Акмал САЙЙИД
Нозила эри вафотидан сўнг дунё кўзига тор кўриниб, ҳамма нарсани ўз ҳолига ташлаб қўйди. Ҳатто ҳовлидаги каттагина боғни ҳам қаровсиз қолдириб, кунора бўлса-да, бирор марта ҳам одатига кўра, уни айланмади.
Иттифоқо, бир куни кечаси тушида эри Эрали боғ оралаб юрганмиш. Аммо унинг кайфияти тунд ва қовоғи солинган бир алфозда, қуриб-қақшаб бораётган турфа гуллар, дарахтларга сув тараётганмиш. У нуқул бир гапни такрорларди:
— Бир кун уйда бўлмасанг, ҳамма ёқ Саҳройи Кабирга айланади!
Нозила алламаҳалда сапчиб уйғониб кетди. У анчагача ухлолмади.
— Гуллар сўлиб бормоқда, чучмомаларим ўлмоқда? — дерди карахт ўзига-ўзи ва ниманидир англагандай бўлиб.
Нафсиламрини айтганда, барибир, шундай катта боғни эплаш унинг қўлидан келармиди? Боғни кимгадир ижарага бериш ёки яхши боғбон ёллаш керак! У кейинги қарорида собит қолиб, эрталаб туман марказидан четроқда “Работники” кўчасида жойлашган ёлланма бозорга қараб йўл олди. Бўлмаса, эридан қолган боғни бутунлай хароб қилиши турган гап. Унда Эрали гўрида тик туради, тушларида яна безовта қилади. Қиёмат куни қадар уни сира кечирмайди. Бунинг устига, бошқа гуллар қатори ўзининг севимли чучмомаларини ҳам бошқа кўрмайди.
Бозорга келганда, иш излаб юрганлар унча-мунча бор экан. Аммо булар ичидан гулларни севадиган боғбон топилармикин?
Нозила машина ойнасини тушириб, ён атрофни синчковлик билан серсар экан, кўзи дабдурустдан, унга тикилиб турган нотаниш кимсага тушди. Нотаниш кимса ўрта бўйлик, сочларига оқ оралаган, бунинг устига, одми кийинган, аммо рангпар юзига ҳаётнинг аччиқ сабоқлари ўз муҳрини солиб улгурган, нигоҳида хокисорлик ва ғамгинлик қалқирди.
Қўлида боғичли, эски брезентдан тикилган халта. Халта ичида афтидан, енгилгина кийим-кечак (хизмат кийимлари бўлса керак!), тишлари ейилавериб юпқалашиб қолган хитак арра ва бошқа анжомлари кўзга ташланарди. У ўзини бошқалар қатори машинага бориб урмайди ҳам. Фақат бир четда бамайлихотир ҳаммани кузатиб ўтирарди.
Нозила унга яқин келди.
— Салом, синглим! — деди у мулойимлик билан.
— Менга боғбон керак!
— Менинг ишларим сизга маъқул тушармикин?
Нозилага унинг камсуқум ва соддадиллиги ёқиб тушди.
— Қўлларингиз қадоқлиги ва камсуқумлигингиз айтиб турибди! — деди у кимсанинг кўзларига тикилар экан ва айни дамда, қўй кўзларидан кўп сиру синоатлар борлигини, ҳаёт қийинчиликлари зуҳрини уққандек бўлиб. — Уйингиз қай атрофда?
— На уйим, на жойим бор, хоним! — деди кимса хижолатли алфозда.
— Болалигимдан хўжайинимникида турардим. Тишим чиққан кундан буён боғбонман, десам, адашмайман! Хўжайиним қамалгандан сўнг, уйи мусодара бўлди. Мен эсам, на уйсиз, на жойсиз қолдим!
Нозила унинг умрида дазмол кўрмаган одмигина костюм-шими, охори қочиб қолган ғижим кўйлагига синчиклаб тикилди. Кийимларнинг тоза ва озодалигига қараганда, кир-чир юришни ўзига эп кўрмайди. Агар унинг ғижим кўйлагию, дазмол кўрмаган костюм-шимини ҳисобга олмаса, яқинда обдон қиртишланган соч-соқоли худди бирорта маросим ёки байрамга бораётган кишини эслатиб турарди.
— Уй-жойингиз бор, бундан хавотирланмасангиз ҳам бўлади! Фақат шарт шу — боққа қарашингиз керак!
— О, бекам, бу яхшилигингизни сира унутмайман! Ўла-ўлгунча хизматингиздаман!
Машина кенг асфальт йўлга тушиб, Сўғдиёна кўчаси томон бурилди.
— Бирон кишингиз бордир? — деди орқада бораётган Нозила.
Нотаниш кимса ўгирилиб:
— Ҳеч кимим йўқ! Ота-онам ёшлигимдаёқ, бири боддан, бири қон босимидан ўлиб кетишган. Улар ҳам, аслида, хўжайинимникида хизматкор бўлганлар. Ота-онам вафотидан сўнг, вайрона кулбамиз ҳам кимларгадир сотилиб кетди. Мен эсам, хўжайинимникида хизматкор бўлиб қолдим. Каттагина боғ менинг ихтиёримда эди. Хўжайиним боғни яхши кўрарди. Шунинг учун бўлса керак, кўп нарсаларни ундан ўрганганман.
— Исмингиз нима? — деди Нозила томдан тараша тушгандек.
— Эрали! — деди эркак елкаси оша ихтиёрсиз.
— Эрали?! — Аёл сесканиб кетди. Унинг аъзойи баданига титроқ тушди. У орқа ўриндиқда борар экан, олдидаги эркакнинг кичик жуссасидан эри Эралининг қайсидир жиҳатларини қидира бошлади. Нозила ўзининг бу ҳолатини тамом ақлсизлик, деб билса-да, аммо у буни тан олишни мутлақо истамаётганди. Эрали? Нега айнан Эрали? Унинг поёни йўқ хаёллари яна чувалиб кетди.
Боққа етиб келишди. Қачонлардир, охирги марта сув юрган йўлаклар, уват бўйлари сувсизликдан тарс-тарс ёрилиб ётар, ҳали ёз бўлишига қарамай, малина, олма, нок ва бошқа мевали дарахт барглари эрта завол бўлганди. Ҳовлида айни куз ҳукмрон эди.
Нозила нотаниш кимсани боғ тўрида бир пайтлар эри омбор бўлади, деб қурган бўлмага бошлади.
— Мана шу сизнинг ётоғингиз... — деди у ҳали одам бош суқмаган, ашқол-дашқол уюлган хонани хижолатомуз кўрсатаркан. — Фақат ўзингиз тартибга келтирасиз!
Тўғриси, хонани тартибга келтириш учун ҳам бир-икки кун вақт кетиши Эралини ташвишга солди. Аммо у ишни дақиқа сайин ўлиб бораётган мана шу дарахтлар ва айрим гуллар ҳаётига ора киришдан бошлашни ўзига маъқул кўрди. Ана, ҳовли саҳнига омонатгина қўйилган каравот ҳам унга ёз бўйи қўналғалик қилишга етиб ортади. Соялаш учун эса, бирор кунжак ҳам топилиб қолар.
— Сув қаердан келади? — деди Эрали кўча томон илгариларкан.
— Кўчанинг бошидан! —Нозила кўча томонга ишора қилди.
... Орадан чорак соат ҳам ўтмай, ариқчалар бўйлаб зилол сув селдай ёпирилиб кирди.
Эрали Нозила бошлаб кирган омбор ичидан бир тугун уруғлар топиб, ҳовли йўлакларининг икки томонига қайта мавсумий гуллар, садарайҳонлар, нозбўйлар экди ва ҳар битта атиргул тагини юмшатиб, ортиқча шохларини кесди, бутади. Хуллас, бутун ҳовлига файз кирди. Чучмомалар экилган жойлардан гулпиёзларни олиб ҳовли йўлаклари бўйлаб қадаб чиқди.
Бир неча кундан сўнг, Нозила ҳовлининг файзли тусга кираётганидан мамнун бўлди.
Нозила унинг ҳар бир ҳаракатига қизиқсиниб турар экан, энг муҳими, ундаги самимийлик, гулларга меҳр қўйиши, боққа айрича меҳр-муҳаббат билан қараш хислати эри Эралини ёдига соларди.
Бир-икки ойдан сўнг, гуркиради. Атиргуллар, настаринлар, нозбўю, чучмомалар бўй чўзди. Вақт ўтиб уларнинг бўйи бутун ҳовлитутди. Айниқса, Нозила чучмомаларнинг ингичка ва зулфин барглари шундай етилган эдики, аёл буни кўриб болаларча қувонар ва уларнинг очилишини сабрсизлик билан кутарди. Шунинг учун чучмомалар тепасига келиб, соатлаб ўтирар, хаёл сурарди.
— Эрали, қара манави чучмомаларни, кўряпсанми, очиламан деяпти? Ўзи қачон очилади булар? — дерди у шодлигини яширолмай.
— Тез кунда, бекам! — деб жавоб берарди Эрали ҳам ўз навбатида, чучмомаларнинг очилишини сабрсизлик билан кутаётганини яширмай.
Нозила баъзан қаршисида унинг юрагидагини ҳамиша ҳис қилиб келаётган Эралини ана шундай дамларда боз кўргандек бўларди.
Бугун у қўнғир сочларига аввалгилардек оро берди. Анчадан буён тахламда турган зангор ҳарир кўйлагини кийди. Ҳовли йўлаклари бўйлаб барқ урган гулларни чумакчовгумда сув қуйди. Хатти-ҳаракатида илоҳий бир солланиш кўзга ташланиб турарди. Бугун кун ўзгача файзли ва чароғон эди. Боғбон Нозилага сархуш тикилиб қолган эди. У эсанкираб қўйди, ҳатто Нозиланинг:
— Чучмомалар энди очилса керак-а? — деган сўзларини ҳам тўла англолмай қолди. — Биласанми, Эрали, очилган чучмомаларни кўз олдингга олиб бориб, бирор марта атрофга ҳеч қараганмисан? Қарамаган бўлсанг, бир шундай қилиб кўр, ана шунда дунё кўзингга ғоятда гўзал ва бекам кўринади. Дунёни бир муддат шундай тасаввурингга сиғдирасанки, қайта туғилгандай ҳис қиласан ўзингни!
Ҳа...
У бу жавобни Нозиланинг берган саволини эшитиб айтдими, ё эшитмай айтдими, буни ўзи ҳам билмасди. Эрали фақат бир нарсани билардики, дунёда бу каби ҳеч бир санам ва ҳурилиқо унинг ўксик қалбини шу вақтга қадар жунбушга келтиролмаганди. Ўзининг инсон эканлигини англатолмаган ҳам! Унда ҳам юрак, қалб, ширин туйғулар борлигини ҳеч ким унга эслатиб қўймаганди! Бу туйғуларни кеч бўлса-да, Нозила англатди. Балки бу умрининг сўнгги дамларида Оллоҳнинг унга бераётган мислсиз инояти ва синовидир? Ким билади?
* * *
Ой ёп-ёруғ. Дераза ортидаги бир жуфт терак оҳиста шабада забтидан кеча оғушида бир куй каби ҳазин шовуллайди. Афтидан, атрофдагиларни бир қўшиқ эшитишга чорлаётган, ундан ҳузур олишга иштиёқманд этар, қўшиқ бўлганда ҳам бу узун кечани оппоқ тонгларга, ажиб оҳанглар фусуни ила ўрашга қодир, соҳир ва жозиб куч мужассам қўшиқ. Гўё боғдаги ҳар битта гиёҳ бу қўшиқ оғушида чайқалиб-чайқалиб ором олишга чоғланаётгандек!
Дераза остидан қадам товушлари эшитилди. Сўнг ўша ой ёруғлари орасида кимнингдир шарпаси илғангандек бўлди. Қадам товушлари Нозила ётган хонага туташ айвонда тўхтади.
Нозиланинг юраги ташқарида шитирлаётган терак барглари монанд бетўхтов титрамоқда. У буни бор вужуди билан ҳис қилмоқдайди.
Кутди. Эшик тавақаси ҳадеганда очилавермади. Нозиланинг қоронғуликни кесиб ўтаётган кескир кўзлари бирдан эшикни очиб, остонани шахдам хатлашга жазм этаётган кимсага тушишидан қўрқарди. Бу ёғига кучи ҳам, журъати ҳам етмасди.
Дераза ортида ҳамон икки терак ҳазин шовуллайди. Улар интиҳосиз туннинг савдойи лаҳзалари ҳақида узундан-узоқ қўшиғини куйлаётган ва бу қўшиқ бутун ҳовлини кунжак-кунжакларигача етаётгандай туюларди. ўолибо, шабада зардасидан дераза қаноти қия очилиб кетиб, ўртада маълум муддат ҳукм суриб турган сокинликни «ғийқ» этган бир сас уйғотиб юборгандай бўлди. Хонани боғ гулларининг муаттар бўйи тутди. Боғбон ҳамон айвонда тош қотганча турарди.
Аёл олов туйғулар ичра ўзи билан ўзи курашиб ётар экан, туйқус тўйи кун Эрали билан бирга тушган суратга кўзи тушиб, қалтираб кетди. Бутун вужуди титраб, даст ўрнидан туриб хонани қулфлади. Зарб билан ёпилган эшик ортидаги одам оҳиста ортга қайтди.