миллий телерадиокомпания ва Республика маънавият-тарғибот маркази ҳамкорлигида “Маънавиятимизга бефарқ бўлмайлик” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда қўшиқ матни, клипларнинг савияси ва уларнинг маънавиятимизга таъсири ҳақида куюнчак фикрлар айтилди, мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган таклифлар билдирилди. Шу йиғилишда Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгаши ҳузурида ягона бадиий кенгаш тузиш лойиҳаси ишлаб чиқилаётгани ҳақида ҳам айтилди. Бу кенгаш давлат ва хусусий каналларда эфирга узатилаётган қўшиқларга ҳар томонлама баҳо беради. Унга ҳар соҳадан мутахассислар жалб этилади. Бу лойиҳа қўшиқларимиз савиясини кўтаришда яна бир жиддий қадам бўлади деб ўйлайман.

Катта ҳофизларимиз, таниқли хонандаларнинг яхши қўшиқлар, яхши клиплар билан ёшларга ўрнак бўлиши ҳам катта аҳамият касб этади. Масалан, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг Бобур ғазалларидан ижро этган туркум қўшиқлари ана шундай ибратли ишлардан бўлди. Бу ашулалар ўзига хос ижроси, оҳанги билан ёшларни ўзига мафтун этди. Шу қўшиқларни мириқиб тинглаётган, хиргойи қилиб юрган ёшларни шахсан ўзим кўп кўрганман.

Куйга солинган бу ғазаллар Бобур қаламига мансублигини билмаган киши уларни ҳозирги замон шоири ёзган деб ўйлаган бўлиши ҳам мумкин. Чунки уларни деярли луғатсиз тушуна оласиз, ортиқча шарҳ-изоҳларга муҳтож эмас. Демак, тили тушунарли ғазалларни танлаш ҳам ғоят муҳимдир. Агар хонанда мумтоз адабиётдан қўшиқ тайёрлашга киришса-ю, унда керакли тайёргарлик бўлмаса, айтаётган сўзини, ғазалнинг ҳеч қурса юзаки маъносини тушунмаса, қош қўяман деб кўз чиқариши ҳеч гап эмас. Чунки тушунмаслик орқасида янглиш талаффуз қилади, ўзига қўшиб бошқаларни ҳам адаштиради. Агар яхши ижро усулини тополмаса, дард устига чипқон – бу қўшиқни эшитган кишининг ғазалга ҳам муносабати ўзгаради.

Мумтоз шеъриятимизга, асл адабий асарларга мурожаат қилувчилар ёшлар орасида ҳам талайгина. Масалан, Шербек Шодиевнинг Машраб ғазалларидан, Яссавий шеърларидан айтган қўшиқлари диққатга сазовор. Унинг Машраб ғазали билан айтилган “Кўзлари чўлпон” қўшиғи ёшлар орасида хитга айланди, кўпчиликнинг кўнглидан жой олди. Бу нарса нафақат маънавий савия учун хизмат қилади, ўз навбатида чинакам адабиётнинг яхши бир тарғиботи ҳамдир.

Ботир Қодировнинг Чўлпон шеъри билан айтиладиган “Жим туринг” қўшиғи ҳам ўзига хос ижро услуби, нолалари билан ажралиб туради. Тўғри, унда “шовқинламанг” сўзи “шовқинланманг” деб айтилгани, яна бошқа айрим сўзлар талаффузи бузилгани, баъзи мисралар ўзгартирилгани интернет сайтларида асосли танқидларга учради. Бироқ булар тўғриланадиган камчиликлардир. Энг муҳими, гўзал шеър танлангани ва шу шеърга муносиб қўшиқ яратилганидир.

Яхши клип бутун бошли кинонинг ўрнини босиши мумкин. Айниқса, қўшиқ жўрлигида у ташийдиган маъно юки янаям салмоқлироқ бўлади. Хонанда Жасурбек Мавлоновнинг “Акам” қўшиғига ишланган клип ана шундай мазмундор медиа асарлардандир. Аввало, ашула матни, унинг ҳаётий мавзуси ва ифодавийлигига эътибор қаратиш зарур:

 

Болаликдан бирга ўйнаган акам,

Ўйинчоқлар билан сийлаган акам,

Қайғуриб эртамни ўйлаган акам,

Бугун мен озгина қучганда зафар,

Бемор бўлганингда олмадим хабар.

 

Яхши шеър танлаш, мумтоз адабиётимизга, халқ оғзаки ижодига мурожаат қилиш ва чиройли ижро эта билиш таҳсинга сазовордир. Бу ишни уддалаётган ёш қўшиқчиларимиз анчагина. Уларни қўллаб-қувватлаш маънавий дидни кўтарадиган қўшиқлар кўпайишига хизмат қилади.

 

Ориф Толиб

Категория: Муносабат | Просмотров: 1172 | Добавил: albine | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Календарь
«  Сентябрь 2015  »
Пн Вт Ср Чт Пт Сб Вс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
282930

Архив записей

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz