Амфитеатрда қизлар иштирокидаги кулгу кечаси
2-июл куни Нукусда эстрадамизнинг ёрқин вакилларидан бири Шохруҳхоннинг концерт дастури бўлиб ўтди. Ўша куни бироз кайфиятим бўлмади. Сессиядан қутилганимиздан кейин, энди амалиёт бошланди. Чарчоқ аломатлари сезилиб турарди. Концертда эса ўша чарчоқдан асар ҳам қолмади. Хатто яқинда бўлиб ўтган Қувноқлар ва зукколар концертида ҳам бунақа мириқиб дам олмагандим.
Концерт 18:00 қўйилганлигини эшитиб, бироз хафсалам пир бўлган эди. Бунақа иссиқда, қуёш нурлари остида ўтириш осонми ахир. Йўқ хайрият дастур 19:30 га кўчирилибди. Амфитеатр деярли тўлган эди. Ҳамма Шохруҳхоннинг чиқишини кутмоқда. Бир маҳал кимдир чиқиб келди. Менимча продюссери бўлса керак. У киши 3 нафар қизга концерт қаҳрамонининг қўшиқларини айтдирдилар. Гап йўқ. Қизлар ажойиб тарзда айтиб беришди. Кейин эса ниҳоят саҳнага Шохруҳхоннинг ўзи чиқиб келди…
Шундан сўнг, кулгу кечаси ҳам бошланди. Йўқ, Шохруҳхон саҳнада туриб латифа айтиб, ёки бирор қилиқ кўрсатиб мухлисларни кулдирмади. Аксинча ашаддий фанатлар ўзларининг антиқа қилиқлари билан ҳаммага роса кулгу бўлишди. Кимдир санъаткорнинг қўлидан ўпяпти, яна бири қучоқлаяпти, яна қайсинисидир юзидан ўпяпти… Дахшат! Кимга қанақа билмадиму, лекин менга дахшат туюлди. Қизиқ саҳнага югуриб чиққан қизларнинг мақсади нима экан? Расмга тушишми ёки дастхат олишми? Балки ҳаммага ўзини реклама қилишдир? Буниси менга қоронғу. Балки улар ростдан ҳам Шохруҳхоннинг ашаддий мухлисаларидир? Бироқ қайси санъаткор концерт берса, ўшани олдига югуриб чиқаверадиганларни мухлис деб бўлармикан? Ҳа, майли бир ёки иккита қиз бунақа қилса тушуниш мумкиндир. Бироқ 10 дан ортиқ қизларнинг бундай ҳаракат қилиши…
Қизиқ томони, қўриқчиларнинг қаршиликларига учраб, қанчадан-қанча қизлар беобрў бўлиб орқаларига қайтаётганликларини кўришса ҳам, яна саҳнага югуриб чиқишга интилаётган қизларнинг сон саноғи йўқ эди гўё.
Яхшиям ўша куни концертни тасвирга туширишмади. Ўша қизларнинг фанатизм «касаллиги»ни кўриб, уларнинг ота-оналари қандай аҳволга тушишарди? Севган йигитлариданку айрилиб қолишларини тасаввур қилиш қийин эмас менимча.
Бутун дунёда турли хил фанатлар бор. Бу ҳақида бир неча бор ўқиганмиз албатта. Бироқ фанатизмга шунчалик берилиб кетиш яхшимикан?
Концертга борсам одатда энг охирги қаторларда ўтираман. Чунки бу ерда ҳаммасини кузатиб ўтириш имконияти мавжуд. Қизлар қўриқчиларнинг қаршиликларига қарамасдан кетма-кет, бир-биридан қолишмай саҳнага югуриб чиқишаётганини кўриб, мириқиб кулаётганлар ҳам, уларни ҳақорат қилаётганлар ҳам бўлди орамизда. Кўпчилик ўша воқеаларга шармандалик дея изоҳ берарди. Йўқ, шахсий фикримча бу шармандалик деган сўз учун уят бўлардиёв.
Ўтган сафар ҳам худди шундай мазмунда мақола ёзганимда, ақилли инсонлар чиқиб менга бунақа мақола ёзгандан кўра уял дейишганди. Бугун яна бир бор уялганимдан қўлимга қалам олдим. Ҳа мен уяляпман. Қандайдир 5-6 та қизнинг маданияцизликлари туфайли, бутун бошли мухлисларга баҳо берилишидан уяляпман.
Кеча менга битта қиз, нимага доим қизларни танқид қилаверасиз деб айтганди. Жавобим эса қуйидагича, мен зерикканимдан, ёки бошқа иш топмай бу нарсаларни ёзаётганим йўқ. Қайғурганимдан ёзяпман. Ҳеч бўлмаганда битта қиз бўлса ҳам, кейинги сафар бундай ҳаракат қилмаслиги учун ёздим.
Хулоса қилиш ҳар кимнинг ўзига ҳавола албатта. Саломат бўлинг…
Юсупов Фурқат
|