ҚИЗ БОЛАНИНГ БАХТУ САОДАТИ саломатлигида, касб-ҳунарга эга бўлишида
Эътибор берсангиз, кейинги йилларда кенг жамоатчиликнинг диққат-эътибори қиз болани эрта турмушга узатишнинг салбий оқибатларига қа¬ратилмоқда. Бу мавзудаги учрашув ва суҳбатларга ота-оналар, педагоглар, маҳалла фаоллари, коллеж ва лицейларда ўқиётган қизлар таклиф этилиб, муаммонинг тиббий, ижтимоий, ҳуқуқий, психологик, диний томонлари мутахассислар томонидан чуқур таҳлил этилмоқда. Давлат миқё¬сида кўтарилаётган бу масала замирида Ўзбекистонни ривожланган давлатлар қаторига қўшиш, унинг дунё ҳамжамиятида тутган ўрнини мустаҳкамлашдек эзгу ният ва мақсад ётганини ҳар бир киши чуқур англаётган бўлса керак. Чунки миллат генофондини покламай туриб, бундай улуғвор мақсадга эришиш мумкин эмас. Соғлом авлодни дунёга келтириш ва воя¬га етказиш давлатимизнинг бош сиёсатига айланган экан, бу оила деб аталмиш сирли қўрғоннинг фаол иштироки билангина амалга оширилади. Оиланинг мустаҳкам бўлиши эса кўп жиҳатдан қиз боланинг соғлом, тадбиркор, уддабурон, бирор касб-ҳунарга эга бўлиши билан боғлиқдир. Кенг жамоатчиликни ташвишлантираётган масала – қизларни эрта турмушга беришнинг салбий оқибатлари тор доирадан олиб чиқилиб, мамлакат миқёсида қўйилаётгани бежиз эмас. Ўзбекистон Республикаси Соғ¬лиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Республика аҳоли репродуктив саломатлик маркази директори ўринбосари Рўзиқул Фозилбеков билан уюштирилган суҳбатда ана шу масаланинг тиббий жиҳатларига кўпроқ эътибор қаратдик.
 |
– Рўзиқул Анорбоевич, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом авлодни дунёга келтириш бўйича мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар туфайли эришаётган натижаларимиз ижобий. Оналар ва болалар ўлимининг уч бараварга камайгани нафақат МДҲ, балки ривожланган давлатлар кўрсаткичи билан солиштирилганда, деярли уларга тенг¬лиги ойдинлашади. Дунё миқё¬сида мамлакатимизнинг тиббиёт соҳасидаги ютуқлари эътироф этилаётган бир вақтда ёш қизларни оилавий ҳаётга узатиш чиндан ҳам ачинарли ҳол эканлигини мутахассис сифатида қандай баҳолайсиз?
– 2001 йил Президентимиз ташаббуслари билан "Оналар ва болалар йили" деб номланиши халқимизнинг асрий анъаналарини тан олиш ва давом эттириш йўлидаги яна бир қадам бўлди. Ўзбек халқи – болажон, энг яхши нарсаларни фарзандига илинади, унинг бахту иқболи учун елиб-югуради. Ана шу саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, "Соғ¬лом она – соғлом бола" шиорининг умуммиллий, умумдавлат миқё¬сида қўйилиши мустақил юртимизни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан юксалтиришнинг бош омили бўлиб хизмат қилишини барчамиз яхши тушунамиз ва ҳис қиламиз. Чунки жисмоний ва маънавий жиҳатдан баркамол авлод юртнинг улкан таянчидир. Юртбошимизнинг 2009 йил 13 апрелда эълон қилинган "Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги, ўша йилнинг 4 июлида қабул қилинган "2009-2013 йилларда аҳоли репродуктив саломатлигини мус¬таҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарорларида ана шу мақсаднинг реал ва ҳаққоний ифодасини кўрамиз. Биз шифокорлар Юртбошимиз томонидан қўйилаётган бу масаланинг мақсад-мазмунини чуқур тушунсак-да, айрим ота-оналарнинг шошма-шошарлик билан ҳали вояга етмаган қизини узатиши ёки оила ҳақидаги тасаввури тўлиқ шакл¬ланмаган ўғлини уйлантиришини тушунолмаймиз. "Бола ҳуқуқлари тўғрисида"ги Конвенцияда "18 ёшга тўлмаган ҳар бир инсон, агар болага нисбатан қўлланиладиган қонун бўйича эртароқ балоғатга етмаган бўлса, бола ҳисобланади" деб қайд қилиб қўйилган. Бу ёшга қадар ўз фарзандларини никоҳ тузишга мажбур қилаётган ота-оналарнинг хатти-ҳаракатини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Ҳали организми жинсий ва жисмоний жиҳатдан тўлиқ етилмаган қизини эрта узатиб ёки ўғлини эрта уйлантириб, орзу-ҳаваснинг кетидан қуваётган ота-оналар жамия¬тимизнинг оғриқли нуқтасидир. Уларнинг онгини фарзандлари манфаати нуқтаи назаридан ўзгартириш учун жуда кўп иш қилишимиз керак.
 |
Хабардормисиз? Ўзбекистон Республикасининг "Маъмурий жавобгарлик тўғрисида"ги Қонун нормасининг 473-моддаси тўл¬дирилиб, никоҳ ёши тўғрисидаги қонунни бузганларга нисбатан жарима солиш белгиланди. Агар ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар никоҳ ёшига етмаган шахсни турмушга берса ёки уйлантирса, энг кам иш ҳақининг 7 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жаримага тортилади. Бундан ташқари, никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришганлик чун энг кам иш ҳақининг 10 баравари миқдорида, худди шундай никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш эса энг кам иш ҳақининг 10 бараваридан 20 бараваригача миқдорда жарима тўлаш билан жазоланади. Агар катталар шунда ҳам қонунни бузаверсалар, Ўзбекистон Республ¬икаси "Жиноят кодекси"нинг 17-моддаси тўртинчи қисми билан янада қаттиқроқ жазога маҳкум этиладилар.
– Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошида бундан икки ярим йил муқаддам ташкил этилган республика аҳоли репродуктив саломатлик маркази олдига бир қатор вазифалар қўйилган. Марказда қайси йўналишлар бўйича иш олиб борилади?
– Бугунги кунда республикамизда аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган яна бир яхлит тизим шакл¬ланди, десак муболаға бўлмайди.
Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда марказнинг мустақил филиаллари ташкил этилди.
Фаолиятимизнинг асосий йўналиши:
– репродуктив саломатлик ва контрацепция воситаларига оид масалаларда тиббиёт ходимлари билимларини такомиллаштиришга йўналтирилган ўқув-услубий фаолиятлар;
– аҳоли, айниқса, ўсмирлар орасида тушунтириш, тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш;
– замонавий ташҳислаш ва даволаш ишларини татбиқ этиб, аҳолига репродуктив саломатликни яхшилаш бўйича соғломлаштириш ишларини амалга оширишга йўналтирган.
Терапевт, эндокринолог, акушер-гинеколог, уролог, дер¬матолог ва ультратовуш мутахассиси марказимизга келиб мурожаат қилаётган ўсмир йигит-қизлар, ота-оналар, педагогларга беминнат ва бепул хизмат кўрсатмоқда. Ўтган давр мобайнида ана шу йўналишлар бўйича иш олиб борилиб, аҳолининг репродуктив саломатлигини сақлаш, тиббий саводхонлигини ошириш бўйича муайян натижаларга эришилди. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Тошкент шаҳридаги 8 та касб-ҳунар коллежида таълим олаётган 2342 нафар ўсмир қиз тор мутахассислар кўригидан ўтказилиб, уларда аниқланган касалликларни даволаш бўйича зарурий йўл-йўриқ ва кўрсатма берилди. Фао-лиятимизнинг яна бир йўналиши аҳоли ўртасида саломатликни сақлаш мавзусига оид тарғ¬ибот-ташвиқот ишларини олиб боришдир. Йил бошидан бери академик лицей, касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасаларида қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича 67 маротаба учрашув уюштирган бўлсак, 5986 нафар турли ёшдаги қизларнинг бу борадаги тушунчалари кенгайтирилди. Ҳали ривожланишда бўлган қиз боланинг организми фарзанд кў-ришга, туғишга тайёр эмаслигини бошқалар шифокор нигоҳи билан кўра олмайди. Турмуш қуришга ҳам жинсий, ҳам руҳий томондан тайёр бўлмаган қизлар вақти-вақти билан албатта, тиббий кўрикдан ўтиб турса, фойдадан холи эмас.
 |
Биз шифокорлар минг куйиб-пишганимиз билан ота-оналарда репродуктив саломатлик тушунчаси шаклланмаган бўл¬са, бари зое кетиши мумкин. Амалиётда ёш оналар саломатлигида анчайин муаммолар учрашига гувоҳ бўлмоқдамиз. Ҳеч бўл¬маганда коллеж ёки лицейни тамомлаб, университетда ўқиётган ёки тамомлаб, кўнглини хотиржам қилиб, дипломини қў¬лига олган, касб-ҳунарли бўлиб, оилавий ҳаётни бошлаган қизларда мутлақо бошқача ҳолат кузатилади. Уларнинг ўзи ҳам соғ¬лом, дунё¬га келтирган гўдаги ҳам дуркун. Бундай ёш оналар туғуруқдан сўнг ўзини тез тиклаб олиши мумкин. У гўдагини янги муҳитга мослаштиришда, парвариш қилиш ва ривожлантиришда қийналмайди. Улар мушкул вазиятларда довдираб, ваҳимага тушмайдилар. Чунки росмана никоҳ ёшига етгани учун унинг организми ҳам соғ¬лом, дунёқараши ҳам кенг.
– Марказ фаолиятини мувофиқлаштириш, унинг ҳудудий бўлимларини ташкил этиш жараёни ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
– Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жорий йил 20 мартда қабул қилинган "Республика аҳоли репродуктив саломатлик маркази ва унинг филиаллари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 85-сонли буйруғига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси соғ¬лиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоят Соғ¬лиқни сақлаш бошқармалари, республика перинатал маркази, ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий маркази филиаллари қошида Республика аҳоли репродуктив саломатлик марказининг ҳудудий бўлимларини ташкил этиш белгиланган. Айни пайтда бундай марказлар учун бино ажратиш, кадрлар билан таъминлаш бўйича маҳаллий ҳокимиятларга таклиф киритилмоқда. Қисқа муддат ичида марказимизнинг туман ва вилоятлар бўйича бўлимлари ташкил этилиб, аҳоли репродуктив саломатлигини таъминлашнинг яхлит бир тизими шакллантирилишига шубҳа йўқ.
– Гинекология тиббиётнинг энг катта йўналиши ҳисобланади. Унда қиз ¬боланинг организмида -ке¬чадиган руҳий-физиологик ўзгаришлар, турмушга чиқиши, фарзанд кў¬риши, ҳайз циклида кузатиладиган жараён ўрганилади. Айтинг-чи, қиз бола тиббий-гинекологик талабга кўра, неча ёшда никоҳга киргани маъқул?
 |
– Қизини 16-17 ёшда эрга бериб юбораётган ота-оналар унда 13-14 ёш арафасида бошланадиган ҳайз цикли гўёки турмушга узатиш мумкин, деган нотўғри тушунчани шакллантириб қўй¬моқда. Тўғри, шу ёш оралиғида қиз бола организмида ҳайз кўриш жараёни бошланади, аммо бу унинг она бўлишга тайёр эканлигини билдирмайди. Шифокор сифатида қизларини 16-18 ёш оралиғида эрга берган ота-оналарнинг ҳасратини тинглашимизга тўғри келган. Чиндан ҳам бу ёшдаги қизларимизда бирламчи жинсий белгилар етилган бўлса-да, иккиламчи жинсий белгилар ҳали ривожланиш жараёнида бўлади. 21-27 ёш оралиғида оила қурган қизларда эса ҳам физиологик, ҳам руҳий ҳолат нормал кечади. Ота-оналар фақат қизларнинг эмас, балки йигитларнинг ҳам уйланиш ёшини тўғри белгилашда адашмаслиги керак. 25-27 ёшда уйланган йигитлар оилавий ҳаётнинг паст-баланди ҳақида унча-мунча тасаввурга эга бўладилар. 28-30 ва ундан кейинги ёшларда турмушга чиқиш қиз болага жиддий қи¬йинчиликлар туғдиради. Унинг бачадон бўйинчаларида фарзанд кўриш жараёнида айрим муаммолар юзага келиши мумкин. Турмуш – "мушт", бегона хонадонга келин бўлиб тушгач, қиз бола организмида турли физиологик ўзгаришлар кузатилади. Унда камқонлик ва бошқа гормонал ўзгаришлар содир бўлади, иммунитети тушиб кетади, қалқонсимон безда ўзгаришлар бўлиши мумкин. Ана шу ҳолатда унинг организмида бошқоронғилик жараёни бошланса, кўплаб салбий асоратларга олиб келади. Ҳо-миланинг яхши ривожланмай қолиши ёки тушиб қолиши, эрта ва кечки токсикоз, муддатидан олдинги туғруқ, туғруқ фаолиятининг сустлиги, йўлдош етишмовчилиги, болада кислород камёблиги, турли дефектлар бўлиши ва ҳоказо. Экстрагенитал асоратлар кўпинча туғруқни физиологик, яъни табиий йўл билан эмас, балки кесерово усулида бажаришга замин яратади. Бундай ҳолатда ёш келинчак ўзини тиклайдими, чақалоққа қарайдими, уй-рўзғор ишларини эплайдими? Кўряпсизки, муаммога тиббий нуқтаи назардан енгил-елпи қараш соғ¬лом онадан соғлом зурриёт дунё¬га келишини мутлақо таъминлай олмайди.
 |
Биз масаланинг кўпроқ тиббий жиҳатига тўхталяпмиз, лекин унинг руҳий-маънавий томонлари ҳам борилигини унутиб бўл¬майди. Ёш қизда келин бўлиб тушган оиласига моддий-маънавий ва руҳан қарамлик, ўзини ёлғиз ҳис қилиш, руҳий мувозанатсизлик, таъсирчанлик, қарор қабул қилишда иккиланиш, шуб¬ҳа-гумон, туғуруқдан ўта қўр¬қиш каби ҳолатлар турғун бўлади. Бундай қизлар фарзандига, турмуш ўртоғига нисбатан ўртоқлари, дўстларига кўпроқ қизиқишади, ота-онаси бағрида кечган дамларини қўмсайди, чунки у ҳали ўсмирлик даврини бошдан кечирмоқда. Қиз бола 21-22 ёшга етгандагина унинг бош мияси тўлиқ ривожланиб бўлади, жисмоний ва психологик ҳолати барқарорлашади, демак, унинг оналик бахти учун идеал давр бошланади.
"Оила" илмий-амалий марказидан берилган маълумот: 246 нафар ўқувчи ҳамда талаба қиз ўртасида махсус сўровнома ва методикалар асосида тадқиқот ўтказилди. Респондентларга "Қизлар неча ёшда турмуш қуришга тайёр бўлади?" деган мазмунда савол тарқатилганда, 51,9 фоиз лицей ўқувчиси 19-20 ёшни кўрсатган. 51,1 фоиз талаба қиз 21-22 ёшни мақсадга мувофиқлигини қайд этган.
Мамлакатимиз туғуруқхоналарида ҳар йили плюс-минуси билан 500 минг нафар бола дунё¬га келади. Албатта, улар насл-насаби, ижтимоий келиб чиқиши, саломатлик даражасига кўра бир-биридан фарқланади. Ҳар бир боланинг тўрт мучаси соғ туғилиши – давлат учун, миллат учун катта муваффақият. Ана шу муваффақиятни биринчи навбатда соғлом қизлар, соғлом йигитлар таъминлар экан, аввало уларнинг жисмоний ва руҳий-маънавий жиҳатдан саломатлигига эътибор қаратилиши керак. Шундагина барчамизнинг олдимизга қўйилаётган эзгу талаб – соғ¬лом онадан соғ¬лом бола туғилиши таъминланган бўлади.
Ҳулкар КУЗМЕТОВА суҳбатлашди. СУРАТЛАРДА: марказ фаолиятидан лавҳалар. Суратлар муаллифи Ибодат СОАТОВА.
|