//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [482]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

ТЎЙДА ЙЎҚОЛГАН ХАЗИНА

ТЎЙДА ЙЎҚОЛГАН ХАЗИНА 

 

- Яқинда қиз чиқариб тўй қилдим. Тўй куни ота-бобомдан қолган хазинани йўқотиб қўйдим...- деди бекатда учрашиб қолган бир нотаниш опа.
Мен бу гапдан ҳайрон бўлиб анчагача суҳбатдошим бўлмиш опанинг юз-кўзларига таажжубланиб қараб қолдим.
“Наҳотки, у тўполон тўйда қандайдир қимматбаҳо нарсасини йўқотган бўлса!? Вой бечора!”-деган ўй хаёлимдан ўтди. Кўз олдимга эртаклардаги бойларнинг тилла солинган халтаси-ю, сандиқдаги хазина, жавоҳирлар, қўйинг-ки, бир рўмолчага тугилган  тилла тақинчоқлар келди. Аёлга раҳмим келиб, гапларига қулоқ тутдим.
- Билсангиз, мен уни болалигимдан асрардим. Ота-онам пирашка учун берган пулларини ҳам сарфламай, энг зўр, энг яхшиларини саралаб олгандим. Бобом, энам оламдан ўтганда улардан қолган китоблар ҳам менга қолганди. Дадам, онам ҳам ўз китобларини менга беришганди. Шунча йил тўплаган хазинам – китобларимни тўй куни йўқотиб қўйдим.
“Ҳа, гап бу ёқда экан. Хазина деб уйидаги китобларини айтаётган экан”.
- Ҳафа бўлманг опа, китобларингизни қариндошларингиз олишибди. Улар ёт эмас. Ўқиб бўлиб қайтаришади,  –дедим тасалли бериб.
- Китобларим жуда кўп эди. Аввал уларни эҳтиётлаб жавонда сақлардим. Болалар катта бўлиб, ишлар кўпайди. Бир куни ишга кетсам, қизим шкафдаги китобларимни олиб, бериги уй токчасига жойлаштирибди. Кўриб жаҳлим чиқди-ю, ўзимни босдим. Жавонни жилдириб, ўз нарсаларини тартиб билан жойлаб олган қизимнинг кўнглига қарадим. Қиш кирганда уйдаги токчани ҳам бўшатишга мажбур бўлдик. Китобларим энди йўлакдаги яна бир уйнинг токчасига кўчди.
Тўй ҳаракатлари билан бўлиб қолибман-у, китобларимга бепарволик қилибман. Тўйнинг эртаси куни китоб токчасига кўзим тушди-ю, карахт бўлиб қолдим. Китоб билан тўла токчанинг ярми бўш.  Уйдагиларни сўроқ қилдим. Улар: “Аммамнинг келини ўқиётганди”, “Тоғамнинг хотини бериб туринглар деди”, “Келинаям ҳам китобга қизиқаркан, сўради”, “Ўзингиздан сўраган бўлса керак, холам севатига солаётганди”-деган гапларни айтишди.
- Эй, инсонлар, мендан ҳеч ким ҳеч қанақа китоб сўрагани йўқ,-дейман болаларимга тилласини йўқотган одамдай жаҳл қилиб. Ҳмм, бари айб ўзимда, китобларимни асрай олмадим. Тўйдан олдин ҳаммасини қутиларга солиб, ўраб, кўздан паналаб қўймайманми?
- Ҳа энди, сиз ҳам бундай бўлишини билмагансиз-да, опа. Энди жиндек сабр қиласиз. Китоб олган қариндошларингиз ўқиб бўлишса, ҳаммаси бир-бир яна ўзингизга қайтаришади,-дедим бўлар иш бўлибди, энди куюниш бефойда деган оҳангда.
- Синглим, мен ҳам аввал сиз ўйлагандай ўйлаб, ўзимни босгандим. Лекин мана, орадан тўрт ой ўтяптики, биронта қариндошим китобимни раҳмат айтиб, ўз ихтиёри билан қайтариб бермаяпти. Вой, мени бобомдан қолган “Ҳамса”, Қобуснома”, “Маҳтумқули”, “Минг бир кеча”ларим!..
Дадамдан қолган “Ҳикматлар хазинаси”, “Тиб қонунлари”-ю, катта-катта томлардаги энциклопедияларим!.. Қиз чиқариб той-той пахта кетди, бойлам-бойлам пуллар кетди, ҳаммасига чидадим. Аммо китобларим, неча йиллар тўпланган хазинам шу тўй сабаб бўлиб йўқолганига ҳеч чидолмаяпман...
- Қўйинг опа, кўп куюнаверманг. Ким ўқиса ҳам савоби бобонгизга, қолаверса, шунча йил  эҳтиётлаб сақлаган сизга тегади.
- Тўғрику-я, қайтаришса менга яхши бўларди-да. Олаётиб беришни ният қилгани ҳам энди уларни ўқиб, яхшилигини билгач, осони: “мен олмадим” дейдими, деб қўрқяпман...
Аёл кўнглидаги дардини бироз тўккан бўлиб, ўз йўлига кетаркан, деди:
- Ҳозир опамникига кетяпман. Қайтишда китобларимни сўраб кўраман. Ажабмас, бир-иккитаси бўлса ҳам топилиб қолса. Ундан нари китоб дўконига ўтаман. У ерда зўр китоблар кўрганман. Лекин пулим етмай ололмагандим. Худо хоҳласа бугун ўша китобларни сотиб оламан...
Дарҳақиқат, китоб ёруғлик, билим манбаи, хазина. У – бебаҳо бойлик. Ундан ҳаёт ҳикматини топасан, киши. Ўқиб, олам-олам маънавий озуқа оласан. Унинг баҳоси халтадаги тиллодан ҳеч кам эмас. Қани энди, ҳаммамизнинг уйимизда ўша опаники сингари хазина бор бўлса. Хазина йўқолганда эса, унинг каби қаттиқ изтироб чека олсак!..
Ойдин МАМАДАЛИЕВА.
Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (07.07.2016)
Просмотров: 1195 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2024Конструктор сайтов - uCoz